08.01.2019

ИНСОН МЕҲНАТИ УЛУҒЛАНГАН МАМЛАКАТ ФАРОВОН БЎЛАДИ

Инсон азал-азалдан бунёдкорлик тимсоли сифатида улуғланиб келади. Унинг яратувчилик салоҳиятини рўёбга чиқаришда ҳалол меҳнат ҳал килувчи ўрин тутади. Дунёда инсоннинг пешона тери, бунёдкорлик дахоси билан яратилган қанчадан-қанча моддий ва номоддий мўъжизалар мавжуд. Уларнинг энг ёрқин намуналарини қадимий юртимиз тупроғида ҳам кўплаб учратиш мумкин. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Термиз, Қарши, Шаҳрисабз, Қўқон ва Марғилон каби куҳна шаҳарларимиздаги меъморий обидалар, «Шашмақом», «Хамса», «Бобурнома» каби маънавият дурдоналари улуғ аждодларимизнинг ақл-заковати, олийжаноб меҳнатининг натижаси сифатида барчамизда ғурур ва ифтихор туйгуларини уйғотади.

Бугунги кунда мамлакатимизда меҳнат муносабатлари борасидаги эзгу анъаналар изчил давом эттирилмоқда ва янгича маъно-мазмун билан бойитилмоқда. Ҳар бир соҳа вакилларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, бу йўналишдаги ижтимоий муносабатларни демократлаштириш ва соғломлаштириш, адолатсизликнинг турли кўринишларидан холи қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани барчамизга яхши аён. Айниқса, биз — илм-фан соҳаси ходимлари бу ўзгаришларни биринчилардан бўлиб ҳис этганимизни ҳамиша миннатдорлик билан гапирамиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2016 йил декабрь ойининг охирида биринчи учрашуви ва мулоқотини айнан илм-фан намояндалари билан ўтказган эди. Ўша тарихий учрашувда олимлар меҳнати игна билан қудуқ қазишдек машаққатли эканини таъкидлаб, уларнинг илмий изланишлари натижаларини ҳар томонлама рағбатлантириш кераклигини айтган эди. Бу фикрлар қисқа муддатда ҳаётда ўз ифодасини топа бошлади.

Масалан, кейинги икки йил давомида меҳнатга ҳақ тўлаш тизими қайтадан кўриб чиқилди. Айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва санъат соҳаларида меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг иш ҳақи бир неча баробар оширилгани, педагог ходимларни уларнинг касб йўналишига тааллуқли бўлмаган турли ишларга жалб этиш, тинкани қуритадиган текширишлар бекор қилингани жамиятимизда чинакам адолатни қарор топтириш йўлидаги улкан қадамлар бўлди.

Шунингдек, аёллар ва болаларни қишлоқ хўжалиги ишларига мажбуран жалб этишга бутунлай чек қўйилгани халқимиз томонидан катта мамнуният билан маъқулланди.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги маърузасида бошқа муҳим масалалар қатори меҳнат муносабатларини такомиллаштиришга, хусусан, кафолатланган пенсия таъминоти, аҳоли учун муносиб меҳнат шароити ва иш ўринлари яратиш, соғлиқни сақлаш тизими ходимлари иш ҳақини ошириш, ёшларни замонавий касб-ҳунарларга тайёрлаш, уларнинг олий таълим даргоҳларида билим олиш имкониятларини кенгайтириш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Меҳнат муносабатлари соҳасида 40 йилдан зиёд вақт мобайнида илмий кузатиш ва тадқиқотлар олиб бораётган олим сифатида айтишим мумкин: бу йўналишда пухта асосланган сиёсат юритиб, жуда қисқа муддатда улкан амалий натижаларга эришган давлатлар кўп эмас. Шу маънода, Ўзбекистон тажрибаси ноёбдир. Шунинг учун ҳам у жаҳонда катта қизиқиш уйғотмоқда, халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Бу ҳақда БМТ, Халқаро меҳнат ташкилоти, ЮНИСЕФ ва бошқа нуфузли халқаро тузилмалар минбаридан айтилган ижобий фикрларни кейинги пайтда кўп эшитмоқдамиз.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон меҳнат муносабатларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришда БМТ ва Халқаро меҳнат ташкилоти билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлаш лозим. Ўтган йил 13-15 декабрь кунлари Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер бошчилигидаги нуфузли делегация расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди. Ушбу ташкилот раҳбарининг юртимизга биринчи марта келишини ҳисобга олиб фикрласак, Ўзбекистондаги ўзгаришлар унда катта қизиқиш уйғотганини англатади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 14 декабрь куни Гай Райдерни қабул қилди. Бўлиб ўтган самимий суҳбат давомида Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани, бу борада эришилган натижалар, истиқболдаги вазифалар ҳақида атрофлича фикр юритилди.

Ўша куни мамлакатимиз пойтахти — Тошкент шаҳрида яна бир муҳим воқеа бўлиб ўтганини таъкидлаш ўринлидир. «Меҳнат соҳаси истиқболи: Халқаро меҳнат ташкилотининг 100 йиллиги арафасида муносиб меҳнат билан бандликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар» мавзусидаги халқаро конференцияда Халқаро меҳнат ташкилотининг бош директори ва вакиллари билан бирга БМТнинг Тараққиёт дастури, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, ЮНИСЕФ, Миграция бўйича халқаро ташкилот, Осиё тараққиёт банки каби йирик ташкилотлар вакиллари, Россия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон, Афғонистон, Қирғизистон, Туркманистондан келган меҳмонлар иштирок этди. Халқаро меҳнат ташкилоти раҳбари Гай Райдер конференцияда сўзлаган нутқида ўзининг Ўзбекистонга ташрифи Марказий Осиё минтақасига қилган илк ташрифи эканини қайд этиб, мамлакатимизда меҳнат ҳуқуқини таъминлаш бўйича сўнгги йилларда катта ўзгаришлар амалга оширилаётганини эътироф этди. Анжуманнинг бошқа иштирокчилари ҳам Ўзбекистоннинг меҳнат муносабатлари соҳасида эришган ютуқларига юқори баҳо берди.

Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотига 1992 йилда аъзо бўлган. Ўтган даврда мамлакатимизда ушбу ташкилотнинг 14 та конвенцияси, жумладан, 8 та асосий конвенцияси ратификация қилинган. 2017 йилдан бошлаб 2020 йилгача бўлган даврга мўлжалланган «Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури» амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида 2018 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг миллий координаторининг офиси иш бошлади. Халқаро конференцияда ана шу далиллар келтирилар экан, буларнинг барчаси Ўзбекистон билан Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик тобора самарали бўлиб бораётганидан далолат беради, деган фикр билдирилди.

Халқаро меҳнат ташкилоти делегацияси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси фаолларининг кенгайтирилган учрашуви ҳам бўлиб ўтди.

— «Ўзбекистон меҳнат соҳасидаги ўз халқаро мажбуриятларига нисбатан масъулиятли ва пухта ёндашувни намойиш этмоқда, — деди Гай Райдер мазкур учрашувда. — Ўзбекистонда болалар ва аёллар ўртасида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ва уларнинг самарасини алоҳида таъкидлаш зарур. Шунингдек, уч томонлама ҳамкорлар — давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида йўлга қўйилган конструктив ижтимоий мулоқот, касаба уюшмалари фаолияти учун яратилган шароитлар бошқа мамлакатлар учун намуна бўлишга муносибдир».

Учрашув давомида Ўзбекистонда ижтимоий мулоқотни ривожлантириш борасида аниқ мақсадларга қаратилган ишлар олиб борилаётганига эътибор қаратилди. Хусусан, ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида Бош келишув имзоланиб, унга амал қилиб келинаётгани, ана шу муҳим ҳужжат ижроси юзасидан назоратни амалга ошириш учун уч томонлама комиссия фаолият олиб бораётгани ижобий баҳоланди. Ижтимоий шериклик ва мулоқотни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича муҳим аҳамиятга эга бўлган тармоқ келишувлари сони 2016 йилдаги 95 тадан 2018 йилда 107 тага етгани, корхона, ташкилот ва муассасалардаги жамоа шартномалари сони эса 171 тага етгани бу йўналишдаги ишлар тобора кенгайиб, миқёси ортиб бораётганини кўрсатади.

Халқаро меҳнат ташкилоти бош директори Гай Райдер бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизда бўлиши, меҳнат ҳуқуқини таъминлаш янги иш жойларининг яратилиши ва аҳолини муносиб меҳнат билан банд этиш борасидаги ислоҳотларни жаҳон тажрибаси билан қиёслаб, ижобий фикрлар билдиргани бизга меҳнат муносабатларида келгуси режа ва вазифаларимизни аниқ белгилаб олиш имконини берди. Бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни ҳар томонлама кучайтириш ва самарадорлигини оширишда Халқаро меҳнат ташкилоти бизни қўллаб-қувватлашга тайёрлиги ҳамда ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани анжуман ва учрашувларнинг энг муҳим хулосаси бўлди.

 

Қаландар Абдураҳмонов,

Ўзбекистон Фанлар академиясииинг академиги.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: