Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
02.04.2019

БУЮК КЕЛАЖАК САРИ

ёки Ўзбекистон иқтисодиётида юз бераётган жараёнлар тўғрисидаги мулоҳазалар

Давлатимиз раҳбарининг олий даражадаги талабчанлиги ва шижоати, кундан-кунга кенгайиб бораётган ошкоралик муҳити, статистик фаолиятни шаффофлик тамойили асосида амалга оширишдаги биринчи қадамлар ҳамда ОАВнинг замон билан ҳамнафас фаолият кўрсата бошлаши таъсирида иқтисодий ривожланишдаги мавжуд салоҳиятнинг янги-янги қирралари рўёбга чиқмокда. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 8 фоиз эмас, 5 фоиз, яратилаётган янги иш ўринлари 1 миллионта эмас, 370 мингта, йиллик инфляция даражаси «прогноз параметрлари доирасида», деган мавҳум ибора ўрнига аниқ фоизлар билан ифода этилиши Ўзбекистоннинг очиқ мамлакатга айланаётганини кўрсатди ва инвестицион жозибадорликни ошира бошлади. Шундан келиб чиқиб, бугун олдимизда турган энг долзарб вазифа — вужудга келаётган янги имкониятлардан самарали фойдаланиб, аҳолининг барча қатлами турмуш фаровонлиги тубдан яхшиланишига эришишдир.

Мамлакатимизда 2016 йилнинг охирида бошланган кенг қамровли ислоҳотлар 2018 йилда ҳам изчиллик билан давом эттирилди. Давлат буюртмаси асосида харид қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархлари фермер хўжаликлари самарали ишлашини таъминлайдиган даражагача оширилди, молиявий оқимлар изчиллик билан энергетика соҳасини керакли инвестицион манбалар билан таъминлашга йўналтирилди, туристик фаолиятни халқаро стандартлар талабига мослаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар бошланди. Инновацион ғоялар, илғор технологияларни йирик ишлаб чиқаришлар ва хусусий тадбиркорлик фаолиятига жадаллик билан жалб этилиши натижасида ЯИМнинг йиллик ўсиши 5,2 фоизни ташкил этди. Иқтисодий таҳлил ўсиш суръатлари бундан ҳам яхшироқ бўлиши мумкинлигини кўрсатмокда. Шу нуқтаи назардан жорий йилнинг 20 март куни мамлакатимиз Президенти раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда янги йил бошидан амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий вазифалар, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳолати чуқур таҳлил этилди ва қилинаётган ишлар қониқарсиз, деб топилди. Жорий йилда ўтган йилга нисбатан мамлакатимиз иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни икки баравар (маротаба) кўпроқ жалб этиш мақсад қилиб қўйилган. Бундай улкан натижага эришиш йўлидаги камчиликларни тезлик билан бартараф этиш мақсадида мутасадди раҳбарлар жиддий огоҳлантирилди ва улар зиммасига аниқ вазифалар юкланди. Уларнинг моҳиятини қуйидагича ифодалаш мумкин... Қандай йўл тутсак, Халқаро Савдо Ташкилоти тамойилларига риоя қилган бўламиз, самарали инвестицион фаолият ёрдамида ички бозорни маҳаллий товарлар билан тўйинтириш, инфляцияни жиловлаш ва меҳнат бозоридаги кескинликни юмшатишга эришамиз? Албатта, ушбу саволлар ечими турли поғонадаги давлат бошқаруви органларидан олий даражадаги сафарбарликни талаб этади.

Нима сабабдан стратегик ҳамкор мамлакатлар, халқаро молия ташкилотлари томонидан таклиф этилаётган инвестицияларни ўзлаштириш даражаси кўнгилдагидек бўлмаяпти деган савол устида бизлар ҳам фуқаролик позицияда туриб мулоҳаза юритишга ҳаракат қилиб кўрайлик.

Дунё иқтисодиёти амалиётидан маълумки, хорижий инвестициялар оқимининг узлуксиз кўпайиб бориши иккита ўта муҳим омилга, биринчидан, мамлакат аҳолисининг тўловчанлик қобилияти (бошқача қилиб айтганда, ички бозорнинг сиғими)га ва иккинчидан, ишлаб чиқарилиши мўлжалланган маҳсулотларнинг рақобатбардошлигига боғлиқ. Макроиқтисодий қарорлар шуларни инобатга олиб қабул қилинса, инвестицион фаолият самарадорлигини ошириш жараёни осон кечади. Мамлакатимиз аҳолисининг тўловчанлик қобилиятидаги тенденцияни қуйидаги рақамлар билан изоҳлаш мумкин: «кun.uz» сайтининг маълумотига кўра, мамлакатимизга хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимиз томонидан 2018 йилда 4,0 миллиард долларга яқин маблағ жўнатилган, бу аҳоли умумий пул даромадларининг тўртдан бир қисмини ташкил этади ва 2,0 миллионга яқин оилага тегишлидир. Ушбу кўрсаткич тўрт йил илгари 5,6 миллиард долларга тенг эканлиги, 8-10 йил илгари эса унинг умумий ҳажми 10 миллиард доллардан кам бўлмаганлигини инобатга олсак, ички бозор кенглигини белгилайдиган ушбу инвестицион манбага етарли эътибор берилмаслиги ва иккинчи даражали масала сифатида қаралишини тушуниш қийин.

Ўтган йиллар давомида халқаро бозорларга тайёр маҳсулот билан кириб бориш йўлида учратган қийинчиликларимиз тажрибаси асосида рақобатбардошликни таъминлаш учун маҳсулотларнинг бозор нархи бошқа мамлакатларникидан пастроқ, сифати эса яхшироқ бўлиши шартлигини, бунга эса биринчи навбатда эркин рақобат ва юқори малакали кадрлар ёрдамида эришиш мумкинлигини яхши тушуниб олдик. Сир эмаски, бундай муҳитнинг яратилиши муайян вақт талаб этади.

Марказлашган, давлат мулки ҳукмронлик қиладиган иқтисодий тизимни бозор иқтисодиёти тизимига трансформацияланиши даврида ҳам самарали ишлаб чиқаришни таъминлайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш ва, қайсидир маънода, айнан шу шароитда, яхши натижаларга эришиш мумкин. Бунинг учун турли поғонадаги менежерлардан чуқур иқтисодий билим, халқимиз манфаатларига нисбатан содиқлик ва кучли ирода талаб этилади. Илғор технологиялар ва илм-фанга таянган ҳолда маҳсулот сифатини яхшилаш ва меҳнат унумдорлигини ошириш, бунга қўшимча тарзда энергия, транспорт, бошқарув харажатларини тежаш йўли билан маҳсулот тан-нархини пасайтириш ва юқори рентабелликка эришиш, кредит ресурсларини ўта эҳтиёткорлик билан жалб этиш ва бошқа шунга ўхшаш омиллардан ишлаб чиқариш фаолиятининг турли соҳаларида фойдаланиш мумкин.

Масаланинг долзарблиги ва         Ўзбекистон иқтисодиётининг ўзига хос томони шундаки, саноат ва бошқа тармоқларнинг ривожланиши, уларнинг молиявий ҳолати аграр соҳага бориб тақалади. Модомики шундай экан, ушбу соҳа бутун миллий иқтисодиётимизнинг самарадорлигини белгилаб берадиган соҳа сифатида изоҳланади.

Тан олиш керак, ўтган йили қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари муайян натижаларга эришиш билан бир қаторда яратилган катта имкониятлардан фойдалана олишмади, бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор, албатта. Энг катта сабабларидан бири фермер ва деҳқон хўжаликларини сув таъминоти билан боғлиқ қонунчилик талаб даражасида такомиллаштирилмаганлиги билан боғлиқ. Бундан ташқари, тегишли вазирликлар ва маҳаллий ҳукумат органлари ўртасида бошқарув функциялари алоҳида қилиб белгиланмаганлиги туфайли ҳисобот йилида ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулоти тахминан 600 миллион долларга (эквивалент суммада) кам етиштирилди. Шубҳасиз, бу йўқотишлар жорий йилда мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигига, айниқса, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати корхоналарининг моддий таъминоти ва инвестицион фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Енгил ва озиқ-овқат саноати ички бозорни истеъмол товарлари билан таъминлашда, ташқи бозорларни эгаллашда, аҳоли бандлигини таъминлашда реал секторнинг энг муҳим ўринга эга бўлган тармоқларидир. Шу борада инвестицион фаолиятга салбий таъсир кўрсатишни бошлаган жиддий бир масалага эътибор қаратмоқчиман. Статистик маълумотлардан маълум бўлдики, 2018 йилда Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан амалга оширилган ташқи савдосида экспортдан кўра, импортнинг ўсиш суръатлари юқорироқ даражада бўлган. Янги йилдан бошлаб бизлар кичик корхоналарнинг аксариятини умум белгиланган солиқ тўлаш тизимига ўтказдик, жумладан, уларга нисбатан ҚҚСнинг ставкаси 20 фоиз даражасида белгиланди, қўшни мамлакатларда эса 12 фоизлик ставка сақланиб қолинди. Бундан ташқари, қўшнилар меҳнат сиғими юқори бўлган, яъни аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қиладиган соҳаларда табақалашган молиявий дастаклардан фойдаланишни афзал кўришади. Натижада уларда ишлаб чиқариладиган халқ истеъмоли товарлари бизникига нисбатан арзон ва сифат жиҳатидан қолишмайди, бу эса Ўзбекистон маҳаллий ишлаб чиқарувчилари учун бундан кейин ҳам турли муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Хулоса шуки, токи бизлар ҳам эгилувчан иқтисодий дастаклардан фойдаланиш йўлига ўтмас эканмиз, инвестицион фаолият ҳам, ички бозорни истеъмол товарлари билан тўйинтириш ва ташқи савдо фаолиятидаги муаммолар ҳам сақланиб қолаверади. Биринчи чорак, кечи билан ярим йилликнинг якунларига қараб ҚҚС, мулк ва ер солиқларининг иқтисодий фаолият, жумладан, ички инвестицион фаолиятга таъсири ҳар томонлама чуқур таҳлил этилса ва тегишли қарорлар қабул қилинса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шулардан келиб чиқадиган ва инвестицион фаолият билан чамбарчас боғлиқ бўлган айрим масалаларга эътибор қаратмоқчиман.          

1. Жорий йилда ҳам давлат буюртмаси асосида яратилиши кўзда тутилган янги иш ўринлари сони билан меҳнат бозорига кириб келаётган аҳоли сони ўртасида катта фарқ мавжуд. Вужудга келаётган вазиятга томошабин сифатида қараш инсофдан эмас, нега деганда, жорий йилдан бошлаб ўтмишда ижтимоий соҳаларда пайдо бўлган номутаносибликлар имкон қадар бартараф этилиши лозим. Бунинг учун чуқур маркетинг тадқиқотлари ёрдамида экспорт қилинаётган хомашё (мис, олтин, пластмассалар, тери, жун, пилла ва бошқалар)ни тайёр маҳсулотга айлантиришга хизмат қиладиган ва ҳар томонлама асосланган жозибали лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва хорижий инвесторларга тақдим этиш лозим. Қўшни мамлакатлар билан ҳамкорликни жадаллаштириш, улар ҳудудида қўшма, айниқса, энергия сиғими юқори бўлган ишлаб чиқариш корхоналарини очиш бўйича таклифларни илгари суриш мақсадга мувофиқдир.

2. Гўшт, сут ва жунни етиштириш ва қайта ишлаш анъанавий тарзда қишлоқ аҳолиси ҳаёт фаровонлиги, шу билан бирга, ички бозор кенглигини белгилаб берадиган асосий йўналишлардан бири эканини кўпчилик яхши тушунади. Ушбу маҳсулотларга ички бозорда талаб қанча кучли бўлса, экспорт салоҳияти ҳам бундан кам эмас. Маълумки, сут ва гўштнинг кўпи билан 5 фоизи саноат йўли билан қайта ишланади ва шундан кўриниб турибдики, бу соҳага инвестицияларни жалб этиш ва аҳоли бандлигини таъминлашда катта имкониятлар мавжуд. Фақат нозик томони шундаки, йирик шохли қорамолнинг атиги 6 фоизи ташкилий сектор, қолган қисми эса деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларининг тасарруфида. Шундай экан, тармоқни ривожлантиришга қаратилган ҳукумат қарорлари ушбу хусусиятни инобатга олган ҳолда қабул қилиниши керак. Янги иқтисодий механизмни ишлаб чиқиш, уни чорвачилик соҳасини йириклаштириш (концентрациялаш) ва ихтисослашишга йўналтирилиши, бутун соҳа учун тегишли озуқа базасини яратиш — бугунги кунда жамиятимиз олдида турган энг долзарб вазифалардан бири сифатида ҳукуматимиз қарорларида ўз аксини топа бошлади, энди гап ижро интизомига.

