04.02.2020

МАҲСУЛОТЛАР СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ ЯНАДА КУЧАЙТИРИЛДИ

Миллий матбуот марказида «Ўзстандарт» агентлиги раҳбарияти томонидан «Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази (UzTest) тизимида яратилган янгиликлар ва маҳсулотлар сифатини аниқлашда амалиётга жорий этилган ўзгаришлар» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Унда «Uztest» марказининг раҳбар ва илмий ходимлари иштирок этди.

Президентимизнинг 2019 йил 15 августдаги «Ўзбекистон Республикасида мувофиқликни баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш ва синов лабораториялари комплексини ривожлантириш тўғрисида»ги қарорига асосан, 2020 йил 1 январдан «Ўзстандарт» агентлигининг «Республика синов ва сертификатлаштириш маркази» давлат корхонаси ўрнида «Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази» ўз фаолиятини бошлагани ҳақида маълумотлар берилди.

— Бугунги кунда «UzTest» маркази таркибига кирувчи 16 ҳудудий филиал, 32 синов лаборатория ва 5 та маҳсулотларни сертификатлаштириш органи, маҳсулотларни экспорт қилишга кўмаклашиш бюролари, сифат менежмент тизимларини жорий этиш сертификатлаштириш органларида 522 нафар юқори малакали мутахассис фаолият олиб бормоқда, — дейди «UzTest» марказининг директори Ақилбек Мустафоев. — Шунингдек, хорижий молия инсититутлари гранд маблағлари ҳисобидан лабораторияларни ривожлантириш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2018-2019 йилларда синов лабораторияларини ривожлантириш учун жами 19,3 миллиард сўмлик 218 дона синов ускунаси харид қилинди. Натижада умумий 383 турдаги синов услублари ўзлаштирлди, шундан 171 таси халқаро синов услуби ҳисобланади. Бундан ташқари, ўтган йилда Хитой, Қозоғистон, Россия ва Малайзия давлатларида ишлаб чиқарилган  ва мамлакатимиз ҳудудига импорт қилинган 8 турдаги (яшил нўхот, консерваланган балиқ, қўзиқорин, палма ёғи, кукуруза ва шина маҳсулотлари 436 тонна, 792750 дона) 5,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар меъёрий ҳужжат талабларига номувофиқ деб топилди ва Давлат божхона қўмитасига маълумот киритилди. Натижада сифатсиз деб топилган озиқ-овқат маҳсулотларининг республикамизнинг ички бозорларида реализация қилинишининг олди олинди.

Яна шуни маълумот ўрнида айтиш мумкинки, ҳозирда зарур ҳисобланган электротехника ва автотранспорт хавфсизлик параметрлари ва электромагнит мослашувчанлик бўйича тўла баҳолашни таъминлайдиган синов базасини ташкил этиш юзасидан Чехиянинг «EXPORTA»  компанияси билан ҳамкорликда лаборатория ташкил этиш юзасидан 4,2 миллион АҚШ доллари қийматидаги халқаро банк кредитларини ўзлаштириш бўйича шартонома имзоланиб, Тошкент вилоятининг Пискент туманида лаборатория қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Бу лаборатория жорий йилнинг август ойида фойдаланишга  топширилади.

 Анжуманда «UzTest» марказини ташкил этишдан асосий мақсадлардан бири — маҳсулотларни сертификатлаштириш жараёнларида бир турдаги маҳсулотларни сертификатлаштириш органлари ташкил этиш орқали тадбиркорларга қулай шароит яратиш, экспорт ҳажмини оширишдан иборат эканлиги таъкидланди. Шунингдек, бунда асосан республикамиздаги барча божхона постларида малакали мутахассисларни бириктирган ҳолда, бир турдаги маҳсулотларни сертификатлаштириш органларини ташкил этиш орқали қатор  ишлар амалга оширилганлиги ҳақида ҳам маълумот берилди.

Бундан ташқари, марказ қошида фаолият юритаётган синов лабораторияларининг 13 таси халқаро даражада аккеридитациядан ўтган бўлиб, ушбу  лабораториялар томонидан расмийлаштирилган синов баённомалари асосида маҳсулотларни МДҲ давлатларига экспорт қилиш имкониятига эга.

МДҲ давлатларидан ташқари, халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, сифатли маҳсулотларни истеъмолчиларга етказишда Франциянинг «BUREAU VERITAS INTERNATIONAL S.A.S.» компанияси, Грециянинг
«Q-CERT» компанияси, Хитойнинг «Нанкин бозорини тартибга солиш Давлат Бошқармаси» ва Жанубий Кореянинг «Si Resource Co. Ltd» ҳамда «Hydrogen Power Co Ltd» компаниялари билан ҳамкорлик келишувлари ва меморандумлар тузилган. 

     Шунингдек, тадбирда бугунги кунда марказ қошида бир турдаги, жумладан, озиқ-овқат ва косметика, машинасозлик ва оғир саноати, юқори ва паст кучланишли электротехника маҳсулотлари, кимё ва полимер, қурилиш ҳамда енгил саноат маҳсулотларини сертификатлаштириш органлари ташкил этиш мақсадида тегишли ишлар амалга оширилаётганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

 

Чўлпоной АХМЕДОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: