10.04.2018

БАНКЛАРГА КИРИБ-ЧИҚИШ БЕМАЛОЛ

«Ўзмиллийбанк» томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига янги инвестицияларни жалб қилиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспортини молия­лаштириш ишлар тўғрисида матбуот анжумани ўтказилди.

Банкимиз кичик бизнесни ривожлантириш, инвестициялар жалб қилинишини жадаллаштириш, янги лойиҳаларни молиялаштириш жараёнларида фаол иштирок этиб келмоқда, — дейди Ўзмиллийбанк бошқарув раиси ўринбосари Баҳодир Жалилов.Ўтган йилда кичик бизнес субъектлари томонидан интенсив кўчатлар етиштириш, интенсив боғлар яратиш, мева ва сабзовотларни қайта ишлаш ва қадоқлаш, музлаткич омборхона ташкил этиш, клиникаларни замонавий жарроҳлик ва диагностик тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш мақсадида тайёрланган 265 лойиҳани молиялаштиришга 3,1 триллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди.

— 2017-2018 йилларда Президентимизнинг тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, экспортни қўллаб-қувватлаш, уларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга оид 130 дан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди, — дейди «Ўзмиллийбанк» департаменти директори Жаҳонгир Мустафоев.Маҳаллий тадбиркорлар учун чет эл валютасидаги тушумини мажбурий сотиш бўйича талаб бекор қилинди. Олдиндан тўлов, банк кафолати ва экспорт шартномасини суғурта қилиш бўйича полис мавжуд бўлмасдан маҳсулот экспорт қилиш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, товарлар экспорти бўйича валюта маблағларининг тушиш муддатлари 60 кундан 120 кунга узайтирилиб, товарларни, ишлар ва хизматларни экспорт шартномаси тузмасдан, инвойслар асосида экспорт қилиш ҳуқуқи берилди. Қолаверса, норезидентларга экспорт қилинган товарлар учун банк кассасига нақд хорижий валютани қабул қилишга рухсат этилиб, қиймати 5 минг АҚШ долларигача бўлган маҳсулотларни хориждаги кўргазмаларга олиб чиқишга имкон яратилди. Натижада 2017 йил давомида экспортёр корхоналар сони 2016 йилга нисбатан 307 тага кўпайди. Жорий йилнинг ўтган биринчи чорагида тадбиркорларимиз томонидан 929,8 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт шартномалари имзоланиб, 277,4 миллион АҚШ долларилик маҳсулот хорижга экспорт қилинди.

Яқин-яқингача жамоатчилик орасида банк хизматларидан норозилик кучли эди. Оддатда муаммо банк биносига кириш эшигидан бошланарди.

Эндиликда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида банк тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда. Хизматларнинг турлари кенгайтирилиб, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик таъминланмоқда. Бунда Президентимизнинг жорий йил 23 мартида қабул қилинган банк хизматлари ­оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида қарори дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қарорга мувофиқ рухсатномаларсиз ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз мижозларга хизмат кўрсатиш биноларига эркин кириб-чиқиш шароити яратилди. Жумладан, намунавий филиал сифатида Тошкент шаҳридаги Янгиобод филиали қайта жиҳозланиб, мижозларга хизмат кўрсатиш заллари иккига бўлиниб, юридик мижозлар учун алоҳида, чакана амалиётлар учун алоҳида заллар ажратилган.

Эндиликда банк биносига киришда мижозларни қўриқлаш хизмати ходимлари эмас, балки банк ходими кутиб олади ва банк хизматлари тўғрисида дастлабки маслаҳатларни беради. Шунингдек, мижозларнинг барча саволларига жавоб бериш билан бирга, уларнинг тегишли мутахассис билан учрашишини таъминлайди.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирга саволларга жавоб берилди.

САВОЛ:

— Ажратилган кредитларни фоизи билан ўз вақтида қайтара олмаётганлар ҳам борми? Яъни, муаммоли кредитлар? Бор бўлса, уларга нисбатан қандай чоралар кўрилмоқда?

ЖАВОБ:

— Муаммоли кредитлар ҳам мавжуд. Банк томонидан уларга қўлдан келганча ёрдам кўрсатилмоқда. Чунки, банкдан улар ўз фаолиятларини бошлаш ёки кенгайтириш учун кредит олишган. Иши озроқ оқсаётганини билганимиздан сўнг уларга банкимиз мутахассислари зарур маслаҳатларни бериб, кредит муддатларини узайтириб, оёққа туриб кетишига имконият бермоқда. Биз ҳар бир мижозимиз ўз оиласига, шу билан бирга, давлатимиз иқтисодиётига оз бўлсада фойда келтиришини истаймиз.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.