03.04.2018

БИЗ ШУ КУНГАЧА ГУВОҲИ БЎЛМАГАН ОНЛАЙН ЭЛЕКТРОН АУКЦИОН САВДОСИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛАДИ

Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат ветеринария қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг ижроси ҳамда соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва галдаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани Давлат ветеринария қўмитаси томонидан ташкил этилди.

— Давлатимиз раҳбарининг ушбу фармони соҳа фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлди, — дейди Давлат ветеринария қўмитаси раиси ўринбосари Аброр ­Акбаров. — Хусусан, 20 га яқин ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва меъёрлари янгидан ишлаб чиқилди. Турли касалликларга қарши курашиш бўйича 30 дан ортиқ йўриқномаларга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Шунинг­дек, аҳолига ветеринария сервис хизматлари кўрсатиш сифати ва тезкорлигини янада ошириш борасида аҳоли тарқоқ жойлашган ҳудудлардаги ветеринария участкаларига 190 мототранспорт, 220 велосипед, 500 пуркагич, 400 термосумкалар, 240 дьюар идишлари етказиб берилди. Ветеринария-санитария экспертиза ҳамда ветеринария лабораториялари замонавий таҳлил усулларида ташхисловчи лаборатория ускуналари билан таъминланди. Бу ташхис қўйишга кетадиган вақтни қисқартириб, тезкорликни оширмоқда.

Жойларда эпизоотик мониторинг ишлари самарасини янада оширишда ҳудудий ветеринария бошқармаларининг 6 эпизоотик кўмак берувчи пункти ташкил этилиб, улар 210 минг АҚШ доллари миқдоридаги жиҳозлар ва автотранспорт воситалари билан таъминланди. Ветеринария мутахассисларини тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш мақсадида Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ветеринария факультети базасида ўқув марказ ташкил этилиб, қиймати 100 минг АҚШ долларилик замонавий инновацион технологиялар билан жиҳозланди.

Бундан ташқари, ҳайвонлар ва чорва молларини турли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари ташкил этилган ва ўтган давр мобайнида 29 миллион бош чорва моли 8 турдаги ва 65 миллион бош парранда 4 турдаги касалликка қарши профилактик эмланган. Шунингдек, 860 мингга яқин чорвачилик субъект­лари ва аҳоли хонадонларидаги ҳайвонлар сақланадиган жойларда дезинфекция тадбирлари ҳам ўтказилган.

Республикамизга кириб келган ҳамда транзит орқали ўтаётган 55 мингдан ортиқ автомашина ва 2,8 мингга яқин темир йўл вагони дезинфекция ишловидан ўтказилиб, зарарсизлантирилган. Шу билан бирга озиқ-овқат маҳсулотлари хавф­сизлигини таъминлаш мақсадида лаборатория текширувлари натижасида истеъмолга яроқсиз деб топилган 122 тонна гўшт, 147 тонна сут маҳсулотлари ва 2 миллион 200 минг донадан ортиқ тухум ўрнатилган тартибда зарарсизлантирилди.

Соҳада халқаро ҳамкорлик кенг йўлга қўйилмоқда. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Халқаро эпизоотик бюро ўртасида ветеринария соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича келишув имзоланди. Шунингдек, АҚШнинг «Биология соҳасидаги ҳамкорлик» дастури доирасида ­Бухоро ва Хоразм вилоятларида энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган ҳудудий диагностика лабораториялари ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.

САВОЛ:

— Бугунги кунда истеъмолчилар томонидан харид қилинган гўшт ва сут маҳсулотларининг сифати борасида эътирозлар бўлиб туради. Савдога чиқарилаётган гўшт ва сут маҳсулотларининг сифатини назорат қилиш борасида қўмита томонидан қандай ишлар қилинмоқда?

ЖАВОБ:

— Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қўмитанинг ҳудудий бўлимлари томонидан савдога чиқарилаётган гўшт ва сут маҳсулотларини ҳар кунлик қатъий назорати йўлга қўйилган. Агарда тадбиркор сифатсиз маҳсулотни савдога чиқарганлиги текшириш жа­раёнида аниқланса, унга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилиб, тегишли ташкилотлар хабардор қилинади ва савдодан маҳсулоти олинади. Мутахассис сифатида бир фикрни айтиб ўтмоқчиман. Ҳар куни хоҳлаймизми йўқми, гўшт, сут ва тухум маҳсулотларини истеъмол қиламиз. Сут 60 даражада пишади. Шу боисдан уни 2 ёки 3 маротаба қайта пишириб, истеъмол қилинса, ундаги турли хил вируслар ўлади ва ҳеч қандай хавотирга ўрин қолмайди. Тухумни ҳам яхшилаб қайнатиб, пўстидан ажратиб олгандан кейин ҳам бир қайнатиб олиб тановул қилиш тавсия этилади. Бир сўз билан айтганда, чорва ҳамда парранда маҳсулотларини яхшилаб пишириш лозим.

САВОЛ:

— Уйда ит ва мушук сақлаш бўйича аҳоли ўртасида турли қарама-қарши фикрлар билдирилади. Кўпчилик улар турли касалликлар тарқатишидан ташвишланади. Турли хил касалликларга қарши эмланган соғлом ит ва мушукни қаердан харид қилиш мумкин, махсус жой ташкил этилганми?

ЖАВОБ:

— Бизга ҳам кўпинча шу каби ҳайвонларни уйда боқишни ҳоҳловчилар мурожаат қилишади. Шу нарсани маълумот ўрнида айтиб ўтмоқчиман. Қўмита томонидан 2020 йилгача ит, мушук ва бошқа ҳайвонларнинг онлайн электрон аукцион савдоси йўлга қўйилади, хоҳловчилар интернетдаги махсус сайтимиз орқали бемалол ўзларига ёққан ҳайвонни сотиб олиши мумкин бўлади.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.