29.12.2018

ДЕҲҚОНОБОД КАЛИЙ ЎҒИТЛАР ЗАВОДИ

иқтисодий жиҳатдан ривожлангани сайин туман аҳолисининг турмуши фаровонлашиб бормоқда

Қашқадарё вилоятидаги Деҳқонобод калий ўғитлар заводида Конституциямиз қабул қилинган кун ҳар йили катта тантана билан нишонланади. Узоқ-яқиндан меҳмонлар, журналистлар таклиф этилади. Тўғриси, корхона фаолияти, ишчи ходимлар ҳаёти ҳам ана шу тантанага муносиб, десак асло муболаға бўлмайди.

Бу йил ҳам шундай бўлди. Тадбир чинакам байрам тусини олди. Тадбирда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик жамият барпо этишда Конституциянинг аҳамияти, унинг ҳар бир фуқаро ҳаётида тутган ўрни, қонунчилигимизни янада такомиллаштиришда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида сўз юритилди.

— Ўзбекистонимиз суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади ва улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди, — деди Деҳқонобод Калий ўғитлар заводи бош директори, халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП ­гуруҳи аъзоси Ҳамидилла Шерматов. — Ана шундай машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизнинг бош ҳуқуқий асоси Конс­титуциямиз эканини унутмаслик лозим. Конституциямиз асосида республикамизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти инс­титутлари шаклланди.

Шуни ҳам айтиш керакки, Конституциямизнинг бутун мазмун-моҳияти инсонни улуғлашга қаратилган. Энг муҳим масалалардан бири — фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш кафолатланган. Корхонамизда жорий йилда ишчи-ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг ойлик маошлари оширилиб, қўшимча моддий рағбатлантиришлар амалга оширилиб келинмоқда. Бундан ташқари, Конституциямизнинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Шу боисдан ҳам корхонамизга ишга қабул қилишда ходимнинг касби ва малакасига алоҳида эътибор берилиб, хавфсиз ҳамда адолатли меҳнат шароитлари тўлиқ кафолатланган.

Ушбу йилда туман Бандликка кўмаклашиш марказининг йўлланмасига асосан 62 нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётганларни ишга қабул қилдик. Шунингдек, ходимларнинг ўз касбига қизиқувчанлиги ҳамда иш самарадорлигини янада ошириш мақсадида жорий йил декабрь ­ойидан бошлаб, «Йилнинг энг яхши касб (ҳунар) эгаси» мукофоти бўйича 9 номинация жорий қилдик. Мана, бугунги тадбирда ушбу номинациялар ғолибларига диплом ҳамда пул мукофотлари топширилди...

Унинг гапини бўлиб, саҳнада инглиз ва рус тилларида шеърларни маромига етказиб айтаётган болакайлар ҳақида сўрадим.

— Улар корхона қошида фаолиятини бошлаган «Жажжи кимёгар» мактабгача таълим муассасасининг 40 нафар тарбияланувчиларидир, — деди у. — Бу болалар бир йил ичида хориж тилларида бемалол гаплаша оладиган даражага етганини кўриб, ич-ичимдан фахр­ланиб кетяпман. Бу болакайлар корхонамиз ишчи-ходимларининг фарзандларидир.

— Туманимизда машҳур ушбу завод молиявий имконияти кундан-кунга бар­қарорлашиб бараётганлиги боис, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда кам таъминланган оилаларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиб келмоқда, — дейди ЎзХДП ­Деҳқонобод туман кенгаши раиси Ашур Норбоев. — Жумладан, жорий йилда туманнинг Бешбулоқ маҳалласидаги Кимёгарлар шаҳарчаси аҳолиси учун мактабгача таълим муассасаси, кутубхона ва сунъий қопламали футбол майдончаси янгидан қуриб, фойдаланишга топширилди. Чучукқудуқ қишлоғи аҳолисини анча йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоси ечимига ҳам ҳомийлик ёрдами кўрсатилди, яъни ички йўл қисмини таъмирлаб беришди.

Бундан ташқари, ўтган йили заводнинг раҳбари бошчилигида яна бир хайр­ли ишга қўл урилди. Туманимизда тикиш-бичишни биладиган хотин-қизларни муқим иш билан таъминлаш мақсадида тикувчилик цехини қуриб, фойдаланишга топширди. Натижада 20 нафар хотин-қиз ишли бўлди. Улар дастлаб пахта терими учун фартуклар тикишган бўлса, бугунга келиб, заводнинг барча ишчи-ходимларига махсус кийим-бош ҳамда бошқа зарурий буюмларни ҳам тикишмоқда. Бу ҳам заводга каттагина фойда келтириш билан бирга 20 нафар хотин-қизнинг оиласига даромад олиб келиши таъминланди.

— Заводга ишга кирмасдан олдин уйда фарзандларим учун кийим-бош тикардим, — дейди тикувчи Дилафруз Раҳимқулова. — Олдинига туманимизда ушбу заводнинг ишга тушиши бир мўъжиза бўлган эди. Завод ўзини ўнглаб, хотин-қизларни қўшимча иш билан таъминлаш мақсадида тикув цехини қуриб бергани яна бир хурсандчилик бўлди. Бу цех ҳаётимни тубдан ўзгартириб юборди. Заводда иш бошлашим билан уйда ҳам, одамлар орасида ҳам ўзимга бўлган муносабат ўзгарганини ҳис қилдим. Энди мен шунчаки уйда ўтирадиган фарзандларимнинг онаси эмас, оиламга иқтисодий жиҳатдан фойдам тегаётган аёл, шу билан бирга улкан жамоанинг аъзосиман.

— Завод ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар ҳамда ногиронларга алоҳида эътибор қаратиб, ҳомийлик ёрдамини кўрсатиб келмоқда, — дейди Деҳқонобод тумани кўзи ожизлар жамияти раиси Жумагул Алиқулова. — Бугунги тадбирга ҳам жамиятимиз аъзоларидан 15 нафарини таклиф этиб, уларга совғалар ҳамда пул мукофотларини топширишди. Завод раҳбарияти бу каби хайрли ишларни йил давомида амалга ошириб келади. Бундан биз жуда хурсандмиз.

— Конституциямизнинг 14-моддасида «Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади», деб кафолатланган, — дейди Деҳқонобод туман прокурори Лазиз Ҳамроев. — Бугунги кунда юртимизда меҳнатга лаёқатсиз кишилар, ногиронлар, кўп болали оилалар, ёлғиз кексалар моддий ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Ўтган вақт мобайнида туманимизда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга, ногиронларга бир қатор ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 120 та ногиронга ногиронлик аравачаси, 50 дан ортиғига эшитиш мосламаси, 70 дан зиёдига бошқа ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди. Бунда Деҳқонобод Калий ўғитлар заводининг ҳиссаси катта бўлди. Бундан ташқари, жорий йилда завод раҳбариятининг ташаббуси билан балиқчилик, иссиқхоналар ва яна бир нечта йирик лойиҳадаги объектлар ишга туширилди.

— Ҳамидилла Шерматов нафақат завод раҳбари, балки депутат сифатида ҳам туманимиз аҳолисини кўп йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларга ечим топмоқда, — дейди Деҳ­қонобод «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Кенжа Эшбоев. — Мисол учун туманимиздаги Оқиртма қишлоғи аҳолиси тоғ олди ҳудудида истиқомат қилганлиги боис, анча йиллардан буён телефон алоқаси йўқлигидан қийналиб келишарди. Шу боисдан республикадаги йирик алоқа компаниялари билан гаплашиб, ушбу муаммони ижобий ҳал этилишида ёрдами катта бўлди.

Шунингдек, Чучукқудуқ қишлоғидаги масжид жуда таъмирга муҳтож аҳволга келиб қолганди. Уни ҳам қайтадан қуриб берилишида завод раҳбарининг ҳиссаси катта бўлди. Бундан ташқари, икки нафар ногироннинг уй-жойи қулаб тушадиган аҳволга келиб қолганди. Уларнинг уй-жойини ҳам янгидан қуриб беришда анчагина ҳомийлик ёрдамини кўрсатди ва бирини заводга ишга қабул қилди, муқим иш билан таъминлади. Эндиликда уларнинг оиласи ҳам фаровон, турмушидан миннатдор.

«Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси билан суҳбатимизни эшитиб турган заводнинг катта оператори ­Абдували Ёрматов «мен ҳам ўз фикримни билдирсам бўладими», деб суҳбатимизга қўшилди.

— Ҳозиргина уй-жой тўғрисидаги гапларингизни эшитиб қолдим. Ҳар бир йигит оила қурар экан, ўзининг алоҳида уй-жойи бўлишини орзу қилади. Ушбу орзуим амалга ошди. Бундан мен фахрланаман. Завод томонидан ўтган йили менга ҳам намунавий уйлардан бирининг калити топширилди. Завод ушбу уйимнинг бошланғич тўловини тўлаб берди. Завод мени нафақат иш билан таъминлади, оиламни тинч-тотув ва фаровон яшашида, ҳаётда ўз ўрнимни топишимда катта имконият яратиб берди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда заводда меҳнат қилаётган икки мингга яқин ишчи-ходимнинг ҳаётдан мамнунлиги, заводни янада тараққий эттиришга қўшаётган ҳиссасидан ғурур-ифтихори уларнинг юз-кўзларидан кўриниб турибди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: