Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
12.02.2019

ЎЗБЕКИСТОН 2035

Мамлакатимизни дунёдаги энг илғор 50 та давлат сафига олиб чиқиш бўйича «Буюк келажак» экспертлари қандай таклифлар берди?

«Буюк келажак» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти Экспертлар кенгаши Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантиришнинг узоқ муддатли Стратегия концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқди. 5-6 февраль кунлари пойтахтимизда ўтган «Uzbekistan 2035» иккинчи халқаро анжуманда ушбу таҳлилий лойиҳа атрофлича муҳокама этилди.

 

«Буюк келажак» ўзи қанақа ташкилот?

«Буюк келажак» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти (ХННТ) 2018 йил 14 апрелда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатга олинган. Унинг асосий таҳлилий органи чет элда тажриба орттирган 240 нафардан ортиқ юртдошимизни бирлаштирган Экспертлар кенгаши ҳисобланади.

Ташкилотнинг мақсади Ўзбекистонда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга кўмак бериш, уларнинг самарадорлигини ошириш, давлат ва жамиятни жадал ривожлантириш йўлида эксперт маслаҳатлари билан қўллаб-қувватлашдир.

 

Жаҳонда ҳаёт тез ўзгаряпти, тараққиёт кун сайин олға кетяпти. Бундай тарихий шароитда кундалик ўй-ташвишларга ўралашиб, тор доирада фикрлаш ярамайди, узоқни кўзлаб, катта режалар тузган давлат, халқ, миллатгина келажакда ўзига лойиқ ўринни эгаллай олади. Шу нуқтаи назардан «Uzbekistan 2035» халқаро анжумани мамлакатимиздаги катта ва муҳим воқеа бўлди.

Анжуман очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувоҳидов, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши раиси Алишер Каланов ва бошқалар сўзга чиқиб, фикр-мулоҳазаларини билдирди, тадбир иштирокчиларини қутлади.

Ялпи сессиядан сўнг мутахассислар саккиз ишчи гуруҳга бўлиниб, Стратегиянинг асосий бандларини депутатлар, давлат органлари, илмий ва таълим муассасалари ва хал­қ­аро ташкилотлар вакиллари иштирокида батафсил муҳокама қилишди.

 

Стратегия концепцияси лойиҳаси: асосий 8 йўналиш

1. «Давлат бошқарувини ривожлантириш»

2. «Қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноати»

3. «Молиявий тизим»

4. «Саноат»

5. «Транспорт, қурилиш ва инфратузилма, туризм»

6. «Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий сиёсат»

7. «Инсон капитали ва маданият»

8. «Экология, илм-фан, технология ва инновациялар»

 

Ўзбекистонни 2035 йилгача ривожлантиришнинг узоқ муддатли Стратегия концепцияси лойиҳаси интернетдаги http://uzbekistan2035.uz/ манзилида тўлиқ кўринишда жойлаштирилганини алоҳида қайд этиш жоиз. Ҳужжат лойиҳаси ва унга қўшимча материаллар жами 450 саҳифага яқин. Ҳар бир соҳа ва тармоқдаги асосий муаммо ва камчиликлар, ҳозирги ривожланиш ҳолати, халқаро амалиёт, илғор давлатлар тажрибаси, жаҳонда тан олинган нуфузли рейтинглардаги вазият, Ўзбекистонни 2025, 2030 ва 2035-йилларгача бўлган муддатларда ривожлантириш истиқболлари ва бу борадаги стратегик ташаббуслар батафсил кўрсатиб ўтилган.

«Буюк келажак» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти матбуот маркази ходими Шоҳсанам ­Хуррамованинг маълум қилишича, халқаро анжуманда давлат ва жамият ҳаётининг муҳим соҳалари бўйича мутахассислар томонидан билдирилган фикрлар, ранг-баранг тақдимотлар ҳақидаги батафсил маълумотлар ташкилотнинг расмий сайти – uzexpertsovet.com манзилига тез кунларда жойлаштирилади. Яъни, ҳар бир юртдошимиз мамлакатимизни узоқ муддатли ривожлантиришга оид таклиф ва ташаббуслар билан бевосита ҳамда батафсил танишиш имконига эга бўлади.

Давлат ҳокимияти бошқарувини демократлаштириш йўналишида долзарб аҳамият касб этадиган соҳаларга оид айрим хулоса ва таклифлардан мисоллар келтиришни жоиз, деб топдик.

 

ҚОНУН ЧИҚАРУВЧИ ҲОКИМИЯТнинг ҳозирги ривожланиш даражаси қандай?

Қонун чиқарувчи ҳокимият фаолияти билан боғлиқ муҳим муаммолар қуйидагича экани таъкидланмоқда:

• тўлиқ мустақил эмас;

• қонунчиликнинг сифати барқарор эмас ва яхшиланиш зарурати катта;

• қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда ишончли далилларга асосланилмайди, «ақлли тартибга солиш» тамойилидан етарли даражада фойдаланилмайди;

• давлат органларининг ҳаракатлари мувофиқлаштирилмаганлиги ва уларга илмий ёрдамнинг сустлиги ҳужжатларнинг сифатини пасайтиради;

• қонунларни муҳокама қилиш жамоатчилик учун чекланганлиги ва бошқа ҳолатлар.

 

Қонунларда аниқлик етарли эмаслиги қонуности ҳужжатлари сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатади, шу билан бирга, турли англашилмовчилик, қарама-қаршиликлар ва коррупцияга шароит яратадиган ҳолатларни келтириб чиқаради.

Ўзбекистонда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қарийб 5 фоизи қонун ва кодекслар, қолган тахминан 95 фоизи Президент, ҳукумат, вазирлик-идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимият томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ҳисобланади. Қонунлар юқори сифатли эмаслиги (ҳар хил талқин қилиш мумкинлиги, ортиқча тартибга солиш, қўллашнинг мураккаблиги ва ҳоказо) меъёрий ҳужжатларда қарама-қаршилик муаммосини келтириб чиқаради, шунингдек, аниқликнинг пастлиги коррупцияга шароит яратади.

 

Қонун чиқарувчи ҳокимият бўйича қандай асосий стратегик ташаббуслар илгари суриляпти?

2025-йилгача — вакиллик ҳокимиятининг мустақиллигини ошириш, жамоат назоратини кучайтириш, қонун ижодкорлиги жараёнида жамият иштирокини таъминлаш, давлат идоралари ўртасида электрон тизим яратиш ва бошқа таклифлар.

2030-йилгача — қонун чиқарувчи орган фаолияти устидан жамоат назорати жорий этилишига эришиш, «ақлли тартибга солиш» усулларини тизимли жорий этиш, сиёсий маданиятни юксалтириш, парламентнинг мустақиллигини ошириш (Демократия кўрсаткичи бўйича ­дунё­даги илғор 70 та давлат қаторида бўлиш).

2035-йилгача — Парламентда фикрлар ва оппозициялар хилма-хиллигига эришиш, қонун чиқарувчи орган ва ижро идоралари ўртасида мувозанатни ўрнатиш, қонун ижодкорлиги жараёни устидан кучли жамоат назоратини таъминлаш ва бошқа таклифлар.

 

СУД ҲОКИМИЯТИ билан боғлиқ қанақа хулосалар алоҳида кўрсатиб ўтилди?

• Судлар куч ишлатар тузилмалардан мустақил бўлиши, судларга уларнинг раислари ёки юқори турувчи суд идоралари орқали босим ўтказилмаслиги;

• Олий Суд кенгаши, судъяларни танлаш ва тайинлаш тизими мустақиллигини кафолатлаш;

• Судъялар чиқарган қарорлари учун касбий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги;

• Оқлов қарорлари жуда кам учрайди, статискага киритилган, лекин кейинчалик бекор қилинган оқлов қарорлари ҳам йўқ эмас;

• Судъялар иш ҳажми жуда юқорилиги қарор сифатига, қўпол ҳуқуқий хатолар ва инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларига олиб келади;

• Адвокатура институтининг ҳурмати ва мақомини ошириш судларда ишларнинг адолатли кўрилишини, томонлар тенглигини таъминлайди ҳамда бошқа хулосалар.

 

ИЖРО ҲОКИМИЯТИнинг ҳозирги ривожланиш ҳолатида кузатилаётган асосий камчиликлар нимада?

• кадрлар етишмовчилиги, кадрлар тайёрлаш тизими сустлиги, рағбатлантирувчи омиллар йўқлиги;

• ижро ҳокимиятида ички назорат яхши ривожланмагани;

• ижро ҳокимияти қонун чиқарувчи орган ва жамият томонидан етарлича назорат қилинмаслиги;

• аҳоли учун электрон давлат хизматлари кенг йўлга қўйилмагани;

• давлат дастурлари ва лойиҳалар самарали амалга оширилмаслиги;

• коррупция кўрсаткичи юқори ва бошқалар.

 

Жаҳон банкининг давлат бошқаруви самарадорлиги рейтингида Ўзбекистон 214 давлат орасида 150-ўринда (2016 йилги ҳолат) қайд этилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил август ойидаги Қарори (5185сонли) билан тасдиқланган Маъмурий ислоҳотлар концепциясида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Аммо ушбу Концепцияни ҳаётга тадбиқ этиш жараёни оқсамоқда. Шунинг учун мазкур ҳужжатни амалга ошириш механизмини яратиш тақозо этиляпти.

Коррупцияни идрок қилиш бўйича Бутун жаҳон рейтингида Ўзбекистон 180 давлат орасида 158 ўринда (2018 йилги ҳолат) кўрсатилган. 2017-2018 йилда коррупцияга қарши курашиш дастури муҳим жараённинг бошланиши ҳисобланади, аммо бу йўналишда кенг кўламли ва узоқ муддатли сиёсат юритиш талаб этилади.

