30.08.2018

«ЎЗБЕКИСТОН ҲАВО ЙЎЛЛАРИ»: ХАВФСИЗЛИК, БАРҚАРОРЛИК, ҚУЛАЙЛИК

Ушбу тамойиллар миллий авиакомпаниямиз фаолиятининг асоси бўлиб келмоқда. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» халқаро авиаташувлар бозорида муносиб ўрин эгаллаб, мамлакатимиз мустақиллигининг фахри ва рамзига айланди. «Uzbekistan Airways» бренди бутун дунёда барқарор, хавфсиз ва ишончли авиаташувчи сифатида танилган ва эътироф этилган.

Ўтган йиллар давомида Миллий авиакомпания авиапарки «Аirbus», «Boeing» замонавий самолётлари, жумладан, «Boeing 787 Dreamliner» ҳаво кемалари ҳисобига янгиланди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ривожланиш стратегияси ҳамда авиапаркни модернизация қилиш дастурига мувофиқ, ўз паркини янги замонавий авиалайнерлар билан тўлдиришни давом эттирмоқда. 2019-2020-йиллар мобайнида иккита «AirbusА320 Neo» ва учта «Boeing 787 Dreamliner» самолёти олиниши кутилмоқда. Эътиборлиси, Дримлайнерлар келтирилиши билан миллий авиакомпаниямиз МДҲ давлатларида ушбу русумдаги самолётларнинг етакчи эксплуатанти бўлади. Янги замонавий ҳаво кемалари қулай, кенг ўриндиқлар, ҳар бир йўловчи учун алоҳида мўлжалланган кўнгилочар дастурли мониторлар, алоқа ва ­Wi-Fi тизимлари билан жиҳозланган бўлади. Бир сўз билан айтганда, парвоз вақтида йўловчиларга барча қулайлик таъминланади.

Миллий авиаташувчи ўз самолётларининг учишга яроқлилигини мус­тақил равишда таъминлаш имконига эга. «Uzbekistan Airways Technics» авиакорхонасида турли модифика­ция­даги, жумладан, «Boeing 787 Dreamliner» самолётларини бўяшдан тортиб капитал таъмирлашгача бўлган мураккаб таъмирлаш ишлари бажарилади. Бу ерда нафақат авиакомпаниянинг ўз авиапарки, балки хорижий авиакомпаниялар самолётларига ҳам техник хизмат кўрсатилади.

Кадрларни тайёрлаш тизими такомиллаштирилмоқда. Бугунги кунда ўз учув таркиби ҳамда хорижий авиакомпаниялар учувчиларининг назарий ва амалий тайёргарлигини таъминлашга қодир профессионал ўқитувчилар таркиби ҳамда замонавий авиация тренажёрларига эга Миллий авиакомпания Ўқув-машқ марказида учувчиларни Ўзбекистонда тайёрлаш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Бу йил марказ ўзининг дастлабки тингловчиларини қабул қилади.

Мамлакатимиз аэропортларининг ер усти инфратузилмаси модернизация қилинди. Янги замонавий йўловчи терминаллари қурилди, хизмат кўрсатиш технологияси яхшиланди ва учиш-қўниш йўлаклари реконструкция қилинди. Ҳаводаги ҳаракатни бошқариш замонавий марказлари эксплуатацияга топширилди. Ўзбекистон ҳаво кенглигидан фойдаланувчилар сони ва парвозлар хавфсизлигини янада ошириш имконини берувчи янги аэронавигация тизимлари жорий этилди. Республикамизнинг барча аэропортларида божхона чегараларидан ўтиш жойларида йўловчилар логистикасини яхшилаш ва божхона расмиятчилигини соддалаштириш имконини берган «қизил» ва «яшил» йўлакли тизим ҳам ишга туширилди.

Мамлакатимизнинг бош ҳаво дарвозаси — Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропорти ўта муҳим ва тоифаланган объектлар хавф­сизлигини таъминлашни ташкил этилишини назорат қилиш бўйича Республика идоралараро комиссияси томонидан хавфсизлик талабларига риоя қилган «Энг илғор ўта муҳим объект» сифатида эътироф этилди.

Пойтахт аэропортида халқаро йўналишларда учиб келувчи йўловчилар учун янги учиб келиш терминали ишга туширилди. Соатига 1200 нафар йўловчигача хизмат кўрсатиш имконига эга янги бинонинг ишга туширилиши билан халқаро йўналишларда учиб келаётган йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати сезиларли даражада ошди ва мамлакатга киришдаги зарурий текширув жараёнидан ўтиш вақти қисқарди. «Нукус» халқаро аэропортида соатига 400 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга янги йўловчи терминали эксплуатацияга топширилди. Мазкур янги терминал йўловчилар ва уларнинг юкларига халқаро стандартларга мувофиқ хизмат кўрсатиш имконини берадиган энг замонавий техника билан жиҳозланган.

Туризмни ривожлантириш борасида ҳам жадал ишлар олиб борилмоқда. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Буюк Британия Мустақил сайёҳлик операторлари ассоциацияси (АИТО) аъзоси бўлди. Миллий авиакомпаниямиз хизматларини сотиш тармоғини кенгайтириш ва чет эллик сайёҳларни Ўзбекистонга жалб этиш бўйича хорижий ҳамда маҳаллий туроператорлар билан узвий иш олиб борилмоқда. Душанбе шаҳрига ҳамда Самарқанддан Истамбулга янги йўналишлар очилди, Лаҳорга парвозлар тикланди. ­Иссиқкўл, Мальдив ороллари, Шарм-эл-Шейх ҳамда Бодрумга чартер қатновлари, европалик сайёҳларни жалб этиш мақсадида Милан ва ­Париждан Урганчга тўғридан-тўғри қатновлар бажарилмоқда.

Дарвоқе, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ФИФА-2018 футбол бўйича Жаҳон кубоги доирасида Колумбия, Мексика, Польша, Анг­лия, Хорватия ва Франция терма жамоаларининг маъмурияти, мухлислари ва оила аъзоларини ташиш учун 12 та чартер қатновини амалга оширди.

Давлатимиз раҳбари фармони билан тасдиқланган 2018-2019 йиллар учун сайёҳликни ривожлантиришнинг устувор чора-тадбирлари дастури ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ­Малайзия, Сингапур, Индонезия, Япония ва бошқа мамлакатлардан зиёрат туризми йўналиши бўйича республикамизга сайёҳларни жалб қилмоқда.

Хорижий сайёҳлик компаниялари билан ҳамкорликда республикадаги муқаддас жойларга қисқа муддатли саёҳатлар билан бир қаторда, транзит сайёҳлар учун «Ўзбекистон +» тур пакетлари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, узоқ ва яқин хориж мамлакатларидан Урганч, Бухоро ва ­Самарқанд шаҳарларига тўғридан-тўғри қатновларни йўлга қўйиш масаласи ҳам ўрганилмоқда.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» вертолётларида юртимизнинг гўзал гўшаларига сайр қилиш хизмати жорий этилди. Мазкур хизмат сайёҳлик агентликлари, тур­операторлар ва барча хоҳловчиларга таклиф этилади. Ўз касбининг устаси бўлган вертолёт учувчилари сайёҳларнинг нафақат хавфсизлигини таъминлайди, балки манзилга тез ва қулай элтиб ҳам қўйишади.

Миллий авиакомпания республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилиш учун махсус имтиёзли тарифларни тақдим этаётир. Экспортчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида авиакомпания шартномаларни тузиш, экспорт юкларини қабул қилиш ва бронлаш учун соддалаштирилган тартиб-қоидаларни жорий этди.

Парвозлар бажарилиши мунтазамлигини таъминлаш ва хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш учун сезиларли ишлар амалга оширилди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси чет эл аэропортлари томонидан бир неча бор энг пунк­туал авиакомпания деб эътироф этилди. «Домодедово», «Сочи», «Краснодар», «Қозон» ва бошқа аэропортларнинг мунтазам йўловчи қатновларини ўз вақтида бажарганлик учун тақдим этган дипломлари бунинг яққол далилидир.

Йўловчилар учун озиқ-овқат таркиби ва уни тақдим этиш технологияси бутунлай қайта кўриб чиқилди, кўнгилочар медиа-контентнинг янгиланиш тезлиги оширилди, бизнес-класс йўловчилари учун янги сифатли йўл анжомлар тўплами тақдим этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» муваффақиятли фаолияти давлатимизнинг чуқур ўйланган ва тўғри йўналтирилган сиёсати, халқимизнинг хавфсиз ва муносиб ҳаёти, мамлакатимиздаги тинчлик ва барқарорликнинг мевасидир.

 

Алишер РЎЗИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.