Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
30.07.2019

КЛАСТЕРЛАР ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ РИВОЖИДА ЛОКОМОТИВГА АЙЛАНМОҚДА

Давлатимиз раҳбарининг элни фаровон, халқни бой қилувчи инновацион ғояларидан бири — кластер тизими мамлакатимизда кенг жорий этилаётган бўлиб, хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзининг юксак самарасини кўрсатмоқда.

Юрт тараққиётини, мамлакат қудратини белгиловчи омиллар жуда кўп. Аммо тинчлик ва фаровонликни ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Ўзбекистонда сўнгги икки йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар бугун дунё ҳамжамияти томонидан алоҳида эътироф этилаётир. Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳаётий тажрибаси, оқилона сиёсати, халқ дарди билан яшаши — барча ютуқларнинг замини бўлиб хизмат қилмоқда.

Иқтисодиётдаги янги тузилма

Халқимиз яқин-яқингача «деҳқоннинг косаси оқариши» борасидаги гапларга ишонмас эди. Тўғрида, бир пайтлар мамлакатимиз аграр соҳада анча қолоқ бўлгани, бободеҳқонлар йил бўйи минг машаққат билан етиштирган пахтанинг роҳатини бошқа давлатлар кўргани ҳам айни ҳақиқат. Бугун-чи, вазият тамомила бошқача. Мамлакатимиздаги ўнлаб замонавий корхоналар томонидан ўзбек толасидан тайёрланаётган маҳсулотлар нафақат бозорларимизни тўлдирмоқда, балки хорижда ҳам харидоргир бўлиб бормоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ иқтисодиёт соҳалари, хусусан, қишлоқ хўжалигининг пахтачилик тармоғи тубдан ислоҳ қилинмоқда.

Юртимизда кейинги уч йилда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам муҳим дастурлар, «Йўл харита»лари ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кластер модели кенг жорий этилаётир. Сўнгги икки йилда пахта-тўқимачилик кластерларига ажратилган ер майдонлари ҳажми мазкур экин тури учун ажратилган қишлоқ хўжалиги ерларининг 52 фоизини ташкил этди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида заминимизда етиштирилаётган пахта толасининг атиги 6-7 фоизи ўзимизда қайта ишланган бўлса, бугунги кунда камида 80 фоизини қайта ишлаш имконияти пайдо бўлмоқда. Албатта, бу шунчаки рақамлар эмас. Унинг ортида юрт фаровонлигини юксалтириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш каби эзгу мақсадлар мужассам.

Пахтамиз ранги, толасининг узунлиги, пишиқлиги ва микронейер кўрсаткичлари билан халқаро стандартларга тўла жавоб беради. Бу унинг жаҳон тола бозорида харидорлигини таъминлайдиган энг муҳим жиҳатларидир. Аммо Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу толани ўзимизда қайта ишлаб, тайёр маҳсулот шаклида жаҳон бозорига олиб чиқсак-чи? Даромад бир неча баробарга ошиши табиий. Қолаверса, пахта ўсимлигидан олинадиган яна юзлаб маҳсулотлар ҳам борки, буларнинг барчаси иқтисодий самарани бир неча баробарга оширади. Энг муҳими, кўплаб янги иш ўринлари яратилади.

Сирдарё вилоятида тажриба сифатида Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонаси «Bek cluster» масъулияти чекланган жамияти агросаноат соҳасида биринчи кластер сифатида ташкил этилган бўлса, бугун юртимизнинг барча ҳудудларида бу тажриба янада оммалашмоқда. Бир сўз билан айтганда, юртимиз иқтисодиётидаги янги тузилма пахтачилик-тўқимачилик кластерлари катта самарадорликка эришишни бошлади.

Нуфузли компания ҳам муҳим ҳамкор

Президентимизнинг мазкур ғоясини хорижий давлатларнинг нуфузли компаниялари ҳам қўллаб-қувватлаб, бу соҳада ҳамкорликни амалга ошираётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 августдаги «Ўзбекистон Республикасида «Индорама» (Сингапур) компанияси томонидан замонавий пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида Cингапурнинг "Индорама" компанияси мамлакатимизда пахтачилик-тўқимачилик кластерини ташкил этиш учун 340 миллион доллар сармоя киритмоқда.

Шу ўринда "Indorama Group" компанияси ҳақида бир оғиз сўз. Мазкур компания 1976 йилда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Сингапурда жойлашган. Жануби-Шарқий Осиёнинг энг йирик ип-калава (500 минг калава) ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Компаниянинг тўқимачилик корхоналари Индонезия, Таиланд, Туркия ва Шри-Ланкада жойлашган. Йилига ип-калава ишлаб чиқариш ҳажми 135 минг тоннани ташкил этади (шундан 26 фоизи Ўзбекистонда). Тўқимачиликдан ташқари, компания нефть ва газ-кимё тармоқларида, полиэстер ва синтетик матолар, кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича йирик қувватларга эга. Компания жаҳоннинг энг йирик полиэстер ип ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади, унинг жаҳон бозоридаги улуши 5 фоиздан ортиқ. Компаниянинг 28 мамлакатда жойлашган 70 ишлаб чиқариш корхонасида 30 мингдан ортиқ киши меҳнат қилмоқда. Умумий йиллик даромад 10,5 миллиард долларни ташкил этади.

Мазкур компания мамлакатимизда ҳам йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 2010 йилда қурилиши тугалланмаган «Қўқон текстиль комбинати» мажмуаси мулки негизида «Indorama Kokand Textile» Ўзбекистон — Сингапур қўшма корхонаси ташкил этилди. Ўтган даврда лойиҳа асосида ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳажми 164 миллион долларни ташкил этди. Айни пайтда бу ерда 1 минг 250 ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинаётир.

— Ўзбекистон пахтачилик ва тўқимачилик соҳасида жаҳон бозорида ўз ўрнига эга, — дейди қўшма корхонанинг ишлаб чиқариш директори Сендеп Бора. — Корхонамизда бир йилда 50 минг тонна пахта қайта ишланиб, сифатли ип-калава тайёрланмоқда. Бу маҳсулотларга Туркия, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа давлатларда талаб катта. Яқинда Мисрда хизмат сафарида бўлганимда экспертлар томонидан ўзбек толасининг сифати юқори баҳоланди. Бу алоҳида эътирофга лойиқ. Шунингдек, компаниямиз турли йўналишларда йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Юртингизда яратилган имкониятлар туфайли қўшма корхонамиз томонидан ҳам пахтачилик кластерларини ташкил этиш ишларига муҳим эътибор қаратилмоқда.

«Indorama Group» компаниясининг 2019-2023 йиллар учун мўлжалланган пахтачилик-тўқимачилик кластер лойиҳаси икки босқичдан иборат бўлиб, айни пайтда Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларида мазкур йўналишдаги ишлар бошлаб юборилган. Фарғона ва Жиззах вилоятларида эса келгуси йилдан бошланади. 225 миллион доллар маблағ пахта хомашёси, маккажўхори ва бошқа маҳсулотлар етиштиришга йўналтирилади. Бундан ташқари, компания пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш ва пахтадан йигирилган ип ишлаб чиқаришни ташкил этиш (иккинчи босқич) учун яна 115 миллион доллар сармоя киритади. Ишлаб чиқариш "Indorama Kokand Textile" масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхонанинг мавжуд қувватларида жойлашган.

Аграр соҳанинг «локомотиви»

Хўш, пахтачилик-тўқимачилик кластери нима, унинг қандай афзалликлари бор?

Кластер усули қишлоқ хўжалигида ерни шудгорлашдан тортиб, экиш, парваришлаш ва хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараёндаги кўп босқичли комплекс тизимни ўз ичига олади. Бу ягона технологик занжирга бирлаштирилган корхоналар мажмуи бўлиб, у илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш, янги технологияларни амалиётга жорий этиш имконини беради. Ўзбекистон тўқимачилик ва енгил саноати тизимида кластерларни шакллантириш масаласи мамлакат миқёсида эмас, балки минтақалар — вилоятлардаги аниқ иқтисодий — ижтимоий шарт-шароитлар асосида, кластер назариясининг моҳиятидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилаётгани энг оқилона йўллардан биридир.

Пахта-тўқимачилик кластери нафақат енгил саноатни, балки ўз йўлида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика, қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби ўнлаб тармоқларни ҳам қамраб олади. Мазкур тизимнинг пировард мақсадида юқори сифатли, "Ўзбекистон" бренди остида маҳсулотлар яратиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш каби муҳим масалалар ечими ўз ифодасини топган.

Пахтадан рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Президентимизнинг 2017 йил 14 декабрдаги «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Шу асосда Вазирлар Маҳкамаси пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерлари фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар режасини қабул қилди. Пировардида, пахтачиликда илғор агротехнологиялар жорий қилиниб, кластер корхоналари ёрдамида фермер хўжаликлари ҳам замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминланмоқда. Биргина 2018 йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 14 пахта-тўқимачилик кластери ташкил қилинди. Улар томонидан 368 минг тонна пахта хомашёси етиштирилиб, қайта ишланмоқда. Жорий йилда мамлакатимизда 48 пахтачилик-тўқимачилик кластери ташкил этилди.

Кластер тизимининг яна бир афзал жиҳати техникалар харид қилишда ҳам қўл келмоқда. Яъни, пахта-тўқимачилик кластерлари қишлоқ хўжалиги техникалари паркини яратиши, эҳтиёжига кўра зарур янги қишлоқ хўжалиги техникаларини чет элдан 2020 йил 1 январга қадар божхона тўловларисиз олиб келиши мумкин. Шу имтиёздан фойдаланган кластер корхоналари 2018 йилда 1400 га яқин замонавий, тежамкор қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилди.

Сир эмас, хомашёдан кўра, уни тайёр маҳсулот кўринишида сотиш, экспорт қилиш ҳам давлатга, ҳам ишлаб чиқарувчига фойда келтиради. Кластер тизимида эса шу мақсадга эришиш мумкин.

«Индорама» компанияси: хомашёдан тайёр маҳсулотгача

Қашқадарё вилоятида кластер асосида иш бошлаган «Индорама агро текстиль» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги хорижий корхона самарали фаолият олиб бормоқда. Мазкур хорижий корхонага вилоятнинг Касби ва Нишон туманларидан қарийб 11 минг гектар ер майдони ажратилган. Айни кунларда ушбу майдонларда пахтанинг «Бухоро-8» ва «Бухоро-6» навлари парваришланмоқда.

— Асосий эътиборни сифатли маҳсулот етиштиришга қаратганмиз, — дейди корхона иш бошқарувчиси Ҳикматулла Бўриев. — Бунинг учун барча агротехник тадбирларни амалга ошириб келмоқдамиз. Дастлаб чигит экиладиган ер тўлиқ шудгор қилиниб, икки сира дилнабаза қилинди. Сўнг пушта олиниб, уруғ қадалди. Экиш билан бирга гектарига 200 килограммдан фосфор, 50 килограммдан калий ва 50 килограммдан азотли ўғит берилди. Бу чигитнинг бир текис униб чиқишига хизмат қилди. Ғўза қатор ораларига 4 марта культивация ва бир марта рихнител билан ишлов бердик. Уч бора минерал ўғитлар билан озиқлантирилди. Ўғитлар сарфи гектарига 800 килограммдан тўғри келмоқда. Бундан ташқари, сув қуйиш тадбирлари ҳам вақтида амалга оширилаётир. Айни пайтда пахта майдонларимизга иккинчи сув олинмоқда. Чет эллик ҳамкорларимиз томонидан жўнатилган мутахассислар тавсиялари иш унумини янада орттирмоқда. Ғўзаларнинг ривожланиши кўнгилдагидек. Насиб бўлса, жорий йилда ўртача 40 центнердан ҳосил олишни мўлжаллаяпмиз.

Дарақиқат, агротехник тадбирларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилишида қишлоқ хўжалиги техникаларининг ўрни беқиёс. Шу боис айни пайтда корхона тасарруфидаги ғўза майдонларида хориждан келтирилган «Orthman» русумли 25 дона энг сўнгги русумдаги қишлоқ хўжалик техникалари куну тун ишламоқда. Улар агротехник ишларни сифатли бажариш билан бирга иқтисодий самарадорликка ҳам эга. Масалан, бундай тракторлар орқали бир кунда ўртача 65-70 гектар ғўзани культивация қилиш мумкин.

— Техника деҳқоннинг кучига куч қўшади, — дейди корхона муҳандиси Раҳматулла Чўллиев. — Техникаларимизнинг барчаси автоматлашган. Битта тракторга 3 механизатор бириктирилган. Навбатма-навбат ишланиши эвазига иш унуми юқори. Тракторлар салонларида йилнинг исталган об-ҳаво шароитида эмин-эркин ишлаш имконияти мавжуд. Шунинг учун механизаторларимиз қийналмайди. Дори сепадиган техникаларимиз ҳам жуда самарадор. Бир кунда 200-250 гектар майдонга кимёвий воситаларни сепа олади. Уларнинг узлуксиз ишлаши учун замонавий ёқилғи ташиш техникалари ҳам харид қилинган. Ҳар бири 8 минг литрдан зиёд ёқилғи сиғимига эга. Ёқилғи даланинг бошигача етказиб берилмоқда. Мақсад ғўзанинг баравж ривожланишини таъминлаш.

Ғўза парваришида суғориш тизимининг яхши йўлга қўйилгани ҳам муҳим. Чунки ишлов берилиб гулга ўтирган ғўзалар тез сувга келади. Бунинг учун корхона жамоаси мавсум бошидан пухта тайёргарлик кўрди.

— Корхонамизга қарашли ерларда 113 сув олиш иншооти, 267 километр сув йўллари мавжуд, — дейди корхона бош ирригатори Ўткир Ғойипов. — Суғориш мавсуми бошлангунга қадар 40,5 километр канал ва ер ариқлар тозаланди. 171 километр масофадаги шох ва ер ариқларда қўл кучи билан ҳайров тадбирлари амалга оширилди. Сувни ростлаш учун лотокларга 70 дона, каналлардаги сувни ростлаш учун эса 34 дона ҳар хил ўлчамдаги янги сув тўсиш дарвозалари ўрнатилди. 10 дона СНП 500/10 маркали насос ва 10 дона ток берувчи трасформаторлар тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, корхона ҳисобидан 2 дона СНП 500/10 маркали янги насослар ўрнатилди. Шу боис суғориш тизимида муаммолар йўқ. Ишчи ва хизматчиларнинг барчаси махсус этик, фонар ва сув тараш учун зарур бўладиган бошқа ашёлар билан таъминланган.

Масалан, Касби туманидаги пудратчи Ғайбулла Ҳайдаров даласида ҳам айни кунларда иш қизғин. 52 гектар майдонда парваришланаётган ғўзалар баравж ривожланмоқда. Боиси далада ишлар тизимли йўлга қўйилган. Ҳозир бригадир пахтага иккинчи сувни олган. Бир текис эгатларда маҳаллий ўғит аралаштирилиб, шарбат усулида оқизилаётган сув қийналмай юрмоқда.

— Меҳнат қилган, албатта, барака топади, — дейди Ғ.Ҳайдаров. — Экиш мавсуми бошлангандан буён дала шийпонига оилавий кўчиб келганмиз. Шу ернинг ўзида икки маҳал иссиқ овқат ташкил қилинган. Ўтаётган ҳар бир кун ғўза ривожи учун муҳим. Шунинг учун кечаю кундуз ишлаяпмиз. Ойлик маошлар вақтида тўланмоқда. Ҳозир ғўзаларимиз 12-13 тагача кўсак солди. Насиб этса уларнинг сони 20 донадан ошса, кутилган натижани беради. Ҳосил чўғи баланд бўлади. Кластер усулида ишлаш бизга жуда маъқул бўлди. Илгари техника, минерал ўғит, ёқилғи, сув масаласи бўйича жуда овора бўлар эдик. Далада иш қолиб, ўша муаммоларни ҳал қилиш билан банд бўлиб қолардик. Натижада ҳеч бирини вақтида амалга ошира олмасдик. Ҳозир эса ҳаммаси муҳайё. Фақат ишлаш керак.

Кластер усули жорий этилиши одамларимизнинг ерга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирмоқда. Бунга доимий иш ўрни ҳамда моддий манфаатдорликни таъминлаш орқали эришилмоқда. Муҳими, хом­ашёни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот тайёрлаш ва уни экспорт қилишдан катта даромад олишдир.

Корхона жамоаси ғалладан бўшаган майдонларга 2020 йил ҳосили учун ерларни тайёрлаш ишларини ҳам бошлаб юборган. Шунинг учун ҳозирда 4 та хориждан келтирилган замонавий лазерли дилнабаза ерларни обдон текислаш ишларини олиб бормоқда. Улар орқали жорий йилда 400 гектар ерни текислаш режалаштирилган. Чунки ер қанчалик текис бўлса, самарадорлик шунча юқори бўлади.

Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Пахтачиликда қишлоқ хўжалигининг келажаги, унинг иқтисодий самарадорлиги кластерлар билан боғлиқ. Кластерлар аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг «локомотиви» бўлиши керак". Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган бу каби улкан ислоҳотлар одамларни ҳаётдан рози қилиш, юрт фаровонлиги ва равнақи учун хизмат қилиши билан тарих зарварақларидан жой олади.

 

Маъсуджон СУЛАЙМОНОВ,

Ўлмас БАРАТОВ,

ЎзА мухбирлари. 


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: