Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
21.06.2018

МИРИШКОР ҲАР СОҲАДА ПЕШҚАДАМ

Туман ғаллакорлари мамлакатда биринчи бўлиб дон топшириш шартномасини бажаришди.

Қолоқлиқ ботқоғига ботиб, эртанги куни хавотирли бўлиб қолган туман кейинги икки йилда қаддини ростлай бошлади. Ўтган йили ғалла ва пахта режалари бажарилганини эшитиб, биров ишонса, биров ишонмади. Мана, бу йил ҳам туманда буғдойдан мўл ҳосил етиштирилди. Миришкор мамлакатда биринчи бўлиб дон сотиш режасини уддалагани, шартномадаги 47 минг тонна ўрнига, 50 минг тонна дон етиштиргани одамларда туманнинг эртанги кунига ишончини оширди. Давлатга яна 10 минг тонна дон етказиб бериш учун ўримни тезлаштиришмоқда. Жами 17 иш кунида режадаги ҳосил тайёрлов идораларига етказилди. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, бу йил фермерлар қўлида 40 минг тоннадан ортиқ дон қолади ва ялпи хирмон 100 минг тоннага етади. Хўш, бу муваффақиятларнинг сири нимада?

Шаҳрисабздан жуда эрта йўлга чиқиб, Қарши чўлининг улкан ҳудудини эгаллаган Миришкор тумани чегарасига етиб келганимизда, осмон оқариб келаётган, ҳали тонг отмаган, чўлнинг майин эпкинлари эсаётган палла эди. Дала-даштни тенгсиз бўйдон ва нон ҳиди тўлдириб бораётганини ҳис этдик. Қайси дала, қайси қишлоққа бормайлик, юракларни тўлдирган қувончли гапларни эшитдик, хотирамизга яқин ўтмишдаги айрим воқеалар келди.

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошида Қарши даштида аввал Нишон тумани, кейин Баҳористон ва Усмон Юсупов туманлари ташкил этилган. Бироқ мураккаб шароитдаги Баҳористон тумани қолоқлик ботқоғига ботиб қолган. Шундан кейин ҳукуматнинг қарори билан 2000 йиллар бошида иккала туман қўшилиб, янги Миришкор тумани ташкил этилади. Ҳудуди 300 минг гектардан ошиқ аҳолиси 110 минг нафардан кўпроқ. Асосан ўзбек, туркман, араб, тожик, татар ва рус миллатлари истиқомат қилади. Бироқ улкан ҳудудни оёққа турғазиш осон кечмади, иқтисодиёти дам кўтарилиб, дам пасайиб, очиғи, одамлар эртанги кун қандай бўлишидан хавотирлана бошлаган эди. Туман ҳокими ўзгарди. Натижада 2017 йилда пахта ва ғалла режалари ошириб адо этилди. Катта майдонларга оралиқ экин экилди.

Бу йил ҳам муваффақиятли бошланди. Агар ўтган йили миришкорликлар четга шивит ва бошқа маҳсулотларни чиқаришган бўлса, бу йил катта миқдорда салат бўладиган карамни экспорт қилишди. Узоқ Помуқ қишлоғидаги марказий касалхона капитал таъмирланди, Жейнов қишлоғида озиқ-овқат ва деҳқон бозори ишга тушди. Хорижий тилларни ўргатадиган 150 ўринли янги мактабгача таълим муассасаси иш бошлади. Қишлоқ хўжалигида ҳам ҳатта ўзгаришлар бўлмоқда. Бу йил Хориждан 5 миллион евро эвазига серунум ҳайдов тракторлари ва камбайинлар сотиб олинди.

Булар яхши, булар таянч. Аммо туман ютуқларининг асл боиси нимада ўзи? Агар шу ҳақда гап кетса, туманнинг янги ҳокими Равшан Комиловнинг уддабуронлиги ҳақида тўхталишига тўғри келади. Тўғри, у бундан олдин воҳадаги йирик ва аҳолиси энг кўп, ниҳоятда қолоқ Чироқчи тумани иқтисодиётини кўтаришда ўзини кўрсатган ва яхши ишларнинг бошида турган эди.

— Эй, ака, юракларни улуғ мақсадларга тўлдириб ишлайдиган пайт ҳозир, — дейди у тўлқинланиб. — Муҳтарам Президентимиз бошлаган тенги йўқ янги ислоҳотлардан халқимиз қувониб, ғайрат билан меҳнат қилмоқда. Пахта ва ғалланинг давлат харид нархлари оширилгани катта воқеа бўлди. Одамларнинг қўли пул кўрмоқда. Биз ҳам янгиликларга эргашиб, 10 минг гектар жойда кластер усулида дон, пахта ва бошқа маҳсулотлар етиштиришга киришдик. Далаларни айланинг, ишимизни ўзингиз кўринг...

Гарчи ҳоким, кўп гапларни айтмасада далаларни кезиб, одамлар билан учрашиб, ютуқлар омилини бироз бўлса-да билиб олдик. Туман шартли равишда 16 та ҳудудга бўлинган экан. Шундан 2 минг гектаргача ер узоқ Дехқонобод туманидан кўчиб келган кишиларга — 52 нафар фермерга берилган экан. Туман марказидан қарийб 60 км узоқликдаги бу ерлар ҳосилдорлиги паст бўлиб, даромад олиш қийин бўлган. Фермерларнинг айтишича, ҳоким уларга керак ёрдамни берган, ҳатто фермерлар уйида уйлари ёки шийпонларида тунаб, иш бошида турган. Ҳоким билан бирга дала айланиб юрганимизда ёши анча улуғ оқсоқоллардан бири фермер Фозилхон ота Мандиров: ҳокимга қараб шундай деди: «Раҳмат сизга, жонимиздек инимиз экансиз». Бу сўзлар барча фермерлар, шу ҳудудда яшайдиган аҳоли номидан айтилган дил изҳоридек туюлди менга. Дарҳақиқат, барча фермер юқори ҳосилдорликка эришди ва режани ошириб адо этди. Ҳатто ҳоким комбайн ҳайдаб, 300 тоннага яқин буғдойни ўриб-янчиб берди. Умуман, туманда ғалла ўрим йиғими намунали ташкил этилди. Барча техника жиловкорларига ўз вақтида иш ҳақи бериб борилди, даланинг ўзида иссиқ овқат ташкил қилинди. Агар шабнам тушиб, чўл шамоли ҳалақит бермаса, ғалла ўрими то тонгача давом этган кунлар бўлди...

Азим Ашуров, «Дунё-М» акционерлик жамияти раиси:

— Вилоятда етиштирилган асосий донни бизнинг Қарши шаҳрида жойлашган йирик корхонамиз қабул қилиб олади ва қайта ишлайди. Давлатимиз қўшни Афғонистонга ҳар томонлама беминнат ёрдам бериб келади. Бизнинг корхонамиз бу мамлакатга дон ва керак бўлса, ун етказиб беради. Яна шуни айтишим керак, янги ислоҳотларнинг талаби шуки, қайта ишлаш корхоналари деҳқонлар билан ҳамкор бўлиши керак. Бизнинг корхонамиз жамоаси учун Миришкор туманининг Чамбил мавзесидаги 1054 гектар майдонда ғалла етиштирган 54 фермер бириктирилган эди. Ғалла уруғи экилишдан то ўрим-йиғим тугагунча деҳқон билан биргамиз. Барча фермер режани бажарди. Топширилган ғалла ниҳоятда сифатли.

Ойбек Омонов, дон ва дуккакли экинлар Қашқадарё филиали бошлиғи, қишлоқ хўжалик фанлари доктори:

— Биз ҳам Миришкорга тез-тез келамиз, биз ҳам деҳқонмиз. Ҳукуматимизга раҳмат, институтимизда барча шароит муҳайё. Агар филиалимизда 124 илмий ходим меҳнат қилаётган бўлса, шундан 11 нафари фан докторларидир. Ҳозирда Канада, Мексика, Австралия, Тожикистон, Туркманистон, Марокаш, Туркия каби ўнлаб давлатларнинг олимлари билан ҳамкорлик қиламиз. Биз дунёда мўл ғалла етиштириш бўйича 9-ўринда турамиз. Энди натижаларга келсак. Биз яратган навлар республикамизнинг 400 мингдан кўпроқ, вилоятимизнинг 110 минг гектар майдонида экилмоқда. Қувонч билан айта оламизки, ўнлаб истиқболли навлар яратилмоқда. Масалан, иссиқ ва совуққа чидамли буғдойнинг «Шамс» нави ҳозир синовда. Миришкор туманининг асосий майдонларида биз яратган «Яксарт», «Туркистон» навлари яхши ҳосил берди. Айниқса, ўзим муаллифларидан бири бўлган юмшоқ буғдойнинг «Бунёдкор» навининг ўртача ҳосилдорлиги 72-75 центнердан кам эмас. Мана, Акбаржон айтсин.

Акбар Номозов, фермер:

 — Биз Ойбек акадан миннатдормиз, чунки «Бунёдкор» навини экишдан тортиб, то ўрим-йиғим давомида ҳам хабар олиб турдилар. Дарҳақиқат, серҳосил. Уч сув билан ҳозиргача ҳосилдорликни 55 центнердан оширдик. Ҳали ҳосил кўп. Яна уруғлик буғдой топширамиз. Ҳа, айтгандек, сув таъминоти яхши бўлди.

Савол: — Катта олим, профессор Ромен ака Кенжаев ғуза қатор ораларига дон экишнинг юқори самараси ҳақида бир неча бор вилоят газетасида мақолалар эълон қилган. Қолаверса, чўл ҳудуди, Миришкор туманининг ҳам 80-90 фоиз ғалла уруғи ўткан кузда ғўза қатор ораларига экилган. Мўл ҳосил олишда унинг аҳамияти нимада?

Ойбек Омонов, селекциячи олим:

— Келинг, бу саволга мен жавоб берай. Биринчидан, ғўза фосфорли ва азотли ўғитларнинг барчасидан тўла баҳраманд бўлолмайди. Эримай қолганлари ғалла ниҳолларини озиқлантиради. Иккинчидан, ер ҳайдаш, текислаш учун ортиқча харажатлар кетмайди. Учинчидан, чўл шароитида кучли шамол ва тўзонлардан ғўза танаси барра дон ниҳолларини ҳимоя қилади. Тўғри, дастлабки йилларда бу тажрибадан яхши фойдалана олмадик. Аммо ҳозир деҳқонларимиз маҳорати ошди. Фақат декабрь ойида қатор ораларида қолган ғўза пояларини ўриб олиш лозим. Қаранг, далаларда мўл ҳосил юкини кўтариб турган бошоқлар қанчалик кўп.

Ботир Раҳимов, Аму-Қашқадарё суғориш тармоғи ҳавза бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор:

— Селекциячи олимнинг ҳам, фермер Акбаржоннинг ҳам фикрлари ҳаёт талаби. Агар ғалла уруғи сифатли бўлиб, ўз вақтида экилса ва обҳаёт зарур пайтда кечиктирмай етказиб берилса, натижа ҳамиша юқори бўлади. Дарвоқе, тупроқ унумдорлигини ҳам эсдан чиқармайлик. Ахир, нонимиз, юқори ҳосилимиз шу ернинг қай аҳволда эканлиги билан боғлиқ. Бунинг учун мелиорацияга катта эътибор бериш лозим. Миришкор тумани мисолида оладиган бўлсак, янги 300 км коллектор ўтказилди. 75 км эски коллектор тозаланиб, таъмирланди. Бундан ташқари, 10,5 км ёпиқ дренаж қувурлари тортиб бердик. Бу зах сувларини чиқариб, ерни шўрланишдан асраш, тупроқ унумдорлигини оширишда ниҳоятда муҳим. Бу йилгидек сув танқис шароитда туманда кесма ариқларни кўпайтириб, судрама пластик қувурлардан самарали фойдаланиб, сувни анча тежалгани катта тажриба. Туманда бу йил кўп сув талаб қиладиган аччиқ қалампир 2 минг гектардан ошиқ майдонга экилган. Ҳозиргача икки сувдан чиқариб олишди. Насиб этса, бу янгилик, бу янги экин яхши даромад келтиради...

Бу йил туман ғаллакорлари шартномадаги 47 минг тонна ўрнига 50 минг тонна сара дон етказиб беришди, яна 10 минг тонна ғалла сотиб, ялпи хирмонни 60 минг тоннага етказишмоқчи. Айрим ҳисоб-китобларга қараганда, фермерлар учун ҳам 40 минг тонна дон қолар, бу йил насиб бўлса, 100 минг тонна дон етиштирилар экан.

Мен туман далаларини айланиб, ҳали шамолда чайқалиб ётган ғаллазорларга назар ташлар эканман, хаёлимга буюк шоиримиз Абдулла Ориповнинг «Ўзбеклар» достонидаги ушбу сўзлар келди:

Уммон бермадиму, кўнгли тўлсин деб,

Бердим ушбу элга уммондек юрак.

Тоабад заминда бахтли бўлсин деб,

 Идрок бердим унга ва толмас билак...

Ана шундай толмас билакли Эркинжон Авазов «Авазов Рахмонқул Шойимардонович» фермер хўжалиги раҳбари бу йил 30 гектар ердан 83 тонна ғалла сотибди, бу кўрсаткични 90 тоннага етказмоқчи.

Кўрдим, эшитдим, билдим, Жейнов ҳудуди деҳқончилик қилаётган 102 фермернинг барчаси маррага етиб, мажбурият ҳисобига меҳнат қилишаётган экан. Мен далада ишлаётган «Клас» комбайнчиси, Чироқчи туманининг Жар қишлоғидан келган қирқ уч ёшли Нарзи Рўзиев билан суҳбатлашдим. У ҳозиргача 270 гектар жойдаги ғаллани ўриб-янчиб берибди. Унинг шогирди чироқчилик Озодбек Абдусатторовнинг юзида ҳам табассум, улар меҳнатлари натижасидан хурсанд. «Бу йил ҳам қут-барака ёғилди, — дейди туман ҳокимининг ўринбосари Дилшод Нўнаев. — Жами 22 минг 550 гектар жойда мўл ғалла етиштирдик. Ҳали далаларимизда ҳосил мўл».

Тумандаги бунёдкорликлар ҳам кишини қувонтиради. Туман ҳокимининг айтишича, Янги Миришкор ва Чандир қишлоғларида истироҳат ва аҳоли дам олиш масканлари қуришга киришилибди. Шулар ҳақида ўйлаб турганимда, туман ҳокимини излаб келган, иккинчи гуруҳ ногирони Исмоил бобо Сатторовни учратдим. Маълум бўлишича, улар 2011 йилда Шаҳрисабзнинг тоғи ҳудудидаги Чопиқ қишлоғидан кўчиб келишган, аммо қўллари калталик қилиб, ўзларига бошпана қуришаолмаётган экан. Мамлакатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги билан юзлаб, ночор оилалар уйли бўлишмоқда. Исмоил бобо оиласи ҳам ҳадемай янги уйга кўчиб киришаркан.

Ўша ғалла режаси бажарилган куни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 100 ёшли Бухор бобо Ражабовнинг хонадонида янги буғдойнинг унидан нон ёпилди. Бобо Президентимизни, халқимизни дуо қилдилар. Менга ҳам янги буғдой унидан ёпилган нондан ейиш насиб этди. Назаримда бир бурда нондан заминнинг бўйи келаётгандай бўлди. Тўғриси, бундай пайтда одамнинг кўнгли ажиб туйғуларга тўлиб-тошаркан, қувончдан энтикиб, Яратганга илтижо қиласан: Илоҳо, ҳамиша юртимиз нонга сероб, халқимизнинг насибаси бутун бўлсин. Абадий бойлигимиз — ердан ҳеч қачон барака кўтарилмасин...

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.