Статистик маълумотларга кўра, республиканинг жами экин майдони 3,7 миллион гектардан иборат, шунинг 2,5 миллион гектарига пахта ва ғалла, 350 минг гектарига озуқа экинлари жойлаштирилади. Наҳотки, шунча майдондан, бундан ташқари, пахта ва ғаллани қайта ишлаш, такрорий экин сифатида олинадиган маҳсулот мавжуд қорамолларни рационал тарзда озиқлантириш учун етарли бўлмаса? Ёки бу борадаги агротехника амалиётида халқаро тажрибалардан умуман фойдаланилмайди ва илмий ёндашувдан дарак йўқ ёки ташкилий ва таъминот ишлари тизимли йўлга қўйилмаган ёки статистика жаноби олийларининг эски касаллигига чек қўйилган...

Бу борада соҳа мутахассислари ва бошқа манфаатдор шахслар эътиборини қуйидаги таклифларга жалб этмоқчиман: Гап фермер хўжаликлари ва томорқа эгалари томонидан етиштириладиган маҳсулотлар иложи борича бир-бирини такрорламаслиги, шу йўл билан нархлардаги мўътадиллик сақланиши, қилинган харажатлар қопланиши ва муайян рентабеллик таъминланиши, бунинг учун озуқабоп экинлар етиштиришга ихтисослашган хўжаликларни ташкил этиш масаласини алоҳида кўриб чиқиш тўғрисида бормоқда. Ўтган йили йўл қўйилган хатолар такрорланмаслиги учун моддий, жумладан, сув таъминоти, харид қилиш ва молиявий масалалар томонлар жавобгарлигини ифодалайдиган (ўз ичига олган) намунавий шартномалар асосида йўлга қўйилиши лозим.

3. Пахта ва ғалланинг харид нархлари охирги икки мавсум давомида давлат томонидан мос тарзда 2,6 ва 2,0 бараварга оширилди, лекин бу ишлар аграр соҳадаги инвестицион фаолиятга кучли ижобий таъсир кўрсатди, деб айта оламизми? Ҳар йили минглаб пахта терим машиналари ва тракторлар ишлаб чиқарилиши ҳамда фермерларга етказиб берилиши керак эди. Мазкур вазифа қай даражада бажарилди? Бу муаммони чуқур таҳлил қилиб, тагига етиб бормасак ва агар харид нархларини ошириш ишлари шундай давом эттирилса, ун ички бозордаги, текстиль саноатимиз эса жаҳон бозоридаги рақобатга дош беролмасдан, иқтисодиётимизда жиддий муаммолар вужудга келиши мумкин. Тан олиш керак, аграр соҳадаги инвестицион фаолиятнинг самарадорлиги бирламчи ишлаб чиқариш поғонасида реал маълумотлар асосида амалга ошириладиган иқтисодий таҳлилга боғлиқ. Ҳозирча эса ушбу фаолиятда жавоблардан кўра саволлар кўпроқ. Юқоридагиларни инобатга олиб оддий ва аниқ таклиф киритмоқчиман. Пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида мониторинг ўтказиб, экин майдонларига мутаносиб тарзда мажбуран агроном, бухгалтер ва муҳандис лавозимини жорий этиш лозим. Шу йўл билан инвестицион фаолиятда аниқлик пайдо бўлади ва параллел тарзда яқин 5 йил ичида камида 120 минг киши атрофидаги қишлоқ йигит-қизларини олий маълумотли қилиб, уларни доимий иш жойи ва муносиб иш ҳақи билан таъминлашга эришиш имконияти вужудга келади. Ҳозирги хўжалик механизми сақланиб қолаверса, бу ишларни амалга ошириш ҳаттоки кўп тармоқли фермер хўжаликлари раҳбарларининг ҳам парвойига келмайди.

4. Ривожланган мамлакатлар ОАВ дунёга машҳур компанияларнинг молиявий ҳолати, фойда олишдаги тенденцияларни узлуксиз ёритиб туради, нега деганда булар тадбиркорлик фаолиятининг олий мақсадидир. Ўзбекистонда эса бу ишлар бошқарув органлари эътибори доирасидан четда қолиб кетмоқда, десак хато бўлмайди. Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртангазкимё комплекси, Асака ва Самарқанд автомобиль заводлари ва бошқа йирик саноат корхоналарида фойда олиш кўрсаткичлари қандай изоҳланади, акциядорлик шаклида фаолият юритувчи Навоий ва Бекобод цемент заводлари, Халқ ва Саноатқурилиш банклари ва бошқалар ўз таъсисчилари манфаатларини кўнгилдагидек дивидендлар тўлаб қондира оляптими ёки йўқми? Хорижий инвесторни биринчи навбатда ана шу нарсалар қизиқтиради ва агар четдан инвестициялар оқимини кенгайтирмоқчи бўлсак, ривожланган мамлакатларда амал қиладиган тартиб-қоидаларга риоя қилиш йўлига ўтишдан бошқа илож йўқ.

Нима сабабдан узоқ йиллар давомида тўпланган номутаносибликлар охиригача бартараф этилмасдан туриб, янгилари вужудга келяпти, деган савол туғилиши табиий. Нега деганда, бошқарув органлари томонидан тайёрланадиган айрим қарорларда аниқ ҳисоб-китоб етишмайди, жавобгар шахсларни топиш ҳам амри маҳол. Мисол учун, бугунги кунда маҳаллий ва импорт қилинган буғдойдан ишлаб чиқарилган 1-навли уннинг нархидаги фарқ 10-15 фоизни ташкил этади. Янги мавсумдан бошлаб фермерлардан буғдой 1,6 баравар қимматроқ нархда харид қилиниши кўзда тутилган, натижада маҳаллий уннинг улгуржи нархи камида 30 фоизга кўтарилади. Ушбу қарор лойиҳасини тайёрлаш жараёнида маҳсулот рақобатбардошлиги ва ташқи савдо кўрсаткичлари қайси томонга ўзгариши инобатга олинганми? Бу саволга қайси мутасадди шахс жавоб бера олади?!

Реал секторнинг айрим соҳаларида тўпланиб қолган муаммолар кам эмас, улар бошқа соҳалардагига ўхшаб ўз ечимини кутмоқда. Фақат иқтисодий назарияда шундай тамойил ҳукмронлик қилади: эҳтиёжлар чексиз, уларни қондириш учун хизмат қиладиган ресурслар эса чекланган. Шундан келиб чиқиб иқтисодиётимиз белини синдирмаслик учун инвестицион фаолиятга ҳам, ташқи савдо фаолиятига ҳам ўта катта эътибор ва эҳтиёткорлик билан ёндашишимиз, тўпланган муаммоларни эса чуқур ўйлаб, кетма-кетликда бартараф этишимиз лозим бўлади.

Албатта, аграр соҳани ривожлантириш қанчалик муҳим масала бўлмасин, дунёнинг 50 та рақобатбардош мамлакатлари қаторидан жой олиш учун юқорида айтилганлар кифоя қилмайди, параллел тарзда индустриал сектор ва туризм соҳасини аниқ ҳисоб-китоблар асосида, муайян уйғунлик ва кетма-кетликда ривожлантириш керак бўлади. Бунинг учун қайси маҳсулотни, қайси технологиялар ва кадрлар ёрдамида, қайси бозорлар учун ишлаб чиқаришга қаратилган дастурлар, лўнда қилиб айтганда, мамлакатнинг узоқ муддатга мўлжалланган ва макроиқтисодий самарадорликни таъминлайдиган ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқиш лозим.

Бу таҳлиллар менинг узоқ йиллар давомида олиб борган кузатишларимдан олган хулосаларимдир. Айрим фикрларим баҳсли ёки эътирозли бўлиши мумкин. Марҳамат, баҳслашишга тайёрман, фикрлар хилма-хиллиги, ошкоралик бугунги кун талаби. Қолаверса, ҳақиқат баҳсларда туғилади, деган қадим ҳикмат бор.

 

Илҳом ВафОев,

иқтисодчи.



DB query error.
Please try later.