16.04.2019

ИЖТИМОИЙ СЎРОВНИНГ МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИДАГИ РОЛИ ҚАНДАЙ?

Бозор иқтисодиёти шароитида барча демократик мамлакатларда аҳолини ўйлантираётган долзарб масалалар бўйича мунтазам равишда ижтимоий сўровлар ўтказиб борилади. Бу орқали жамиятдаги турли тоифаларнинг воқеа-ҳодисаларга муносабати аниқланиб, тегишли хулосалар чиқарилади, муҳим чора-тадбирлар белгилаб олинади. Шу маънода, Президентимизнинг 2019 йил 22 февралдаги «Социологик тадқиқотлар ўтказишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони Ўзбекистонда социологик фанлар ривожини, ижтимоий тадқиқотлар даражасини янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.

Биринчидан, ушбу ҳужжат асосида «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ташкил этилиб, унинг зиммасига фуқаролар дунёқарашини шакллантиришнинг асосий йўналишларини, уларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ахлоқий, ҳуқуқий онги даражасини белгилаш, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ҳолати ва динамикаси тўғрисида, аҳолининг ижтимоий фикри ҳақида ишончли ахборотни тарқатиш вазифаси юклатилган. Шунингдек, бу ҳужжатда хорижий тадқиқотчилик амалиётида фаол фойдаланиладиган ва замонавий ахборот ёндашувларига таянадиган социологик тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш техникаси ва технологияларини ишлаб чиқиш, мослаштириш, татбиқ этиш ва уларнинг кенг усулларини қўллаш, жамоатчилик фикрини ўрганишнинг методологик асосларини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини ҳам таъкидлаш лозим.

Иккинчидан, фармонда «Ижтимоий фикр» марказининг моддий-техник базасини, соҳанинг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, ходимлар меҳнатини рағбатлантириш масалаларини ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, Марказнинг раҳбар ва илмий ходимларига бюджет маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишлар, илмий-техник дастурларни амалга оширишда иштирок этадиган илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ва раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш миқдори ҳамда шартларини, Марказнинг бошқа ходимларига эса Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига идоравий мансуб муассасалар учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларини татбиқ этиш белгиланган. Шунингдек, Марказни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан таъминлаш тартибини жорий этиш зарурлиги қайд этилган.

Марказга телефон ва Интернет тармоғи орқали ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва мамлакатимиз ҳаётининг бошқа йўналишларига доир долзарб жорий масалалар юзасидан аҳоли ўртасида блиц-сўров ўтказиш учун call-марказини ташкил этишда амалий ва техник ёрдам кўрсатиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни мониторинг ва таҳлил қилиш мақсадида Марказнинг «Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси»,«Қўнғироқларни қайта ишлаш маркази» ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг ахборот тизимлари фаолиятига доир статистик ва бошқа ахборотлардан фойдаланиши белгилангани ҳам Марказ фаолияти учун катта имкониятлар яратади.

Учинчидан, «Ижтимоий фикр» маркази томонидан ўтказиладиган социологик сўров ва тадқиқотлар натижаларидан амалиётда фойдаланиш йўллари ва усуллари белгилаб берилган. Жумладан, бу натижаларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида мунтазам муҳокама қилиш ва улар бўйича зарур чора-тадбирлар кўришни амалиётга жорий этишга эътибор қаратилган. Бундан буён Марказ томонидан ўтказилган социологик сўров натижалари оммавий ахборот воситалари, марказий давлат телеканаллари, босма нашрлар ва Марказнинг веб-сайтида доимий равишда ёритиб борилади. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида «Ижтимоий фикр» рукнида кўрсатувлар бериб борилади. Бу эса нафақат раҳбар ва масъул ходимлар, балки ҳар бир Ўзбекистон фуқароси халқнинг ижтимоий кайфиятидаги ўзгаришлардан вақтида хабардор бўлиб боришини таъминлайди. Натижада одамларнинг сиёсий онги ва тафаккури, фуқаролик позицияси янада ортиб боради.

Тўртинчидан, фармонда Ўзбекистон социология фани ривожини янги босқичга кўтариш, бу борада кадрлар тайёрлаш сифати ва даражасини ошириш бўйича аниқ ва самарали тадбирлар белгиланган.

Шунингдек, тегишли олий таълим муассасаларида янги ўқув йилидан бошлаб социология ва социологик тадқиқотлар кафедраларини очиш кўзда тутилаётгани ҳам ушбу илм-фан йўналишида янги тарихий қадам бўлади.

2019-2020 ўқув йилидан бошлаб «Ижтимоий фикр» марказининг буюртманомаларига кўра, мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари талабалари, шу жумладан, Тошкент давлат иқтисодиёт университетида «Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси» таълим йўналиши ва «Демография. Меҳнат иқтисодиёти» магистратура мутахассислигида таҳсил олувчи талабаларни 2019-2020 ўқув йилидан бошлаб Марказга мунтазам юборилиши назарда тутилаётгани бўлғуси социолог кадрлар ва олимларда амалий билим ва кўникмаларни, ҳаётий тажрибани оширишда ғоят муҳим аҳамиятга эгадир.

Юртимизда социология соҳасида янги тузилма – Ўзбекистон социологлари ассоциацияси ташкил этилаётгани ижтимоий-сиёсий ҳаётимиздаги муҳим воқеадир. Чунки бу соҳа ривожи ва ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган олим ва мутахассислар фаолиятига ҳеч қачон бунчалик катта эътибор берилмаган. Фармонда ушбу ташкилотнинг фаолият йўналишлари ҳам аниқ белгилаб берилган. Айниқса, олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларига социология фанидаги энг янги ютуқларни ва социологик тадқиқотлар ўтказишнинг инновацион ёндашувларини жорий этиш бўйича улар билан ҳамкорлик қилиш, халқаро ва хорижий социологлар ассоциациялари билан ҳамкорлик қилиш, сифатли социологик ишларни, жумладан, хорижда ўтказиш мақсадида консорциум ташкил этиш, Халқаро социологлар ассоциациясига аъзо бўлиш, бутун жаҳон социологик конгресслар ва форумларда иштирок этиш каби вазифалар белгилангани келгусида Ўзбекистон социология фани ҳам жаҳон миқёсига кўтарилишига қаратилган ғоят дадил ва истиқболли режалардир.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети Меҳнат иқтисодиёти ва социологияси кафедрасида ўқитиладиган «Меҳнат социологияси», «Меҳнат бозори иқтисодиёти» ва «Демография» фанларининг ўқув дастурларига социология фанидаги энг янги ютуқларни ва социологик тадқиқотлар ўтказишнинг инновацион ёндашувларини жорий этиш бўйича ташкил этиладиган Ўзбекистон социологлари ассоциацияси билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилди.

Маълумки, социологик фан ютуқлари бошқа ижтимоий фанлар, жумладан, иқтисодий билимлар ривожида ҳам муҳим роль ўйнайди. Шу маънода, Президентимизнинг мазкур фармони мамлакатимизда ижтимоий фикр ривожини ўрганиш, социологик йўналишдаги фанлар ривожини янги босқичга кўтариш билан бирга доимо ана шу илм-фан тармоқлари билан яқин ҳамкорлик қилиб келадиган иқтисодиёт фанлари юксалишига ҳам туртки беради. Шунинг учун мазкур фармонда белгилаб берилган барча муҳим топшириқ ва кўрсатмаларни амалга оширишда фаол иштирок этиш – барчамиз учун долзарб вазифа, деб ўйлайман.

 

Гулнора АБДУРАҲМОНОВА,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, иқтисод фанлари доктори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: