Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
11.02.2020

РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТ НИМА?

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2020 йил – “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодни ривожлантириш” йили деб эълон қилинди. Мазкур тарихий ҳужжатда тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллаш юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини бериши алоҳида таъкидланди.

Рақамли иқтисодиёт тушунчаси биз учун нисбатан янги тушунча бўлиб, аввало унинг асосий мазмун ва моҳиятини чуқурроқ англаб олишимиз муҳимдир.

Жаҳон ҳамжамияти постиндустриал тараққиёт босқичига ўтмоқда. Бу босқич иқтисодда хизматлар кўрсатиш соҳасининг устуворлиги ва компьютер, ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш билан тавсифланади. Рақамли иқтисодиёт – бу биринчи навбатда рақамли кўринишдаги ахборотларнинг хўжалик юритиш соҳасида асосий омилга эга бўлиши, катта ҳажмдаги бу ахборотларнинг қайта ишланиши ва таҳлили асосида хўжалик юритиш самарадорлигини оширишдир. Бошқача айтганда, рақамли иқтисодиёт рақамли компьютер технологияларини ривожлантиришга қаратилган фаолият бўлиб, электрон тижорат, онлайн хизматлар кўрсатиш, электрон тўлов тизимини жорий этиш, интернет савдони йўлга қўйиш ва бошқа бир қатор ишларни ўз ичига олади. Умуман, рақамли иқтисодиётни иқтисодиётнинг мутлақо янги модели сифатида ҳам қараш мумкин. Мана шунинг учун бугунги кунда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни жадаллаштиришда, иқтисодий-ижтимоий тизимимизни ўзгартиришда  жуда катта аҳамият касб этади.

Хўш, бу бизга нима беради? Энг аввало, хизмат кўрсатиш соҳасида қатор қулайликлар яратилади, яъни тезроқ, сифатлироқ ва арзонроқ хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Ишлаб чиқаришни ташкил этиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва амалга ошириш соҳасида ҳам бир қатор қулайликлар пайдо бўлади.

Булар нимада ўз ифодасини топади? Ишлаб чиқаришда меҳнат унумдорлиги ўсади, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлиги ошади, ишлаб чиқариш харажатларини кескин қисқартириш имконияти пайдо бўлади, ишлаб чиқаришда юқори малака талаб қилинмайдиган вазифалардаги ишчилар сони қисқариб, автоматик бошқариш тизимида компьютерларда жараёнларни бошқарувчи ходимлар сони ошади, яъни меҳнат оддий меҳнатдан интеллектуал меҳнатга айланиб боради.  Буларнинг ҳаммаси ишлаб чиқариш самарадорлигини оширади. Пировардида юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришилади. Хизмат кўрсатиш ва иқтисодий муносабатларда инсон омилининг таъсири кескин камаяди. Бу эса бюрократия, сансалорлик, турли маъмурий тўсиқлар каби ҳаётимизда учраб турган камчиликларнинг барҳам топишига олиб келади. Энг асосийси, Президентимиз сўзлари билан айтганда “мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам рақамли технологиялар самарали воситадир”.

Республикамизда рақамли технологияларга ўтиш бўйича ҳозиргача бирмунча ишлар амалга оширилди. Хусусан, тўловларни амалга  оширишнинг пластик карталар орқали онлайн тизими жорий қилинди. Соҳада процессинг марказлари кўпайиб, рақобат муҳити шаклланмоқда. Авиа ва темирйўл чипталарини харид қилишнинг электрон тизими жорий қилинди. Лекин бу тизим такомиллаштирилиши керак. Хусусан, ҳозир темирйўл чипталарини тайёр ҳолда ҳамма поездларга электрон тарзда олиш имконияти йўқ. Маълумотлар базаси ҳам тўлиқ эмас, бронда турган жойлар ҳақида ҳам маълумотлар берилса яхши бўлади.  Электр истеъмолини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимларини (АСКУЭ) жорий қилиш бўйича қарор қабул қилинганига 10 йилдан ошган бўлса-да, тизимни жорий қилиш жуда секин кетаяпти. Охирги икки йилдагина иш жойидан силжиди. Тажриба тариқасида Самарқанд вилоятининг айрим маҳалла ҳудудларида бу тизимнинг жорий қилиниши электр энергия истеъмолини қарийб икки баробар камайганлигини кўрсатди. Бу тизимни табиий газ таъминотига ҳам жорий қилиш бўйича ишлар бошланган. Яқин истиқболда фуқароларимиз пенсияга чиқиши учун фақат паспорти билан бориб, мурожаат қилиши кифоя бўладиган тизимнинг яратилишини олиб қарайлик.  Бу одамларимизга қандай енгилликларни яратиб беришини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу ишлар рақамли иқтисодиётнинг жорий қилиниши бўйича қўйилган дастлабки қадамлардир. Лекин, шунинг ўзиёқ унинг қандай афзалликларга эга эканлигини яққол кўрсатиб турипти.

Президентимиз Мурожааатномада рақамли иқтисодиётни жорий қилиш бўйича биринчи навбатда бажарилиши лозим бўлган вазифаларни ҳам белгилаб берди. Қурилиш, энергетика, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт, геология, кадастр, соғлиқни сақлаш, таълим, архив соҳаларини тўлиқ рақамлаштириш, “Электрон ҳукумат” тизимини, амалга оширилаётган дастурлар ва лойиҳаларни танқидий қайта кўриб чиқиб, барча ташкилий ва институционал масалаларни комплекс ҳал этиш вазифалари топширилди. Тошкент шаҳридан ташқари Нукус, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Гулистон ва Урганч шаҳарларида ҳам ­“IT-парк”лар ташкил этилиши белгиланди. Буни ҳам жуда катта аҳамиятга эга ечим деб қарашимиз тўғридир. Бу муассасаларда ишлайдиган кадрларни тайёрлаш бугунги кунда энг муҳим масалалардан биридир. Умуман, рақамли иқтисодиётга ўтишда юқори малакали компьютер дастурчилари, ахборот технологияларини пухта эгаллаган ходимларга эҳтиёж кескин ошади. Бу борада Президентимиз айтган “хорижий ҳамкорларимиз билан биргаликда “1 миллион дастурчи” лойиҳасини амалга ошириш” лойиҳаси беқиёс аҳамиятга эгадир. Шу билан бирга, ҳозир-да ахборот технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлаётган олий ўқув юртлари фаолиятини ҳам кескин жонлантириш талаб этилади. Ҳозир республикамизнинг бир қатор олий ўқув юртлари ва хорижий университетларнинг филиалларида ахборот технологиялари соҳасида мутахассислар тайёрланмоқда.

Самарқанд давлат университетида ҳам бу борада катта тажриба тўпланган. Амалий математика ва информатика факультетининг моддий-техник базаси кейинги 2-3 йил ичида мустаҳкамланди, замонавий юқори қувватли компьютерлар харид қилинди, талабалар сони кўпайди. Ҳукуматимизнинг университет фаолиятини ривожлантиришга қаратилган қарори асосида катта ишлар амалга оширилмоқда. Шу йўналишда ёш ўқитувчиларимиз қатор чет эл нуфузли университетларида, жумладан, Англия, Корея, Ҳиндистон ­давлатларидаги университетларда малака ошириб келишди. Президентимизнинг ­Мурожаатномасидан сўнг биз ўзимизга янги вазифаларни белгилаб олдик. Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш учун қандай кадрлар ­тайёрлашимиз кераклиги, уларнинг муносиб иш ўринларини топиши, хусусан, ­Президентимиз қўйган “1 миллион дастурчи” лойиҳасида уларнинг иштирок этиши, ташкил этилаётган “IT-парк”ларда тўлақонли фаолият юрита олиши учун бажаришимиз лозим бўлган аниқ режаларни тузиб олдик. Бўлаётган ишларнинг яна бир яхши тарафи шуки, ахборот технологиялари йўналишида кадрлар чиқараётган олий таълим муассасалари сони ошиб бормоқда. Бу кадрлар тайёрлаш борасида рақобат муҳитини яратади, бу эса шубҳасиз уларни тайёрлаш сифатини оширади.                                                          

Албатта, рақамли иқтисодиётга ўтишни юқори тезликда ишлайдиган интернет тармоғисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Бу борада республикада охирги уч йилда катта ишлар қилинди, яхши қарорлар қабул қилинди. Лекин, қилиниши лозим бўлган ишлар кўлами ниҳоятда катта. Шунинг учун Президентимиз томонидан яқин 2 йилда барча қишлоқ ва маҳаллаларни тезкор Интернет билан таъминлаш, жумладан, яна 12 мингта муассасани тезкор Интернетга улаш бўйича қўйган вазифалари соҳа ривожи учун муҳимдир. Бу нафақат шаҳарларимизда, балки қишлоқларимизда ҳам рақамли хизмат кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш имконини беради. Бу вазифаларни ижро этиш мақсадида “Рақамли Ўзбекистон – 2030” дастури ишлаб чиқиладиган бўлди.

Банк тизимида рақамли технологияларни қўллаш, янги банк маҳсулотларини жорий этиш ва дастурий таъминотларни тубдан янгилаш молиявий муносабатлар, пул-тўлов тизимида хизматлар даражасини замон талаблари даражасига кўтариш имконини беради. Тадбиркор рақамли технология ёрдамида бўш ер майдонлари, бино ва иншоотлар, уларнинг қиймати ва шартлари ҳақидаги тўлиқ харитани исталган вақт ва ҳудудда онлайн тартибида олиш имкониятига эга бўлади. Яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг энг самарали йўли ҳам соҳани рақамлаштиришдир.

Математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотларни фаоллаштириш мақсадида олимларга барча шарт-шароитларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дунё аллақачон конлар хариталарининг рақамли моделларини тузишга, конларнинг 3D моделларини яратишга, геоахборот тизимларини кенг ишлатишга ўтиб бўлган. Геология соҳасида тадқиқотларнинг ривожланиши, янги тадқиқот усулларининг қўлланилиши соҳанинг жадаллик билан ривожланишига хизмат қилади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 4 та илмий тадқиқот институтлари негизида яхлит мажмуа – замонавий университет ташкил этилиши ҳам бу борада жуда муҳим ташкилий ечим бўлди.

Бугунги кунда юртимизга келаётган хорижий сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатишда муайян муаммолар бор. Бу соҳага рақамли технологияларни жорий қилиш жуда долзарб ва кечиктирмасдан ҳал қилиниши лозим бўлган вазифадир. Хорижий сайёҳларга юртимизга келмасдан турибоқ турли транспорт воситаларига чипталарни эркин электрон харид қилиш, меҳмонхоналарга жойлашиш учун олдиндан тўлов қилиш, умуман, барча турдаги каттаю-кичик хизматлар учун олдиндан электрон талабнома бериш имкониятини яратиш лозим. Ўз-ўзидан тушунарлики, бу соҳани рақамлаштириш билан бевосита боғлиқ.

Хулоса қилиб айтганда, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш баробарида аҳоли фаровонлигини оширади, одамларимизнинг бугунги ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун катта имкониятлар яратади.

Бахтиёр ХЎЖАЁРОВ,

Самарқанд давлат университети математик моделлаштириш кафедраси мудири, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: