Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Avgust 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
19.07.2018

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ШАМОЛ РЕСУРСЛАРИ ВА МУҚОБИЛ ЭНЕРГЕТИКАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ

Мутахассис олимларнинг ҳисоблари бўйича, сайёрамизнинг шамол энергия потенциали жаҳонда ҳозир ишлатилаётган электр энергия ҳажмига нисбатан 30 маротаба катта. Бу ер юзасига яқин ҳаво қатламидаги, яъни 100 метр баландликкача шамол энергиясининг имконияти ҳисобланади. 100 метр ва ундан баландда шамол тезлиги кучли ва ундаги энергия берадиган шамол қувватининг имконияти янада катта.

Ҳозирги пайтда дунё бўйича интенсив ишлатилаётган углеводород ёқилғиси (кўмир, нефть, газ ва ­бошқалар) тугайдиган табиий ресурс­лар бўлиб, уларнинг табиий захиралари 30-40 йилдан кейин жуда камаяди, кўпгина давлатларда умуман тугайди. Шу сабабли ҳам дун­ёнинг ривожланган давлатларида, нуфузли илмий-тадқиқот марказларида муқобил энергия манбалари захираларини аниқлаш, улардан фойдаланиш бўйича катта миқ­ёсда илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмокда.

Сайёрамизнинг жуда кўп ҳудудларида шамол ресурслари катта захираларга эга бўлиб, улардан катта қувватда электр энергия олиш мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, шамол тезлиги 2,0-3,5 м/сек дан бошлаб электр энергия бера бошлайди, лекин унинг қуввати аккумляторни зарядлай олмайди. Шу сабабли самарали электр энергия берадиган шамол тезлиги 3,0 м/сек ҳисобланади.

Ҳозирги пайтда дунё бўйича турли қувватга эга бўлган бир неча миллион шамол қурилмалари ишлаб турибди. Масалан, АҚШнинг Калифорния штатида 16000 йирик шамол электр қурилмалари (ШЭҚ) ишлатилмоқда ва улардан ишлаб чиқарилаётган электр энергия Сан-Франциско шаҳрини керакли электр энергия билан таъминламоқда. Мўғилистонда 50000 дан ортиқ шамол электр қурилмалари узоқ қишлоқларни, чўпон хўжаликларини керакли электр энергия билан таъминлайди. Германияда альтернатив электр манбаларидан ишлаб чиқариладиган электр энергиянинг 86 фоизи шамол энергиясига тўғри келади.

Данияда 2020 йилга бориб мамлакатнинг электр энергияга бўлган талабининг 50 фоизини шамол энергиясидан олиш режалаштирилган.

Ўзбекистон ҳам шамол ресурсларига бой ҳудудлардан ҳисобланади. Мутахассисларнинг ҳисоби бўйича республикамизда ер юзасига яқин ҳавода (10 метр баландликда) эсадиган шамолнинг электр энергия берадиган қуввати ҳозир мамлакатимизда бир йилда ишлаб чиқилаётган электр энергиянинг 25 фоизини ташкил қилади. Агарда 100 метр баландликкача шамолдан электр энергия олинса, ҳозирги жами ишлатилаётган электр энергияга нисбатан каттароқ миқдорда электр энергия олиш мумкин.

Ўзбекистоннинг шамол ресурсларининг энергия имкониятларини, тарқалишини ва қувватини ўрганиш бўйича Германиянинг Geo-Net ва Intec Сора компаниялари «Ўзбек­энерго» АЖ билан ҳамкорликда тад­қиқот ишлари олиб боришди ва Geo-Net компанияси томонидан Ўзбекистоннинг шамол ресурслари харитаси тузилди. Харита ер юзасидан 84 метр баландликдаги маълумотларга асосланади. Ушбу харитадаги маълумотлар бўйича шамол тезлиги 5,0 м/сек дан 6,5 м/сек ва ундан катта бўлган ҳудудлар мамлакатимиз умумий майдонининг 70-75 фоизини, шамол тезлиги 3,0 м/сек дан 5,0 м/сек гача бўлган ҳудудлар 20-25 фоизни ва шамол тезлиги 2,5 м/сек дан кам бўлган ҳудудлар 5 фоизга яқин ҳудудларни эгаллайди. Ушбу рақамлар республикамизнинг 95 фоиз ҳудудида шамол энергиясидан фойдаланиш мумкинлигини билдиради.

