Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
03.12.2019

ҲАМКОРЛИКНИНГ АМАЛИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ

Пойтахтимизда бўлиб ўтган паррандачилик саноатининг “Евроосё — 2019“ халқаро форумида АҚШ, Венгрия, Голландия, Дания, Италия, Канада, Россия, Хитой, Чехия, Жанубий Корея каби 16 мамлакатдан қирққа яқин жаҳонга машҳур компанияларнинг вакиллари иштирок этди. Анжуманда тармоқни ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама этилди, ўзаро тажриба алмашилди, ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишув, шартнома ва меморандумлар имзоланди.

 Мутахассисларнинг қайд этишича, жаҳонда йилига 1 триллион 150 миллионга яқин тухум, қарийб 300 миллион тонна парранда гўшти етиштирилади. Дунёда истеъмол қилиниши бўйича парранда гўшти иккинчи ўринда туради. Бу борада ҳиссаси 40 фоизни ташкил этган Хитой етакчилик қилаётган бўлса, АҚШ, Сингапур, Бразилия, Россия кейинги ўринларда туради. Тухум етиштиришга келганда, унинг деярли 60 фоизи Осиё, 21 фоизи Америка, 16 фоизи Европа, қолгани бошқа қитъалар ҳиссасига тўғри келади. Умуман олганда, дунёда тухум ва парранда гўштига, уларни қайта ишлаш асосида тайёрланадиган маҳсулотларга бўлган эҳтиёж тобора ортиб бораяпти. Чунки тармоқнинг йиллик ўсиш кўрсаткичи 3 фоиздан кам бўлмаяпти.

 Ўзбекистонда ҳам паррандачилик тез тараққий этиб бораётган соҳалар сирасига киради. Бугунги кунда юртимизда 81 миллиондан зиёд парранда боқилаяпти, улар сони охирги 3 йилда 1,3 бараварга кўпайган. Тухум етиштириш киши бошига 228 донага, парранда гўшти ишлаб чиқариш эса 6 -7 килограмга тўғри келади. Ана шу рақамларнинг ўзи ҳам қайси соҳага эътиборни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатади. Чунки тиббиёт меъёрларидан келиб чиққанда, ҳар бир киши йилига ўртача 215 дона тухум, 14 килограммдан ортиқроқ парранда гўшти истеъмол қилиши керак.

Ўзбекистон Президентининг ўтган йил 18 ноябрдаги «Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда паррандачилик кластерлари ташкил қилишга, уларга инновацион технологияларни кенг татбиқ этишга алоҳида аҳамият қаратилди. Ҳужжатга мувофиқ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБнинг устав капиталидаги давлат улуши 50 миллион АҚШ доллари миқдорида оширилиб, соҳани ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтириляпти. Бундан ташқари, кредитлар фоизи учун компенсация беришнинг янги тартиби жорий этилади, уч йил давомида хориждан келтириладиган асбоб-ускуналар, озуқа ва унинг қўшимчалари, ветеринария препаратлари божхона тўловларидан озод қилинди. Тез орада замонавий илмий-диагностика лаборатория марказининг иш бошлаши паррандалар орасида касалликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш чораларини кўриш учун имконият яратади.

Халқаро анжуманда мамлакатимизда паррандачиликни ривожлантириш мақсадида кўрилаётган шу каби чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Тармоқда дунё миқёсида рўй бераётган инновацион ривожланиш жараёнлари, келгусининг долзарб масалалари муҳокамалар марказида бўлди, янги таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

 

Зольтан ХЛЕБА,

 “Баблна-Тетра” ( Венгрия) компанияси менежери:

 — Албатта, Ўзбекистонда паррандачилик янги соҳа эмас. У, айниқса, кейинги йилларда ривожланиб бормоқда. Ҳам саноат усулида, ҳам шахсий томорқа хўжаликларида амалга оширилаётган ишларни кўриб, хурсанд бўлдик. Бизнинг компаниямиз Ўзбекистонда кенг тарқалган, “венгерка” ёки “хонаки товуқ” номи билан машҳур кроссларни етиштиради. Улар касалликларга чидамли, ем танламайди. Лекин кейинги ўттиз йилда бу кроссларни Ўзбекистонга етказиб бериш, улар наслини янгилаш бўйича ҳамкорлигимиз анча сусайиб кетган эди. Анжуман доирасида мутасадди идоралар билан шахсий томорқа хўжаликларини зотдор хонаки товуқлар билан таъминлаш бўйича келишувларга эришдик.

 

Абдуллоҳ ВАҲОБ,

 “Cobb” (АҚШ) компаниясининг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича директори:

 — Паррандачиликда дунёда энг йирик ҳисобланган “Cobb” компанияси 2018 йилда Ўзбекистонга 170 мингта жўжа етказиб берган эди, 2019 йилда эса бу миқдор 400 мингтани ташкил этди. Ҳар бир етилган товуқ гўштининг оғирлиги ўртача 2 килограмм бўлса, умумий миқдори қанча бўлишини ҳисоблаш қийин эмас. Албатта, бу ҳали кам. Асосий мақсад фақат жўжа келтириш эмас, балки Ўзбекистонда парранда кроссининг аждодларини яратиш учун генетика ва селекция ишларини ташкил этишдан иборат. Аминманки, бу борада ҳамкорларликда кенг қамровли ишларни амалга оширамиз.

 Анжуманга келсак, бу тадбирда селекционерлар ҳам, ветеринарлар ҳам, корхонани бошқаришга масъул ходимлар ҳам иштирок этди, мавжуд муаммоларни комплекс муҳокама қилдик. Бу амалда ўз самарасини беради. Ўзбекистон паррандачилик соҳасида Марказий Осиёда энг илғор давлат бўлиб қолади.

 

Микеле ПЕРЕРО,

 “FACCO” (Италия) компания менеджери:

— Компаниямиз Европада паррандачилик ускуналари ва жиҳозлари ишлаб чиқарувчи энг нуфузли корхоналар сирасига киради. Биз боқувдаги паррандалар учун максимал шароит, жумладан, катакларда эркин ҳаракатланиш, озуқага бўлган эҳтиёжни тўлиқ қондириш, бинодаги иқлимни бошқариш ва керакли кўрсаткичларни ўрнатиш каби автоматлаштирилган ускуна ва жиҳозлар ишлаб чиқарамиз. Бу ҳақда анжуман иштирокчиларига маълумот бердик. Технологияларимизни Ўзбекистон шароитига мослаштириш бўйича мутахассислардан анчагина таклифлар тушди. Ўзбекистонлик паррандачилар катта тажрибага эга эканлигидан хурсанд бўлдик. Биз ҳам улардан кўп жиҳатларни ўрганишга ҳаракат қиламиз.

 

Эдуард ЖАВОДОВ,

Россия Фанлар Академияси академиги:

— Мен Ўзбекистонда туғилиб, вояга етганман. Ҳозир Москвада яшайман. Ветеринарман. Шу элнинг тузини тотган, шу ерда камол топган киши сифатида киндик қоним тўкилган юртни соғинаман, равнақига ўз ҳиссамни қўшишни истайман. Кўп давлатларда, кўп анжуманларда бўламан, аммо Тошкентдагидай сермазмун, натижавий форумда, рости, биринчи бор иштирок этишим. Ташкилотчиларга раҳмат.

 Соҳага доир масалаларга келсак, парранда касалликларининг сони анчагина. Афсуски, кўп ветеринарларимиз уларни бир-бири билан алмаштиради, нотўғри ташҳис қўяди. Натижада кўплаб паррандалардан ажралиб қолинади. Ҳар бир касалликнинг мезонларини билиш, уларни синфларга ажратиш ва шунга кўра, даволаш услубларини қўллаш менинг тақдимотим мавзуси бўлди. Келгусида ветеринар ҳамкасблар билан илмий ва амалий ҳамкорликни доимий равишда йўлга қўйишга, семинарлар уюштиришга келишиб олдик.

 

Сергей ШАБАЕВ,

“ЕвроОсиё” паррандачилари ассоциацияси президенти:

 — Мен Ўзбекистонда паррандачиликнинг ривожланиши жараёнларини кўп йиллардан буён кузатиб келаман. Соҳада ўзгаришлар катта, аммо олдинда ҳал қилиниши керак бўлган масалалар ҳам бор. Аслини олганда, бу муаммолар МДҲ га аъзо бошқа мамлакатлар паррандачилиги учун ҳам хос хусусият. Биринчи навбатда соҳа ривожини янги даражага кўтариш учун инновацион технологияларни қўллашни жадаллаштириш зарур. Тошкентда ўтказилган форум айнан мана шу масалаларни ҳал қилишга қаратилганлиги билан катта аҳамиятга эга бўлди. Ассоциациямиз билан Ўзбекистон менежерлар уюшмаси ўртасида имзоланган меморандумга кўра, паррандалар турларини кўпайтириш, улар озуқасини етиштиришда самарадор технологияларни қўллаш, ветеринария препаратларини ишлаб чиқариш, соҳага инновацион ишланмаларни жорий этиш, кадрлар малакасини ошириш каби йўналишлар бўйича бақамти иш юритамиз.

 

 Тўхтамурод ОТАҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи:

 — Форум давомида 30 дан ортиқ инновацион ишланмалар тақдим этилди. Бу бир анжуман доирасида катта натижа. Улар вазирлигимиз томонидан атрофлича ўрганилади ва соҳа мутахассисларига, олимларга ҳамда тадбиркорларга тақдим этиб борилади. Тармоққа оид янги ишланмалар, хорижий тажриба, замонавий технологиялар тўғрисидаги ахборотлар асосида маълумотлар базаси ташкил этилади. Анжуманнинг асосий мақсадларидан бири – тадбиркорлар, мутахассислар, олимларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва биргаликдаги фаолиятини йўлга қўйишга қаратилди. Бу мақсадга эришдик, десам, ҳеч бир муболаға қилмаган бўламан.

 

Баҳодир ҲОШИМОВ,

Ўзбекистон менежерлар уюшмаси раиси:

— Уюшмамиз халқаро, республика даражасидаги тадбирларни ташкил этиб келмоқда. Бу сафар биз дунё паррандачилик саноатининг қирққа яқин нуфузли компанияларини пойтахтимизга тўпладик. Келгусида иссиқхона, қуёнчилик, балиқчилик, ипакчилик, енгил саноат, тиббиёт каби соҳалар менежерлари билан ҳам ҳар бир тармоқнинг ютуқ ва муаммоларини халқаро тажрибага муқояса қилган ҳолда таҳлил қилиш асосида амалий таклифлар ишлаб чиқишни режалаштирганмиз. Чет эллик нуфузли ҳамкорлар билан соҳаларга мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва улар малакасини ошириш ҳам иш режамизнинг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.

 Мазкур халқаро форумнинг самарали ўтишига Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Ўзпаррандасаноат” уюшмалари ташкилотчи, “O'zbekiston ovozi” газетаси таҳририяти медиаҳамкор сифатида ўз ҳиссаларини қўшганлиги учун миннатдорчилигимизни билдирамиз.

 

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

иқтисодий шарҳловчи.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: