28.04.2018

КЎЧАЛАРИДАН БИРИГА КЛАВИХО НОМИ БЕРИЛГАН, ЭРТАКМОНАНД ШАҲАР БЎЛМИШ САМАРҚАНДГА САФАР ҚИЛИНГ

Испаниялик кўпгина саёҳатчилар учун Ўзбекистон ўз сафарларини режалаштириш чоғида орзиқиб кутилган ўлкалардан бири бўлиб қолмоқда. Испанлар замини оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизнинг сайёҳлик соҳасидаги имкониятлари мавзусига бағишланган мақолалар, радио ва теледастурлар борган сари кўп кузатилаётгани бу фикрни тасдиқлайди. Яқинда Валенсиянинг «Ràdio Manises» радиоси орқали Ўзбекистон ҳақидаги навбатдаги радиоэшиттириш тингловчиларнинг эътиборига ҳавола қилинди.

«Бугун «Сайёҳлик ҳақида» деб номланган дастуримизнинг тингловчиларига Марказий Осиёнинг юраги — Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашган ҳамда минг йиллар давомида Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк вазифасини бажариб келган Ўзбекистон билан танишишни таклиф этамиз. Биз Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатидан жой олган Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива сингари тарихий шаҳарлари билан танишиш учун сизларга ноёб имкониятни тақдим этишни истаймиз». Радиоэшиттириш бошловчиси Хулио Леал Аспаньо дастурни ана шундай бошлади.

Мазкур эшиттириш туфайли радиотингловчилар Ўзбекистон ва унинг Испания билан буюк ҳукмдор бобокалонимиз Амир Темур 1404 йили ўз қароргоҳида Кастилия қироли Генрих III элчиси Руи Гонсалес де Клавихони қабул қилганидан буён давом этиб келаётган ўзаро муносабатлари ҳақидаги атрофлича маълумотлардан воқиф бўлдилар.

«Испанияликлар бу ажойиб саёҳат тарихини билишлари ва фахрланишлари керак. Имконият туғилса испан дипломати шарафига кўчаларидан бирига Клавихо номи берилган, эртакмонанд шаҳар бўлмиш Самарқандга сафар қилинг. Биз барчангизни ватандошимиздан намуна олишингизни таклиф қиламиз», дея таъкидлайди бошловчи.

Шу тариқа 30 дақиқа давомида тингловчилар Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Тошкент шаҳарлари бўйлаб виртуал саёҳат қилиш асносида ранг-баранг ва тўкин Шарқ бозорларини тасаввур этишга, қуёшли ўлкамизда етиштирилган мева-сабзавотларнинг муаттар бўйларидан хаёлан баҳраманд бўлишга ҳаракат қилдилар.

Эшиттириш чоғида ҳозирги пайтда Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонаси орқали мамлакатимизга виза олишнинг тартиби соддалаштирилгани алоҳида таъкидланди. Мақбул сайёҳлик йўналишлари, тамадди қилиш ва халқ амалий санъати буюмларини харид қилиш юзасидан керакли тавсиялар ҳам берилди.

Дастур бошловчининг «Кимда-ким Ўзбекистонга боришни истаса республиканинг элчихонасига мурожаат қилиши мумкин. Ваколатхона ходимлари бетакрор ўзбек шаҳарларининг сайёҳлик борасидаги ўзига хосликлари ва гўзалликлари бўйича сизни қизиқтирадиган барча маълумотлар билан бажонудил таъминлашади», деган сўзлари билан якунланди.

 

«Жаҳон» АА,

Мадрид.



DB query error.
Please try later.