Ижро ҳокимияти фаолияти самарадорлигига таъсир этувчи омиллардан яна бири бу — давлат хизматлари йўналишида кадрлар тайёрланмаслиги ҳисобланади. Илғор мамлакатларда бу масала алоҳида эътиборга олинади. Масалан, Сингапурдаги Civill Service Collage (CSC) 468 ўқув дастурини тақдим қилади ва уларда 43 мингдан ортиқ киши ўқийди.

Ўзбекистонда Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси мавжуд. Лекин у ерда машғулотлар фақат 3 йўналишда ўтказилади. Йилига 200 га яқин киши ўқитилади ва бу давлат хизматчиларининг 0,1 фоиздан камини ташкил қилади.

 

Ижро ҳокимияти бўйича қандай стратегик ташаббуслар илгари суриляпти?

2025 йилгача — Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурини самарали амалга ошириш, қонунларни такомиллаштириш, Коррупцияни идрок қилиш рейтингида илғор 110 та давлат қаторига кириш, ОАВ ёрдамида сўз эркинлиги ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, Бутунжаҳон матбуот эркинлиги рейтингида илғор 100 давлат қаторига кириш ва бошқа таклифлар.

2030 йилгача — Жамоат назорати бўйича мустақил институтлар шаклланишига шароит яратиш (жамоат ташкилотлари, мустақил ОАВ учун грантлар, Бутунжаҳон матбуот эркинлиги индексида илғор 80 та давлат сафига кириш) ва бошқа таклифлар.

2035 йилгача — бизнес юритиш учун қулай муҳит яратиш, (дунёдаги илғор 20 давлат қаторига қўшилиш), сўз эркинлиги ва ижро ҳокимияти фаолияти устидан жамоат назорати олиб боришнинг самарали тизимини яратиш, барча давлат хизматларини рақамлаштириш ва бошқа таклифлар.

 

Суд ҳокимияти ҳақида айрим фактлар

Қонун устуворлиги рейтингида Ўзбекистон 91-ўринда қайд этилган. 2018 йилда бу борадаги тадқиқот ва кузатувлар 113 давлатда қамраб олинган. Рейтингда қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон Республикалари 64- ва 82- ўринларда кўрсатилган.

Аҳоли сонига нисбатан судъялар сони Ўзбекистонда (2018 йилги ҳолат) 23810 кишига 1 судъяни ташкил этган. Францияда 11 минг, АҚШда 9 минг, Германияда 4 минг аҳолига 1 нафар судъя тўғри келади.

Ўзбекистонда 2012-2016 йиллар оралиғида 7 та, 2018 йилнинг 9 ойида 590 та оқлов қарори чиқарилган.

 

Суд ҳокимияти бўйича таклиф этилаётган стратегик режалар

2025-йилгача — Суд ҳокимиятининг ҳақиқий мустақиллигига эришиш мақсадида махсус «йўл харитаси» қабул қилиш ва амалга ошириш, юридик таълимни изчил ислоҳ қилиш, тортишувларни ҳал этишнинг муқобил усулларини кенг қўллаш, судлар фаолиятига илғор IT технологияларини жорий қилиш.

2030-йилгача — Ҳуқуқ устуворлиги — қонун ва амалиёт ўртасида тўлиқ мувофиқликка эришиш, Ўзбекистон судъяларининг халқаро ҳужжатлар меъёрларини тўғридан-тўғри қўллаш имкониятини яратиш ва бошқалар.

2035-йилгача — Халқаро даражада — Ўзбекистондаги суд тизими Буюк Британия, Швейцария, Голландия каби илғор давлатлар даражасига етади. Халқаро ҳуқуқ Ўзбекистондаги ҳуқуқий тизимнинг ажралмас қисмига айланади, Ўзбекистон судъялари ва бошқа ҳуқуқшунослар халқаро суд жараёнларида қатнашади...

Концепция лойиҳасининг якуний қисмида ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, миллий парламент, суд ҳокимияти ва бошқа муҳим давлат идора-ташкилотларининг қўллаб-қувватлаши ҳамда ёрдами асосида ишлаб чиқилгани алоҳида қайд қилинади.

Қабул қилинаётган қарор ва фармонларда соҳалардаги хато ва камчиликлар аниқ-равшан кўрсатиб бериляпти. Айни пайтда бу ҳужжатлар давлат ва жамият ишларида жаҳондаги илғор тараққиётдан ортда қолиб кетаётганимизни англатмоқда. Дунё кўрган илғор юртдошларимиз, муҳим соҳалар бўйича мутахассислар 2035 йилгача халқимиз ва давлатимиз олдида қандай вазифалар долзарб бўлиб тургани ҳақида ўз фикр ҳамда таклифларини билдирди. Аслида узоқ муддатга мўлжалланаётган стратегик ташаббуслар ҳақида таҳлиллар олиб борилиши, бу жараёнда етук ҳамюртларимиз билан фаол мулоқот муҳити яратилишининг ўзиёқ мамлакат равнақи ва келажаги йўлида дадил қадам ташланаётганини англатади.

 

Тўлқин Тўрахонов тайёрлади.



DB query error.
Please try later.