Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
24 25 26 27 28 29 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
04.02.2020

«АСАКА» БАНКИ

Мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашмаслик борасида жиддий чора-тадбирлар белгиланган. Шунингдек, соҳага масъул идора ва ташкилотлар уларнинг фаолиятини янада кенгайтиришга жалб этилмоқда. Бу борада республикамизда фаолият кўрсатаётган молия муассасалари ҳам уларнинг ишончли ҳамкорига айланмоқда. Шу боис, эндиликда тадбиркорларимиз ўзларининг ишончини қозонган, зарур бўлганда молиявий жиҳатдан доимо қўллаб-қувватлашга ­тайёр банклар хизматидан қийинчиликсиз фойдаланиб келмоқда.

Мамлакатимиздаги салоҳиятли молия муассасаларидан бири — «Асака» банки ўз мижозлари билан ана шу тамойиллар асосида ҳамкорлик қилади.

Яқинда банк томонидан Самарқанд шаҳрига уюштирилган медиа-тур давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари «Асака» банкининг мижози бўлган ва ишончли ҳамкорга айланган тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишди.

«SAG» гиламларини бугун нафақат мамлакатимиз аҳолиси, балки дунё мамлакатлари ҳам
эътироф этмоқда

Дастлабки манзил «SAM ANTEP GILAM» масъулияти чекланган жамияти бўлди.

— Корхонамиз томонидан маҳсулот тури ва ҳажмини кўпайтириш мақсадида айни пайтда «Асака» банки ёрдамида иккита лойиҳа амалга оширилиб, бунинг учун 4,5 миллион евро миқдорида кредит ажратилган, — дейди жамиятнинг молиявий масалалар бўйича менежери Бекзод Бегматов. — Бундан йигирма йил аввал фаолият бошлаган мазкур корхонамиз гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланади. Дастлаб хориждан келтирилган саноқлигина гилам тўқиш ускунаси билан иш бошлаган корхонада айни пайтда Германия, Франция, Швейцария, Австрия, Италия, Бельгия, Голландия, Испания, Туркия ва Хитойдан келтирилган энг сўнгги русумдаги замонавий дастгоҳлар, асбоб-ускуналардан фойдаланилмоқда. Улар ёрдамида полипропилен ип-калаваси ва 200 дан зиёд дизайндаги 50 турдан ортиқ гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

Шунингдек, айни пайтда бу ерда йиллига 8,5 миллион квадрат метр ёки 240 миллиард сўмлик гилам тайёрланяпти. Юртимизнинг барча ҳудудларида ўз савдо нуқталарига эга жамиятнинг Россия, Қозоғистон, Озарбайжонда ҳам савдо уйлари мавжуд. «SAG» гиламлари Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Грузия, Украина, Арманистон, Афғонистон, Хитой ва АҚШ давлатларида ўз харидорларига эга. Шу боис ҳар йили 14 миллион АҚШ доллари ёки 3,1 миллион квадрат метр маҳсулот хорижга экспорт қилинмоқда.

Аслини олганда, «SAM ANTEP GILAM» масъулияти чекланган жамиятида бугунги кунда минг нафардан ортиқ маҳаллий аҳоли доимий иш билан таъминланган. Иш уч навбатда ташкил этилган корхонада ходимларнинг қулай ва хавфсиз меҳнат шароитида ишлаши учун замон талабларига мос шароит яратилган. Ишчилар учун махсус транспорт, иссиқ овқат, тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.

Маҳсулотларимизнинг асосий қисми ички бозорда сотилаётган бўлса-да, хориждан ҳам буюртмалар тушмоқда.

Иккинчи манзил — «TUFT AND  GRASS» масъулият чекланган жамият шаклидаги қўшма корхонада бўлдик.

Самарқанд шаҳридаги «TUFT AND GRASS» масъулият чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона ҳам «Асака» банкининг ишончли ва истиқболли мижозларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда корхонада 400 нафарга яқин ишчи меҳнат қилаяпти. Яқин келажакда янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш кўзда тутилган. Бунинг учун «Асака» банки томонидан 1,9 миллион евро миқдорида кредит ажратилган.

— 2017 йил февраль ойида фаолият бошлаган корхонамиз сунъий чим ва ковролан маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади, – дейди жамият савдо бўлими масъул ходими Ҳаётхон Ҳасанхонов. – Қисқа вақт ичида ички бозорда ўз ўрнимизни топиб, ҳозирда 15 турдан зиёд сунъий чим ва ковролин, полиэстр ип калаваси, бирламчи синтетик асос ва нотўқма мато (иккиламчи ковролин ва сунъий чим асоси) ишлаб чиқараяпмиз. Корхонамизнинг йиллик қуввати 2,5 миллион квадрат метр ёки 26 миллиард сўмлик сунъий чим ва ковролин маҳсулотларини ташкил этади. Ишлаб чиқаришда Англия, Бельгия, Швейцария, Хитой, Германия ва Туркия давлатларидан келтирилган янги технологияли замонавий асбоб-ускуналардан фойдаланилмоқда. Жумладан, SSM ускунаси дунёда саноқли ҳисобланади. Бу ускуна ёрдамида иккиламчи маҳсулот, яъни елим идишлар (баклажка) қайта ишланиб, ундан полиэстр ип калаваси тайёрланади. Маҳсулотларимизнинг асосий қисми ички бозорда сотилаётган бўлса-да, хориждан ҳам буюртмалар тушмоқда. Жорий йилдан бошлаб ковролин маҳсулотларини кенг миқёсда экспортга чиқариш режалаштирилган.

Бундан ташқари, корхонага ўтган йил Бельгиядан иккита замонавий дастгоҳ келтирилиб, мебель маҳсулотлари ва уй-рўзғор буюмлари, кўрпача учун зарур бахмал (вильвит)мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жамият масъулларининг айтишича, шу пайтгача бу турдаги маҳсулот хориждан келтирилган. Ҳозирда 100 хилдан зиёд дизайндаги ушбу маҳсулотга ички бозорда талаб юқори. Айниқса, мебель ишлаб чиқариш корхоналаридан катта миқдорда буюртмалар келиб тушмоқда.

Пахта кластери — хомашёдан тайёр маҳсулотгача

Учинчи сафар «SAMARKAND EURO ASIA TEXTILE» масъулияти чекланган жамиятига бўлди.

Аслида «SAMARKAND EURO ASIA TEXTILE» масъулияти чекланган жамияти асосан эркаклар, болалар кўйлаклари, шунингдек чойшаб ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

— «Асака» банки томонидан 39,7 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди, — дейди масъулияти чекланган жамият раҳбари Шуҳрат Мақсудов. — Шунинг ҳисобидан бугунги кунда хориждан замонавий технологиялар келтирилиб, халқаро стандртларга мос маҳсулот ишлаб чиқармоқдамиз. Ҳозирда 300 нафарга яқин ишчи меҳнат қилаётган корхонамизда йилига 2 миллион дона кўйлак ва 600 минг дона чойшаб тайрёрланмоқда. Асосан пахта толасидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимизнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинади. Бу борада хорижий давлатлардаги етакчи компаниялар билан ҳамкорликда ишлаймиз. Шу пайтгача ўртача 1,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлсак, бу йил экспорт кўрсаткичини 5 миллион долларга етказишни мўлжаллаб турибмиз. Чунки, шу пайтгача матони четдан харид қилган бўлсак, ўтган йилдан бошлаб пахта кластери ташкил этиб, хом ашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган тизимни йўлга қўйдик. Яъни пахтани ерга экишдан бошлаб, тайёр маҳсулотгача жараённинг барча босқичларини ўзимиз амалга оширамиз. Бундан ташқари, корхонамиз қошида тола тўқиш ва бўяш цехлари ишга туширилди. Ушбу имконият туфайли энди ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам янада оширишни режалаштирганмиз. Қолаверса, келажакда корхона фаолиятини янада кенгайтириб, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизнинг турини ҳам кўпайтирмоқчимиз.

Нарх эмас, сифат биринчи ўринда

Тўртинчи манзил «TONG» масъулияти чекланган жамияти жойлашган корхона бўлди.

Самарқанддаги ушбу масъулияти чекланган жамият ҳам замон талабларига мос фаолият олиб бораётир. У асосан полиграфия, қадоқлаш ва реклама маҳсулотлари тайёрлаш билан шуғулланади.

– Бугунги кунда ушбу фаолият билан шуғулланаётган ишлаб чиқариш субъектлари кўпайган бир пайтда бозорда муносиб ўрин эгаллаш, доимий мижозлар топиш ва уларнинг сафини кенгайтириш осон эмас, – дейди жамият раҳбари Баҳодир Лутфуллаев. – Бундай пайтда кўпчилик тадбиркорлар сифатга эътибор бермай, нархни арзон қилиш орқали ўз маҳсулоти, хизматини таклиф этишга ҳаракат қилади. Биз эса, аксинча, нархни эмас, сифатни биринчи ўринга қўямиз. Аввал бошидан энг замонавий технологиялардан, сифатли хом ашёдан фойдаланиб маҳсулот ишлаб чиқаришга ҳаракат қилганмиз. Ўтган йил Самарқанд шаҳридаги фойдаланилмай бўш турган бинолардан бири 2 миллион евро инвестиция киритиш ва 20 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш шарти билан корхонага берилди. Бунинг учун «Асака» банки тадбиркорга хориждан замонавий ускуна харид қилиш учун 1 миллион 845 минг евро миқдорида кредит ажратди. Яна шуни алоҳида айтиб ўтишим лозимки, «Асака» банки билан ҳамкорлик қилиш бизга фақат омад келтирган. Бу гал ҳам банкнинг кредити ва қисман ўз маблағимиз ҳисобига Германиядан замонавий полиграфия ускунаси олиб келдик. Бинони таъмирлаб, янги жойда, янгича фаолият кўрсата бошладик. 22 кишини доимий иш билан таъминладик. Ишлаб чиқариш қувватимиз ҳам ошди.

Тадбир иштирокчилари «Асака» банки Самарқанд филиалида бўлиб, муассаса фаолияти билан яқиндан танишди. Мухтасар қилиб айтганда, бу каби медиа-тур тадбирлари вилоятларда фаолият олиб бораётган йирик корхоналар билан яқиндан танишиш ва уларнинг фаолиятини халқимизга етказишда дастуриламал бўлиб хизмат қилади ва бу каби тадбирлар бошқа вилоятларда ҳам ўтказилади.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: