04.02.2020

«СОҲАНИ САНОАТ ДАРАЖАСИГА КЎТАРИШИМИЗ КЕРАК ...»

Ҳақиқатан ҳам, деҳқончилик бир йилда, чорвачилик қирқ йилда, қуёнчилик  қирқ кунда даромад келтирадими?  

Болаликдан қуёнга меҳримиз бошқача. Мунчоқдай кўзларининг жовдираб туриши, чаққонлиги, мўйнасининг майинлиги жажжи қалбларни сеҳрлайди. Кўплаб мультфильмларда ва айниқса, «Ҳа, сеними, шошмай тур!» сериалидаги топқир ва қувноқ Қуёнчанинг Бўрини доимо доғда қолдириши болаларда яхшиликнинг ёмонлик устидан ғалабасига ишонч уйғотади...

Қуён боқиш ҳақида гап кетганда эса аксар ҳолда «Ажойиб хаёлпараст» бадиий фильмидаги воқеалар эсланади. Фильм бош қаҳрамони Ҳасаннинг асл касби шифокор бўлса-да, қуён боқиш ортидан хаёлан катта орзуларга эришишни истайди. Аслида унинг орзулари орзулигича қолади, қайтанга ён-атрофдагилар унинг бу юмушига «ақлли одамнинг иши эмас» деган қабилда муносабатда бўлишади. Фильм ўтган асрнинг 70-йиллари  охирида суратга олинганини ёдга олсак, унда ўша даврга хос хусусиятлар ўз ифодасини топганлиги ҳам табиий ҳол.

Айни кезда эса биз бутунлай янги жамиятда, янги тизимда яшаяпмиз. Мақсад-марралар одамларнинг яхши яшашига, орзу-умидлари ушалишига қаратилган. Қатъиятли, касбига ошуфта, унинг нуфузи ва даромадини оширишга сидқидилдан бел боғлаган ишбилармонлар ҳар бир жабҳада, шу жумладан, қуёнчилик соҳаси учун ҳам жуда зарур. Чунки, уни ривожлантириш мақсадида давлат миқёсида чора-тадбирлар кўриляпти, ихтисослашган уюшмалар, хизмат кўрсатиш марказлари тузиляпти. Табиийки, улар зиммасига юклатилган вазифалар ижроси ҳам шунга яраша бўлиши керак.

Яқинда «Ўзбекистон қуёнчилик хўжаликлари» Ассоциацияси ­Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги томонидан рўйхатдан ўтказилди. Ассоциация бошқаруви раиси Абдураззоқ  ­ИБРОҲИМОВ  билан суҳбатимиз қуёнчиликнинг фойдали жиҳатлари, сердаромадлиги омиллари, соҳани ривожлантиришнинг истиқбол имкониятлари ва уларни ишга солишда Ассоциация олдида турган вазифаларга қаратилди.

  Ассоциация тузилиши билан мамлакатимизда қуёнчиликни ривожлантиришга йўналтирилган Ассоциациялар иккита бўлди. Улар фаолияти қай жиҳатлари билан фарқланади?  Янги тузилма ўз олдига қандай вазифаларни бажаришни мақсад қилиб қўйган ? 

– Ассоциацияни ташкил этишдан мақсад – биринчи навбатда, мамлакатимиздаги қуёнчилик хўжаликларини бирлаштирган ҳолда мазкур соҳани янада ривожлантириш, халқимиз дастурхонида парҳезбоп, сифатли, арзон гўшт маҳсулотларининг ҳажми ва турларини кўпайтиришга қаратилган. Бунга эришиш учун илғор тажриба ва инновацион технологияларни татбиқ этиш, хорижий шериклар билан ҳамкорликда замонавий қуёнчилик хўжаликларини ташкил қилиш, шу билан бирга, чуқур қайта ишланган маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишимиз зарур бўлади. Бир сўз билан айтганда, соҳани саноат даражасига кўтаришимиз керак. Бу борада биз тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари ва ишлаб чиқариш корхоналари билан биргаликда иш олиб борамиз. Бунинг натижасида эса ҳудудларда, энг аввало, чекка қишлоқларда кўплаб янги иш ўринлари юзага келади.

Ассоциациямиздан бироз олдинроқ иш бошлаган «Наслли қуён етиштирувчилар» Ассоциацияси фаолиятида ўз номидан келиб чиққан ҳолда наслчиликни тараққий эттириш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, кадрлар салоҳиятини ошириш борасидаги вазифалар устуворлик қилади. Икки Ассоциациянинг ҳам асосий мақсади битта, у ҳам бўлса,  мамлакатимизда қуёнчилик соҳасини ривожлантиришга, уни сердаромад соҳага айлантиришга кўмаклашишдан иборат.       

  Охирги уч-ўрт йилга қадар  қуёнчиликни ривожлантиришга қаратилган бирон-бир муҳим ҳужжат қабул қилингани ёки тадбир ўтказилганини эслаш мушкул. Шу жиҳатдан олганда, кейинги пайтда қуёнчиликни тараққий эттириш чоралари ҳудудий дастурлардан ўрин олгани, банклар томонидан миллиардлаб сўмлик кредитлар берилаётгани, селекция – генетика маркази ташкил этилгани алоҳида эътирофга лойиқ.  Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада қуёнчилик соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди...

  Ҳақиқатан, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кейинги уч йилда чорвачиликнинг бошқа соҳалари каби қуёнчиликка бўлган эътибор ҳам, моддий қўллаб-қувватлаш ҳам тубдан ўзгарди. 2019 йил 28 мартдаги  «Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарор қабул қилиниши бунга ёрқин мисол бўла олади. Биргина «Микрокредитбанк» томонидан ўтган давр мобайнида юридик ва жисмоний шахслардан иборат қуёнчилик хўжаликларига 68,3 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган.

Биз кўрсатилаётган бундай катта эътиборни амалий ишимиз, қўшган ҳиссамиз билан оқлашимиз зарур. Олдинда турган ишлар кўлами эса жуда катта. Хусусан, Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган 2019 йилнинг 13 ноябрь куни чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва ипакчилик тармоқларини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида қуёнчилик билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилиб, уни саноат усулида боқишни ривожлантириш вазифалари белгилаб берилди, Чунки, ҳисоб-китобларга кўра, наслли қуённи табиий усулда бир йилда 5 марта (5-6 та бола), саноат усулида эса 7 мартагача (6-8 та) кўпайтириш мумкин.

Шундан кейин кўп ўтмай, Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада қуёнчилик соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. Муҳокамалар давомида   ҳужжатда белгиланган бир қатор бандлар янада такомиллашиши, айримлари ўзгариши мумкин. Лекин шунга қарамай, ундан ўрин олган чора-тадбирларнинг ўзи соҳамиз вакилларини беҳад мамнун этмоқда. Негаки, унда бизни анчадан буён ўйлантириб келаётган қатор муаммолар ўз ечимини топмоқда, янги имкониятларни ишга солиш ҳозирлигини кўришга ундамоқда. Бир мисол, қарор лойиҳасида шифохона ва шифо масканлари,  мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ҳамда ҳарбий қисмларда истеъмол қилинадиган маҳсулотлар таркибига парҳез ва фойдали қуён гўштини 10 фоизгача қўшиш, мазкур миқдор учун маблағ ажратилиши  давлат бюджетидан молиялаштирилиши кўз­да тутилмоқда. Бундан ташқари, қуёнчилик билан шуғулланувчи субъектларга саноат усулида қуён парваришлашни йўлга қўйишлари учун ер майдонлари ажратиш белгиланмоқда.

Очиғини айтиш керак, қарор лойиҳасида белгиланган чораларни бажариш осон кечмайди. Қисқа фурсатда қуёнлар сонини миллионлаб бошга ошириш, минглаб тонна сифатли гўшт етиштириш учун бошқарув тизимини тубдан ўзгартириб, инновацион лойиҳа ва технологияларни жадал ўзлаштириш, саноат усулида қуён боқувчи хўжаликларни ҳар бир ҳудудда ташкил этиш, хорижнинг энг илғор тажрибаларини жорий этиш учун енг шимариб ишлаш керак бўлади. Ўз навбатида бу вазифаларни амалга ошириш юзлаб малакали  мутахассисларга, минг-минглаб ишчи-ходимларга эҳтиёж туғдиради.  

– Хорижнинг илғор тажрибаларини жорий этиш зарурлигини қайд этдингиз. Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги кунда дунёда қуёнчилик соҳаси қандай ривожланмоқда? Уларнинг қайси жиҳатларини юртимизда татбиқ этиш яхши самара беради?

   Халқаро стандартларга назар ташлайдиган бўлсак, инсон организми  соғломлиги учун бир йилда 90 килограммгача гўшт истеъмол қилиши, шунинг камида 5 фоизи қуён гўшти бўлиши зарурлиги қайд этилади. Дунёда қуён гўштига талаб йилига ўрта ҳисобда 25 фоизга, айрим мамлакатларда 70 фоизгача ўсиб бормоқда. Бунинг боиси нимада? Асосий сабаб    қуён гўштининг экологик жиҳатдан тозалиги ва парҳезбоплигидир. Масалан,  Италияда ресурслар чекланганига қарамасдан бир йилда 300 минг тонна қуён гўшти етиштирилади. Лекин унинг бирон тоннаси чет элга экспорт қилинмайди. Нега? Чунки, ички бозорни таъминлашга етмайди.

Ассоциациямиз вакиллари яқинда Россияда бўлишди. Қуёнчилик билан бевосита шуғулланувчи ташкилот, илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари билан ўтказилган учрашувлар самарали кечди ва бир қатор келишувларга эришдик. Бундан кўзда тутилган мақсад    уларнинг иннновацион ишланмаларини юртимизда татбиқ этиш ва бу борадаги ишларни бошлаб юбордик.

  Тажрибали тадбиркорлар билан суҳбатда соҳа ҳақида гап кетганда,   «деҳқончилик бир йилда, чорвачилик қирқ йилда, қуёнчилик қирқ кунда даромад келтиради», деган фикрни қайд этишни хуш кўришади. Албатта, бу фикрда халқимизнинг ҳазил-мутойибага мойиллигига хос бироз бўрттириш сезилиб туради. Аслида ҳам  қуёнчилик шунчалик фойдали ва сердаромад соҳами?

  Аслида бу иборада қуёчиликка нисбатан олганда ҳеч бир муболаға йўқ, дейиш мумкин. Чунки, уй ҳайвонлари орасида қуён энг тез етилади. Агар туғилган бузоқча ўз вазнини 47 кунда икки баробарга оширса, қуён боласи бундай натижага 6 кунда эришади. Бир ойлигида қуёнчанинг вазни тахминан 10 баробарга ошади. Тез етилувчан қуён зотларининг эмизикли болалари тўғри боқилса, ўсиш жадаллиги жиҳатдан гўштга боқиладиган жўжалардан ҳам ўзиб кетади.

Яна бир жиҳати, битта қуён йил давомида табиий уй шароитида беш марта, ҳар сафар минимум беш-олтитадан болалайди. Бу ўттизтага кўпайди, дегани. Яна бир томони, йил бошида туғилган қуёнчалар йил охирига келиб, ўзлари ҳам болалайди. Хуллас, шу вақт ичида қуёнлар сони қарийб 140 тага етиб, 300 килограммгача гўшт олиш имконияти вужудга келади.  Қуён гўшти ички бозоримизда ўртача 40 минг сўм, жаҳон бозорида эса 5-6 доллар туришини, унинг мўйнасига ҳам талаб юқорилигини инобатга олсак, сердаромад соҳа эканлигига амин бўламиз.

Қуённинг 1 килограмм момиғидан 2000 метр сифатли ип олиш мумкин. У иссиқлиқни сақлаш хусусиятига кўра, қўй жунидан ўн баобар ортиқ бўлгани ҳолда тўқимачилик, духоба ва бошқа маҳсулотларни тайёрлашда ҳам ишлатилади.

Тиббий томондан олганда, қуён зардобидан олинадиган 59 турдаги дори-дармонлар ошқозон-ичак, меъда, ўт-пуфак, жигар, саратон каби хасталикларни даволашда ўта самарали ва қиммат восита ҳисобланади, миясидан олинадиган кукуннинг эса ҳар бир килограмми жаҳон бозорида 30 000 АҚШ доллари қийматида баҳоланади. Қуён ёғи ҳам экологик тоза маҳсулот сифатида косметология ва фармацевтикада ҳам фойдаланиш мумкин.

  Буюк мутафаккир бобомиз Бурҳонуддин Марғинонийнинг бундан тўққиз аср олдин яратилган «Ҳидоя» асарида Пайғамбаримиз с.а.в-га қизартириб пиширилган қуён гўшти берилганида ундан еганлари ва саҳобаларга ҳам ейишни айтганлари келтирилади, у кийик гўштига қиёсланади. Қуён гўштининг инсон организми учун яна қандай фойдали хусусиятлари бор?

  Мутахассисларнинг фикрича, унинг таркибида ёғ ва холестерин моддаси жуда кам. Инсон организмида тез ҳазм бўлади ва тўлақонли оқсил моддасига эҳтиёжи юқори бўлган мактабгача ёшдаги болалар, ўсмирлар, эмизикли аёллар, кекса ёшдагилар учун жуда фойдалидир. Масалан, истеъмол қилинган 100 грамм қорамол гўштининг 62 фоизигина организмимизда ҳазм бўлса, бу кўрсаткич қуён гўштида 90 фоизни, холестирин миқдори қўй ёғи таркибида 1,40 граммни, қуённикида эса, атиги 0,4 граммни ташкил этади.

  Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда бугунга келиб 1 минг 250 та қуёнчилик фермаси мавжуд, саноат усулида 500 минг бош қуён боқилади. Албатта, бу миқдор жуда кам, ўсиб бораётган талабни таъминлаш учун соҳа фаолиятини тубдан ўзгартиришни, инновацион ва самарадор лойиҳаларни жадал амалга оширишни тақозо этади. Шундай бир кезда «Ўзбекистон қуёнчилик хўжаликлари» ассоциацияси  қандай мақсадларни кўзлаб иш олиб бораяпти?

  Ассоциациямиз томонидан соҳани ривожлантиришга қаратилган 2020-2024 йилларга мўлжалланган  дастур ишлаб чиқилган. Ана шу вақт мобайнида республикамиз ҳудудларида 7 та кластер ташкил этилади. Уларда бир миллионга яқин зотдор урғочи қуёнлар парваришлаш, 300000 тоннадан ортиқ омихта ем ишлаб чиқаришдан тортиб, йилига 28, 5 минг тонна сифатли қуён гўшти ва 38 миллион дона консерва тайёрловчи замонавий мажмуаларни қамраб олади. Мазкур мажмуаларнинг ўзида қуён териси, мўйнаси, момиғи, зардоби ва бошқа маҳсулотларни чуқур қайта ишловчи ҳамда экспортга йўналтирувчи корхоналарнинг фаолият кўрсатиши ҳам кўзда тутилган. Уларнинг экспорт салоҳияти беш йил мобайнида 650 миллион долларга етиши мўлжалланмоқда.

Бундан ташқари, кластерлар атрофида шартнома билан ишловчи 45000 та шахсий томорқа хўжаликлари ташкил этилиши ва бунинг натижасида  минглаб янги иш ўринлари юзага келтирилиши ҳам белгилаб олинган.  Дастурнинг тўлиқ амалга оширилиши натижасида жами 8 трилион 156 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, жами солиқлар ҳисобидан бир триллион 970 миллиард сўмлик тушум тушиши мумкин бўлади.

 

Суҳбатдош:

 Абдурауф ҚОРЖОВОВ, иқтисодий  шарҳловчи.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: