Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
03.12.2019

“ЯШИЛ“ ИҚТИСОДИЁТ СТРАТЕГИЯСИ

Халқимиз азалдан яшилликни қадрлайди, уни абадий ёшлик, туганмас илҳом ва куч-қудрат манбаи деб билади. Қадимий шаҳарларимиздаги кўзни қувонтирадиган мовий гумбазли бинолар, уларнинг нилий кошинлари, ям-яшил водийларимиз, боғу роғларимиз яшиллик ҳақиқатан ҳам ҳаётимизнинг  ажралмас қисмига,  қадриятларимиздан бирига айланганини кўрсатади.

Бугун, бизнинг замонимизда, ахборот ва юксак технологиялар асрида яшиллик, она табиат, экологик тараққиёт сайёрамизнинг ҳам рамзига айланиб бормоқда.

Турли индустриал, илмий-техник инқилоблар, технологик эврилишларни бошидан ўтказган инсоният табиатни асраб-авайлаш, у билан уйғун ва ҳамоҳанг ривожланишдан бошқа йўл муқаррар равишда ҳалокатга олиб боришини англаб етмоқда. Шунинг учун жаҳон ҳамжамияти экологик тоза, безарар технологиялар асосида ривожланиш энг тўғри йўл эканига ишонч ҳосил қилмоқда. Шу тариқа “яшил” иқтисодиёт”, “экологик тоза маҳсулот”, “экологик хизмат” деган тушунчалар асосида иқтисодий тараққиётнинг маъно-мазмуни, сифати ўзгармоқда. Бундай тушунчалар дунё бозорида, маърифатли истеъмолчилар онгида аста-секин биринчи ва энг асосий талаблардан бирига айланмоқда. Қандай қилиб бўлса ҳам фойда олиш, табиатни, унинг ресурсларини аёвсиз талон-тарож қилиш ҳисобидан вақтинчалик иқтисодий тараққиётга эришиш мумкин. Лекин бу йўл билан узоққа бориб бўлмайди. Шунинг учун ўзининг эртанги истиқболини ўйлаган давлатлар, халқлар “яшил” иқтисодиёт моделига ўтиш, ишлаб чиқариш жараёнларини ақлли ва рақамли технологиялар билан бошқаришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бугунги кунда барча соҳа ва тармоқларда туб янгиланишлар сари юз тутган, миллий тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўяётган она Ватанимиз – Ўзбекистонимиз ҳам жаҳон иқтисодиётининг асосий тенденциияларидан бирига айланиб, ана шу жараёнга фаол интеграциялашиб бораётгани, яъни, замонавий ривожланиш карвонидан ортда қолмасдан, аксинча унинг етакчилари сафида бўлишга интилаётгани барчамизни қувонтиради.

Ҳақиқатан ҳам, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ишлаб чиқилган ва кейинги уч йил давомида изчил амалга оширилаётган Ҳаракатлар стратегиясида иқтисодий тараққиёт борасида анъанавий йўл ва усуллар билан бирга креатив ва инновацион, “яшил” ривожланиш моделларини фаол қўллаш бўйича мақсад ва вазифалар аниқ берилган. Бу 2030 йилгача дунёдаги 50 ривожланган давлат қаторига киришдек улуғ мақсадни ўз олдига қўйган Ўзбекистон учун ана шу маррага етиш йўлидаги энг тўғри танловдир. Қолаверса, тараққий этган давлатлар билан яқин ҳамкорликни кучайтириш, халқаро бозорлар, транзит йўллари ва коммуникациялар, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмаларга интеграциялашиш, юртимизга хорижий инвестицияларни янада кенг миқдорда жалб этиш зарурати ҳам айнан шундай йўлдан боришни тақозо этмоқда. Шу боис ҳам сўнгги пайтда мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётнинг миллий шароитимизга мос тамойилларини ишлаб чиқиш ва изчил жорий этиш бўйича амалий ишлар бошланди.

 Шу йил 8-9 июль кунлари Тошкент шаҳрида Европа ва МДҲ давлатлари  вазирликлари даражасида минтақавий  анжуман бўлиб ўтди. Унда “яшил” иқтисодиёт бўйича норматив-ҳуқуқий базани ва сиёсатни такомиллаштириш, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги шериклик муносабатлари орқали инновацион “яшил” инвестицияларни қўллаб-қувватлаш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берилди. Шу билан бирга, ўтказилган таҳлиллар глобал иқлим ўзгаришлари шароитида самарали, ресурсларни тежайдиган ва экологик хавфсиз иқтисодиётни ривожлантиришда бир-бири билан ўзаро боғлиқ бўлган муаммолар борлигига эътибор қаратди. Хусусан, жадал суръатларда давом этаётган саноатлашув ва аҳоли сонининг ортиб бораётгани иқтисодиётнинг ресурсларга бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада оширмоқда, энг ёмони, атроф-муҳитга етказилаётган салбий антропоген таъсирни кучайтирмоқда ва иссиқхона газлари ажралиб чиқиш ҳажмининг камайиш ўрнига ортиб боришига олиб келмоқда.

Айниқса, бизнинг иқтисодиётимизда энергия самарадорлиги даражасининг пастлиги, табиий ресурслардан оқилона фойдаланилмаётгани, замонавий технологиялардаги янгиланишларнинг сустлиги, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш учун инновацион ечимларни жорий этишда кичик бизнес иштирокининг етарли эмаслиги мамлакатимизни барқарор ривожлантириш соҳасидаги устувор миллий мақсад ва вазифаларга эришишга тўсқинлик қилмоқда. Бу борада узоқ муддатга мўлжалланган стратегиянинг йўқлиги “яшил” технологияларни жорий этиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича тизимли чоралар кўришни таъминлашга имкон бермай келаётган эди. Ана шу муаммоларни ва Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни комплекс ҳал этиш, иқлим ўзгаришларининг олдини олиш бўйича Франциянинг Париж шаҳрида 2015 йил 12 декабрда имзоланган битимда кўзда тутилган мажбуриятларни бажариш ҳамда мамлакатимизнинг “яшил” иқтисодиётга ўтишини таъминлашда мамлакатимиз Президенти томонидан шу йил 4 октябрда имзоланган “2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори, ҳеч шубҳасиз, ўта муҳим тарихий аҳамиятга эга ҳужжатдир.

Қарорда, аввало, юртимизда “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича асосий вазифалар белгиланиб, уни амалга оширишнинг устувор йўналишлари белгилаб берилиб, технологик модернизациялаш ва молиявий механизмларни ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш зарурлиги алоҳида қайд этилган. Маълумки, собиқ мустабид тузумдан бизга мерос қолган иқтисодиётнинг энг катта камчилиги – у энергия ресурсларини кўп сарфлаб, сифатсиз, жаҳон бозоридаги рақобатга дош беролмайдиган маҳсулот ишлаб  чиқарар эди. “Яшил” иқтисодиётда эса кам энергия сарфланиб,  тоза, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш биринчи ўринга чиқади. Қарорда яна бир муҳим вазифа – давлат инвестициялари ва харажатларининг устувор йўналишларига илғор халқаро стандартларга асосланган “яшил” мезонларни киритишни амалга оширишга ҳам эътибор қаратилган. Бундай ёндашув иқтисодиётга киритилаётган инвестиция, сарфланаётган маблағ “яшил” иқтисодиёт талаблари асосида ишлатилишини таъминлайди.

Қарорда давлат томонидан рағбатлантириш механизмларини, давлат-хусусий шерикчиликни ривожлантириш ҳамда халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш орқали “яшил” иқтисодиётга ўтиш йўналишлари бўйича тажриба-синов лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашишга жиддий эътибор қаратилган. Бу, ўз навбатида, илғор халқаро тажрибани, мамлакатимиздаги ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос шароити ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда  иш олиб боришни назарда тутади.

Қарорда “яшил” иқтисодиётга ўтишда таълим соҳаси олдида турган вазифалар, амалга оширилажак ишлар бўйича ҳам зарур талаб ва кўрсатмалар ўз ифодасини топган. Чунончи, таълимга инвестициялар киритишни рағбатлантириш, етакчи хорижий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобидан “яшил” иқтисодиёт шароитида меҳнат бозорини тўлдирадиган кадрларни тайёрлаш ва қайта ­тайёрлаш тизимини ривожлантириш масаласига алоҳида урғу берилган. Аслида ҳам  “яшил” иқтисодиётни шакллантиришда  кўп нарса чуқур иқтисодий билим ва малакага эга бўлган, янгича шароитда юксак технологияларни юксак маҳорат билан бошқара оладиган кадрларга боғлиқ. Кези келганда шуни таъкидлаш лозимки, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент филиалида иқтисодиётнинг бошқа замонавий шакл ва йўналишлари каби “яшил” иқтисодиёт асослари ҳам пухта ўргатилмоқда. Бу ўз навбатида  кадрлар билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда  филалимиз ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши учун кенг имконият яратади.

Қарорда Ўзбекистонда “яшил” иқтисодиётга ўтишнинг устувор йўналишлари сифатида Оролбўйидаги экологик инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш чораларини кўриш, жумладан, икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар тузиш орқали халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига ҳам  эътибор қаратилган. Шунингдек, ҳужжатда  «яшил» иқтисодиётни қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва молиявий бўлмаган механизмларини ишлаб чиқиш борасидаги вазифалар кўрсатиб берилган. Айни вақтда  стратегияни амалга оширишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқлангани ҳам муҳим аҳамият касб этади. Уларнинг амалга оширилиши асосида иссиқхона газлари 2010 йилги даражадан ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан 10 фоизга қисқариши, энергия самарадорлиги кўрсаткичининг икки карра ошиши ва ялпи ички маҳсулотда углерод сарфи ҳажмининг камайиши, қайта тикланадиган энергия манбаларини янада ривожлантириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 25 фоизидан кўпроқ даражага етказиш, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини 100 фоиз замонавий, арзон ва ишончли энергияга ўтказиш  имконияти юзага келади. Шу билан бирга мазкур мақсадлар   саноат корхоналари инфратузилмасини модернизация қилиш, энергия самарадорлигини камида 20 фоиз ошириш ҳамда соф ва экологик хавфсиз технологияларни саноат жараёнларида янада кенг фойдаланиш ҳисобидан уларнинг барқарорлигини таъминлаш, энергияни самарали сарфлайдиган ва экологик жиҳатдан яхшиланган  мотор ёқилғиси ва автотранспорт воситалари ишлаб чиқаришни ҳамда улардан фойдаланишни кенгайтириш, электр транспортини ривожлантириш, 1 миллион гектаргача майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ва уларда етиштириладиган экинлар ҳосилдорлигини 20-40 фоизга ошириш; ерларнинг таназзулга учраши бўйича нейтрал балансга эришиш, асосий турдаги қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўртача ҳосилдорлигини  20-25 фоизга ошириш  каби вазифаларга эришишни ҳам қамраб олган.

Кўриниб турибдики,  стратегияда иқтисодиётнинг ҳар бир соҳа ва тармоғига доир вазифалар аниқ-равшан белгилаб берилган. Бу эса мамлакатимизда “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларини муваффақиятли амалга оширишнинг энг муҳим шарти ва пойдевори ҳисобланади. Албатта, Президентимизнинг қарори билан тасдиқланган стратегия ғоят серқирра ҳужжат бўлиб, у нафақат иқтисодиётимиз, балки бутун мамлакатимиз тараққиётида беқиёс аҳамият касб этади. Барчамиз бу ҳужжатни аввало чуқур ўрганиб,  ўзимиз учун зарур хулоса ва вазифаларни белгилаб олган ҳолда  уларни амалга оширишда фаол иштирок этишимиз лозим.

 

Қаландар АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: