Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
01.01.2020

ФАОЛ ИНВЕСТИЦИЯЛАР, ИЖТИМОИЙ РИВОЖЛАНИШ КЎЛАМЛАРИ

мамлакатимиз тараққиётига, халқимизнинг турмуш даражасини оширишга хизмат қилади

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг маълумотларига қараганда, ўтган йилнинг дастлабки  сарҳисобларига  кўра, иқтисодиётга йўлланган  капитал қўйилмалар ҳажми 28,6 фоизга,  жумладан, марказлашган давлат инвестициялари  2018 йилга нисбатан 23 фоизга ўсган, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими эса 2,0-2,5 млрд. АҚШ долларига етган. Бунинг натижасида замонавий корхоналар, уй-жойлар, йўллар, кўприклар қурилди,  таълим, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари барпо этилди.

Амалий мисоллар  ҳақида гап  кетганда,  даставвал, кўз ўнгимизда   Қорақолпоғистоннинг  Мўйноқ туманида амалга оширилган ишлар намоён бўлади. Орол муаммосидан энг қаттиқ азият чеккан  бу ҳудуд  кейинги пайтда таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди.

Ўзбекистон Президентининг  2018  йилдаги ташрифи чоғида берилган кўрсатмалар асосида Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат дастури қабул қилинди. Унда 2019-2021 йилларда жами 1 триллион 485 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш назарда тутилган. Мазкур ҳужжат ижроси доирасида қисқа вақтда қатор объектлар фойдаланишга топширилди. Жумладан, туман марказида  амфитеатр, давлат хизматлари маркази, мусиқа ва санъат мактаби, спорт зали, ёпиқ бассейн қурилди, маданият маркази ва стадион, «Бозатау» овул фуқаролар йиғинидаги оилавий поликлиника реконструкция қилинди.Кўп қаватли уй-жойларда ўнлаб оилалар уй тўйларини нишонлади.

Бундан ташқари, Мўйноқда иш бошлаган  замонавий тикувчилик корхонасида 300 та иш ўрни яратилди. Унинг йиллик қуввати 1 миллион дона тайёр тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини беради. Бир пайтлар Мўйноқ балиқчилик саноати билан машҳур бўлган. Ана шу анъанани тиклаш мақсадида мавжуд сув ҳавзаларида балиқчиликни  ривожлантиришга,  маҳсулотларни қайта ишлашга эътибор қаратиляпти. «Мўйноқ аква саноат» корхонаси ҳам ана шу ташаббуснинг амалий натижаси. Лойиҳа қиймати 20 миллиард сўм бўлган бу корхонада   4 минг тонна балиқ қайта ишланади.

Хабарингиз бор, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатларини камайтириш, минтақада экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида ҳам улкан ишлар бажарилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, 42 йил давомида ҳаммаси бўлиб  400 минг гектар майдонга саксовул экилган бўлса, 2018-2019 йиллардаги қиш-баҳор мавсумида қарийб 500 минг гектарда муҳофаза ўрмонзорлари барпо этилди. Тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, яна  700 минг гектар ерни яшил ҳудудга айлантириш мўлжалланмоқда.

Мамлакатимизнинг иқтисодий харитасига назар ташласангиз,  ўтган йили  маҳсулотлари рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган  қатор ишлаб чиқариш корхоналари  қад ростлагани эътиборни тортади. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида “Сурхонцементинвест”  хорижий корхонаси барпо этилди. Унга Германия, Австрия, Россия ва Хитойдан келтирилган замонавий технология ва ускуналар ўрнатилди.   Завод тўлиқ қувватга ўтгач,  йилига 1,1 миллион тонна цемент ишлаб чиқарилади ва  унинг 750 минг тоннаси  экспорт қилинади, 1 125 киши иш билан таъминланади.

Нурота туманининг даштликдаги 6 гектар майдонида  иш бошлаган  “Мармаробод”  давлат унитар корхонаси  йилига 24 минг квадрат метр гранитни қайта ишлай олади. Навбатдаги  босқичда табиий тошларни қазиб олиш ва қайта ишлашни кластер усулида йўлга қўйиш режалаштирилган. Лойиҳа қувватини йилига 3 миллион квадрат метрга, экспорт ҳажмини  10 миллион долларга етказиш, 1000 дан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланган. 

Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида қад ростлаган  “Ориент керамик” корхонаси маҳсулотларининг  деярли юз фоизи маҳаллий хомашёдан тайёрланади. Шу боис  улар хорижникидан бир неча баробар арзон нархларда ички бозорга, 30 фоизи Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонга сотилмоқда. Ҳозирда юртимизга импорт қилинаётган катта ўлчамдаги керамогранит кафелларини тез орада  ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бунинг натижасида  ишловчилар сони  970 нафарга етади. 

Ўтган йил кўкламида пойтахтимиздаги “Humo Arena” замонавий муз саройининг фойдаланишга топширилиши нафақат Ўзбекистон спорти, балки миллий меъморчилигимиз тарихида янги босқични бошлаб берди. Мажмуа кўкда парвоз этаётган бахт ва ҳурлик, мустақиллигимиз рамзи – Ҳумо қуши шаклида барпо этилди. У илғор муҳандислик ва бинокорлик ечимлари, техник жиҳозланиш даражаси билан бетакрор. Иншоотнинг 12 минг 500 ўриндан иборат асосий майдони трансформация усулида қурилган бўлиб, қисқа вақтда уни қайта жиҳозлаш, ўриндиқлар сонини ошириш ёки камайтириш мумкин.

Бу хоккей, фигурали учиш, шорт-трек, кёрлинг каби қишки спорт турлари билан бирга кураш, бокс, мини-футбол, баскетбол, волейбол, таэквондо бўйича мусоқабалар ўтказиш, шунингдек, концерт, шоу, кўргазма, конференция ва бошқа маданий тадбирлар ташкил этиш имконини ҳам  беради.

Бундан қарийб уч ой олдин Tashkent City халқаро бизнес марказининг илк объектлари — Конгресс холл ва «Hilton» меҳмонхонаси  қуриб битказилди.

Конгресс холлнинг умумий майдони 43 минг квадрат метр бўлиб, унда йирик халқаро анжуманлар, олий даражадаги музокаралар ўтказиш учун шарт-шароитлар яратилган. Биринчи қават марказида 3,5 минг иштирокчига мўлжалланган конференциялар зали бор. Заруратга қараб, у икки ёки тўртга бўлиниши ҳам мумкин. Халқаро саммитлар вақтида икки томонлама учрашувлар ўтказиш учун хоналар, ресторан, кичик концерт зали, дам олиш жойлари меҳмонларга кенг қулайлик яратади.

Беш юлдузли «Hilton» меҳмонхонаси нафақат ушбу марказга, балки бутун пойтахтимизга кўрк бериб турибди. 21 қаватли бинода 258 та номер мавжуд.  Барча замонавий меҳмонхоналарда бўлганидек, отелда бир нечта ресторан, бассейн, спорт зал ва бошқа хизматлар яратилган.   Ҳудуд марказидаги хиёбон,  ундаги мусиқий фавворалар пойтахтликлар ва меҳмонларнинг энг севимли масканларидан бирига айланиб қолди. 

Янги йил арафасида яна бир хушхабар тарқалди. “Навоий­азот” акциядорлик жамиятининг 1,7 миллиард долларлик 3 та лойиҳасидан  бири – поливинил­хлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуасининг иш бошлаши мамлакатимизда мазкур турдаги маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Унинг тантанали очилиш маросимида мамлакатимиз ­Президенти иштирок этди, рамзий тугмани босиб, корхонани ишга туширди.  

Мажмуани барпо этиш, энг замонавий технология ва ускуналар билан жиҳозлашга 500 миллион доллар инвестиция сарфланди. Бу ерда тайёрланадиган  маҳсулотларга автомобилсозлик, тўқимачилик, металлургия, кимё, нефть-газ тармоқлари, электр техникаси ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда, айниқса, талаб юқори. Улар шу пайтгача катта валюта эвазига импорт қилинар эди. Ўтган йилнинг январь – ноябрь ойларида қиймати 86 миллион 400 минг долларлик қарийб 90 минг тонна поливинилхлорид импорт қилинган. Энди шунча маблағ ўзимизда қолади. Шунингдек, ҳар йили 40 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган. Янги мажмуада 900 дан зиёд иш ўрни яратилди.

“Навоийазот”да яқин вақт ичида қиймати 217 миллион доллар бўлган янги замонавий азот кислотаси, қарийб 1 миллиард доллар бўлган  йилига 660 минг тонна аммиак ва 580 минг тоннадан зиёд карбамид ишлаб чиқариш қувватлари ҳам ўз фаолиятини бошлайди.

Давлатимиз раҳбари мазкур  йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш осон бўлмаганини қайд этар экан, “Ҳар қанча қийин бўлмасин, катта марраларни мақсад қилиб қўйиб, ташаббус кўрсатиб, фидойилик билан меҳнат қилсак, албатта, уларга эришамиз, – деди.

Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган  2019 йилдаги  макроиқтисодий кўрсаткичларнинг дастлабки натижаларига кўра, Ўзбекистоннинг  ялпи ички маҳсулоти 5,5 фоизга ўсиб (2018 йилда 5,1 фоиз), 524,0 трлн. сўмни (58,3 млрд. долларни) ташкил этади. Мазкур кўрсаткичларга асосан ички омиллар, хусусан, ялпи ички талабнинг ортиши туфайли эришиляпти. Шу боис қурилишнинг йиллик ўсиш суръати 11,8 фоизни, саноат ишлаб чиқариши — 6,4 фоизни, хизматлар - 6,1 фоизни ҳамда қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва балиқчилик соҳалари 3,0 фоизни ташкил этиши  кутиляпти.

Муқаддас айём – муборак Рамазон ҳайити арафасида Тошкент шаҳридаги уй-жойга жуда муҳтож, оғир вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бор фуқаролар, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз аёллардан 450 нафарига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси  ФА қошидаги илмий-текшириш институтлари ҳамда олий таълим муассасаларида илмий тадқиқот олиб бораётган 50 нафар ёш  оилага  Сирғали туманининг “Чоштепа” массивидан бир хонали уй-жойларнинг Президент совғаси сифатида  берилиши ­оммавий ахборот воситаларида эзгу мақсадларнинг  яна бир ёрқин ҳаётий ифодаси, деб  эътироф этилди.Аслида ҳам  ҳудуддаги 30 гектар майдонда 3 минг 696 та хонадонни ўз ичига олган  66 та 7 қаватли замонавий уй-жой қурилиши Тошкент шаҳрида уйсизлик туфайли жуда оғир-мураккаб шароитда иложсиз кун кечириб келган,  оғир изтиробларни бошидан ўтказган кўплаб фуқаролар ва айниқса, хотин-қизларнинг энг бирламчи ҳаётий муаммосини ҳал қилишда тарихий лойиҳа бўлиш билан бирга, ҳатто энг ривожланган давлатлар тажрибасида ҳам жуда кам кузатиладиган юксак инсонпарварлик намунасига айланди.

Умуман олганда, аҳолини муносиб турар жой билан таъминлаш мақсадида охирги уч йилда 104 мингта, жумладан, қишлоқларда 63 мингта ва шаҳарларда 41 мингта хонадонга мўлжалланган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди. Ҳисоб-китобларга кўра, аҳоли эҳтиёжини тўла қондириш учун ҳар йили 145 минг хонадондан иборат уй қуриш керак. Бунинг учун эса қарийб 30 триллион сўм зарур бўлади. Бу маблағ эса давлат бюджетининг 23 фоизидан зиёдини ташкил этади.

Алоҳида эътироф этиш жоиз,  ўтган  йилги деҳқончилик мавсумининг қирқ куни ёмғирли ва яна шунча куни  жазирамали иссиққа тўғри келди. Шунга қарамай, қишлоқ хўжалик ходимларининг  пешона тери билан 7 миллион 130 минг тонна ғалла, 2 миллион 845 минг тонна пахта, 19 минг  600 тонна пилла, 21 миллион тонна мева-сабзавот, 400 минг тонна шоли, 2 миллион 600 минг тонна гўшт ва 11 миллион тонна сут маҳсулотлари етиштирилди, 8,1 миллиард дона тухум олинди. Натижада  жами 217 триллион 700 миллиард сўм ёки ўтган йилга нисбатан 12 фоиз кўп фойда кўрилди. Айниқса, 1,3 миллиард АҚШ доллари қийматидаги 1,5 миллион тонна мева-сабзавот экспорт қилингани тармоқ ривожида муҳим ўрин тутди.

Ушбу қисқагина шарҳда  мамлакатимизда ўтган йили амалга оширилган улкан  бунёдкорлик ишларини  тўла қамраб олиш қийин, албатта. Газетамизнинг келгуси сонларида улар ҳақида батафсил маълумотлар бериб бориш режалаштирилган.     

2020 йилда эса, ЯИМнинг 5,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш — 6,5 фоиз, капитал қўйилмалар ҳажми камида 10 фоиз,  хизмат кўрсатиш ҳажми — 5,7 фоиз,  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари  — 4 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Давлат бюджети ушбу макроиқтисодий кўрсаткичлар параметлари асосида ишлаб чиқилди ва табиийки,  унинг асосий қисми  аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга  йўналтирилади. 

Мақсадимиз улуғ, ниятимиз холис. Ўтган йилдаги муваффаққиятлар  2020 йилда янада юксак ютуқларга эришишимизга хизмат қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти материаллари асосида

Абдурауф  Қоржовов тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: