12.02.2019

СУҒУРТА ҚОПЛАМАЛАРИНИНГ ЎЗ ВАҚТИДА ТЎЛАБ БЕРИЛИШИ АҲОЛИНИНГ ИШОНЧИНИ ОШИРАДИ

«Кафолат суғурта компанияси» акциядорлик жамияти томонидан Президентимизнинг «Кафолат суғурта компанияси» акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг бажарилиши Андижон ва Наманган вилоятлари мисолида матбуот анжумани ўтказилди.

 

— Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йилда компания ходимлари томонидан аҳоли, тадбиркорлар, корхона ва ташкилотлар, таълим ва тиббиёт муассасалари ўртасида суғуртанинг мажбурий ва ихтиёрий хизматларини тарғиб этиш бўйича учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилди, — дейди «Кафолат суғурта компанияси» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Саидолим Насретдинов. — Шунингдек, Савдо-саноат палатаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ёшлар иттифоқи, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Миллий телерадиокомпанияси ва бошқа идоралар билан ҳамкорликда ҳудудларда 295 мингга яқин учрашув, семинар ташкил этилди. Натижада 37,2 миллиард сўм суғурта мукофотлари йиғилди.

— Ўтган йилда фаолиятимизни янада кенгайтириш ҳамда аҳоли ўртасида суғурта маданиятини шакллантириш борасида бир қатор ҳамкор ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган учрашув ва семинарлар натижасида 71 195 та шартнома имзоланиб, 7,3 миллиард сўм суғурта мукофотлари йиғилди, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 171,8 фоизга ошди, — дейди компаниянинг Андижон вилояти филиали директори Шерзодбек Абдужаминов. — Яна шуни айтиш мумкинки, ушбу имзоланган шартномалар бўйича филиал ўз зиммасига 2,3 триллион сўм суғурта жавобгарлигини олган. Бундан ташқари, филиал томонидан 2018 йилда 358,2 миллион сўм суғурта қопламалари тўлаб берилди. Бу қопламаларни ўз вақтида тўлаб бераётганлигимиздан аҳолининг бизга бўлган ишончи ортиб бормоқда.

— Ўтган йилда 74934 дона суғурта шартномаси имзоланиб, 4,8 миллиард сўм суғурта мукофотлари тушуми таъминланди, — дейди компаниянинг Наманган вилояти филиали директори Акбар Ғаниев. — Бу 2017 йилга нисбатан 174 фоизга ўсишни таъминлади. Шунингдек, суғурта қопламалари ҳажми 922,0 миллион сўмга тенг бўлди ва булар тадбиркорларнинг мулкий зарари бўйича 405,0 миллион сўм тўлаб берилган бўлса, йўл транспорт ҳодисалари бўйича эса 53 та ҳолатда 221,8 миллион сўм тўланди. Шу билан бирга иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш бўйича 2 та ҳолатда 166,0 миллион сўм суғурта қопламалари амалга оширилди.

Бугунги кунда компания аҳоли ва ташкилотларга кенг кўламли суғурта хизматларини тақдим этиш, суғурта хизматлари сифатини янада ошириш ҳамда суғурта ҳодисалари юз берганда республиканинг исталган жойида ушбу хизматларни тақдим этиш учун ходимлар сонини оптималлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, компаниянинг жойларда 48 та минтақавий тармоғи мавжуд эди. Бугунги кунда жами бўлинмалар сони 216 тага етказилди, 38 та янги иш ўрни яратилди.

Ҳозирда компания томонидан аҳоли ҳамда юридик шахсларга ҳар томонлама қулай ва ҳар томоннинг манфаатларига тўлиқ мос келувчи 100 дан ортиқ мажбурий ва ихтиёрий суғурта турлари бўйича хизматлар таклиф этилмоқда.

Шунингдек, тадбирда 2018 йил мобайнида компанияга Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) каби дунёнинг нуфузли ташкилотлари вакиллари, бундан ташқари, Хитой Халқ Республикаси экспертлари ва бошқа чет эл ташкилотлари вакиллари ташриф буюргани ҳамда компания фаолиятига катта қизиқиш билдиргани тўғрисида маълумотлар берилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.