Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
29.01.2019

Ўзбекистоннинг етакчи банклари раҳбарлари Германияда имзоланган шартномалар ҳақида қандай фикрда?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига ташрифи олдидан 14 январь куни Берлинда Ўзбекистон – Германия ишбилармонлари бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Германия иқтисодиёти Шарқий қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки мамлакатнинг савдо, инвестиция, банк-молия, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги, консалтинг, логистика, тўқимачилик, озиқ-овқат, кимё, тоғ-кон саноати, хизмат кўрсатиш каби тармоқлар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари вакиллари иштирок этди.

 

Ушбу форум доирасида «Ўзмиллийбанк», «Асакабанк», «Ўзсаноатқурилишбанк», «Қишлоқ қурилиш банк» ва «Агробанк» каби республикамизнинг йирик тижорат банклари билан Германия молия муассасалари ҳамда ишбилармон доиралари ўртасида икки томонлама манфаатли шартномалар имзоланди.

«Ўзбекистон овози» газетаси мухбири Тоштемир Худойқулов форумда иштирок этган республикамизнинг бешта йирик банки раҳбарларидан интервью олди.

 

Алишер МИРСОАТОВ, «Ўзмиллийбанк» бошқаруви раиси:

Ўзбекистон ва Германия молия муассасаларининг ўзаро ҳамкорлиги икки давлат ўртасида шиддат билан ривожланаётган иқтисодий ҳамкорлик муносабатлари тараққиётига хизмат қилади. Хусусан, «Ўзмиллийбанк» ва Германиянинг KfW IPEX, AKA Bank ва Райффайзенбанк каби етакчи банклари ўртасида жами 500 миллион евро миқдоридаги битимлар имзоланди. Ушбу битимлар немис банклари томонидан давлат кафолатисиз кредит линияларининг ажратилишини назарда тутиб, бизнинг мамлакатимизга Euler Hermes, SACE ва SERV каби экспорт-кредит агентликларининг суғурта қопламаси билан Европанинг замонавий юқори технологик асбоб-ускуналари ва технологияларини жалб этишга имкон беради.

Мазкур битимларнинг хорижий банклардан жалб этилган бошқа кредит линияларига нисбатан асосий афзаллиги фоиз ставкаларининг рақобатбардошлиги ва жозибадорлигидир. Бу эса лойиҳа ташаббускорларига маҳсулотларни паст таннархларда ишлаб чиқариш имкониятини беради.

Бундан ташқари, имзоланган битимлар доирасида немис банкларининг икки мамлакат ишбилармонлари доираси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, лойиҳаларни молиялаштиришнинг оптимал схемаларини белгилаш, «Ўзмиллийбанк» ва немис банклари ўртасида ўзаро тажриба алмашишга кўмаклашуви ҳам кўзда тутилган.

2018 йил 21 декабрда халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, тижорат банклари маблағларни жалб этишдан ташқари бизнес-ҳамкорларни ҳам топиши лозим. Шундан келиб чиққан ҳолда, мазкур бизнес-форум янги форматда ўтказилди, унинг натижаларига кўра, «Ўзмиллийбанк» томонидан ўзбек тадбиркорларига йирик немис ҳамкор-инвесторларни топишда яқиндан кўмаклашилди. Натижада немис ҳамкорлар билан қиймати 100 миллион евро миқдоридаги яна тўртта йирик лойиҳа имзоланди. Тўқимачилик маҳсулотлари, тиббиёт буюмлари ва қадоқлаш материалларини ишлаб чиқариш бўйича бу лойиҳалар қўшимча мингдан ортиқ янги иш ўринларини очишга имконият яратади.

 


Азиз ВОИТОВ, «Ўзсаноатқурилишбанк» бошқаруви раиси:

Сўнгги йилларда ЎзбекистонГермания ўртасида инвестиция ва савдо соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликнинг жадаллашиши кузатилмоқда. Хусусан, «Ўзсаноатқурилишбанк» томонидан Германиянинг «AKA Ausfuhrkredit-Gesellschaft mbH», «BayernLB», «KfW IPEX-Bank GmbH», «ODDO BHF», «Landesbank Baden-Wuerttemberg», «Landesbank Hessen-Thüringen», SAP каби етакчи банклари ва компаниялари билан турли мазмундаги учрашувлар ўтказилиб, манфаатли келишувларга эришилди.

SAP компанияси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги Инха университетида молиявий технология маркази ташкил этилди. Марказ талабаларга ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида банк ишига оид барча соҳалардаги назарий билимларини амалда синаш ва мустаҳкамлашга имкон беради.

Commerzbank билан биргаликда эса «Ўзсаноатқурилишбанк» фаолияти самарадорлигини яхшилаш, бизнес жараёнларини такомиллаштириш, илғор банк технологияларини жалб қилиб, янги технологик базани яратиш ишлари олиб борилмоқда. Немис молия муассасаларида қўлланилаётган замонавий бошқарув услублари ўзлаштирилиб, ходимлар малакаси халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда.

Ўзбекистон — Германия бизнес форуми бу борадаги ҳамкорликни янада кенгайтиришда муҳим омил бўлди. Жумладан, «Ўзсаноатқурилишбанк» етакчи немис банклари — «AKA Ausfuhrkredit-Gesellschaft mbH», «KfW IPEX-Bank GmbH», «Berliner Sparkasse of Landesbank Berlin AG» вa «ODDO BHF» билан умумий миқдори 285,0 миллион еврога тенг келишувларга эришди.

Форумда, шунингдек, банкнинг корпоратив мижозлари — «East Mining Invest», «Shakhrisabz Textile», «Khantex Group» корхоналари Германиянинг «Hartmann Lebensmitteltechnik Anlagenbau GmbH», «Truetschler GmbH & Co. KG», «Vock Maschinen-und Stahlbau GmbH», «COMMIT Project Partners GmBH», «Wehrhahn GmbH CNHI International S.A.» билан умумий қиймати 200 миллион евродан зиёд ҳамкорлик ва савдо шартномаларини имзолади.

 

Қаҳрамон МУЛЛАЖОНОВ, «Асака» банк бошқаруви раиси:

— Ўзбекистон ва Германия бизнес-форумида банкимиз ва Германиянинг «Коммерцбанк» ўртасида 150 миллион евро миқдорида кредит линияларини очиш борасида тегишли битимлар имзоланди. Мазкур кредит линиялари доирасида Германия ва бошқа Европа мамлакатларидан Ўзбекистон Республикасига технологик ускуналарни импорт қилишни назарда тутадиган инвестицион лойиҳалар молиялаштирилади.

Бизнес-форумда нафақат банк тизими мутахассислари, балки Ўзбекистон Республикаси ва Германия давлати бизнес ҳамкорлари ҳам иштирок этди. Амалга оширилган тадбирлар натижасида ҳам инвестицион, ҳам савдо характеридаги шартномалар имзоланди. Хусусан, технологик ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олиш учун «Асака» банк мижозлари ва уларнинг немис ҳамкорлари ўртасида импорт шартномалари имзоланди. Ушбу шартномаларни юқорида кўрсатилган немис кредит линиялари маблағларидан молиялаштириш мўлжалланган.

Жумладан, республикамизда фаолият юритаётган «Зарафшон ойна» корхонаси Германиянинг «Horn Glass Industries AG» компанияси билан қурилиш ва автомобилсозлик саноати учун 60 миллион евро миқдорида шиша ишлаб чиқариш учун янги технологик асбоб-ускуналар сотиб олиш тўғрисида шартнома имзолади. Лойиҳанинг умумий қиймати 96,6 миллион еврони ташкил қилади. Лойиҳа Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида амалга оширилади.

Шунингдек, «Тўйтепа текстиль» МЧЖ корхонаси ва Германиянинг «Trutzchler GmbH» компанияси билан тўқимачилик маҳсулотларини модернизация қилиш учун 34 миллион евро миқдоридаги янги технологик ускуналар сотиб олиш бўйича шартнома имзоланди. Лойиҳанинг умумий қиймати 38 миллион еврони ташкил қилади. Лойиҳа Тошкент вилоятида амалга оширилади.

Ушбу Халқаро тадбирларни ўтказиш банк хизматлари самарадорлиги сифати ва шаффофлиги даражасига ижобий таъсир кўрсатади. Бу ўз навбатида Ўзбекистон банкларига ишончни янада оширади.

 

Баҳодир МУЛЛАХОНОВ, «Қишлоқ қурилиш банк» бошқаруви раиси:

— Ўзбекистон — Германия бизнес-форуми доирасида банкимиз ва KfW IPEX-Bank ўртасида 50 миллион евро миқдорида шартнома имзоланди. Мазкур битим банкларимиз ўртасида йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун минимал суммаси 3 миллион евро ва 10 йилгача муддатга мўлжалланган узоқ муддатли кредит линияси бўйича янги ҳамкорликни назарда тутади.

Ушбу битим Ҳукумат кафолатисиз жалб қилинган кредит линия ҳисобланиб, банк мижозларининг Германия ва Европа иттифоқига аъзо бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган замонавий техника ва технологияларни сотиб олиш орқали амалга ошириладиган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади.

KfW IPEX-Bankнинг халқаро бозорда инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришдаги кўп йиллик тажрибаси республикамизда кредит линия маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган йирик лойиҳаларни молиялаштиришда қўл келади ва бунда ишончли гаровга айланади, дейиш мумкин.

Бугунги кунда мазкур кредит линия ҳисобидан молиялаштирилиши кўзда тутилган лойиҳалар мавжуд бўлиб, жумладан, қиймати 12 миллион еврони ташкил этадиган истиқболли лойиҳа доирасида молиялаштириш жорий йилнинг биринчи чорагида очилиши режалаштирилган.

Бизнес-форум доирасида банкимизнинг кўп йиллик ҳамкори бўлган Коммерцбанк вакиллари билан ҳам музокаралар олиб борилди ҳамда ҳамкорлик доирасини янада кенгайтиришга ва мавжуд кредит линия миқдорини оширишга келишиб олдик.

Шу билан бирга, банк мижозларининг хорижий валютадаги қисқа ва узоқ муддатли кредит маблағларига бўлган талабини қондириш мақсадида Германиянинг яна бир нуфузли банки – «AKA Ausfuhrkredit-Gesellschaft mbH вакиллари билан ҳам мулоқотлар ўтказилди ва яқин келажакда ўзаро манфаатли ҳамкорлик мустаҳкамланади.

Йўлга қўйилаётган кредит линиялари кичик бизнес корхоналари салоҳиятини, ишлаб чиқариш қувватларини янада оширишга ва янги иш ўринлари очилишига замин яратади.

 

Рустам МАМАТҚУЛОВ, «Агробанк» акциядорлик тижорат банки бошқаруви раиси вазифасини бажарувчиси:

Мамлакатимизда бугунги кунда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар натижасида хорижий инвестицияларни жалб этиш кўлами сезиларли даражада ошмоқда. Яқинда Берлинда ўтказилган ЎзбекистонГермания ишбилармонлари бизнес-форуми тижорат банклари учун фаол инвестиция муҳитини яратиб бераётгани билан янада аҳамиятли бўлди.

Халқаро форум доирасида «Агробанк» акциядорлик тижорат банки илк бор 150 миллион евро миқдорида кредит линия маблағларини жалб қилиш бўйича «Landesbank BadenWurttemberg» ҳамда «Commerz Bank AG» банклари билан келишувларни имзолади.

Келишувлар доирасида жорий йилнинг 1-чорагида тўртта йирик саноат корхоналарининг истиқболли лойиҳаларига 65 миллион евро миқдорида кредит линиялари очилади. Бунинг ҳисобига 1500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади.

Мазкур келишувлар Германия молия институтлари билан икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиради ва инвестиция фаолиятини кенгайтиради. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистонга янги технологияларни олиб келиш, янги иш ўринлари яратиш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш, иқтисодиётимизни юксалтириш, халқимиз турмушини янада ривожлантиришга хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.