Шаҳар ва қишлоқларда жойлашган метеорологик станцияларда шамол ўлчагич асбобнинг баландлиги 10 метр бўлганлиги сабабли шамол тезлиги ва йўналишига баланд дарахтлар ва бинолар тўсқинлик қилади. Шу сабабли ҳам аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда жойлашган метеорологик станцияларда шамол тезлиги ва йўналиши бўйича маълумотларда камчиликлар бор. Бундай ҳолат Самарқанд шаҳар метеорологик станциясига ҳам тааллуқли.

Ривожланган мамлакатларда шамол тезлиги ва йўналиши ер юзасидан 100 метр баландликкача ўлчанади ва жой шароитига қараб электр энергия берадиган шамол қурилмаларининг ҳам баландлиги 80 метргача бўлади.

2015 йил 31 август куни шамол тезлиги ва йўналишига тўсиқлар йўқ баландлик билан Самарқанд шаҳар метеорологик станцияси маълумотларини таққослаш мақсадида Самарқанд давлат университетининг тўққиз қаватли биноси томига 40 метр баландликка шамол ўлчагич асбобини, яъни анеморумбометрни ўрнатдик. Шу кундан бошлаб ҳозиргача шамол тезлиги ва йўналиши суткада тўрт марта ўлчанади ва лаҳзали тезлик, максимал тезлик ва шамол йўналиши ёзиб олинади.

Битта оилани энг зарур электр энергия билан таъминлаш учун (ёритиш, телевизор, музлатгич, телефон зарядкаси) ўртача 1 кВт/соат электр энергия сарфланиши ҳисоблаб чиқилган. Шу ҳисоб бўйича ­диаметри 5,0 метр узунликдаги шамол қурилмаси Самарқанд шаҳри шароитида 40 метр баландликда 4-5 оилага етадиган электр энергия ишлаб чиқариш имкониятига эга.

Самарқанд вилоятида шамол тезлигини аниқлаш мақсадида вилоятдаги метеорологик станцияларнинг шамол бўйича кўп йиллик (2000-2016) маълумотларини таҳлил қилиб чиқдик. Булардан ташқари Ғўбдин тоғининг энг шарқий қисмида тоғ олди текислигига, Булунғур туманининг Эшмонтўп қишлоғига ҳам шамол тезлиги ва йўналишини ўлчайдиган асбобни — анеморумбометрни 2014 йил 14 майда ўрнатдик ва ҳозиргача узлуксиз ўлчаш ишлари олиб борилмоқда. Самарқанд вилоятининг Булунғур тумани Сангзор водийси билан чегарадош. Сангзор водийси кучли шамол кўп эсадиган ҳудудлардан ҳисобланади ва бу тоғ-водий шамолини маҳаллий халқ «Илон ўтди», «Илон ўти» деб номлашади. Йилнинг салқин ва совуқ вақтлари деҳқончиликка ҳамда аҳолининг хўжалик ишларига зиён келтирувчи шамолни илонга ўхшатишади. Совуқ об-ҳаво шароитида эсувчи шамолни илоннинг ўтига, яъни захрига қиёслашади. Илон ўти шамолининг Булунғур туманига туташ қисмини «Булунғур шамоли» ҳам деб аташади. Бу шамол Сангзор водийсидан тоғлар орасидаги ботиқлар, паст­қамликлардан Зарафшон водийсига кириб келади. Бу кўп эсадиган кучли шамолнинг кучидан фойдаланиш учун қишлоқларда баъзи кишилар қўлбола шамол қурилмалари ясаб, электр энергия олишган.

Ердан 4-5 метр баландликка том тепаларига ўрнатилган шамол қурилмалари 2 та оилани энг зарурий энергия билан таъминлаган. Бундай қўлбола шамол қурилмалари сони турли қишлоқларда 20 дан ортиқ бўлган. Кейинчалик солиқ ­муаммоси пайдо бўлиб, бу қурилмаларни ишлатишга йўл қўйилмаган.

Европада Альп тоғида жойлашган Австрия, Швейцария ва Италия давлатининг шимолий тоғли қисмларида йўл чеккаларида ўнлаб километр узунликдаги масофада шамол электр қурилмалари ишлаб турибди ва улардан олинадиган электр энергия хўжаликнинг турли тармоқларида ишлатиб келинмоқда.

Шамолдан олинадиган электр энергиянинг қиймати 1 кВт/соат АҚШда 5,5 центни ташкил қилади. Бу кўмир асосида ишлайдиган электр станцияларидан олинадиган электр энергия нархи билан таққосланса, анча арзон. Бу экологик тоза энергия манбаига дунёдаги нафақат ривожланган, балки ривожланаётган давлатлар ҳам эътибор бермоқда. Электр энергия берадиган шамол қурилмалари 20 йиллар давомида жиддий таъмирлашни талаб қилмайди. Парраклар ер юзасидан 20-40 метр баланд қурилса, суғориладиган ерларга ҳам, яйловларга ҳам зарар етказмайди. Парраклар айланишида чиқадиган шовқин ҳисобга олиниб, уларни аҳоли яшайдиган жойлардан бир неча юз метр узоқликда жойлаштирилади.

Баъзи бир олимларимиз метеорологик станциялар маълумотларига асосланиб мамлакатимизда шамол энергетикасининг истиқболи йўқ деган фикрни илгари суришади. Бу тўғри эмас, албатта. Чунки очиқ чўл ҳудудларида, яъни Навоий, Бухоро, Хоразм, Қорақалпоғистоннинг текис ерларида шамолнинг йиллик ўртача тезлиги 3-5 м/сек дан ошади. Агарда шу ҳудудларда шамол тезлиги 10 метр баландликда эмас, балки 30-40 метр баландликда ўлчанса, олинадиган натижа янада яхши бўлишига ишончимиз комил. Бухоро, Хоразм воҳалари атрофларида минглаб шамол қурилмалари ўрнатилса, шу жойларда ер ости сувларини чиқариш ҳисобига иссиқхона хўжалигини ривожлантириш, боғдорчилик, полизчиликни ташкил қилиш имкониятлари яратилади.

Мамлакатимизда альтернатив энергия манбаларидан қуёш энергияси биринчи ўринда туради. Йил давомида 300 кундан ортиқ қуёшли кунлар давом этадиган республикамизнинг ҳар бир квадрат метр майдони ёз ойлари 1,5-1,6 кВт/соат, қиш ойлари 0,5-0,7 кВт/соат энергия бериш имкониятига эга. Умуман йил давомида ҳар бир квадрат метр майдондан ўртача 1 кВт/соат электр энергия олиш мумкин. Қуёш энергиясининг қуввати қиш ойлари ҳаво булутли бўлиши туфайли анча камаяди. Ана шу ­камайган энергия ўрнини шамол энергияси тўлдириши мумкин. Шу сабабли ҳам бизнинг шароитимизда қуёш батареялари билан шамол қурилмалари бир-бири билан ёнма-ён ўрнатилиши лозим.

Шамол энергиясининг қуввати асосан шамол тезлигига боғлиқ экан, электр энергияга талаб катта жойларда шамол тезлигининг йил давомида ўзгаришини аниқлаш бўйича тадқиқот ишларини жадаллаштириш зарур. Чунки Республикамизда метеорологик станциялар сийрак жойлашган, сони кам ва улар айнан шамол ресурсларини ўрганишга мўлжалланмаган. Шунинг учун метеорология станцияси маълумотлари етарли эмас.

Метеорологик станцияларни ва олий ўқув юртларининг география факультетлари ва кафедраларини янги замонавий шамол ўлчаш асбоблари билан таъминлаш учун Республика Гидрометеорология марказида шамол ўлчайдиган ва бошқа метеорологик асбоблар сақланадиган махсус база ташкил қилиниши лозим. Ушбу базадан илмий-тад­қиқот ишлар учун ва ўқув жараёнида талабаларга кўрсатиш учун, керакли асбоб-ускуналарни олиш имконияти яратилиши лозим.

Шамол энергетикаси, экологик тоза, хавфсиз ва арзон энергия турларидан ҳисобланади. Яқин келажакда, ўн минглаб, юз минглаб шамол қурилмалари республикамиздаги шамол кучли ва доимо эсадиган жойларда ишлаб, иқтисодиётимизнинг турли соҳаларини электр энергияси билан таъминлашига ишончимиз комил. Бунинг учун эса, аввало ҳар бир вилоятда шамол кучли ва доимо эсадиган жойлар ўрганилиб, уларни харитада кўрсатиш лозим. Бундай хариталар келажакда шамол қурилмаларини ўрнатишга илмий асос вазифасини бажаради.

 

Орзимурод РАҲМАТУЛЛАЕВ,

Субҳон АББОСОВ,

Самарқанд давлат университети профессорлари.



DB query error.
Please try later.