22.01.2019

СОЛИҚДАГИ ЎЗГАРИШЛАРНИ КИМ ҚАНДАЙ ТУШУНЯПТИ?..

Пойтахтимиздаги «Ўзэкспомарказ» мажмуасида Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилги асосий йўналишларидан келиб чиқиб, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига тушунтириш, саволларга жавоб бериш мақсадида кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Молия вазирлиги, Бош прокуратура, Божхона қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Марказий банк ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган чет эл ваколатхоналари раҳбарлари, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги вакиллари иштирок этди.

Семинарда Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси, 2018 йил 26 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида«ги қарорида белгиланган устувор вазифалар мазмун-моҳиятига асосий эътибор қаратилиб, иштирокчиларга батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, семинарда Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев ва бошқалар 2018 йил 24 декабрда Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни қабул қилингани ҳамда унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида«ги қонуни, Бюджет кодекси ва Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилганига алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, қонун ҳужжатларини тўғридан-тўғри амал қилиш принципини таъминлаш мақсадида Солиқ кодекси юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, қўшилган қиймат солиғи, юридик шахсларни мол-мулк солиғи ва ягона ижтимоий тўлови ставкаларини жорий этувчи 1591, 181, 2111, 2691, 3081 - моддалар билан тўлдирилгани тўғрисида ҳам маълумот берди.

Яна шуни қайд этиш лозимки, 2019 йил 1 январдан бошлаб жорий этилган солиқ солишнинг янги тартиблари давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишга, солиқ қонунчилигини соддалаштириш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган. Жисмоний шахслар даромадини солиққа тортишни такомиллаштириш мақсадида барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12 фоиз миқдорида жорий этилган бўлса, меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасига солиқ юкини камайтириш мақсадида ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 12 фоизгача камайтирилди (бюджет ташкилотлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар бундан мустасно). Фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўлаб келинган 8 фоизлик суғурта бадаллари бекор қилинди. Фойда солиғи тўловчиларига солиқ юкини камайтириш, инвестициялар миқдорини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. Хусусан, тижорат банклари учун фойда солиғи ставкаси 22 фоиздан 20 фоизгача, корхона ва ташкилотлар учун 14 фоиздан 12 фоизгача, дивиденд ва фоиз кўринишидаги даромадлар учун 10 фоиздан 5 фоизгача камайтирилди.

Юридик шахсларнинг айланмаси (тушуми)дан ундириладиган давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар бекор қилинди. Солиқ солишнинг соддалаштирилган режимидаги солиқ тўловчиларга солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг салбий таъсирини камайтириш мақсадида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкасини 5 фоиздан 2 фоизгача пасайтиришга эришилди. Бундан ташқари, йиллик айланмаси 1 миллиард сўмгача бўлган микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиздан 4 фоизгача камайтирилди. Айланмаси 100 миллион сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари 13-40 фоизга камайтирилди. 100 миллион сўмдан юқори ва 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга айланмадан 4 фоизлик ставкада солиқ тўлашга ўтказиш йўли билан қатъий белгиланган солиқ бекор қилинди.

Кўргазмали семинарда солиқ тўловчиларга солиқ ва молиявий ҳисоботларни шакллантиришда амалий ёрдам ва маслаҳатлар берилиб, умумбелгиланган солиқларни тўлаш тартиби кўргазмали ва тарқатма материаллар ёрдамида тушунтирилди.

Солиқларни вақтида тўлаб келаётган, қонунга итоаткор, инсофли солиқ тўловчилар Давлат солиқ қўмитасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.