Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
14.01.2020

ЎЗБЕКИСТОН ИҚТИСОДИЁТИНИ МОДЕРНИЗАЦИЯЛАШДА

давлат-хусусий шериклиги механизмларининг долзарблиги

Бозор иқтисодиёти шароитида бизнеснинг тажрибаси ва фаоллиги ҳамда хусусий молиявий жамғармаларни жалб қилмасдан туриб, биргина давлатнинг саъй-ҳаракатлари билан  сезиларли натижаларга эришиш осон эмаслигини халқаро амалиёт тажрибасида кўришимиз мумкин.

  Мамлакат иқтисодиётини муттасил равишда ривожлантиришга йўналтирилган стратегия ва дастурларни амалга оширишда фақат давлат бюджети маблағларидан фойдаланишни назарда тутиш мавжуд долзарб муаммоларни ҳал этишда тўла қонли ечим бўла олмайди.  Бунинг учун ўзаро манфаатли ҳамкорлик самарадорлигини оширишга қаратилган давлат-хусусий шериклигининг замонавий механизмларини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.

Давлат-хусусий шерикчилиги –ДХШ бу нафақат иқтисодиёт соҳасида, балки илм-фан соҳаларида ҳам давлат ва бизнеснинг институционал ва ташкилий иттифоқи ҳамда уларнинг конструктив ҳамкорлигини ўзида намоён этади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлат-хусусий шериклигини у ёки бу вазифаларни ҳал қилиш учун давлат томонидан фақат тадбиркорларнинг молиявий ресурсларини жалб этиш воситаси сифатида эмас, балки моҳиятига кўра, ижтимоий йўналтирилган бизнес ва ҳокимият ҳамкорлиги деб тушуниш мақсадга мувофиқ.

“Шерикчилик” сўзининг маъноси  ҳуқуқий муносабатларнинг дастлабки одимларидан бошлаб, ҳокимият вакилларининг ДХШда хусусий бизнес билан тенг асосда иштирок этиши лозимлигини кўрсатади ва бу муносабатлар ҳеч қандай мажбурий хусусиятга эга бўлмаслиги керак.

Жаҳон амалиётида иқтисодиёт ва давлат бошқаруви соҳасида ДХШнинг асосий шакллари қуйидагилардан иборат:

– давлат ва бизнес ҳамкорлигининг ҳар қандай ўзаро манфаатли шакллари;

– давлат шартномалари;

– ижара муносабатлари;

– молиявий ижара (лизинг);

– давлат-хусусий корхоналар;

– маҳсулот тақсимотига оид битимлар;

– концессия битимлари.

Бундан ташқари, давлат мулкида шундай объектлар мавжудки, у ёки бу сабабларга кўра, уларни хусусий тармоқларга топшириш мақсадга мувофиқ эмас.   

ДХШнинг асосий моделлари қуйидагилардан иборат:

— институционал модел (лойиҳаланаётган корхонанинг устав капиталида ўзаро иштирок, бошқа улушли иштирок)

— шартномавий модел (объектларни бошқариш, қуриш, ишлатиш, ижарага беришга оид шартномалар, ижара, концессия ва бошқалар.)

ДХШда қуйидагилар давлат учун ижобий омиллардир:

– давлат бюджетига юкламани камайтириш;

– давлат харажатларининг шаффофлигини ошириш;

– янги технологияларни жадал жорий этиш;

– истеъмолчиларнинг эҳтиёжларига хизматларнинг аниқ йўналтирилиши;

– молиявий сектор ривожланишини рағбатлантириш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш.

Ўзбекистонда “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги 2019 йил 10 майда қабул қилинган қонун икки йилдан ортиқ вақт мобайнида олиб борилган тизимли ишларнинг натижаси бўлди. Бунга қадар, масалан, фармацевтика, йўл ҳаракати, энергетика, архитектура, мактабгача таълим ва бошқа кўплаб соҳалардаги давлат-хусусий шериклигини тартибга солувчи ўнлаб норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган эди. Мазкур қонун халқаро ҳамкорлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва БМТ Тараққиёт Дастури томонидан қўллаб-қувватлангани, унинг концепцияси ишлаб чиқилгани, жамоатчилик муҳокамасига кўмаклашгани, “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини такомиллаштириш” номли қўшма лойиҳаси экспертлик кўмагида ишлаб чиқилганини алоҳида таъкидлаш керак.

Қонунга кўра, давлат-хусусий шериклиги – бирор лойиҳани амалга ошириш учун ўз ресурсларини бирлаштиришга асосланган давлат ва хусусий ҳамкорликнинг муайян муддатга қонуний расмийлаштирилишидир.

Ушбу ҳужжат қабул қилингандан сўнг, тадбиркорлар турли лойиҳаларни амалга оширишга ўзларининг ресурслари ва билимларини йўналтириш учун имкониятга эга бўлдилар. Аввало, бу турли инфратузилма лойиҳаларидир.  Қонун нормалари маҳсулот тақсимотига оид битимлар ва давлат харидларига нисбатан татбиқ этилмаслигини эътиборга олиш лозим.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш Агентлиги ушбу соҳадаги ваколатли давлат органи деб белгиланди.

Давлат томони тендер натижалари ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича белгиланадиган хусусий шерик билан ДХШ тўғрисида битим тузади. Тендерни ўтказиш мезонлари аниқ бўлиши, камситувчи қоидаларни назарда тутмаслиги керак.

Тендерда иштирок этиш учун хусусий шерик ҳуқуқ лаёқатига эга бўлиши, мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган молиявий, техник ва меҳнат ресурсларига эга бўлиши манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлардан холи бўлиши лозим.  Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддати 49 йилгача деб белгиланиши мумкин.

Шундай қилиб, Ўзбекистонда ДХШ лойиҳалари учун ҳуқуқий асос яратилди ва ҳукумат, жамият ва бизнес ҳамжамияти ўртасидаги ҳамкорликнинг янги принципи жорий этилди. Қонун турли лойиҳаларни молиялаштиришда янги имкониятлар яратади ва Ўзбекистонга инвесторлар эътибори тушишини таъминлайди, бу эса мамлакатдаги йирик инвестиция лойиҳалари сонини кўпайтиради.

Институционал-ҳуқуқий муҳитни янада жадаллаштириш учун ДХШ шаклларини ривожлантириш бўйича ягона давлат стратегиясини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, хусусан, унда ДХШ мақсадлари, вазифалари, тамойиллари, ташкилий тузилмаси, бошқарув тизими, унинг механизм ва воситалари ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш масалаларини инобатга олиш керак.

Ушбу чора-тадбирларни амалга оширишнинг яхлитлиги ва самарадорлиги кўп жиҳатдан ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишнинг оқилона воситаси сифатида давлат ва бизнеснинг жуда фойдали ҳамкорлиги давлат-хусусий шерикчилигининг кейинги ривожланиш хусусиятини белгилайди.

 

Дилором   КАРАХОДЖАЕВА,

Тошкент давлат юридик университети Бизнес ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлари доктори,

профессор,

Лейла БУРХАНОВА,

Тошкент давлат юридик университети Фуқаролик ҳуқуқи кафедраси доценти, юридик фанлари номзоди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: