Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    May 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
16.04.2019

Одамлар саломатлигида иқтисодиётнинг ўрни

 қай даражада муҳимлигини ривожланган мамлакатлар тажрибасидан ҳам кўриш мумкин

Ҳаёт даражасининг инсон саломатлигига, дунёқарашига, кайфиятига таъсири ҳақида жуда кўп гапириш мумкин. Келинг, ушбу омилни соғлиқни сақлаш тизими билан боғлиқ жараёнлар мисолида кўриб чиқайлик. Бу борада ўтган йиллар давомида амалга оширилган кенг кўламли ишлар жорий йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилмокда. Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йилида соғлиқни сақлашга йўналтирилиши кўзда тутилган маблағлар 11 триллион сўмдан иборат бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан тахминан 20 фоизга кўпдир. Шунга қарамасдан, жойлардаги ҳолат сиёсий партиялар фаоллари ва депутатлардан иборат ишчи гуруҳлар томонидан мониторинг қилинганда соҳада ечилмаган муаммолар борлиги аниқланмоқда. Шу ўринда аҳоли саломатлиги даражасини белгилайдиган, оғир касалликларнинг пайдо бўлиши ва ёшлар ўртасида тарқалишига сабаб бўлаётган баъзи бир омилларга иқтисодий таҳлил нуқтаи назаридан ёндашиб кўрайлик. Нега деганда барча мамлакатлардаги ижтимоий ҳолат иқтисодий тараққиёт даражасига боғлиқ.

ЮНИСЕФ халқаро ташкилотининг хулосаларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг тўртдан бир қисми ўзининг кундалик эҳтиёжларини паст даражадаги даромад ҳисобига қондирар экан. Хўш, бу маблағлар мавжуд нархлар доирасида инсон организмини етарли даражада оқсиллар, углеводлар, витаминлар билан таъминлашга хизмат қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари, дориворлар ва гигиеник товарлар сотиб олишга етадими?

Юқоридаги рақамлар мағзини чақиб кўрсангиз мамлакатимизда қон айланиш тизими касалликларидан вафот этганларнинг кўрсатгичи нима учун юқори эканлигини тушуниб оласиз. Бир ёшгача бўлган болаларнинг ўлимига асосий сабаб перинатал даврида содир бўлган ҳолатлардан, биринчи навбатда аёлларнинг камқонлигидан келиб чиқишини ҳам тушуниш қийин эмас. 12 йил аввал республикамиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларига бағишланган йиғилишда республика аҳолисининг энг кўп ва энг кам даромадларга эга қатламларининг фарқи 9 бараварга етганлиги тўғрисида маълумот берилган ва айрим чоралар белгиланган, бир неча йиллар давомида муайян даражада ижобий натижаларга эришилган ҳам эди. Аммо жаҳон молиявий инқирозининг янги силкиниши таъсирида 2014 йилдан бошлаб мамлакатимизга меҳнат муҳожирлари томонидан жўнатиладиган пул ўтказмалари кескин камайди, бу эса даромадлардаги табақаланишни қайтадан кучайтириб юборди. Бугунги кун нуқтаи назаридан даромадлар ўртасидаги фарқни бартараф этишга қаратилган эътибор талаб даражасидами ёки йўқми деган савол кўпчиликни қизиқтириши шубҳасиз. Албатта, давлат томонидан ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган аниқ чоралар белгиланган, фақат улар етарли даражада ишлаши лозим.

Ғалла етиштириш борасида етакчи мамлакатлар олимлари буғдойнинг ўртача ҳосилдорлиги 30-35 центнердан ошса, унинг таркиби бузилиши ва сифати пасайишини таъкидлашади. Бизлар эса ҳаттоки энг паст табиий унумдорликка эга бўлган ерлардан кимёвий воситалар ёрдамида икки баравар кўпроқ ҳосил олишга ҳаракат қиламиз. ...Ёнида ёш боласи бор ҳашарчи аёл фермердан иш ҳақи эвазига картошка бера қолинг, деб илтимос қилди. Унинг жавоби бундай бўлди: «Синглим, сизнинг ёрдамингиз туфайли ҳосилни ўз вақтида йиғиб олдим, мен сиздан миннатдорман, лекин пул эвазига картошка олишингизни раво кўрмайман. Ҳосил яхши бўлиши учун мен бор пулимга кимёвий воситалар сотиб олиб ерга солдим ва мен унинг таркибида крахмалдан кўра заҳарли моддалар кўпроқлигини биламан. Қариндошларим ёки қўшниларим касалликка учрамаслиги учун мен бу картошкаларни иложи борича узоқроқ жойларга жўнатишим керак...»

Деҳқончилик қилинадиган майдонларда кимёвий воситалардан фойдаланиш меъёрлари илмий жиҳатдан нечоғлик асосланган ва кўпчилик ҳолатларда агрономсиз фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликларида агротехник қоидаларга риоя қилиш талаблари қай тарзда ва ким томонидан назорат қилинади? Модернизацияга муҳтож кимё заводлари томонидан ишлаб чиқарилаётган минерал ўғитлар қай даражада стандартлар талабига мос келади? Бундай ҳолатлар нафас олиш ва овқат ҳазм қилиш органлари касалланиши, аллергик касалликларнинг тарқалишига асосий сабаб бўлиб хизмат қилмаяптими?

 Тан олиш керак, бозорларимиздга санитария-гигиена назорати кучайтирилганлигига қарамасдан инсон саломатлигига хавф туғдирадиган чорвачилик маҳсулотларининг кириб келиш эҳтимоли катта. Чорвачилик комплекслари ҳудудига махсус кийимсиз кириш мумкин эмаслигини кўпчилик жуда яхши билади ва уларда етиштириладиган маҳсулотларнинг сифатлилиги шубҳа остида бўлиши мумкин эмас. Фақат 10 миллион бошдан зиёд қорамол 3 миллионга яқин оилада боқилаётганини инобатга олсак, улардаги шароит санитария-гигиена талабларига тўла мос келишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Хусусий секторда ветеринария хизмати мутахассислар етишмаслиги туфайли талаб даражасида йўлга қўйилган, деб бўлмайди. Деҳқончилик маҳсулотларини интенсив кимёвий йўл билан кўпайтириш фаолиятидан воз кечиш ва дунёда юз бераётган тенденциялар талабларига мос шароитлар яратиш, юқори улушга эга бўлган ва якка тартибда амалга оширилаётган чорвачилик соҳасини интенсив технологияларга асосланиб янгича ташкил этиш — жамиятимиз олдида турган энг долзарб вазифалардан биридир. Акс ҳолда давлат бюджетидан соғлиқни сақлашга йуналтирилаётган маблаглар миқдоридан қатъи назар, соҳада сезиларли ўзгаришлар юз бериши амри маҳол бўлиб қолаверади. Туризм соҳасини ривожлантиришда ҳам ушбу муаммоларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга, нега деганда япониялик сайёҳлар қўлидаги назорат асбоби билан мева ва сабзавотларни текшираётганига кўпчилигимиз гувоҳи бўлганмиз.   

Лекин аҳоли саломатлигини ифодалайдиган вазифа бу билан чекланмайди, жамиятимиз олдида ўз ечимини кутаётган бошқа муаммолар ҳам бор бўлиб, улардан бири аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашдир.

Республикамизнинг айрим аҳоли зич жойлашган туманларида ушбу кўрсатгич 30-35 фоиздан ошмайди. Халқимизни ўтмишда ушбу бирламчи эҳтиёжини тўлақонли қондириш учун чорак асрга тенг муддат етмаган бўлса-да, ҳозирги инвестицион имкониятлардан келиб чиқиб, ушбу долзарб масала кўпи билан тўрт-беш йил ичида ҳал этилиши мумкин. Иқтисодий тил билан айтганда, сув таъминотини яхшилашга қанча кўп маблағ сарфланса, соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилаётган маблағлар ундан ҳам кўп миқдорда тежалиши муқаррар. Албатта, ушбу жараён комплекс ёндашувни талаб этади. Бунинг учун тежамкор замонавий технологияларни жорий этиш билан бир қаторда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини жойлаштириш тизимини маркетинг тадқиқотлари ёрдамида тубдан ўзгартириш ва тоза ичимлик сувини деҳқончилик фаолиятида иложи борича камроқ сарфлашга тўғри келади.

Шу ўринда узоқ йиллар давомида каттароқ майдонларда боғ ва токзорлар яратишни инкор этиб улкан йўқотишларга йўл қўйганимизга эътибор қаратмоқчиман. Нега энди ҳозир ҳам юқори талабга ва нарх нуқтаи назаридан юқори рентабелликка эга бўлган маҳсулотлар етиштиришни кенгайтиришга жадаллик билан киришмасдан иккиланиб қоляпмиз? Наҳотки шу пайтгача айнан ҳўл ва қуруқ мевалар, ҳўл ва қайта ишланган узумнинг Ўзбекистон учун рақобатбардошлиги бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан кўра юқорироқ даражада эканлигини тушуниб етмаган бўлсак? Эътиборга молик томони шундаки, аҳолимиз ва давлат бюджети юқори даромадларга эришишидан ташқари бундай ёндашув натижасида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласига тезроқ ечим топилади, болаларимиз эса арзон ва витаминларга бой бўлган маҳсулотлардан етарли даражада баҳраманд бўлади.         

Ўзбекистонда яқин 10 йил ичида дунёнинг 50 рақобатбардош мамлакати қаторидан жой олиш мақсадида амалий ишлар бошланди. Сир эмаски иқтисодий фаолиятда инсон омили жуда муҳим роль ўйнайди. Шу ўринда мамлакатимиз реал секторининг ҳар бир соҳаси жисмонан бақувват ва ақлан етук малакали кадрлар билан таъминланиши ҳозирги замоннинг энг муҳим талабидир. Ҳеч шубҳа йўқки, инсон организми рационал тарзда керакли моддалар билан тўйинтирилмаса, бу физиологик жараёнларга, жумладан, ақлий ва жисмоний фаолиятга салбий таъсир кўрсатади. Инфляцияни жиловлаш йўли билан аҳолини арзон ва сифатли кундалик эҳтиёж моллари билан рационал тарзда таъминлашга эришсак, ёшларимиз мамлакатимизга тобора жадаллик билан кириб келаётган замонавий технологияларни тезроқ ўзлаштириб, чет элларда оғир жисмоний фаолият ўрнига тадбиркорлик, ижодкорлик ва бошқарув фаолияти билан шуғулланадиган бўлади.

Президентимиз аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган балиқчилик соҳасини бежизга жадаллик билан ривожлантиришга кучли эътибор бермаётир. Бошланган кенг кўламли ишлар мантиқий якунини топса, балиқнинг нархи чорва гўшти нархидан 4-5 баравар фарқ қиладиган ва аҳолининг барча қатламлари балиқ сотиб олишга қурби етадиган бўлади. Нима сабабдан интенсив технологиялар ёрдамида нафақат балиқ, балки бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришни кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг ижобий натижалари яққол сезилмаяпти, деган савол туғилиши табиий. Гап шундаки, мамлакат миқёсида савдо фаолиятини тартибга соладиган ва мувофиқлаштирадиган бошқарув органини ташкил этиш масаласига эътибор қаратиш пайти келди. Шу йўл билан ҳам четдан импорт қилинадиган ва маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқариладиган истеъмол товарларини аҳолига тизимли тарзда етказиб беришга, ҳам маҳсулотлар сифатининг назорати ва нарх-навони тартибга солишни тубдан яхшилашга эришиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, меҳнат ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш ишчи-ходимлар, айниқса, ёшлар ва аёллар саломатлигига кучли таъсир этадиган омиллардан бири. Охирги йилларда хусусий тадбиркорликни амалга ошириш борасида давлат томонидан катта эркинликлар берилди. Шу билан бирга, иш режимига, техника ва меҳнат хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш жамият назоратидан четда қолиб кетмоқда. Ҳафтада 40 соат ўрнига 50-55 соат, кечаси билан 8 соат эмас 12 соат эскирган, шовқин ва чанг чиқариш меъёрларига жавоб бермайдиган, экологияни бузадиган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган корхоналарда ёш қизларимизнинг ишлаши уларнинг репродуктив саломатлигига салбий таъсир кўрсатади.

 Собиқ Иттифоқ даврида бу ишлар касаба уюшмаларининг зиммасига юкланган эди, бозор иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда улар ҳозиргача ушбу жараёнлар назорати борасида масъул бўлиб келмоқда. Бизда бу камчиликларнинг назоратида вужудга келган бўшлиқни қонунчиликни такомиллаштириш йўли билан тезда бартараф этиш мақсадга мувофиқдир.

Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш инсон саломатлигини яхшилаш борасида қанчалик муҳим эканлигини барчамиз яхши тушунамиз. Ҳаммага аёнки, нафақат шахсий енгил автомобиллар, балки жамоат транспортидан фойдаланишдан кўра велосипедда ҳаракатланиш исбот талаб этмайдиган афзалликларга эга. Фақат ушбу ҳаракатланиш воситасининг нархи юқори эканлиги сабабли муайян муаммолар вужудга келмоқда. Шундай экан, велосипедлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини кенгайтириш ёрдамида ушбу транспорт воситасидан фойдаланиш қамровини кенгайтириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.

 Хулоса сифатида таъкидлаш жоизки, аҳоли саломатлигини яхшилаш учун фақат соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун иқтисодий фаолият самарадорлигини яхшилаш ҳисобига аҳолининг тўлов қобилиятини ошириш, даромадлар табақаланишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, инфляцияни жиловлаш йўли билан аҳолининг барча қатламлари учун муносиб ҳаёт кечиришни таъминлайдиган шароитлар яратиш лозим. Мамлакатимизда халқ фаровонлигининг реал ҳолатини аниқлаш, биринчи навбатда, статистика фаолиятидаги шаффофликка, таҳлилий фаолият тўғри йўлга қўйилганлигига боғлиқ. Бунинг учун республика аҳолиси сонига аниқлик киритиш, унинг асосида ижтимоий соҳадаги мавжуд муаммолар ечими кетма-кетлигини аниқлаш, давлат бюджети имкониятларини уларга мослаштириш муҳим аҳамиятга эга. Шу билан бирга, давлат бошқаруви самарадорлигини белгилайдиган асосий омил — илм-фанга таянган ҳолда ижтимоий ва иқтисодий фаолият ўртасида мустаҳкам кўприк қуришга эътиборни кучайтириш лозим.

 

Илҳом ВАФОЕВ,

иқтисодий шарҳловчи.



DB query error.
Please try later.