Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
08.10.2019

КОСОНЛИКЛАР ҚАЛБИ

интилиш, яратиш ва орзу умидларга тўла

МАЪНАВИЯТ

Ҳар гал Косон заминига қадам қуйганимда, ҳаяжон оғушида қоламан. Буюк шоиримиз ­Абдулла Ориповнинг ёшлиги шу кенгликларда, устози — улуғ олим Озод Шарафиддинов лутф қилганидек, «зангори денгиз ўртасидаги бир оролча» мисол Некўз қишлоғида ўтган.

Ўз Халқи, Ватани, Истиқлол ва Ҳаётни ўзигагина хос истеъдод билан куйлаган шоир дунё кезганида ҳам ҳамиша юртига, Қашқа воҳасига, Косон кенгликларидаги ана шу кичкина қишлоғига талпиниб яшаганди. Улуғ донишмандлардан бири шоирни англамоқчи бўлсанг, туғилган жойига бор, деган экан. Абдулла Орипов олтмишинчи йилларда ёзилган бир шеърида шундай деганди:

О, сен Ватан, киндик қони томган жой

Сени сўрмай, кўрмай бўлурми?

Кўз кўргани ёшу қарининг –

Она бағрин севмай бўлурми? ..

Бугун ҳам у барҳаёт, шеърлари тиллардан тушмайди. Президентимиз таклифи билан Қарши шаҳрида улуғ шоирнинг ижод мактаби ташкил этилди. Иқтидорли, адабиётга, ижодга  меҳр қўйган ёшлар таълим олаяпти бу мактабда.

— Э, хуш келибсиз, — самимий  саломлашади биринчи суҳбатдошим тадбиркор Холмат Тўраев.

– Биласизми, Косон шаҳридаги бир парча ер ҳам талаш бўлиб қолди. Ҳокимимиз «Ким кутубхона қурса, ўшанга ажратамиз» деди. Ўйлаб-ўйлаб, талабгор бўлдим. Маблағимиз озлик қилди, банкдан 500 миллион сўм кредит олдик. Ҳозир қўш қаватли иморатнинг томини ёпдик, пардозлаш ишлари бошланди. Биринчи қаватида кутубхона, иккинчи қаватида қироатхона бўлади. Китобларнинг электрон нусхасини ҳам яратяпмиз. Шу зиё масканини  улуғ шоиримиз Абдулла Орипов номи билан аташни ўйлаб турибмиз.  

Барака топинг, дейман унга. Туман маданият бўлими бошлиғи Жасур Азимов юртимизда  орзу-ҳаваслар билан амалга оширилаётган 5 ташаббуснинг  адабиёт, санъат  йўналиши, китобхонлик ва  маданият ишлари ҳақида ҳикоя қилади. Бойғунди маҳалласидаги «Дўстлик» маданият марказида  санъат йўналишида 5 тўгарак, 2 та  фольклор, ҳамда «Ҳумо» ашула ва рақс ансамбиллари  фаолият кўрсатмоқда. Яна 2 та мусиқа ва санъат мактабида 480 нафар ёш таълим олмоқда.

Шу йилнинг март ойида Нартичуқур маҳалласида  «Эзгу зиё» китоб дўкони ишга тушибди. Бир саҳоватли  тадбиркор шаҳар марказидаги маданият ва истироҳат  боғини қайтадан қуриб, обод қилибди. Тумандаги мактабларнинг  кутубхоналари 5 минг нусхадан ортиқ китоблар билан  тўлдирилибди. Туман ҳокимининг  ўринбосари  Убайдулло Очилов ўзининг қишлоғи – Пўлатига  бошлаб борди. Тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган қишлоқда 30 мингдан кўпроқ аҳоли истиқомат қилмоқда. Қишлоқдан таниқли шоир, санъткор, олимлар етишиб чиққан. Айниқса, тадбиркорлари  серғайрат, натижада кўплаб маданий-маиший  бинолар қурилган, қишлоқ шаҳар тусини олган. Тадбиркор Бахтиёр Омонов ўз қишлоғида шахмат клуби, «Бунёдкор» стадиони, кутубхона қуриб берибди.

Кутубхона мудири Муҳиддин Диёровнинг  айтишича, 7 минг жилддан  ошиқ китоб жамланган. Уйга ўқишга беришаркан. Қироатхонада  73-мактаб  7-синф ўқувчилари китоб мутоала қилишаётган экан. Ўқувчилардан Жасмина Жобирова, Рухсора Турдиалиева  «Исмлар маъноси» китобини кўздан кечиришаётган экан. Гулсанам Бегимқулова ўзи ёзган  шеърлардан ўқиб берди...

УМИД ОСТОНАСИ

Давр талаби шундай: халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа  хизмат қилади. Тумандаги  «Халқ қабулхонаси», Бош вазирнинг  қабулхонаси шундай вазифани бажаряпти. Косон шаҳри марказида яқинда ишга тушган «Давлат хизматлари агентлиги»нинг кўркам биносига  кирганимда, давр руҳини яққол сездим.

Бу масканда 120 дан зиёд  давлат хизмати жамланибди. Маьлумотларга кўра, ҳозиргача 65 мингдан кўпроқ мурожаат тушибди. Кимдир ўйини ҳужжатлаштириши керак, кимдир уй қуриш учун ер олиш тартиби  билан қизиққан ва бошқа масалалар.

— Мен шаҳардаги Янгиобод маҳалласида  яшайман, — дейди агентликка келган  Дилноза Жўраева. — Олти ёшли ўғлим Нурбекни боғчага бермоқчи эдим. Тушунтиришди, навбатга ёзиб қуйишди. Ўзлари хабар қилишаркан. Лекин тезлаштиришнинг иложи бормикин? Қани энди ўғлим тезроқ ўқиш-ёзишни ўрганса...

Бу ўрганадиган муҳим масала эди. 2017 йилда мактабгача таълим вазирлиги тузилган пайтгача туманда бирорта ҳам боғча қурилмабди. Уч ёшдан етти ёшгача бўлган болаларнинг атиги 11 фоизи боғчага қатнар экан. Жуда катта ишлар бошланган, қизғин давом этаяпти,  янги-янги таълим масканлари фаолиятини бошламоқда. Ҳозир 39 давлат, 15 та давлат-хусусий шерикчилик ва 60 оилавий болалар масканларида 7 минг нафардан зиёд кичкинтой тарбияланаяпти, бу жами болаларнинг 30 фоизини ташкил қилади. Йил охиригача бу кўрсаткич 40-45 фоизга етади.

— Раҳматли турмуш ўртоғим  шифокор эди, шу бино қурилишини  бошлаган, касалхона бўлади, деб режа тузганди, — дейди «Кўзмунчоқ» МТМ раҳбари Мавжуда Жумаева. — Иш тўхтагач, ўзимни тутиб олиб, банкдан 1 фоизли 720 миллион сўм кредит олдим. Яхши инсонлар кўмак беришди. Натижада кўркам бино қурилди  ва МТМга айлантирдик. Ҳозир 120 бола тарбияланаяпти. Табиий газ бор, иситилиши  яхши. Ота-оналар билан кенгашиб, ҳар бир бола учун 200 минг сўмдан маблағ олаяпмиз, кам таъминланган оиланинг 20 нафар фарзандига имтиёз берилган. Президентимиз ўтган йили менга «Дўстлик» орденини топширар экан, ишимизга муваффақият тилагандилар. Бу руҳимни кўтарди.

Болалар билан суҳбатлашаман, етти ёшли Жалилхон Зиёмуддинов ҳарбий, Абдулатиф Мадатов шифокор бўлишни орзу қилаётганини айтди. Тўғри, уларнинг ҳар бири эртага турли касбларни эгаллайди. Аммо орзуга етиш учун аввало яхши билим олиш керак. Хўш, бундай иқтидорли, қалби  орзуга тўла болалар қайси мактабга боради? Бу фикр 94-мактабга бошлади. Жами 840 ўқувчига 57 муаллим дарс бермоқда. Кўпчилиги  олий маълумотли. Мактабда барча шароит яратилган. Математика  фани ўқитувчиси Юлдуз Маҳмудова дарс ўтаётган 8-синфга кирдик. Ўқитувчи болаларга эркин фикрлаш  кўникмасини ҳосил қилишга  ҳаракат  қилаётгани сезилиб  турибди. Жиҳозлари яхши , кўргазмали қуроллар етарли.

Туман халқ таълими бўлими мудири  ўринбосари Ўткир Эшонқулов ҳозир тумандаги 102 та мактабда  55 мингга яқин бола таълим олаётгани, устозларнинг 65 фоизи олий тоифали, ўқитиш сифати бўйича вилоятда 3 ўринда эканликлари, шунингдек,  тўрт мактаб биноси таъмирланаётганини айтди.

Беш ташаббуснинг навбатдаги  йўналиши – компютер саводхонлиги учун мактабларда яхши шароит яратилганини кўрдик. Айрим ҳисобларга кўра,  16 мингдан кўпроқ ўқувчи  компютерларни ишлатишни эркин ўрганиб бораяпти.

Мен навбатдаги муҳим  йўналиш – ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш  борасидаги ишларга қизиқаман. Натижалар жуда юқори. «Баркамол авлод» болалар марказида 30 тўгарак ташкил этилган, 500 дан зиёд ўғил-қиз турли спорт тўгаракларида шуғулланмоқда. Бир тадбиркор Косон шаҳридаги марказий стадионни таъмирлаб берибди. Ўйингоҳ ва ёпиқ залларни қўшганда, туманда 430 дан ошиқ   спорт иншооти  ёшлар ихтиёрида. Гувалак қишлоғидаги кураш ва бадиий гимнастика залларида  умидли спортчилар камолга етмоқда. Масалан, миллий кураш бўйича Флора Эргашева ва Озода Тошмуродовалар халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаб келмоқда.

— Бу иншоот  олдинги йили ишга тушди – дейди болалар ва ўсмирлар спорт мактаби раҳбари Анвар Эргашев. — Ёпиқ бассейн қурилишига 3 миллиард сўм маблағ сарфланган. Бинога қуёш батареялари   ўрнатилган ва улар 7 ойгача сузиш  ҳавзаси сувини иситиб беради. Мураббий Акбар Бердиев  4 хил сузиш усулларини  ўргатаяпти. Ҳозир бу ерда шуғулланаётган 200 нафар боладан  45 нафари қизлар. Тиббиёт ҳамшираси кузатиб боради, лозим топсак, дўхтир чақирамиз. Шифокорлар йўлланмаси билан  кўкрак қафаси нотўғри ривожланган, оёқ бўғини  хасталиклари  бор болалар учун алоҳида  сузиш машқлари ўтказилади...

Бу яхши ишлар дилимга қувонч бағишлайди. Юриб-юриб «Машъал» ҚФЙ идорасига келдик. Бошқа жойларда бўлгани каби туман ҳудуди 4 та секторга бўлинган бўлиб, туман ҳокими одамларни қабул қиладиган 1- сектор биноси яқинда ишга тушибди. Болали аёллар, мусиқа хоналари, шахмат, шашка ўйнайдиган хона, 2 минг жилд китоб жамланган кутубхона ишлаб турибди. Тикувчилик цехида Дилором Абдуллаева  қизларга чеварлик сирларини ўргатмоқда.

Беш ташаббуснинг  яна бир муҳим йўналиши —  хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ишга жойлаштириш борасида анча ишлар амалга ошмоқда. Мурожаат қилган  36 хотин-қизга  ўз бизнесини  ташкил этиш  учун  794 миллион  сўм  кредит берилибди. Бу йил 208 нафар хотин-қиз ишли бўлди. Яна бир  режа ҳақида айтишди. Ногиронлар учун  Косон шаҳрида  12 хонадонли янги уй қурилар экан...

АБАДИЙ БОЙЛИК ВА ТАДБИРКОРЛИК

Эсабой қишлоғи кўп йиллардан бери Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши шаҳарлари, ҳатто қўшни Туркманистонга ҳам серталаб сара сабзи етиштириб берадиган деҳқонлари  билан машҳур.. Қишлоқда «Бир сўм бўлса ҳам, ўн сўм бўлса ҳам сабзи эк, кам бўлмайсан», деган нақл авлоддан-авлодга ўтиб келар экан.

— Қишлоғимиз азалдан сабзи, шолғом етиштириб келади, — дейди МФЙ раиси Акром Мардонов. – Қишлоқда 3,5 мингга яқин  аҳоли истиқомат қилади, 126 гектар томарқамиз бор. Баҳорда ҳовлида эртанги сабзи, шолғом етиштирамиз. Ғалла ўрилгач, фермерлардан ижарага ер олиб, кузги сабзи экамиз. Етилганларини ҳозир кавлаб, ювиб, харидорларга топшираяпмиз. Қани, юринг-чи!

Қишлоқни оралайман, янги уйлар, машиналар кўп. 5-10 гектар майдондаги сабзини  бегона ўтдан тозалаб, суғориб, яшнатиб қўйган деҳқонларга қойил қоласиз. 15 хонадон ўзига  иссиқхона қуриб, памидор, бодиринг, лимон етиштирар экан.

— Деҳқончилик орқасидан янги машина олдик, уйли бўлдик. Яхши ният қилиб, савдо дўкони, чойхона, кичик стадион қурдим.Етмаганига банкдан 150 миллион сўм кредит олдим, — дейди деҳқон Шерзод Умрзоқов.

Туман фермер, деҳқон ва томарқа эгалари кенгаши мутахассиси Нуржов Жўраев айтаверди, мен ёзиб олавердим. Фермер хўжаликлари бир тараф. Аммо бу ерда деҳқон хўжаликлари ва томорқачилик ривожига ҳам  катта  эътибор берилаётган экан. Эсабой қишлоғида сабзи, Пудинада узум, Арабхона маҳалласи чорвачилик маҳсулотлари, Нартичучук маҳалласи помидор кўчатлари етиштиришда намунали экан. Асаларичилик, паррандачилик, балиқчиликни ривожлантирмоқчи бўлган ва иссиқхоналар қуриш истагини билдирганларга миллиард сўмлаб кредит ажратилиб, улар қўллаб-қувватланибди. Менга 10-15  хонадонда туя парваришлаб, шифобахш сутини  одамларга етказиб бераётган, 60 миллион сўм кредит эвазига 33  бош туяқуш олиб келиб, парвариш қилаётган тадбиркор оилалар ҳақида гапириб беришди. Ҳозир тумандаги 3234 тадбиркорлик субъектининг тенг ярми якка тартибда меҳнат қилаяпти.

Бу йил 18 минг  100 гектар майдонга буғдой экилиб,  шартномадаги  50 минг 198 тонна ўрнига 66 минг тонна дон давлатга етказиб берилди. Яна 3299 тонна  сара уруғлик дон жамғарилган. Юқори ҳосилнинг сабабини сўраганимда, аввало, астойидил қилинган меҳнат, дейишди. Кейин мелиорация, янги дренаж тизими  яратилгани, зовур-ариқлар сифатли тозалангани,суғоришда илғор усуллар қўллангани мўл ҳосилга асос бўлганини айтишди.

— Бу  йил барака ёғилди, ака, — дейди қувониб «Темирова Зулайхо» фермер хўжалиги раҳбари Холбозор Бабанов. — 53  гектар ғаллазорнинг  ҳар гектаридан 70 центнердан ҳосил кўтардик. Шартнома режасини ошириб адо этдик. Энди 53 гектар майдондаги «Бухоро-6» навли пахта ҳосилини нобуд қилмай йиғиб олишга ҳаракат қилаяпмиз. Қаранг, пахта чамандек очилган.

Дарҳақиқат, пахтазордаги  ҳосилни кўриб, кўзингиз қувонади. Жами 25 минг гектар пахтазор.  Пахтанинг «Бухоро - 6» нави  74 фоизни ташкил этади, 6000 гектарда «Порлоқ» нави ўстирилган. Ҳосил шунчаликки, ўрганиб – чамалаб, 67 минг тоннадан ошади хирмонимиз,  дейишмоқда пахтакорлар.

 «Косон ёғ-экстракция» МЧЖ да чигитдан ёғ ажратилади, чорва  учун  ем тайёрланади, 200 га яқин ишчи хизмат қилаяпти. Келгусида ёғ ишлаб чиқарадиган янги корхона қуриш режаси бор. Бугун 2 минг гектарда «Бунёдкор» МЧЖ кластер  усулида  пахта  етиштираяпти. Келгусида бу корхонага ажратиладиган пахта майдони 10 минг гектардан ошаркан.

Янгиликни  кўриш учун ушбу хусусий корхонага бордим. Ҳозир ип-йигирув корхонасида 75 ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Маҳсулот тўлиқ экспортга жўнатилаяпти. Ишбоши Мирзо Шариповнинг айтишича, ускуналар Германия ва Хитой давлатларидан келтирилган. Кўрдик — яна катта  янги цех қурилаяпти. Келгусида тикувчилик цехи ташкил этиларкан. Бу – юзлаб янги иш ўринлари  дегани.

Туманда чорвачиликни ривожлантириш учун ҳам катта имкониятлар мавжуд. Жами ер майдонининг 50 минг гектарга яқини  яйлов. Маълумотларга кўра, 540 минг  бошдан ортиқ қўй- эчки, 167 минг бошдан зиёд корамол парвариш қилинмоқда.  Наслчилик ишларига  катта эътибор берилмоқда. Сутни қайта ишлаш кичик корхонаси  фаолият кўрсатаяпти. Жунни қайта ишлаш йўлга қўйилади.

— Биз боболаримиз изидан бораяпмиз, — дейди «Ботир» терини қайта ишлаш хусусий корхонаси раҳбари Шамсиддин Тошмуродов. – Бобом жун, тери тайёрловчи  бўлган. Отам ва кейинчалик мен Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида қоракўлчилик, терига ишлов бериш илмини ўргандик. Ўғлим Шарафиддин Бухоро технология институтида мўйнага ишлов бериш усулларини ўрганиб, ёнимга кирди. Хуллас, отам 36 йил Бухородаги қоракўлни қайта ишлаш корхонасида меҳнат қилди, анча йил бош муҳандис бўлди. Демак,  бу касб оилавий. Хуллас, 1996 йилда  кичик корхона туздик. Россия, Беларусь  каби давлатларга  қоракўл  тери , пальто, шапка каби маҳсулотларни экспорт қилаяпмиз.  Бу йил Беларусь Республикасининг Витебск шаҳрида бўлиб, қоракўл терига ишлов берадиган йирик корхонани  кўрдим, иши билан танишдим. Натижада Беларусь тадбиркорлари билан қўшма корхона туздик. Шу йилнинг  1 август куни  Президентимиз Беларусь Республикасига  давлат ташрифи билан бордилар. Ўшанда Ўзбекистон кунлари давом этаётган , Минск шаҳрида юртимизда етиштирилаётган  маҳсулот ва буюмларнинг кўргазмаси очилганди. Юртбошимиз кўргазмага келиб, кўплар қатори бизнинг корхона маҳсулотларини  ҳам кўздан кечирдилар. Бундан ғайратимизга ғайрат кўшилди. Насиб этса, бошқа орзуларимиз ҳам ушалади...

ОБОД ШАҲАР, ОБОД ҚИШЛОҚЛАР

Донишмандлардан бирининг ободонлик кўнгилдан бошланади, деган ҳикматли гапи бор. Бунинг тўқ маъноларидан бири – қалбда эзгу ниятлар бўлса, киши яхши ишларга қодир, деганидир. Мен дастлаб, туманда соғломлаштириш  муассасалари иши билан танишдим.

Туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи  Олимжон Норбоев барча оилавий поликлиника ва ҚВПлар таъмирлангани, келгусида янгилари қурилиши ҳақида гапирди. Туғуруқхонада шароитлар яхши бўлиб, бошқа туманлардан ҳам фарзанд кутаётган бўлажак аёллар бу ерга келишаркан. 250 ўринли туман марказий касалхонаси келгуси йилда тўлиқ таъмирланар экан. Суҳбат асносида Райимсўфи қишлоғидан  бир тадбиркор иссиқ сув билан даволайдиган санаторий қургани тилга олинди.

Ҳавасим, кўргим келди. Гарчи, сиҳатгоҳ туман марказидан 20-25 километр узоқликдаги «Турон» қўйчилик МЧЖ ҳудудида  жойлашган бўлса-да, йўлга  тушдик. Ҳамроҳим — ҳоким ўринбосари Убайдулло Очилов қишлоқлар, ободончилик ишлари ҳақида сўзлаб борди. «Турон» хўжалиги катта яйловлардан иборат экан. Узоқдан, ям-яшил дарахтзор кўзга ташланди. Яқинига боргунча, дарахтлар билан қопланган биноларни кўриш қийин. Арча, қарағай, қайроғоч ва бошқа дарахтлар зич ўраб олган  бинолар ичкарисига кирдик. Шифокор Ҳазратқул Мавқаев 1450 метр чуқурликдан қайноқ, шифобахш маъданли  сув чиққани, «Турон» санаторийси  икки йил  олдин ташкил  топгани, 50 ўринли экани, бел, оёқ ва бўғинлардаги касалликлар  даволаниши ҳақида  гапириб берди. Кўп кишилар билан суҳбатлашдик. «Мен Тошкентнинг  Чилонзор туманида яшайман, дунё кезиб Чехиядаги  Карло Вари санаторийсида ҳам даволанганман. Қаранг, ўзимизда шундай шифобахш сув бор экан... Яна келаман», дейди бемор Гулчеҳра Жўраева.

