07.09.2017

СОЛИҚЛАРНИ ТЎЛАШНИНГ ЭЛЕКТРОН ТИЗИМИ

Давлат солиқ хизмати идоралари томонидан замонавий ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни банкка бормасдан, «CLICK» ва «PAYME» тўлов тизимлари ёрдамида мобиль телефон ёки интернет орқали онлайн режимида тўлаш йўлга қўйилган.

Ушбу тизимдан фойдаланиш фуқаролар учун бепул ва амалга оширилган тўловлар учун комиссион тўлов олинмайди. Шунингдек, тўланган солиқлар ҳақидаги маълумотлар солиқ тўловчиларнинг шахсий карточкаларига тўғридан-тўғри қайд қилинади.

Ўзбекистон Республикасидаги барча тижорат банклари томонидан муомалага чиқарилган Online-Uzcard пластик карталари эгалари картага хизмат кўрсатувчи банкда ёки хоҳлаган банкомати ҳамда инфокиоскада Uzkard СМС-хабарнома хизматини ўз мобиль телефонига улаши лозим.

Солиқ тўловчилар «CLICK» ва «PAYME» тўлов тизимларининг интернетдаги сайти ёки мобиль иловаси ёрдамида мол-мулк, ер, даромад (декларация) солиқларини, ҳисобланган пенялар, жарималар ҳамда суғурта бадалларини тўлаши мумкин.

Юридик шахсларга қўшимча қулайлик яратиш мақсадида, «Электрон солиқ хизматлари» порталида жойлашган «Солиқ тўловчининг шахсий кабинети» орқали солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш тизими Марказий банк билан ҳамкорликда йўлга қўйилган.

Ушбу тизимнинг афзаллиги шундаки, солиқ тўловчилар солиқ ҳисоботларини тайёрлаб жўнатганидан сўнг, ҳосил бўлган солиқ мажбурияти суммасини тўлашга розилик бериши билан тўлов топшириқномаси автоматик равишда шаклланиб, солиқ тўловчининг ҳисоб-рақамидан хизмат қилувчи тижорат банкига етказилади.

Агар ҳисоб-рақамда пул миқдори етарли бўлса тўлов шу заҳотиёқ амалга оширилиб, солиқ тўловчининг шахсий карточкасига қайд этилади, акс ҳолда тўлов топшириқномаси 2-картотекага олиниб, бу ҳақида Давлат солиқ қўмитасига электрон хабарнома юборилади.

Солиқ тўловчининг тўлов топшириқномаси тўғрисидаги маълумотномани давлат солиқ хизмати идораларига олиб келиб кўрсатишига эҳтиёж қолмайди.

Шу билан бирга, корхона ва ташкилотларда ишловчи ходимларнинг мол-мулк ва ер солиқларидан бўлган қарздорлик юки жорий йил учун ҳисобланган маҳаллий солиқларини онлайн орқали тўлаш имконияти ҳам яратилган. Иш берувчи ўз ходимининг аризасига мувофиқ, маҳаллий солиқларни битта тугмани босиш орқали бюджетга ўтказиб бериши мумкин.

Тўловлар автоматик равишда ходимнинг шахсий карточкасига ёзилади ҳамда қарздор ходимларнинг реестрини қоғоз шаклида солиқ идорасига тақдим этишга эҳтиёж қолмайди. Муҳими, ушбу тўлов тизимларидан фойдаланиш мутлақо бепул.

Жорий йил бошидан «CLICK» ва «PAYME» тўлов тизимлари орқали 10 минг­дан ортиқ солиқ тўловчи жисмоний шахс­лар томонидан маҳаллий солиқлар электрон шаклда тўланди.

Шунингдек, юридик шахслар электрон шаклда 30 мингдан ортиқ ўз ходимларининг мол-мулк ва ер солиғини тўлаб бердилар.

Электрон хизматлардан фойдаланиш тизимининг тобора ривожланиши аҳолининг вақти ва маблағларини тежашга хизмат қилмоқда.

 

Холбўта ИСМАТОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитасининг бошқарма бошлиғи.



DB query error.
Please try later.