25.09.2018

КЛАСТЕР — ИННОВАЦИОН ТАРАҚҚИЁТ АСОСИ

Президентимизнинг элни фаравон, халқни бой қилувчи инновацион ғояларидан бири — Кластер тизими мамлакатимизда кенг жорий этилмоқда.

Ҳозирги кунга келиб Республикамизнинг деярли барча вилоятлари ўз катта-кичик кластерларига эга. Давлатимиз раҳбари 12 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда келгуси йилдан бошлаб бу тизим барча туманларда аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг «локомотиви» бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида замонавий бозор муносабатларини кенг жорий этиш мақсадида пахта-тўқимачилик кластерларини ривожлантиришга алоҳида эътибор беришимиз кераклиги таъкидланди. Келгусида пахта етиштирувчи 133 тумандан 70 таси тўлиқ кластер тизимига ўтади. Янги ташкил этилаётган кластерлар томонидан 41 корхона ташкил этилиб, 25 мингга яқин иш ўрни яратилади.

Мамлакатимиз Президентининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ­Саммитидаги нутқида илгари сурилган ташаббуслардан бири агросаноат кластер­ларни ривожлантириш ғояси бўлди. Бу инновацион ғоя тезда дунё илмий жамоатчилиги томонидан тан олинди. Масалан, АҚШда чоп этиладиган ва қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмончилик соҳасида дунёда етакчи илмий нашр ҳисобланган «Agriculture and Forestry» халқаро илмий-таҳлилий журналида Ўзбекистонда «Пахта тўқимачилик кластери таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг инновацион ҳамкорлиги базаси сифатида» сарлавҳали мақола чоп этилди.

Унда Президент Шавкат ­Мирзиёевнинг бевосита ғояси асосида Ўзбекистонда ҳаётга татбиқ этилаётган инновацион пахта тўқимачилик кластери тизимининг ноёблиги, янгилиги, халқнинг ҳаёт сифати ва мамлакат экспорт салоҳиятини оширишдаги стратегик аҳамияти ҳам илмий-назарий, ҳам амалий нуқтаи назардан чуқур таҳлил этиб берилган.

Хулоса килиб айтганда, Ватанимизни дунёнинг илғор давлатлари қаторидан жой олишининг йўли — бу аграр соҳада, илм-фанда, таълим тизимида ва бошқа соҳаларда кластер тизимларининг жорий этилиши ҳисобланади.

 

Хўш, кластер нима ўзи, бу ғоя қачон, қаерда пайдо бўлган ва унинг аҳамияти, қудрати нимада?

Жаҳон иқтисодиётида кечаётган интеграция жараёни унинг глобаллашувига катта таъсир кўрсатмоқда. Бу бир томондан қўшимча қиймат яратишнинг трансмиллий «занжирини» кўзда тутган ҳолда, иккинчи томондан ишлаб чиқариш соҳасида ҳам рақобатни кучайтирмоқда. Глобаллашиш асосида логистика ва товарлар ҳамда хизматлар сифатини ҳам стандартлаштиришни таъминловчи умумжаҳон коммуникация тизими ҳам ривожланиб бормоқда. Қолаверса, аҳоли сони муттасил ошиб бориши иш билан таъминлаш, аҳолига қулай фаолият жараёнини яратишни тақозо этаётир.

Интеграциялашувнинг кичик даражаси мамлакатлар иқтисодиётида янги хўжалик юритиш тизимини шакллантириш йўли ҳисобланиб, ўзаро пировард маҳсулот ишлаб чиқарадиган ва географик яқин бўлган корхона ва ташкилотларни ўз ичига олган «Кластер»лар яратишдир.

Кластерларни шакллантиришдан мақсад — шаҳар, туман ва вилоят ичида жойлашган бир хил соҳа корхоналарини ва улар билан ягона технологик занжирда бўлган таълим, илмий, инженеринг, консалтинг, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни уйғунлаштириш — инновацион ишлаб чиқаришни ташкил этиш асосида рақобатбардош товарлар яратишга йўналтиришдан иборатдир. Бунда аҳолини иш билан таъминлашдек муҳим жиҳат ҳам ўзини намоён этади.

«Кластер» атамаси французча сўз бўлиб, ўзбекча таржимаси «боғлам», «гуруҳ», «тўпланиш» маъноларини беради. «Кластер» наза­рия­сининг асоси бўлиб, Алъфред Маршаллнинг XIX аср охирида ёзилган «Иқтисодиёт принциплари» номли асарида (1890) ихтисослашган тармоқ-соҳаларнинг алоҳида ҳудудларда уйғунлашиши тўғрисидаги фикр-мулоҳазалари ҳисобланади.

 

— «Кластер» назариясини ўрганиш жаҳон жамиятида тез суръатларда ўсиб бормоқда ва уни амалиётда қўллаш эса миллий ва минтақавий иқтисодий ривожланишнинг асосий йўналишига айланмоқда.

— 1980 йиллардан кейин «Кластер назарияси» нинг ривожланишида 3 та муҳим (Америка, Британия ва Скандинавия ва бошқа) илмий мактаблар ютуқларини кўришимиз мумкин.

Америка олимлари — М.Портер ­«Рақобат устунлиги назарияси», ­М.Энрайт, С.Резенфелъд, П.Маскелл ва М.Лоренценлар «Минтақавий кластерлар концепцияси», А.Маршалл «Саноат ҳудудлари назарияси», П.Бекатин «Итальян саноат округлари назариялари», М.Сторпер «Идеал ҳудудий кластер» назарияларини яратган. Қўшимча қиймат ва кластерлар занжири уйғунлиги, минтақаларни ўқитиш концепция­лари ҳам шу гуруҳдан ўрин олган.

Айнан шу олимлар назарияларида кластерлар — ишлаб чиқарувчилар рақобат устунлигини оширишда юқори самарали бўлиб, уларнинг ҳудуддаги таълим, фан, техналогик, иқтисодий ва бошқа хизмат кўрсатувчи субъектлар фаолияти билан уйғунлашган тизими эканлиги таъкидланади.

Британия назариётчиларининг (Ж.Даннинг, К.Бримен,Шмит, Ж.Хамфрилар) фикрича, кластер — ўзаро ҳамкорликдаги институтлар тизими сифатида иқтисодиётнинг асосини белгиловчи институционал назариялардир.

Скандинавия олимлари (Б.О.Лундвалъ, Б.Йонсон, Б.Асхайм, А.Изаксон) — кластернинг эволюцион ривожи бир қатор босқичлардан ўтишини айтишади, яъни туғилишидан тугагунича.

Кластерлар назарияси рус олимлари Ю.С.Артамонова, Б.Б.Хурусталиев ва бошқалар томонидан ҳам ўрганилиб, амалиётга татбиқ этиш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. Юқоридаги назарияларни яратилиши ва уларнинг амалий аҳамияти мамлакатлар, тармоқлар ва корхоналар иқтисодиёти рақобатдошлигини ошириш ва юқори самарадорликка эришишни назарда тутади.

Биология фанида «генлар кластери», «бактериялар кластери», «вируслар кластери» каби тушунчалар ҳам мавжуд.«Таълим тизими кластери» каби тушунчалар ҳам мавжуд. Таълим тизимидаги кластер эса, боғча, мактаб, лицей, коллеж, олий ўқув юрти, аспирантура, докторантура, малака ошириш каби жараёнларни қамраб олувчи бутун умр давомидаги таълим занжирини бир-бирига узвий боғлашдир...

Иқтисодиётни инновацион тараққий эттиришда, айниқса, иқтисодий ривожланишнинг анъанавий усуллари етарли даражада фойда бера олмаётган ҳозирги даврда, Кластер назариясини амалиётга татбиқ этиш энг мақбул йўл ҳисобланади. Кластерлаштиришни корхоналар инновацион фаолиятини тезлаштириш асосида рақобатбардошлигини ошириш ва уларнинг глобал рақобатнинг кучли таъсирига қарши туришдаги миллий ва минтақавий ривожланиш талабларига тўла жавоб берадиган янги иқтисодий тизим деб ҳам қараш мумкин.

Кластернинг шаклланишида давлатнинг роли муҳим ўрин тутади. Агар дастлаб кластерлар фақат бозорнинг кўринмас қўли (рақобат) туфайли, аввало, трансмиллий компанияларни замонавийлаштиришда ташкил этилган бўлса, кейинги вақтда кўпгина мамлакатларнинг ҳукуматлари бу жараёнга сезиларли даражада таъсир этгани ҳолда уларга ёрдам бермоқдалар. Клас­тер стратегияси жозибадорлиги, йўналишларнинг турли-туманлиги боис ҳам, иннавацион кластерларни давлатнинг ўзи шакллатиришини тақозо этмоқда.

Кластер иштирокчилари деганда — кластерда фаолият юрутувчи бозор субъектлари тушинилади.

Ривожланган давлатларнинг тажрибалари шуни кўрсатмоқдаки, бар­қарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашда, инвестицион фаолликни оширишда, рақобатбардош товарлар ишлаб чиқаришда клас­терларнинг, халқаро логистик марказларининг, эркин иқтисодий зоналарининг ўрни ва ахмияти жуда юқори.

Ривожланган мамлакатларда инновацион иқтисодиётни шакллантиш ва бошқаришда кластерлардан фойдаланиш бўйича маълум тажриба тўпланган.

Европа мамлакатлари ва АҚШда бу стратегия кенг қўлланилмоқда. Кластер Буюк Британия, Голландия, Германия, АҚШ, Дания, Франция, Италия, Финляндия, Ҳиндистонда яхши ривожланган. Дания, Финляндия, Швеция саноатини кластерлар тўла эгаллаган.

Кластер тузилмалари Швейцария, Австрия, Италия, Дания, Ҳиндистон, Корея, Покистон, Хитой ва Туркия давлатлари енгил саноатида, Германияда кимё ва машинасозлик, Францияда озиқ-овқатлар ва косметика саноатларида муваффақиятли ишламоқда.

Кластерларни шакллантириш жараёни Жанубий — шарқий Осиё, Хитой, Сингапур, Япония ва бошқа мамлакатларда фаоллашиб бормоқда.

Масалан, Германияда яқин вақтгача минтақавий кластерлар ривожланиши давлат аралашувисиз кечар эди. Бироқ 2003 йилда ҳукумат кластер ташаббусларига жиддий эътибор қаратди. Бу, биринчи навбатда, юқори технологияли соҳаларни ло­йиҳалашда амалга оширилди. Давлат нафақат маҳаллий, балки бошқа манбалар ҳисобидан саноат ва илмий марказлар куч-ғайратини бирлаштиришни кўзда тутмоқда.

Кластер «Эркин илмий-техникавий зоналар» шаклида ташкил этилмоқда. Эркин илмий-техникавий зоналар алоҳида ажратилган ҳудудлардан иборат бўлиб, у ерда илмий-ишлаб чиқариш ва ўқув марказлари жамланади ҳамда улар учун илмий ва ишлаб чиқариш имкониятини ривожлантиришга қаратилган махсус ҳуқуқий тартибот ўрнатилади. Эркин илмий-техникавий зоналар юксак технологиялар амал қиладиган зоналар, технопарклар, минтақавий инновация марказлари — технополислар шаклида ташкил этилади.

Технопарклар иккита асосий компонентлар: ишлаб чиқариш саноатнинг илғор соҳасидаги корхоналар ва мутахассислар (университет, инс­титут, илмий-тадқиқот институти, лабораторияларнинг кучли гуруҳлари) дан таркиб топади ва уларнинг фаолияти рақобатбардош товарлар ишлаб чиқаришга йўналтирилади.

Халқаро амалиётда синалган Клас­тер назариясига асосланган тажрибадан фойдаланиш, жумладан, иқтисодиётимизнинг тўқимачилик ва енгил саноат истиқболида муҳим аҳамият касб этади. Ҳар қандай мамлакат, ҳудуд ёки вилоят иқтисодиётининг рақобатбардошлиги, энг аввало, ишлаб чиқараётган товарларни маҳаллий ва жаҳон бозоридаги рақобатбардошлиги, яъни харидоргирлиги орқали аниқланади. Мамлакатнинг таълим тизимидаги ислоҳотлар ва барча илмий, маънавий-маърифий ривожланишларнинг якуний кўрсаткичи ҳам товарлар ва хизматларимизнинг замонавий бозорларда рақобатбардошлигининг таъминланиши билан баҳоланади.

Шундай қилиб, хорижий ва маҳаллий тадқиқотчилар таҳлилларида «кластер» тушунчасига қуйидаги таърифлар берилган:

— кластер — битта соҳага бирлашган ва бир-бири билан узвий алоқада бўлган корхоналар гурухи.

— кластер — битта географик ҳудудда жойлашган ва битта тармоқни ташкил қиладиган корхоналар гуруҳи.

— кластер — махсус соҳалар бўйича битта географик ҳудудда фаолият юритаётган, бир-бири билан боғлиқ бўлган ва бир-бирини тўлдирувчи компаниялар, институтлар гуруҳи.

— кластер — горизонтал ва вертикал равишда функционал боғлиқ бўлган корхоналар гуруҳи.

— кластер — жамоавий, хусусий ва ярим жамоавий кўринишда бир-бири билан боғлиқ ва ўзаро бир-бирини тўлдирувчи корхоналар, тадқиқот ва ривожланиш институтлари гуруҳи.

— кластер — тижорат ва нотижорат ташкилотлари гуруҳи бўлиб, у гуруҳда фаолият юритаётган ҳар бир корхонанинг рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилади.

— кластер — худудий концентрациялашувига асосланган ва технологик занжирга боғланган товар ва хом ашё етказиб берувчилар, асосий ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирган индустирлашган мажмуа.

Мамлакатимиз Президенти ­Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, барча соҳаларда кластер тизимини яратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Дарҳақиқат, нефтъ, газ, химия, биотехнология, фармация, информатика, автоқурилиш, транспорт-логис­тика, рекреацион-туристик, озиқ-овқат, таълим,балиқчилик, паррандачилик, асаларичилик, ипакчилик ва бош­қа соҳаларда кластер тизимларини яратиш илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни молиялаштириш ҳажмини кўпайтиради, сифатини яхшилайди, илмий тадқиқот ишларининг техник таъминоти даражасини юксалтиради, инвестициявий ташқи лойиҳаларда иштирок этиш, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва малакасини оширишнинг янги имкониятларини яратади. Бундан ташқари, кластер тизимида таълим ишланмалари яратиш, уларни қисқа муддатда синовдан ўтказиш, ишлаб чиқариш ва илмий изланишлардаги ходимлар ҳамда мутахассислар меҳнатларини кўпроқ рағбатлантириш, янги товарларни Ўзбекистон бренди билан ихтиро қилиш учун кенг имкониятлар ва шароит пайдо бўлади.

Шунингдек, мамлакатимизда халқаро кластер кординаторларини тайёрлаш илмий марказлари ва кластер проектлари бўйича Кенгашлар пайдо бўлади.

 

* * *

Юқоридаги маълумотлар, фикрлар иқтисод фанлари доктори, профессор Муртазо РАҲМАТОВ ва қишлоқ хўжалик фанлари академияси аъзоси, биология фанлари доктори, профессор Бакридин ЗАРИПОВнинг яқинда «Zamin Nashr» нашриётида чоп этилган «Кластер — интеграция, инновация ва иқтисодий ўсиш» китобидан олинди.

Ушбу китобни ўқиб, Кластер тизимининг ўзига хос кўплаб хусусиятлари, жумладан, фан, таълим, ишлаб чиқариш интеграцияси, пахта-тўқимачилик кластери, Бухоро вилоятидаги кластерда қўлланиладиган инновацияларнинг йўналишлари ва бошқа кўплаб маълумотлар билан танишиш мумкин.



DB query error.
Please try later.