10.10.2017

ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАЛАР ВА КИЧИК САНОАТ ЗОНАЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш бўйича амалга ошири­лаётган ишлар самарадорлиги таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва унинг ўринбосарлари, Президентнинг давлат маслаҳатчилари, тегишли вазирлик, идора ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари иштирок этди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат­лар стратегиясида макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга хорижий, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвес­тицияларни фаол жалб қилиш, давлат мулки хусусийлаштирилган объектлар базасида хусусий тадбиркорликни ривож­лантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, вилоят, туман ва шаҳарларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлан­тиришга доир кўплаб вазифалар белги­ланган. Мамлакатимизда эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш, янгиларини ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар бунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 26 октябрдаги «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайти­ришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ ушбу зоналар учун янада қулай шарт-шароитлар яратилди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 14 та эркин иқтисодий зона фаолият юритмоқда. «Навоий», «Ангрен», «Жиззах», «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазо­расп» эркин иқтисодий зоналарида умумий қиймати 486 миллион долларга тенг 62 лойиҳа амалга оширилган, 4 минг 600 дан ортиқ иш ўрни яратилган. Фармацевтика соҳасига ихтисослашган «Нукус-фарм», «Зомин-фарм», «Косонсой-фарм», «Сирдарё-фарм», «Бойсун-фарм», «Бўстонлиқ-фарм», «Паркент-фарм» син­гари 7 янги эркин иқтисодий зонани ривожлантириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Йиғилишда эркин иқтисодий зоналар­даги натижалар қониқарли эмаслиги, уларни янада ривожлантириш учун тартиб-таомилларни соддалаштириш, инвестор ва тадбиркорларни жалб этишни кенгай­тириш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз топшириғига асосан эркин иқтисодий зоналарда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадал­лаштириш, хориждан юқори технологик ускуналар харид қилиш учун Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағи ҳисобидан 100 миллион доллар миқдорида чет эл валютасидаги кредит линияси очилган.

Кичик саноат зоналарида дирекциялар ташкил этилган. Кредит олиш ва банк хизматларидан фойдаланишда муаммо бўлмаслиги учун ҳар бир зонага муайян тижорат банки бириктирилган. Бозор талаблари ва импорт номенклатурасини ўрганиш асосида тадбиркорлар учун таклифлар, истиқболли лойиҳалар рўйхати шакллантирилган. Кичик саноат зонасида ишлайдиган субъектлар 2 йил барча солиқлардан озод этилган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри туманлари, Қорақалпо­ғистон Республикаси ва вилоятларга ташрифлари чоғида бўш турган ёки самарасиз иш юритаётган ишлаб чиқариш биноларини бориб кўрди. Улардан самарали фойдаланиш, янги корхоналар ташкил этишни рағбатлантириш мақса­дида ушбу бинолар негизида кичик саноат зоналари ташкил этилди. Мамлакатимиз­даги кичик саноат зоналари 96 тага етди.

Бугунги кунгача ушбу зоналарда умумий қиймати 535 миллиард сўмга тенг 1021 лойиҳа амалга оширилган, 9 минг 600 дан зиёд иш ўрни яратилган. Лойиҳалар доирасида нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир бўлган енгил саноат, кимё, озиқ-овқат маҳсулотлари, электр техникаси буюмлари, замонавий қурилиш материаллари, мебель ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, 248 лойиҳани амалга ошириш натижасида 11 минг янги иш ўрни яратиш режалаштирилмоқда.

Йиғилишда кичик саноат зоналарининг сармояларни жалб қилиш, тадбиркорлик­ни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигини оши­риш­да­ги аҳамияти хусусида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев тегишли вазирлик, идора ва хўжалик юритувчи субъектларнинг бу соҳадаги фаолиятини танқид қилиб, уларда ташаббускорлик етишмаслиги, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини ривожлан­тириш бўйича ишларни ташкил қилиш даражаси сустлигини таъкидлади.

Хусусан, масъул вазирлик ва идоралар томонидан лойиҳаларни кўриб чиқиш ва мувофиқлаштириш жараёни мураккаб­лигича қолиб, одатда расмий характер касб этмоқда. Эркин иқтисодий зона қат­наш­чиларига ер участкалари ажратиш масалаларини ҳал этишда ҳануз бюро­кратизм асоратлари сақланиб қолмоқда.

«Ургут», «Қўқон», «Ғиждувон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналари, шунингдек, фармацевтика йўналишидаги эркин иқтисодий ҳудудларда янги корхоналар ташкил этиш учун хорижий сармояларни жалб қилиш ишлари суст бормоқда. Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарини электр энергияси, табиий газ, сув ва бошқа ком­муни­кация тармоқлари билан барқарор таъминлашда муаммолар кузатилмоқда.

Давлатимиз раҳбари бу каби камчилик­ларни бартараф этиш, эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида инвестор ва тадбиркорларга янада кенг имкониятлар яратишга оид комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди. Аввало, ушбу зоналар фаолиятига доир меъёрий-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш, бугунги замон талабларига мослаштириш, барча учун очиқ ва тушунарли механизм яратиш зарурлиги таъкидланди.

Ер участкалари, бўш турган биноларни ажратиш тартибини соддалаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қара­тилди. Хусусан, эркин иқтисодий зоналар­да амалга ошириладиган лойиҳалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маъ­мурий кенгаш томонидан кўриб чиқилади. Шу пайтгача бу кенгаш 17 вазирлик ва идорадан иборат эди. Президентимиз кўрсатмасига мувофиқ уларнинг сони 4 та этиб белгиланди.

Бу борада янги тизим — ҳудудий комис­сиялар ташкил этилиб, уларнинг лойиҳа­ларни кўриб чиқиш ва рухсат бериш ҳуқуқлари кенгайтирилди. Шунингдек, иқтисодий зоналарда жой­лаштириш учун инвестиция лойиҳа­лари­ни танлаб олиш мезони қайта кўриб чиқилади, эркин иқтисодий зона иштирокчиларига кредит ажратишни яхшилаш ҳамда муҳандислик таъминоти воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинади.

Йиғилишда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарида жойлашган корхоналарни барча зарур муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва инфра­тузилма билан ўз вақтида таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

 

ЎзА 



DB query error.
Please try later.