26.10.2017

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН: ЯНГИ ИККИ ТИКУВЧИЛИК КОРХОНАСИ ВА ЯНГИ ИШ ЎРИНЛАРИ

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик аҳоли бандлиги ва даромадлари манбаининг муҳим омилига айланмоқда. Буни Қорақалпоғистонда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъектлари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Яқинда Чимбой ҳамда Қораўзак туманларида тикувчилик корхоналарининг очилиш маросимида ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Бугунги кунда давлатимиз томонидан банклар тизимини ҳар томонлама мустаҳкамлаш борасида бир қатор фармон ва қарорлар эълон қилиниб, ижроси таъминланмоқда. Хусусан, Президентимизнинг «Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг эълон қилиниши соҳани янада ривожланишида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

— Ўз фаолиятимизни кенгайтириш мақсадида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Чимбой филиалидан 1 миллиард 300 миллион сўм кредит олдик, — дейди «Амангелди Меҳрибан» маъсулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Гулбаҳор Ешмуратова. — Молиявий кўмак ҳисобига туман марказида тикувчилик корхонасини ташкил қилдик. Натижада 50 нафар хотин-қизни иш билан таъминладик. Уларнинг кўпчилигини коллеж битирувчилари ташкил этади. Фаолиятимизни йўлга қўйишда Наманган вилоятидаги ­тадбиркор шерикларимиз ҳам бизга яқиндан ёрдам кўрсатмоқда. Уларнинг кўмагида замонавий костюм-шимлар тикмоқдамиз. Маҳсулотларимиз Чимбой тумани ва Нукус шаҳри бозорларида харидоргир. Келаси йилдан маҳсулотларимизни чет давлатларга ҳам экспорт қилмоқчимиз. Шунингдек, ­ишлаб чиқаришни янада кенгайтириб, қўшимча янги иш ўринлари яратишни ҳам мақсад қилиб қўйганмиз. Биз тадбиркорларга яратилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Маълумотларга кўра, Қора­ўзак туманида бугунги кунда 51 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Жорий йил бандлик дастурига кўра, 2 050 янги иш ўрни яратиш режалаштирилган, ўтган 8 ойда 1 577 янги иш жойи барпо этилди. Туманнинг «Ата макон» маҳалла фуқаролар йиғинида 3 402 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла фуқаролар йиғинида яқинда «Ўзмиллийбанк»нинг молиявий ёрдами туфайли янги тикувчилик корхонаси ишга тушди.

Тумандаги «Шамшир гарон эффект» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Фарруҳ ­Расулов бўш турган иморатни таъмирлаб, 30 нафар хотин-қизни иш билан таъминлашга эришди.

— Ўз фаолиятимни бошлаш учун банкдан кредит олдим, — дейди Жамият раҳбари Фарруҳ Расулов. — Хитой, Германия ва Японияда ишлаб чиқарилган замонавий тикув машиналарини олиб келиб, иш бошладик. Бизга ёрдам берган ва қўллаб-қувватлаган банк ходимлари ҳамда туман ҳокимиятидан миннатдормиз. Чунки биз Бухоро вилоятидан келиб, ўз тадбиркорлигимизни йўлга қўйдик. Келажакда иш фаолиятимизни янада кенгайтириб, 200 ўринга мўлжалланган тикув фабрикасини ташкил этмоқчимиз.

— Ўтган йили коллежни битириб, муқим иш жойи қидириб юргандим, — дейди Қораўзак тумани «Қутли макон» маҳалла фуқаролар ­йиғинида истиқомат қилувчи Анжела Караматдинова. — Туман бандликка кўмаклашиш бўлимига мурожаат қилдим. Улар мендан қандай ҳунарларни биласиз, шунга қараб иш топиб беришга ҳаракат қиламиз, дейишди. Мен тикиш-бичишни билишимни айт­ганимда, улар яқинда ишга тушган корхонага ишга жойлашишимга кўмак беришди. Бундан жуда хурсандман. Дарвоқе корхона ишга тушиши билан мен сингари кўплаб хотин-қизлар муқим иш ўрнига эга бўлишди. Эндиликда оиламизга моддий жиҳатдан фойдамиз тегишини ўйлаб, қувончим ичимга сиғмаяпти.

Бугун ҳар қандай тадбиркор иш бошламоқчи бўлса, банклар томонидан кредит олиши мумкин. Фақат бизнес режа пухта бўлса, ҳалол меҳнат қилинса, бас. Бир сўз билан айтганда, бугунги тадбиркорга барча имкониятлар яратиб берилган.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.