Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
20.12.2018

ҚАШҚАДАРЁНИНГ ТАРАҚҚИЁТ ДАСТУРИ

Бутун мамлакатимизда халқимизни хурсанд этаётган, оғирини енгил қилаётган, ҳақиқатга ишончини ошираётган тарихий ўзгаришлар бўлаётганини ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз. Аммо Қашқадарё вилоятидаги янгиликлар, бунёдкорлик ишларининг кўлами ўзгача. Президентимиз Шавкат Мирзиёев воҳага ташриф буюрганида бу ижобий ўзгаришларни алоҳида эътироф этди. Айни чоғда хато ва камчиликларни бартараф этиш борасида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилояти салоҳиятини янада ошириш юзасидан тараққиёт дастурини белгилаб берди. Бугун қашқадарёликлар баланд кайфият, ғайрат-шижоат билан бу улуғ вазифаларни амалга оширишга киришди.

Туя ўркачига ўхшаш қир-адирлар. Узоқдан Ҳисор тизма тоғларининг қорли чўққилари кўзга ташланади. Президентимиз ташрифидан сўнг уч кундан буён воҳанинг у бошидан бу бошигача кезиб, одамларнинг фикрлари, орзу-умидлари билан қизиқаман.

Ўтган асрнинг 80-йиллари ўрталарида Шаҳрисабз туманида қурилган Ҳисорак сув омборидан «Оқсув-Яккабоғ» канали тортиб келинганди. Ўшанда мазкур ҳудудда фақат пахта етиштириш мўлжалланган эди. Бугун эса мақсад ҳам, манзара ҳам бутунлай бошқача. Адирлар бошланишида қўшқаватли ва бир қаватли қатор иморатлар... Уларнинг олдида хорижда ишлаб чиқарилган чопиқ ва ҳайдов тракторлари тизилиб турибди. Ҳамроҳим моҳир деҳқон Мирзо Суюнов билан Президентимиз эккан ёнғоқ ниҳолини кўздан кечирдик. Ёнғоқ ва бодом ниҳоллари қир-адирларни тўлдирган, боғбонлар яна янгиларини экишаётган экан.

— Мен Америка, Испания, Туркия давлатларида бўлганман. Масалан, Испанияда шунчалик мўл мева сабзавот етиштириладики, ҳавасингиз келади, — дейди «Саг агро Яккабоғ» МЧЖ раҳбари, тадбиркор Фариддин РОЗИҚОВ. — Хуллас, хориж тажрибасини ўрганиб, 2015 йилда Жомбой туманида 500 гектар ёнғоқзор барпо этдик. Кейин Яккабоғга таклиф қилишди. Аммо сув муаммоси ҳал бўлмади. Шунингдек, алоҳида қудуқ қазиб, қувур тортиб, насос станциясини ўрнатдик. Ниҳоллар томчилатиб суғорилади. Ҳозиргача 700 гектар майдонга Америка ёнғоғи ва Туркия бодоми кўчатлари экилди. Жами боғлар 1460 гектарга етади. Келгуси йили нишона беради, 3-4 йилга қолмай ҳосилга киради. Президентимиз ишларимизни кўриб, хурсанд бўлди. Ҳар бир хонадонга кўчат етказиб бериш кераклигини таъкидлади. Ўзбекистон ёнғоқ етиштириш ва экспорт қилиш ассосацияси тузилган, кўчат етиштирадиган тажрибахоналаримиз бор. Зиммамизга юклатилган вазифаларни, албатта, бажарамиз...

— Мен ҳам давлатимиз раҳбари билан учрашдим, — дейди яккабоғлик тадбиркор Анзур НОРМУРОДОВ. — Шу йилнинг бошида Президентимиз вилоятга келганида шарбат чиқарадиган янги корхонамизни кўрган, маслаҳатлар берган эди. Ўша кўрсатмаларга амал қилиб, 600 гектар боғ барпо этдик, ҳадемай 1000 гектарга етади. Камида 200 киши иш билан таъминланаяпти. Бундан ташқари, Германия ва бошқа хорижий давлатлар технологияси асосида 5 минг тонна сиғимга эга омборхона қураяпмиз. Ана шулар ҳақида мамлакатимиз раҳбарига гапириб бердим. Битта гапни айтайми, раҳбаримиз билан суҳбатлашган кишининг ғайрати тошади, руҳи кўтарилади, яна яхши ишлар қилгинг келаверади...

Президентимиз Ғузор туманидаги сентетик ёқилғилар ишлаб чиқарадиган йирик корхона қурилиши билан ҳам танишди. Бу корхона келгусида мамлакатимизнинг ёқилғи-энергетика соҳасидаги таянчларидан бири бўлади. Ҳозир 200 дан ошиқ ишчи ўқитилаётган экан.

Буюк Амир Темур туғилган жой деб тарих китобларига битилган Хўжа Илғор қишлоғига етиб келдим. Соҳибқирон бобомизнинг «Темур тузуклари»даги ушбу ҳикматли сўзлар ёдимга тушди: «Қайси киши ақлга сингган бир ишни куйиниб гапирса, суюниб эшитар эдим. Кимки оқилона гапларни эрларча кескинлик билан сўзласа, унга ҳам қулоқ солардим. Ҳар кимдан сўз олиб, кенгаш сўрар эдим...».

Президентимиз Қашқадарё вилояти тараққиётига хизмат қиладиган ўнлаб истиқболли лойиҳалар билан танишди. Қаршида бўлиб ўтган йиғилишда воҳа қудратини оширадиган жуда кўп режалар муҳокама қилинди. Туманлардаги фаолларнинг таклиф ва талабларини тинглаб, тегишли вазирликларга кўрсатмалар берилди. Касби тумани «Нуроний» жамғармаси раиси, ЎзХДПдан туман Кенгаши депутати Чўли Жўраев туманда йирик корхоналар йўқлиги, янги иш ўринлари зарурати ҳақида гапирди. Давлатимиз раҳбари вилоятда кўплаб имкониятлар ишга солинмаётгани, камида 69 минг гектар ер бекор ётгани ва бошқа камчиликларни бартараф этиш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, янги конлар очиш, борларини ишга тушириш, Қамашида куркачилик, қуёнчиликни ривожлантириш, қир-адирларда ёнғоқзорлар барпо этиш, Деҳқон­обод туманида янги сув омбори қуриш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш ва бошқа юзлаб муҳим режаларни ўртага ташлади. Очиғи, булар амалга ошса, воҳа тараққиёти жуда ривожланади, юксалади.

 

Суюн АБДИЕВ, Қарши туманидаги «Абдиев Мажид Абдиевич» фермер хўжалиги раиси, сенатор:

— Мен яшаётган Лаганди қишлоғида 5000 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Кейинги икки йил ичида ўнлаб иссиқхоналар қурилди, тадбиркорлар бир-биридан яхши ишларга қўл уришмоқда. Бизнинг фермер хўжалигимиз бу йил пахта ва ғалла сотиш режаларини ошириб адо этди. Жами 40 бош хориждан келтирилган қорамолимиз бор. Яна кўпаяди, кичикроқ сутни қайта ишлаш корхонаси қуриш ҳақида ўйлаяпмиз.

 

Қобил ҒУЛОМОВ, тадбиркор:

— 10 гектар ерда иссиқхона барпо этдик. Муборак газни қайта ишлаш заводида ишлатилаётган сув совитилиб, ишлаб чиқаришга узатиларкан. Таклиф қилдик, завод маъмурияти маъқуллади. Ана шу қайноқ сув иссиқхоналаримизга ҳайдалиб, совугач, яна корхонага қайтарилаяпти. Кредит олдик, 6 та иссиқхона барпо этдик. Ўтган йили 100 минг АҚШ долларига тенг маҳсулотни экспортга жўнатдик. Бу йил Россия, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон давлатларидаги ҳамкорларимизга 500 минг АҚШ долларлик помидор, бодринг жўнатамиз. Ҳозир 100 киши иш билан банд. Келгусида иссиқхоналарни кенгайтириб, бошқа маҳсулотлар ҳам етиштирамиз.

 

Зиёдулла МИРЗАЕВ, Китоб туманидаги «Варганза» МФЙ раиси:

— Туманимиз вилоятда мева-сабзавот етиштиришда етакчи. Олтин, цемент ва бошқа табиий бойлик конлари ҳадемай ишга тушар экан. Бундан роса қувондик. Президентимизнинг кўрсатмаси билан «Варганза 1,2» насос станциялари таъмирланаяпти. Янгидан қурилаётган «Оқбой» насос станцияси сувни 190 метр баландликдаги адирларга етказиб беради. Бу жойларда 500 гектардан кўпроқ янги анорзорлар барпо этилади. Агар ҳозир фермер хўжалиги ва томорқаларда 3,5-4 минг тонна анор етиштириладиган бўлса, келгусида бу кўрсаткич 2-3 баробар ошади.

 

Дилмурод ЙЎЛДОШЕВ, Яккабоғ туманидаги муқобил МТП раҳбари, фермер:

— Мен Қаршидаги йиғилишда қатнашиб, Президентимиз фикрларини эшитиш бахтига муяссар бўлдим. Режалардан севиндим ва фахрландим. Аммо Яккабоғ тумани танқид қилинганда, ободончилик ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилгани айтилганда, бошим эгилиб қолди. Нега бу аҳвол юз берди? Бунга аввало барчамиз айбдормиз...

Мамлакатимиз раҳбари Якка­боғ туманидаги камчиликлар ҳақида гапирар экан, бугун ҳоким қандай киши бўлиши кераклиги тўғрисида ҳам ҳаётий мулоҳазаларини, таклифларини ўртага ташлади. Мен Яккабоғ туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қатнашдим. Туман «Соғлом авлод» учун жамғармаси раиси, ЎзХДПдан туман Кенгаши депутати Назира Элмуродова айрим муаммоларни таъкидлади. Масалан, 59-мактабнинг ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган биноси талабга жавоб бермайди. Айрим қишлоқлар аҳолисига вақтинча тортилган ностандарт симёғочлар хавф-хатарли. Яна бир партиядошимиз, туман Кенгаши депутати Султон Халиловнинг айтишича, собиқ ҳоким депутатлар сўровига жавоб бермас экан. Сессияда унинг яна бир камчилиги — одамларни қабул қилиш, уларнинг арз-додини тинглашни ёқтирмаслиги айтилди. Натижада унга эргашиб, айрим идора раҳбарлари ҳам аризачилар билан учрашишдан қочишар экан.

Бутун умр ер билан тиллашган, меҳнат фахрийси Мирзо Суюнов кексайиб қолгач, ўзи раҳбарлик қилган фермер хўжалигини ўғли Фазлиддинга топширади. Фермер хўжалиги ўтган йили бир теримда пахта режасини бажаради. Аммо собиқ ҳоким Жаҳонгир Бобоев уни илғор фермерлар йиғилишидан ҳайдаб чиқариб юборади. Унга тазйиқ ўтказа бошлайди. Бу йил ғўзаларни суғоришда атайлаб сувдан қисишади. Вилоят раҳбари аралашиб сув олиб беради. Жами 100 бошга яқин қорамоли бўлса-да, озуқа етиштириш учун ер ажратиб бермайди. Бунинг боиси шундаки, Мирзо Суюнов айрим фермерлар томонидан ерлар талон-тарож қилингани ҳақида юқори идораларга мурожаат қилади ва ҳақ бўлиб чиқади, бугун айбдорлар қонун олдида жавоб беришяпти. Шунинг учун собиқ ҳоким ота-болага тазйиқ ўтказиб келади.

Халқ депутатлари Яккабоғ туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев Президентимиз томонидан қўйилган муҳим вазифаларни бажаришда барча бир тану бир жон бўлишини таъкидлади. Сессияда депутатлар Шомурод Донаевни туман ҳокими қилиб сайлашди.

Шомурод Донаев тажрибали раҳбар. Косон туманида туғилган, хўжаликларни бошқарган, Ғузор туманида анча йил ҳоким бўлиб ишлаган, Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлган, кейинги йилларда вилоят ўрмон хўжалигини бошқараётган эди. Сессия қатнашчилари янги ҳоким ўзига билдирилган юксак ишончни оқлашига ишонч билдиришди.

 Шаҳрисабз шаҳрига етиб келдим. Марказий майдонда Президентимиз очган хусусий боғча биносига ҳавас ва фахр билан қарайман. Жуда чиройли, кўркам, шаҳар ҳуснига ҳусн қўшиб турибди.

 

Муҳаббат ШАРОПОВА, Ўзбекистон қаҳрамони:

— Биласизми, 50 йилдан ошди, мактабларда математика фанидан дарс берганимга. Ёшим 70 га етди, бўлди, дейман ўзимча. Аммо ­Қаршида ўтказилган йиғилишда Президентимизнинг болалар боғчаларини кўпайтириш, уларга фарзандларимизни жалб этиш, истеъдодли ўқувчилар таълим оладиган янги мактаблар қуриш, хусусан, Шаҳрисабз шаҳрида бир нечта институт филиалларини ташкил этиш ҳақидаги фикрларини тинглар эканман, вужудимга куч энгандай бўлди. Сизга яна бир янгиликни айтай. Қарши шаҳрида хусусий мактаб иш бошлади. Болалар эрталаб кун давомида мактабда бўлади, икки марта овқатлантирилади. Ўқитувчилар саралаб олинган. Неварам Миржаҳонни шу мактабга бердик. Насиб этса, ҳали кўп улуғ ишлар амалга ошади.

 

Қаҳҳор РАҲИМОВ, Ўзбекистон халқ бахшиси, ЎзХДП фаоли, туман Кенгаши депутати:

— 1994 йили бир гуруҳ санъаткорлар билан Америкага борган эдик. Бир ой ичида юртимни соғиндим, фарзандларим кўз ўнгимдан ўта бошлади. Янги ашула ёздим. Сан-Франциско шаҳридаги 2 минг томошабин йиғилган бинода ашуламни бошлабман, денг... «Журинглар, кетамиз Ўзбекистонга, туринглар, кетамиз Ўзбекистонга!»... Кейин ўпкам тўлиб, «Эй халойиқ, мени англайдиган инсон борми?», деб ҳайқирдим. «Бор!», дея 6-7 киши югуриб келиб, дўмбирамни попугини кўзига сурта кетди. Кейин билсак, улар ватандан жудо бўлиб, хорижга келиб қолган ўзбекларнинг невара-чеваралари экан. Шунда бутун залдаги томошабинлар ўрнидан туриб, бизни олқишлашди. Ҳа, миллий санъатимиз ҳеч қачон йўқолмайди, қон-жонимизда яшайди. Қаршидаги йиғилишда қатнашиб, Президентимизнинг гапларини эшитдим, ўзим ҳам кичик ашула айтиб бердим.

Деҳқонобод туманида сув ­омбори қурилиши, янада обод бўлиши ҳақидаги янгиликни эшитиб, бир қувонган бўлсам, келгуси йилда Термизда бахшиларнинг халқаро анжумани ўтказилиши, ҳар бир хонадонда дўмбира ва достон китоблари бўлсин, деган таклифларини эшитиб, ўн қувондим. Деҳқон­ободга қайтиб, одамларга раҳбаримизнинг режаларини етказдим.

 

Элмурод БОЙМУРОДОВ, Шаҳрисабз шаҳри маданият бўлими қошидаги «Бахтли болалик» мақом дастаси раҳбари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:

— Бундан кейин нафақат бахшилар, балки ҳунармандларнинг ҳам халқаро анжумани ўтказилади. Шу йил Шаҳрисабзда бўлиб ўтган халқаро мақом анжумани миллий маданиятларнинг ўлмаслиги, боқийлигини намоён қилди. Анжуманда мен тарбиялаган 150 нафар ёш мақомчи куйлаганда, қалбим фахр-ифтихорга тўлиб-тошди. Президентимизнинг миллий маданиятимизни ривожлантириш, асл, табиий овоз соҳиби бўлган истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги фикрлари барчамизнинг қалбимиздаги ниятимиз эди.

Қарши шаҳрига етиб келганимда, аввал, ЎзХДП Қарши шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Рашид Муртозаев билан учрашдим. У киши Президентимиз Қарши шаҳрини обод қилишга тенгсиз ҳисса қўшгани, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳайкалини зиёрат қилиб, янгидан ишга тушган кардиология ва эндокринология шифохоналари, янгидан ташкил этилган «Ватанпарвар боғи» билан танишганини қувониб гапириб берди.

— Биз раҳбаримизнинг барча фикрлари ва таклифларини эшитдик, — дейди Рашид Муртозаев. — Булар буюк тараққиёт режаларидир. У киши ижтимоий ҳимоя ҳақида гапирди. Масалан, Қарши шаҳрида кам таъминланган оилалар учун 14 та янги уй қурилиб, хонадон соҳибларига топширилди. Биз партиямиз фаоллари депутатлар билан ана шундай уйлар қурилиши, сифати масаласини кўтардик ва яна бир муҳим масала — Қарши шаҳар аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш масаласини муҳокома қилдик...

Юртдошларимизнинг фикрларини тинглар эканман, бир ҳақиқатни англадим: Қашқадарёнинг куч-қуввати ошмоқда, янгиликлар одамларни тўлқинлантирмоқда, янги-янги ташаббусларга ундамоқда. Бу ишлар яқин келажакда ўз самарасини намоён этади, албатта.

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.