Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
04.06.2019

ЗИЁРАТ, ДАМ ОЛИШ ВА САЁҲАТ МАҚСАДЛАРИДА ТАШРИФ БУЮРАЁТГАНЛАРГА

арзон ва қулай бўлиши учун туристик объектлар атрофида оилавий уй-меҳмонхоналари ташкил этилмоқда

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан «Дам олиш туризмининг ривожланиши, дам олиш зоналарида яратилган шароитлар» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда республикамиз ҳудудларида аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун дам олиш туризмини ривожлантириш, дам олиш зоналарида зарурий шароитларни яратиш борасида амалга оширилган амалий ишлар тўғрисида маълумотлар берилди.

— Ўтган вақт мобайнида қўмитанинг Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази томонидан дам олиш туризмини ривожлантириш, бу борадаги ишларни тартибга солиш, ташриф буюрувчилар ва туристлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган давлат стандартлари, жумладан, туризм хизматлари, пляж фаолиятига доир талаблар ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, амалиётга киритилди, — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари в.б Саидакбархон Акбаров. — Мазкур стандарт туристлари ва ташриф буюрувчиларга пляж хизматларини таклиф қилувчи тадбиркорлар учун умумий талаб ва тавсияларни белгилайди. Шунингдек, бугунги кунда Тошкент, Навоий, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг сўлим гўшалари, тоғ ёнбағирларида, сув ҳавзалари яқинида жойлашган 4 дам олиш зонаси, 4 кемпинг, 2 туристик оромгоҳ ва 2 ўтовли лагерда давлат стандартлари жорий этилиб, қўмита томонидан тегишли сертификат берилган. Ушбу стандартлар асосида дам олиш зоналарида хавфсизликни таъминлаш, зарур шароитларни яратиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Яна шуни айтиш мумкинки, ҳудудларга зиёрат, дам олиш ва саёҳат мақсадларида келаётган кишиларга янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида уларга арзон ва қулай бўлиши учун туристик объектлар атрофида оилавий уй-меҳмонхоналар ташкил этилмоқда. Ҳозирда республикада фаолият юритаётган ягона реестрга киритилган оилавий меҳмонхона-уйларнинг умумий сони 346 тани ташкил этиб, улардан 245 таси жорий йилнинг январь ва май ойларида ташкил этилган. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, айни кунга қадар фаолияти йўлга қўйилган 79 меҳмонхона-уйлари айнан дам олиш зоналари, пансионат ва санаторийлар атрофида жойлашган.

Бу ҳам ўз навбатида дам олишга келаётганларга хизмат кўрсатувчи маҳаллий аҳоли вакиллари учун қўшимча иш ўринлари яратади, улар турмуш даражаси ошишига хизмат қилади.

— Президентимиз томонидан 2019 йил 2 май куни ўтказилган «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастурини республикамиз ҳудудида амалга ошириш натижадорлиги тўғрисида»ги видеоселектор мажлисида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 13-16 май кунлари қўмитанинг масъул ходимлари ва ҳудудий бўлинмалари вакиллари томонидан ҳудудларда меҳмонлар учун уйлар ташкил қилиш бўйича туман, маҳалла, қишлоқлар кесимида аҳоли билан учрашувлар ташкил этилиб, уларга меҳмон уйларини ташкил этиш тартиблари, туризм соҳасида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун белгиланган имтиёзли банк кредитлари тўғрисида тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўказилди, — дейди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг бошқарма бошлиғи ўринбосари Тўлқин Алиқулов. — Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва 12 вилоятда амалга оширилган тарғибот ишлари натижасида республикамиз бўйича жорий йилнинг 13-18 май кунлари 49 оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилиб, ягона реестрга киритилди.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда республика миқёсида 500 дан ортиқ фуқаро оилавий меҳмон уйи ташкил этиш истагини билдирган ва уларга қўмита томонидан зарурий методик кўрсатмалар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Дам олиш зоналари ва санаторийларда туристик хариталарни ўрнатиш, ҳудудларнинг туризм салоҳиятини кўрсатувчи тарқатма материалларни жойлаштириш бўйича ҳам ишлар бошлаб юборилди. Масалан, Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган «Омонхона» санаторийсининг кириш жойида «Бойсун туманининг туристик салоҳияти» харитаси ўрнатилди. Бошқа ҳудудлар кесимида ҳам шундай хариталар тайёрланмоқда. Шунингдек, Тошкент вилоятидаги «Чорвоқ» эркин туризм зонаси, Наманган вилоятидаги «Нанай» кичик туризм зонаси, Сурхондарё вилоятидаги «Зовбоши» туризм зоналарининг ишга туширилиши билан аҳолининг дам олиши учун янги йўналиш ва қулайликлар яратилади.

Тадбирда мутахассислар томонидан келгусида республикамизда дам олиш туризмини янада ривожлантириш учун тарғибот-ташвиқот ишларининг қамрови кенгайтирилаётгани, туризм ахборот марказлари ташкил этилаётгани, йўл кўрсаткичлари ва туристик хариталарни ўрнатиш бўйича ишлар давом эттирилаётганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

 

Сарвиноз ЖУМАЕВА


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: