10.07.2018

ТОМДИДА ҲАЁТ ЎЗГАРА БОШЛАДИ

Президентимиз жорий йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи доирасида Томди туманига ҳам келиб, аҳоли вакиллари билан учрашган, томдиликларни бир неча йиллардан буён қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича топшириқлар берган эди.

Гап шундаки, туман марказидан 200-300 километр олисда яшовчи фуқаролар тиббий хизмат йўқлигидан азият чекишаётганди. Томдилик фаоллар Президентимизга ушбу муаммони ҳал қилиб бериш таклифини билдирди.

Мутасаддиларга берилган топшириқлар асосида Томди туман тиббиёт бирлашмасига Навоий кон-металлургия комбинатининг маблағлари ҳисобига «УАЗ» русумли йўлтанламас махсус автотранспорт воситалари олиб келинди. Замонавий тиббий жиҳозларга эга бундай автотранспорт воситалари об-ҳавонинг ҳар қандай шароитида чўл ёки тоғ олди ҳудудларида эркин ҳаракатлана олади.

Шунингдек, ташриф давомида Президентимиз олис чўл ҳудудларида иш ўринлари яратиш масаласи билан ҳам қизиққан эди. Ҳудуд шароитидан келиб чиқиб Томди, Конимех ва Учқудуқ туманларида туя­чиликни ривожлантириш таклифи билдирилганди. Мазкур ташаббус ҳам рўёбга чиқадиган бўлиб турибди.

Яқин кунларда Қозоғистондан 1 минг 500 бош туя харид қилиниб, Томди туманидаги Оқ тақир овулига келтирилади. Улар орасида кўп сут берадиган наслли туялар ҳам бор. Ҳозирда туячилик учун 61 минг 814 гектар ер ажратилган. Кейинги йил шу ернинг ўзида туя сутини қайта ишлашга ихтисослашган цех ташкил этиш режалаштирилган. Бу аҳоли фаровонлигига хизмат қилиши билан бирга, янги иш ўринлари яратиш имконини беради. Туя жунининг фойдали жиҳатлари кўп. Шуни ҳисобга олиб, ундан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Томди туманига қилган ташрифи ва белгилаб берган топшириқларининг ижроси ҳудудда яшаётган одамларнинг ҳаётига янгича руҳ, янгича кайфият олиб кирмоқда.

 

Лаис БАЯНАСОВ,

халқ депутатлари Томди туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси.



DB query error.
Please try later.