12.02.2019

ИННОВАЦИОН ТУРИЗМНИНГ СТРАТЕГИК ЙЎНАЛИШЛАРИ

Бугунги кунда дунё мамлакатларида иқтисодиёт тармоқларига, ижтимоий ва бошқа соҳаларга замонавий инновацион технологияларни тезкор жорий этиш объектив заруратга айланди. Бу эса ўз навбатида, илм-фан ва техника ютуқларини кенг қўллашни тақозо этади.

Ҳозирги пайтда ишлаб чиқаришни модернизация, диверсификация қилиш, унинг ҳажмини ошириш ҳамда ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар турларини кенгайтиришга давлат миқёсида аҳамият берилмоқда.

Ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар турларини кенгайтириш масаласини ҳал қилишда туристик хизматлар экспорти муҳим аҳамиятга эга. Аммо бугунги кунда туризм соҳасини ривожлантиришда бир қанча камчиликлар мавжуд.

Масалан, иқтисодиётнинг туризм тармоғи билан илмий муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлиги даражаси пастлигича сақланиб қолмоқда. Туризм қўмитаси, вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг инновацион ривожланиш соҳасидаги фаолияти лозим даражада мувофиқлаштирилмаган. Туризм тараққиётини етарли даражада инновацион омиллар эвазига таъминлашда барча имкониятлар ишга солинмаяпти.

Мамлакат иқтисодиётида, хусусан, туризм соҳасида инновацион иқтисодиётни баҳолашда кўплаб кўрсаткичларнинг мавжуд эмаслиги соҳа тараққиётига салбий таъсир кўрсатмоқда. Натижада Ўзбекистон ҳозиргача нуфузли ва обрўли халқаро тузилмалар томонидан тузиладиган Глобал инновацион индекс рейтингида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга кирита олган эмас.

2019-2021 йилларда мамлакатимизни инновацион ривожлантириш стратегиясида бу соҳадаги камчиликлар аниқ кўрсатилган. Иқтисодиётда, хусусан, унинг таркибий қисми бўлган туризм соҳасидаги камчиликлар қуйидагиларда намоён бўлмоқда:

Аҳолининг олий таълим билан қамраб олинганлик даражаси пастлигича қолмоқда. Уларнинг меҳнатга қобилиятли аҳоли таркибидаги улуши бор-йўғи 1/3 қисмни ташкил қилади. Бошқа ривожланган мамлакатларда ушбу кўрсаткич 2/3, айримларида 80-85 фоиз. Улар маҳсулот эмас, балки инновация ва информация (ахборотлар) ишлаб чиқаради. Биз маҳсулотларни экспорт қилиш билан бирга инновацион мулкни ҳам экспорт қилиш даражасига кўтарилишимиз лозим.

Олий таълим муассасалари ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқишда мустақил эмас. Ҳозирги пайтда талабаларнинг асосий қисми ўз маблағи ҳисобидан ўқиётган бир паллада, уларни қабул қилиш квотаси юқоридан қатъий белгиланади. Бунинг миқдорини белгилаш олий ўқув юртининг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилиши лозим. Олий ўқув юрти ўзи ишлаб топган молиявий маблағни тақсимлашни ўзи амалга ошириши мақсадга мувофиқ.

Илмий ва инновацион фаолиятни ривожлантириш учун масъул вазирлик ва идоралар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик лозим даражада эмас, илмий-тадқиқот муассасалари ва лабораториялар фаолияти лозим даражада мувофиқлаштирилмаган. Бундан ташқари, инновацион ғоялар ва ишланмаларни соҳалар бўйича синаб кўрадиган тажриба майдончалари ҳам ташкил қилинмаган.

Илмий фаолият натижаларини тижоратлаштириш даражаси ўта паст аҳволда. Буни амалга ошириш учун инновацион мулкнинг қиймати ва бозори бўлиши керак. Бозор учун эса талаб ва таклиф шаклланган бўлиши лозим. Ҳозирги пайтда бирорта вазирлик ёки хўжалик юритувчи субъектлар бизга фалон илмий ишланмалар керак, деган талаб билан чиқмаяпти. Бу ҳам ҳали илмий ишланмаларни, интеллектуал мулкни тижоратлаштиришда анча қийинчиликларни туғдиради.

Инновацион менежмент соҳасида технологиялар трансферини фаол илгари суриш ва амалга оширишга қодир юқори малакали мутахассислар мавжуд эмас. Бунга сабаб, талабалар ўқишни битириб диплом олади, лекин амалиётни билмасдан ишлаб чиқаришга боради. Шунинг учун ўқиш жараёнида амалий дарсларни бевосита аудиторияда эмас, иш жойларида ўтказиш керак.

Масалан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтини оладиган бўлсак, унинг ўзига қарашли меҳмонхонаси, ресторани, туристик фирмаси, айрим тижорат банклар билан бирга ишлаш шартномаси каби талабаларни ўқитишга мўлжалланган тажриба майдончалари бўлиши лозим.

Бугунги кунда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига ажратилаётган бюджет маблағлари етарли эмас. Буни давлат бюджети, бошқа фондлар ҳисобидан кўпайтириш билан бирга илмий ишланмаларни жорий қилиш натижасида эришилган самарадорликнинг бир қисмини илмий-тадқиқот муассасаларига (шу жумладан, олий таълим муассасаларига ҳам) ўтказиш механизми ишлаб чиқилиши лозим.

Илмий ва инновацион фаолиятни давлат томонидан молиялаштириш ҳали-ҳанузгача самарали ва шаффоф эмас. Бюджетдан ташқари ва хусусий жамғармалар маблағларини жалб этишни рағбатлантириш механизмлари мавжуд эмас, қарзни молиялаштиришнинг ички манбалари етарли даражада ривожланмаган. Демак, ҳали инновацион иқтисодиётни шакллантиргунча бу борада бир қанча ташкилий-иқтисодий ва ҳуқуқий муаммоларни ҳал қилишга тўғри келади. Бунинг учун инновацион иқтисодиётни шакллантиришнинг турли манбалардан молиялаштириш механизмларини яратиш тақозо қилинади.

Интеллектуал фаолият натижаларини ҳимоя қилиш лозим даражада эмас. Ушбу соҳада, айниқса, давлат органлари ва ташкилотларида малакали мутахассислар мавжуд эмаслиги ҳам ҳақ гап. Буни бартараф қилиш учун шундай механизм яратилиши керакки, бу жараён икки босқичда амалга ошириладиган бўлсин. Бунда ҳар бир вазирлик ва хўжалик юритувчи субъект инновацион ривожланишни таъминлаш учун нималар кераклигини мониторинг қилиб, тегишли вазирликда талаблар тўпланиши лозим. Кейин буларнинг ечимларини ким ҳал қилиши ва унинг аниқ нархи белгиланган бўлиши керак. Шундагина инновацияни идрок этадиган малакали мутахассислар ҳар икки томонда ҳам шаклланиб боради.

Қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбалари, иккиламчи ресурсларни энергетик утилизация қилиш соҳаларида инновацион технологияларни жорий этишда қуёш батареяси ва шамол орқали электр энергиясини ҳосил қилиш масаласига алоҳида аҳамият бериш лозим. Чунки биргина экологик туризмни оладиган бўлсак, чўлларда ва электр энергияси ҳали етиб бормаган тоғли ҳудудларда ташкил қилиниши мумкин. Уларни замонавий хизматлар билан таъминлаш учун албатта муқобил энергия манбалари бўлиши шарт.

Мамлакатда, айниқса, давлат компанияларида корпоратив муносабатлар ва корпоратив бошқарув принциплари ривожланмаган, бунда хориждаги энг намунали амалиёт инобатга олинмаяпти. Ушбу камчиликни бартараф қилиш учун кадрларнинг хорижий мамлакатларда малакасини оширишни йўлга қўйиш лозим. У ерда малака ошириб қайтган мутахассис келажакда шу муассаса, корхона ва ташкилотда ўзимизнинг кадрларни ўқитиши лозим бўлади.

Мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажмида ахборот-коммуникация технологиялари секторининг улуши ҳамон камлигича қолмоқда. Ривожланган мамлакатларда мамлакат ЯИМда ва экспортида ахборотларнинг ва инновацион ишланмаларнинг улуши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айрим мамлакатлар (масалан, АҚШ, Япония кабилар) иқтисодиёти инновацион ва информацион иқтисодиёт мақомини олгани ҳам ҳақиқат.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз ўзининг жадал ривожланишини ва рақобатбардошлигини таъминлаши учун илм-фан ва техника ютуқларини кенг қўллаган ҳолда иқтисодиёт тармоқларига, ижтимоий ва бошқа соҳаларга замонавий инновацион технологияларни тезкор жорий этиши ҳар қачонгидан объектив заруриятга айланиб бормоқда.

 

Мамаюнус ПАРДАЕВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, иқтисод фанлари доктори,

Обид ПАРДАЕВ,

Тошкент молия институти мустақил тадқиқотчиси.



DB query error.
Please try later.