— Сиз 15-20 йиллик дарахтларни  кесмай, қандай қилиб биноларни қурганимиз билан қизиқаяпсиз, — дейди тадбиркор Арслон Элмуродов. — Қаранг, бийдай далада шу жой дарахтзор. Аммо ҳеч ким бирор нарса  қуришни ўйламаган. Қурувчилар ашёларни  қўлда ташиб, шу биноларни тиклашди. Ана, ён томонда 100 ўринли  янги иморат  қурилаяпти. Ҳамма замонавий шароит муҳайё бўлади, чунки маъданли сувимиз ниҳоятда шифобахш. Бу йил 7 мингдан кўпроқ турфа дарахт кўчатини экдик, яна ниҳоллар олиб келамиз. Беморлар соя-салқинда роҳатланиб, даволанишади...

 «Обод қишлоқ» дастурига киритилган Сурхон, Жарқум, Майдаёбу қишлоқларида бошланган, ниҳоясига етай деб қолган ибратли ишлар билан танишдим. Бир жойда янги йўл барпо этилаяпти, яна бир жойда электр сими тортилаяпти, бир жойда янги МТМ қурилаяпти, хуллас, орзу-ҳавас билан қишлоқларни обод қилишмоқда. Косон тумандаги яна бир анъана ҳавасимни келтирди. Бирор жойда беҳудага дарахтга тиғ уришмас экан. Бу туман аҳолисининг ибратли фазилати.

— Косон шаҳрининг бош лойиҳаси тузилган. Мўлжал, режа катта, — дейди туман қурилиш бўлими бошлиғи Фаҳриддин Назаров. —  Мустақиллик кўчасида 3 та,  ҳар бирида 24 хонадон яшайдиган янги уйлар, амфитеатр қурилади. Йўллар таъмирланади, кенгайтирилади. Дарахтлар беҳуда кесилмайди, ҳокимимиз шундай вазифа қўйган.

— Кейинги йиллардаги яхши ишлардан севинаман, — дейди Косон шаҳридаги  марказий бозор қурилишида иш бошқарувчи бўлиб турган  Юсуф ака Жўраев. — Касбим қурувчи. Илгари туманда ободончилик ишлари пала-партиш олиб бориларди. Масалан, ҳукумат дастурига  кирган марказий деҳқон бозорида ҳам ўтган йили бир иш бошланди ва тўхтаб қолди. Янги ҳоким ишга дадил киришди. Жами савдо ўрни 1100 тага етади,188 та янги дўкон  қурилади ,тадбиркорларга ер ажратиб  берилган, иш бошланиб кетган. Аввал бозор ҳудуди 2,5 гектар эди, яна 60 сотихга кенгаймоқда. Чойхона, ошхоналар қурилади, фаввора бўлади. 350 машина сақланадиган автотураргоҳ ҳозирланмоқда. Дарвоқе, бозор ҳудудига жой танлаб, дарахт кўчатлари ўтқазаман. Токи, бозор-ўчарга келганлар жазирама иссиқда эмас соя-салқинда харид қилишсин. Раҳмат, дейишсин.

Дарахт аслида ободлик рамзи. Қаердаки, дарахт мўл бўлса, боғлар бор бўлса, билингки, ўша ерда қалби обод одамлар яшайди. Косоннинг дарахтзор ва чаманзорга айланиб бораётгани бош сабаби ҳам шундан. Косонни айланиб, шу кенгликлар бағридаги Некўз қишлоғида туғилиб ўсган буюк шоир Абдулла Орипов айтганлари ёдга тушади:

Ўзбекистон ягона — Ватан учун яшайлик,

Ватан ичра бир гўзал чаман учун яшайлик ...

 

Юнус Узоқов,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: