12.03.2019

ИШ СТАЖИНИ СОТИБ ОЛИШ МУМКИНМИ?

Пенсия миқдорини ҳисоблаш масаласидаги эътирозлар ўринлими?..

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармасининг навбатдаги сайёр учрашуви Мирзо Улуғбек туманида ўтказилди. Тадбир туман аҳолисининг пенсия бўйича саволларига жавоб бериш ва уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш мақсадида ташкил этилди.

— Бугунги учрашув Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан бешинчи туманда ўтказилиши, бу йил давомида бошқа ҳудудларда ҳам ташкил этилади, — дейди Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдурашид Исмоилов. — Сайёр учрашувларда Президентимизнинг «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони мазмун-моҳиятини аҳолига тушунтириб бормоқдамиз.

Маълумки, пенсия ҳисоблашдаги иш ҳақининг чегараси 2018 йил 31 декабргача энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан (1621000 сўм) чегараланар эди. Ваҳоланки, республикамизда 3-4 миллион сўмлик маош билан ишлаганлар кўпчиликни ташкил қилади. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида пенсия ва нафақа олувчилар сони 334500 га яқин бўлса, шундан мазкур фармон бўйича пенсия ҳисоблашдаги тартиб ўзгарганлиги сабабли 126000 нафар пенсионернинг нафақалари қайта ҳисоб-китоб қилинди. Натижада шу маълум бўлдики, Тошкент шаҳрида энг кам ойлик иш ҳақи 8 баробаридан чегараланган фуқаролар сони 126800 нафарни ташкил қилар экан. Энди уларни ойлик иш ҳақлари энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари — 2027000 сўмдан чегараланган ҳолда ҳисоб-китоб қилинадиган бўлди.

Президентимиз келажакда иқтисодиётимизни янада ривожлантириб олганимиздан сўнг, иш ҳақидаги чегараларни умуман олиб ташлаймиз, деган таклифни билдирган эди.

Фармон бўйича яна бир ўзгариш ногиронлиги бор болаларнинг оналарига ижтимоий нафақаларни тайинлашдир. Ногиронлиги бор болаларнинг оналари бугунги кунда қонунда белгиланган тартибда 50 ёшдан бошлаб, имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга. Фақат унинг суғурталанган 7 йиллик иш стажига эга бўлиши ва ундан ташқари умумий иш стажи 20 йилни ташкил қилиши белгилаб қўйилган эди. Ваҳоланки, айрим оналар 2-3 нафар ногиронлиги бор болани тарбиялаган ҳолатлари ҳам мавжуд. Ёки битта ногиронлиги бор боласига ўзининг умрини, ҳаётини, меҳнатини бағишлаб, 2-3 йилдан ташқари ишлашга имконияти бўлмаган оналар бор. Худди шундай 7 йиллик иш стажи жамғарилмаган оналарга 55 ёшга тўлганларида ногиронлиги бор боланинг онаси сифатида нафақа тартиби тайинлаш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Демак, суғурталанган 7 йиллик иш стажи ёки ва умумий иш стажи 20 йилни ташкил қилмаган 55 ёшли оналар бу йилдан бошлаб нафақага эга бўлади.

Бугунги кунда чет элда 3 нафар фуқаро расмий ҳужжат билан ишлаётган бўлса, 10 нафар фуқаро норасмий ишлаб юрибди. Хорижда расман ишлаётган юртдошларимизнинг иш стажи кафолатланган, албатта. Лекин норасмий ишлаётган акамиз, опамизнинг келгусидаги ижтимоий муҳофазаси нима бўлади? Уларни иш стажга олиш тартиби қандай бўлади? Бунинг учун улар йилига энг кам ойлик иш ҳақининг тўрт ярим баробари миқдорида тўловни амалга ошириши лозим. Буни қаерга тўлаш керак? Ушбуларга жавобимиз қуйидагича бўлади. Демак, биринчи навбатда фуқаро доимий яшаш манзили бўлган давлат хизмати органларига бориб, идентификация рақамини олади. Ушбу ҳужжат унинг ишончли вакили ака-укаси, опа-синглиси ва бошқалар томонидан ҳам олиниши мумкин. Бу биринчи қадам бўлади. Иккинчи қадам давлат солиқ хизмати органлари пенсия жамғармасининг ягона ғазна ҳисоб рақамига тўловни амалга оширади ва бир йиллик иш стажига эга бўлади. Бу миқдор бугунги кунда 932000 сўмни ташкил қилади. Ушбу жараённи иш стажини сотиб олишга ҳам қиёслаш мумкин.

Якка тартибдаги тадбиркор ёки оилавий тадбиркорлик субъекти. Якка тартибдаги тадбиркорларга кўчада писта сотувчи аёл ёки бозорларда арава тортувчи ака-укаларимиз ҳам киради. Дўконни юритяптими, бозорда савдо қиляптими, фарқи йўқ, улар ҳам энг кам ойлик иш ҳақининг бир баробарини йил давомида ҳар ой тўлаб борса, бир йиллик иш стажига эга бўлади. Оилавий тадбиркорлик субъектида тадбиркорлик раҳбарига ёрдам бераётган хотини, ўғли, қизи ёки ёлланган бегона шахс ҳар ой йил давомида энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида тўловни амалга оширса, улар ҳам бир йиллик иш стажини ўтаган ҳисобланади.

Юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжалиги аъзолари, 4 сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган юртдошларимиз ҳам йилига 202000 сўм тўловни амалга оширса, уларга ҳам бир йиллик меҳнат стажи ёзиб борилади. Бу қулайликларнинг умумий маъноси шундаки, ўзи, оиласи учун ишлаган одамга меҳнат стажи расмийлаштириб берилади.

Сайёр учрашувларда кўплаб фуқаролар пенсияга чиқишда дуч келаётган муаммолардан шикоят қилишмоқда. Бундай ҳолатларда тегишли ҳудуддаги пенсия жамғармаси мутахассисларининг амалий ёрдамини ташкил этиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Маълумки, амалдаги тартибга кўра, пенсия миқдори меҳнат фаолиятининг охирги ўн йиллигидан ҳисобланади. Лекин сайёр учрашувларда фуқароларимиз ёшлик пайтида ёки умуман улар куч-қувватга тўлган пайтда кўп ойлик иш ҳақи билан меҳнат қилганликлари тўғрисидаги эътирозларни билдиришмоқда. Биз фуқароларнинг пенсия миқдорини бутун фаолияти давомидаги ойлик маошлари ҳисобидан ишлаб чиқиш ёки фуқаро учун афзал бўлган исталган кетма-кет беш йилликлардан ҳисоблаш каби таклифларимизни Республика пенсия жамғармасига, шаҳар прокуратураси ва шаҳар Халқ қабулхоналари, адлия бошқармаларига бериб боряпмиз.

 

Маржона ТОШЕВА ёзиб олди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: