Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
19.11.2019

Автосаноат келажаги: автомобилми ёки электромобиль?

Мамлакатимизда автомобилсозликка асос солингани мустақиллик инояти. Ўтган йиллар давомида биз учун буткул янги бўлган соҳанинг юртимиз иқтисодиётидаги салмоғи ортиб бормоқда. 2018 йилга келиб Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотида автомобиль ишлаб чиқаришнинг ҳиссаси 6,6 фоизни, саноат мажмуидаги улуши 28 фоизни ташкил этди. Бугунги кунда «Ўзавтосаноат» АЖ корхоналарида 30 минга яқин, уларга бутловчи қисмлар ва материаллар етказиб берувчи соҳаларда 200 мингдан ортиқ киши меҳнат қилади.

Глобал иқтисодиёт бағоят улкан иморатки, у автомобилсозликнинг пойдевори ҳам янгидан янги иновацион ғоялар устида изланиш, энг замонавий, ҳамёнбоп ва тежамли моделларни ишлаб чиқариш, уларни ички ва ташқи бозорда сота билиш каби таянчлар билан мустаҳкам. Биноабарин, келажак бугундан бошланиши ҳаммамизга яхши маълум. Шу жиҳатдан олганда, ҳозирги кунда юртимизда амалга оширилаётган лойиҳалар, белгиланган вазифалар моҳияти Ўзбекистон автомобилсозлигининг яқин истиқболига назар ташлаш имконини беради. Табиийки, бу жараёнлар дунёдаги эврилишлар билан уйғунликда кечади. Соҳанинг реал ҳолатига доир қиёс ва таҳлиллар эса, бу борадаги тасаввурларимизга янада ойдинлик киритади.

«Қурбақа» ва «ғозлар галаси» концепцияси: қай бири афзал?

«Ўзавтосаноат» АЖ раиси Шавкат Умурзоқов 2018 йилнинг 24 сентябрида «Газета.uz»га берган интервьюсида қайд этишича, «Иқтисодий ривожланишнинг икки хил тури мавжуд: «қурбақа» ва «ғозлар галаси. Биз шу пайтгача, тараққиётнинг «гала» йўлини танлаганмиз... Биз буфндан воз кечишимиз керак, негаки, биз эски йўлдан борсак, етакчилар билан оралиғимиздаги масофа тобора олислаб бораверади. «Қурбақа» йўли – бу ҳали ҳеч ким эга бўлмаган машиналарни ўзлаштириш. Хитой шу йўлдан бориб, энг яхши автомобилларни ишлаб чиқариб келади. Биз ҳам энг яхшиларини, ҳаққоний ҳамкорларни танлаб олишимиз зарур».

Қизиқ томони, жамиятнинг янги  раҳбари «GM Uzbekistan» билан ҳамкорликнинг 22 йили давомида автомобилсозлик учун энг зарур бўлган мутахассислар, ҳатто у ёки бу эҳтиёт қисм, фойдаланилаётган материал, харажатлар тизими ва бошқа жиҳатлар таннархини таҳлил этадиган биронта инженер-баҳоловчи бўлмаганлигини тушунмай, ажабланади.

Ҳа, шундай. «Ўзавтосаноат»да тушуниб бўлмайдиган, ҳайрон қоладиган ишлар кўп бўлган. 2018 йил 26 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда автомобилсозлик мамлакат  иқтисодиётида муҳим ўрин тутиши эътироф этилиб, лекин кейинги пайтда тармоқнинг барча даражадаги бошқарувида коррупция, товламачилик, таниш-билишчилик каби иллатлар илдиз отганини танқид қилди. Тизимда қарздорлик юзага келган, автомобиллар йиллар давомида ўз таннархидан паст қийматда экспортга сотилган...

Бунинг оқибати аён. «GM Uzbekistan»нинг имконият қуввати 300 минг дона бўлгани ҳолда 2016 йилда бор-йўғи 88,2 мингта, 2017 йилда 135, 5 мингта енгил автомобиль ишлаб чиқарди. Эспорт ҳам шунга яраша пастлашиб кетди.

Давлат раҳбари йиғилишда автомобилсозликда маҳсулот таннархини камайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорда сотиш тизимини такомиллаштириш, импортни қисқартириш бўйича топшириқлар берди.

Бошқарув раҳбарлари алмаштирилгани, тизимни замонавийлаштириш, иллатларни барҳам топтириш, аҳволни тубдан яхшилашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар кўрилгани  кўп куттирмай ўз самарасини берди. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига қараганда, 2019 йилнинг январь – октиябрь ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажми 41,8 фоизга ортиб, қарийб 219 мингтани ташкил этган, юк автомобиллари 31,8, автомобиль двигателлари 43,3 фоизга кўпайган. Ушбу ўсиш жараёнларига катта йўл бошидаги марра сифатида қараш керак. Чунки мамлакат раҳбарининг жорий йил 8 июль куни ўтказган йиғилишида ва 18 июлдаги «Ўзбекистон Республикаси автомобиль саноатини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарорида 2023 йилга қадар енгил автомобиллар ишлаб чиқариш ҳажмини 350 минг донагача, маҳаллийлаштиришни ўртача 60 фоизга, юк автомобиллари ва автобусларни 10 000 тага, экспортни 100 минг донага етказиш вазифаси қўйилди.

 

Мақсад-марраларга қандай йўллар билан эришилади?

 

Ҳақиқатан, режалар миқёси катта, муддат эса, қисқа. Ҳаттоки, «Буюк келажак»  ХННТ томонидан тақдим этилган Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси концепциясида ҳам ана шу йилга бориб енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни 300 мингтага етказилиши назарда тутилган эди. Давлат раҳбари қарорида эса, 350 минг дона автомобиль тайёрлашга тўрт ярим йилда эришиш вазифаси қўйилган. Шу мақсадда корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари, шунингдек, «ЕRP» автоматлаштирилган ҳисобга олиш тизими жорий этилади, аҳолининг кенг қатламлари учун ҳамёнбоп бўлган автомобилларнинг моделлар  тури янгиланади.

Енгил автомобиллар таннархини яқин йилларда 15-20 фоизга камайтириш учун эса, «Ўзавтосаноат» АЖ раисининг ўринбосари Азизбек Шукуровнинг билдиришича, ҳозирги пайтда «UzAuto Motors»да 5 турдаги енгил автомобиль 5 та алоҳида платформада ишлаб чиқарилаяпти.Бу харажат, ресурс ва вақт сарфини кўпайтириб, маҳсулот нархига ўз таъсирини ўтказмоқда. Ягона платформада бир неча маркадаги автомобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бу муаммони ечишнинг тўғри йўли ҳисобланади. Ҳар бир автомобиль учун 1000 -1500 бутловчи детал зарур. Ягона платформа бу қисмларни бир йўлакайига йиғиш имконини беради. Шу тариқа ишлаб чиқариш миқёси кенгаяди, таннарх эса, 15-20 фоизга камаяди.

Қайд этиш жоиз, бу ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш учун 700 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб этилиши кўзда тутилган. Мазкур қарор билан 2019 йил 1 октябрдан кейин тузиладиган шартномалар бўйича «UzAutoMotors» АЖ томонидан ишлаб чиқариладиган автомобилларга акциз солиғи бекор қилинди.

Хуллас, «UzAutoMotors» зиммасига масъулиятли вазифалар юкланиши баробарида унинг фаолияти янада қўллаб-қувватланаяпти. Оммавий ахборот воситаларида бошқа монопол компаниялар каби мазкур жамиятнинг ҳам миллий ишлаб чиқарувчи сифатида ҳимоя қилиниши рақобатдошликка олиб келмаслиги, импорт тарифларидан воз кечиб, «иномарка»лар учун мамлакат дарвозаларини очиб қўйиш ҳақидаги фикрлар кўзга ташланиб қолади. Асос – бозор  иқтисодиёти тамойиллари. Лекин давлат идоралари мулозимлари бундай чекловлар бошқа мамлакатлар тажрибасида ҳам қўлланиб келинаётганига урғу беради. Бу жиҳатдан аввалги ҳафтада Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Ўзбекистонда 2020 йил 1 январдан бошлаб қимматбаҳо автомобиллар импортига имтиёзли ставка бекор қилиниши, монополия шароитида бу қанчалик тўғри бўлиши ҳақидаги саволга Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобир Каримовнинг жавоби эътиборни тортади.

«Буни Япония ёки Жанубий Корея мисолларида олса бўлади, уларда ҳам протекционизм, яъни ўзининг иқтисодиётини ҳимоялаш сиёсати олиб борилган. Бу сиёсат уларга жуда яхши натижаларни берган. Биз ҳам автомобиль қуриш соҳасини йўлга қўйдик. Жуда сифатли машиналар чиқаряпмиз. Лекин ҳар қандай имтиёзлар муддатли бўлиши керак. Муддатсиз бўлиши керак эмас. GM эса муддатсиз вақтга имтиёзлар олган. Бу давлат сиёсати. Агар ҳукуматимиз корхона буёғига ўзи ишлаб кетиши мумкин, деган хулосага келадиган бўлса, божхона ставкалари камайиши ва Ўзбекистонга бошқа машиналар ҳам кириши мумкин. Ҳа, бу рақобатни чеклайди. Биз буни кўп жойда айтганмиз. Агар соҳада сиёсат бошқача олиб борилса, машиналар кириб келадиган бўлса, божхона ставкалари камайса, машина сотадиган корхоналар ҳам кўпаяди ва GM билан бемалол рақобатлашишади. Истеъмолчилар арзонроқ ва сифатлироқ машина олиш имкониятига эга бўлишади».

Изоҳга ҳожат бўлмаса керак. Назаримизда, муддатсиз имтиёзларни чеклаш вақти ҳам келади. Фақат вақт шиддат билан ўтиб бораяпти.Соҳани жадал ривожлантириш учун жадал ишлаш керак бўлади. Қарор моҳиятидан келиб чиққанда. илғор халқаро тажриба асосида замонавий бозор механизмлари ва бошқарув усуллари татбиқ этишни, ички ва ташқи бозорда ҳам ярайдиган рақобатбардош ишлаб чиқариш, ошкора ҳамда шаффоф тизим яратишни пайсалга солмаслик зарур. Кучли рақобат «иқлими» юзага келган шароитда коррупция, порахўрлик ва таниш-билишчилик каби иллатлар урчий олмайди, мавжудлари ҳам барҳам топади.

 

 Таъмал тоши: илм ва амалиёт уйғунлиги

 

— Электромобиль  ҳақида кўп ўқиган, лекин кўрмаган эдик, бугун ҳаммамиз билдик ва бевоста танишдик.

Бу фикрни тақдимот-семинарда сўз олган республика инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Шароф Ражаббоев билдирди.

Халқимиз ҳам топиб айтган : минг эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал. Қуёш энергияси халқаро институти билан ХХРнинг Henan Suda Electric Car Technology Co.Ltd. ҳамкорлигининг дастлабки натижалари бунинг яна бир далолати. Мавзуга доир олдинги шарҳимизда институтга 20 та электромобиль келтирилгани, бунинг сабаби ва ҳамкорликдаги инновацион лойиҳаларнинг мақсад-режалари ҳақида сўз юритган эдик.

Шундан кейин Қуёш энергияси халқаро институтида ўтказилган тақдимот-семинарда Ўзбекистон ФА, тегишли вазирлик ва идоралар, ОАВ вакилларига «Suda» русумли электромобилларнинг техник хусусиятлари ва афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Қатнашчилар Хитойдан келтирилган автоуловларда юриб кўришди, қувватлаш жараёнлари билан бевосита танишишди, электродвигател, электрон бошқарув тизимидан тортиб, узатиш, тўхтатиш, ёритиш мосламаларини кўздан кечиришди. Синов-тажриба лабороториясида намойишга қўйилган электромобилнинг асосий қисмларига хос хусусиятлар ҳақидаги баёнини компания президенти Ли Фухо шундай хулосалади:

— Буларнинг ҳаммасини ўзимиз яратганмиз, дунё автомобилсозлигининг энг илғор ғоялари мужассам, қай жиҳатдан олсак ҳам бетакрор, инновацион, тежамкорлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳам жаҳонда тенги йўқ технологиялар жорий этилган. Автомашина русумига ва харидор буюртмасига қараб, тўрт ёки икки ғилдирагига ушбу воситани қўйсак, юрган вақтда зарур қувватни беради. Қуёш нуридан қувват оладиган электромобиль яратиш ишлари ниҳояга етиб қолди...

Архимед излаган таянч нуқтани Henan Suda Electric Car Technology Co.Ltd.нинг электромобиль соҳасида топиши аслида осон кечмаган. Ли Фухо ва унинг маслакдошлари ўта машаққатли йўлни танлаб, енг шимариб ишга киришди. Ўз лойиҳалари асосида завод қуришди, ўз илмий ишланмаларини ишлаб чиқаришга татбиқ этишди.

2010 йилда асос солинган корхона бугунги кунга келиб, ички ва ташқи бозорга йилига 100 мингта энг замонавий электроуловлар етказиб берадиган заводга айланди. 1300 нафар иш ўрнига эга бўлгани ҳолда 100 га яқин хорижлик ва хитойлик машҳур олиму экспертлар унинг келажак лойиҳаларини яратиш, мавжудларини такомиллаштириш борасида изланишлар олиб боради. Барча жабҳадаги инновацион жараёнлар асоси  илм ва амалиётнинг уйғунлиги билан боғлиқ.

Henan Suda Electric Car Technology Co.Ltd. ўзининг Ўзбекистондаги ҳамкорлигини, энг аввало, фан ва амалиёт пойдеворини қуришдан бошлаётгани эътиборга молик. Компания Халқаро қуёш энергияси институти билан мамлакатимизда амалий тадқиқот институтни ташкил этаяпти.

— Бу ерда ўзбекистонлик ва хитойлик олимлар елкама-елка туриб иш олиб боришади, — дейди институт директори Нураддин Матчонов. – Бундан  ташқари, электромобиль технологиялари учун синов-сертификатлаш ҳамда техник марказлари ҳам тез орада иш бошлайди. Бу марказлар негизида қувватлаш қурилмалари ва шохобчаларини ташкил этиш, халқаро стандартларга миллий стандартларни уйғунлаштириш, илмий-техник ва маркетинг изланишлари олиб борилади. Бир сўз билан айтганда, фан билан амалиёт бақамтилигига амал қилинади. Бундан ташқари бизга тақдим этилган 20 та электромобиль ва қувватлаш станцияси юртимизнинг барча ҳудудларида синовдан ўтказилади, унинг асосида ишлаб чиқаришга ва хизмат кўрсатишнинг энг маъқбул йўналишлари танланади. 2021 йилга бориб электромобиллар ишлаб чиқаришга киришиш мўлжалланган.

Кейинги пайтда ОАВда Ўзбекистонда электромобиллар ишлаб чиқарилишига доир хабарлар чиқиб турибди. Ўзбекистон Президентига жорий йилнинг 14 сентябрь куни «Қўқон» эркин иқтисодий зонасидаги «Шаффоф омадли саноат» қўшма корхонасида тайёрланиши мўлжалланаётган электромобиллар ҳақида маълумот берилди. Бу ерда мазкур лойиҳани хитойлик ҳамкорлар иштирокида 2021 йилда амалга ошириш учун 30 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция йўналтирилиши режалаштирилган.

 Хонобод шаҳрида шундай корхонани ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг «2019 — 2022 йилларда Андижон вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги қарорида белгиланган. Унинг ҳам ишга тушириш муддати  — 2021 йил.

 Бундан икки ой олдин Хитойнинг Hebei Good Hope Logistics Development Co. Ангренда электромобиллар(пикаплар) ишлаб чиқаришни амалга ошириш бўйича келишувга эришган.

 Маълумотларга кўра, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бу борадаги лойиҳалар устида иш олиб борилмоқда. Пойтахтимиздаги транспорт йўналишларидан бирида белоруслик ишлаб чиқарувчиларнинг электроавтобуси синовдан ўтаяпти. Юртдош олим-мутахассисларимиз, тадбиркорларимиз ўз ташаббуслари билан электромобиллар ихтиро қилаётгани, йиға бошлагани хусусидаги хабарлар соҳанинг эртанги кунига умидворлик уйғотади.

 Кейинги пайтда электромобиллар ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватланишига доир масалалар ҳуқуқий-норматив ҳужжатларда ҳам ўз ифодасини топа бошлади. Хусусан, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, импорт қилинадиган электр транспорт воситалари учун акциз солиғи ва божхона божи тўлаш бекор қилинди. Фақат уларнинг нархидан 20% миқдорда ҚҚС, 0,2% божхонада расмийлаштириш йиғими ва республика йўл фондига 3% йиғим тўланади.

 Давлат раҳбарининг жорий йил 4 октябрдаги «2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг «яшил «иқтисодиётга ўтиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида» ги қарорида , мамлакат авто­транспортини ривожлантиришнинг ўрта ва олис йилларга мўлжалланган стратегиясига доир ҳужжатларда электромобилни тараққий эттириш бўйича қайдлар вақт келиб аниқ режага айланишидан дарак беради.

 Айтиш жоиз, электромобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўяётганлар учун давлат томонидан бошқа бир имтиёз ва рағбат ҳозирча белгиланмаган. Бу йўлни танлаганлар ўз куч-гайратларига таянишлари, молиявий имкониятларини ишга солишлари зарур.

 «UzAutoMotors» АЖ нинг ҳозирги пайтда электромобилларга оид бирон-бир лойиҳа устида иш олиб бораётганлиги маълум эмас, келажак режалари ҳам мавҳум. Журналист сифатида бизнинг ҳам бу борадаги мурожаатимиз жавобсиз қолди.

 

 Жаҳон тажрибаси сабоқлари

 

 Мана,  ХХI асрнинг иккинчи ўн йиллиги ҳам охирлаб бораяпти. «Индустрия 4.0» ғояси бутун дунёни забт этишни бошлади. Яъни машиналар бошқа машиналарни яратишни бошлайдиган, ҳаётимизни тубдан ўзгартирувчи янги саноат инқилоби остонасидамиз. Қизиғи шундаки, электромобиль дунёдаги дастлабки транспорт воситаси сифатида иккинчи индустриал инқилоб пайтида (ХIХ аср охири — ХХ аср боши) — электрлаштириш, конвейер, меҳнат тақсимоти, оммавий ишлаб чиқариш даврида кириб келган. 1881 йилда Густав Тробе ўзининг уч ғилдиракли электромобилини Париждаги халқаро кўргазмада намойиш этган. Орадан тўрт йил ўтиб, Германиянинг машҳур Daimler-Benz компаниясига асос солган Карл Бенц ички ёниш двигателида ишловчи автомобилни яратади.Замонамизнинг дастлабки электромобили 1992 йилда йўлга чиққан...

 Яна бир ажабланарли томони, электромобиль ҳар доим учқур ва кучли ҳисобланади. Унинг қувват воситаси самарадорлиги коэфиценти 88-95 фозни ташкил этгани ҳолда ички ёниш двигателиники атиги 22-42 фоизга тенг. Кўпларда ҳалигача электромобилни қувватлантириш учун, албатта, махсус станциялар керак, деб ўйлайди. Тўғри,. улар ҳам зарур. Ҳозирги кунда Хитойда бундай станциялар сони 200 мингдан ортиқ бўлса, яқин келажакда уч миллионтага етказилиши мўлжалланган. Чунки улар наинки, енгил, шу билан бирга жадал суръатда кўпайиб бораётган юк электромобиллари ва автобусларга ҳам хизмат кўрсатади. Ваҳоланки, айни пайтда электромобилни уйингизда 200 кВтли электр тармоғи орқали худди қўл телефони каби зарядлаш мумкин.

 Иқтисодий жиҳатдан олганда, 1кВт электр энергиясини 300 сўм, деб олсак, 99 кВт қувватли ва 300 км йўл босадиган Hyundai Kona Electric электромобилини тўла зарядлаш учун 29000 сўмлик электр энергияси сарфланади. Агар ана шу масофа бензинда босиб ўтилса, ўртача 90 000 сўм тўлашга тўғри келади. Иқтисодий тежам қарийб 3 баробар.

 Мичиган транспорт тадқиқотлари институти олимлари томонидан олиб борилган ўрганишлар АҚШда электромобилдан фойдаланиш харажати йилига ўртача 485 долларни, ички ёниш двигателли автомобилларники эса, 1 117 долларни ташкил этади. Бундан ташқари, электромобилнинг эҳтиёт қисмлари камлиги туфайли ундан фойдаланиш ва таъмирлаш харажатлари ҳам паст бўдади. АҚШ Энергетика вазирлигининг маълумотига кўра, 2017 йилда бутун мамлакат ҳудудида 406 миллион тонна бензин сотилган.

Транспорт воситаларининг 18, 5 фоизи ҳозирги кунда электродвигателли эканлиги инобатга олинса, бу йилига 75 миллион тонна ёқилғи иқтисод қилинганлигини кўрсатади. Муқобил машиналар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда.

 Электромобилсозлик ривожига энг катта таъсир кўрсатаётган омиллардан бири — бу унинг экологик тозалиги ва шовқинсиз ҳаракати. Давлат экология қўмитаси яқинда юртимизда кузги «Тоза ҳаво» операциясини ўтказди. Атмосферани муҳофаза қилиш қонунчилигини бузганлиги учун 2400 дан ортиқ автомобиль эгалари жами 157 миллион сўмдан зиёд жаримага тортилди. Мамлакатимиз миқёсида атмосферага ифлослантирувчи моддаларнинг умумий ташламалари бўйича транспорт воситаларининг улуши 60 фоизни, Тошкентда эса, бу миқдор 90 фоиздан ортиқни ташкил қилади. Демак, бизнинг кўчаларимизда ҳам электромобиллар кўпайгани сайин ҳавонинг ифлосланиш даражаси шунчалик камайиб бораверади. Зеро, тоза ҳаво – соғлом инсон, соғлом миллат, соғлом авлод дегани.

 Шу боис ҳам Норвегия 2025 , Исроил 2030 йилга бориб ёнилғи двигателларидан тўла воз кечиб, электр транспортига ўтишни режаламоқда. Бундай мақсадли давлатлар сафи тобора кенгайиб бораяпти. Бу борада бизга Хитой тажрибаси қўл келиши мумкин.

 2015 йилда ХХР ҳукумати томонидан «Made In China 2025» дастури қабул қилинди,унга кўра, 2025 йилга бориб, мамлакат дунёдаги ривожланган ўнта етакчи давлат сафидан жой олиши зарур. Мазкур дастурнинг энг асосий йўналишларидан бири – маҳаллий электромобиль ишлаб чиқариш ҳажмини 80 фоизга, экспортдаги улушини 10 фоизга етказишдан иборат. Мазкур стратегияни амалга ошириш борасида давлат томонидан шу пайтга қадар солиқ ва божхона имтиёзлари бериб келинди. Хорижий компаниялар ҳам бундан мустасно эмас. Уларга имтиёзли кредитлар тақдим этилгани ҳолда завод қуриш учун жой ажратишда , жиҳозлаш учун хорижий технологиялар олиб киришда солиқ ва божхона енгилликлари кўзда тутилган.Бу каби чора-тадбирлар самарасини электромобилларнинг сотилиши мисолида яққол кўриш мумкин. 2018 йилнинг ўзида 1 миллиондан ортиқ хитойлик экологик тоза транспорт эгаси бўлди.

 Жорий йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Хитойда ҳам электромобилсозлик ва истеъмолчилар учун берилаётган субциядалардан воз кечила бошланди. Чунки тармоқ оёққа туриб олди. Эндиликда ҳар бир корхона ўз аравасини ўзи торта олади.Лекин янги тартиб бўйича, автомобилсозлик корхоналарининг ишлаб чиқариши таркибида 2019 йилда 10, кейинги йилда 12 фоизи электромобиллар бўлиши зарур. Акс ҳолда катта жаримага тортилади.

 Энди дунё электромобилсозлигига доир маълумотларга эътиборингизни тортсак. «Bloomberg New Energy Finance»нинг тадқиқотларига кўра, 2019 йилда экологик тоза машиналар сони дунё бўйича 23-48% ортиб, 2,4-2,9 миллион дона атрофида ишлаб чиқарилиши, 2025 йилга бориб эса, уларнинг йиллик сотув ҳажми 25 миллионтага етиши кутиляпти. Ҳозирги кунда жаҳонда харид қилинаётган электромобилларнинг 60 фоизи хитойлик ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келади.

 Бу турдаги транспорт воситаларининг жаҳондаги оммалашуви 2025-2030 йилларда энг авж нуқтага чиқиши башорат қилинмоқда, Бунинг натижасида 2040 йилга келиб, электрда юрадиган машиналарнинг глобал бозордаги сотиш ҳажми 54 фоизга етади ва ҳар учта автомобилдан бири электрлашган бўлади.

 Юқорида санаб ўтилган лойиҳалардан ҳам аёнки, Ўзбекистонда электромобиль ишлаб чиқариш ёки унинг импорт қилиниши эндигина шаклланиш босқичига етиб-етмай турганлигидан далолат беради. Бунинг сабабини мутахассислар бутун дунёдаги каби қимматлиги ва инфратузилманинг ривожланмаганлиги билан изоҳлашади. Ҳақиқатан, ҳозирча мамлакатимизда бирон бир махсус электр қувватловчи станция йўқ, фақат Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан келтирилган электромобиллар Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз ва Хивада сайёҳларга хизмат кўрсатаяпти.

 Ўзбекистон ўз олдига 2030 йилга бориб дунёдаги энг етакчи 50 та давлат орасидан жой олишни мақсад қилиб қўйган.Жаҳон тажрибаси бу мақсадга бошқа устувор йўналишлар сингари электромобиль саноатини ривожлантириш, ёқилғи ва хомашё ресурсларини тежаш , табиатни авайлаб асраш орқали эришиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Шу боис халқимизнинг ислоҳотлар жараёнини янада шиддатлашуви ва чуқурлашувидан умиди катта. Мамлакатимизнинг жлектромобиль соҳасидаги ютуқларидан ҳам олис келажакда эмас, балки яқин истиқболда баҳраманд бўлишни истайди.

Абдурауф Қоржовов,

Иқтисодий шарҳловчи.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: