03.06.2020

БАНКЛАР ТОМОНИДАН АЖРАТИЛГАН КРЕДИТЛАР

бўйича тўловларни амалга ошириш муддати 2020 йилнинг 1 октябрига қадар кечиктирилди

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ карантин шароитида давлатимиз раҳбарининг халқимизни бу синовли кунлардан катта талафотларсиз олиб ўтиш борасидаги ижтимоий сиёсати барча мулк шакли, ҳуқуқий мақомидан қатъи назар, идора ва ташкилотлар, корхоналар томонидан амалий қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, бугунги кунда, яъни карантин шароитида аҳолининг ҳаёт кечириши, кундалик рўзғори учун озиқ-овқат маҳсулотлари харажатларини топиш ҳаммага ҳам осон бўлаётгани йўқ. Буни бугун барчамиз кўриб, билиб турибмиз.

Ҳозирги мураккаб шароитда маълум мақсадлар учун тижорат банкларидан олинган кредитларни қайтариш борасида молия муассасалари томонидан мижозлар учун яратилаётган енгилликлар борасида, яъни кредитларни қайтариш санаси ва тартиби тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг матбуот котибиахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Акмал Назаровга мурожаат қилдик.

Марказий банк томонидан республикадаги барча тижорат банкларига жорий йил 1 октябрга қадар, асосий қарзни қайтариш бўйича берилган имтиёзлар бўйича пул оқими фоиз тўловларига етмаган корхоналарга, зарур ҳолларда, ҳисобланган фоиз тўловларини қайтариш бўйича имтиёзли давр бериш юзасидан кредит шартномаси шартларига ўзгартиш киритишни кўриб чиқиш тавсия қилинди, — дейди Акмал Назаров. — Бундан ташқари, апрель ойида Марказий банкнинг хабари ҳам эълон қилинди. Унда шундай дейилади:

Президентимизнинг 2020 йил 3 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Марказий банк томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга банклар томонидан ажратилган кредитлар бўйича тўловларни амалга ошириш муддатини 2020 йилнинг 1 октябрига қадар кечиктириш, шунингдек, жорий этилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздорларнинг муддати ўтган кредитларига жарима санкцияларини қўллаш ва ундирувни гаров таъминотига қаратмаслик бўйича шарт-шароитлар яратиш ва мавжуд тартиб-таомилларни соддалаштириш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Шу билан бирга, назорат талаблари енгиллаштирилганлиги билан боғлиқ чора-тадбирлар тижорат банкларига етказилди.

Бироқ шунга қарамай, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш даврида тижорат банкларида молиявий қийинчиликларга дуч келган қарздорларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қарорлар жойлардаги филиалларга етказилмаганлиги ҳамда ушбу қарорлар юзасидан аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмаётганлиги, айрим банкларда бундай қарздорларни қўллаб-қувватлаш масаласи кўриб чиқилмаётганлиги кузатилмоқда. Бундан ташқари, мижозлар билан алоқа каналлари (веб-сайт, ишонч телефони, телеграм-бот) узлуксиз ишлаши таъминланмаган.

Шу муносабат билан, Марказий банк тижорат банклари раҳбарларини карантин даврида марказий телеканалларда, шу жумладан, «Коронавирус инфо»да доимий брифинглар ўтказиш, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва блогерлар орқали банк билан боғланиш бўйича алоқа каналлари (веб-сайт, ишонч телефони, телеграм-бот) тўғрисидаги маълумотларни кенг тарғиб қилган ҳолда, мижозлар билан ўзаро муносабатларни амалга ошириш тартиби (шу жумладан, кўп бериладиган саволларга батафсил жавоб бериш) юзасидан мунтазам равишда тушунтириш ишларини олиб боришга чақиради.

Шу ўринда, кредит ташкилотларининг қарз олувчиларига ҳам мурожаат қиламиз:

Кредит бўйича тўлов муддатлари кечиктирилган даврда ҳам кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ҳисобланиши давом этади ва ушбу фоизлар кечиктирилган муддат тугаганидан сўнг тўланилиши лозим.

 Келгусида қарз олувчиларда қарз суммаси ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Марказий банк жорий давр учун кредит бўйича тўловни амалга оширишга молиявий имконияти бўлган қарздорларга ўз кредитларини кредит шартномаларида белгиланган муддатларда сўндиришни давом эттиришни тавсия этади.

Қолаверса, коронавирус пандемиясининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларида кредитларни қайтариш билан боғлиқ салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида уларнинг кредит тўловлари муддатларини узайтириш юзасидан мурожаатларини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш бўйича кредит ташкилотларига кўрсатмалар берилди.

Карантин даври якунлангандан сўнг кредит ташкилоти томонидан белгиланган муддат ичида кредит шартномасига киритиладиган ўзгартиришларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштириш юзасидан қарздорнинг мажбурияти қайд этилиши лозим.

Ўз навбатида, карантин даври тугагандан сўнг белгиланган муддат ичида қўшимча ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ расмийлаштирилмаган тақдирда кредит шартномасига киритилган ўзгаришлар кредит ташкилоти томонидан бекор қилиниши ва дастлабки шартнома шартлари кучга киришини маълум қиламиз.

Бугунги кунда тижорат банклари томонидан мурожаатларни масофавий қабул қилиш тизимлари яратилмоқда. Ушбу масофавий хизматлар тўғрисида банкларнинг веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали қўшимча маълум қилинади.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 3 апрелдаги фармонининг 11-бандида:

тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларга 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктириш тақдим этиш;

амалга киритилган карантин режими фаолиятига салбий таъсир кўрсатган қарздорларнинг муддати ўтиб кетган кредитларига гаров таъминоти бўйича жарима санкциялари ва ундирув чоралари қўлламаслик кўзда тутилган.

Ушбу тартиб-қоидалардан келиб чиқиб, мижоз тегишли тижорат банкига ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ

ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: