22.08.2017

ФАРОВОНЛИККА ЙЎҒРИЛГАН ТАШАББУСЛАРДАН ОДАМЛАР МАМНУН

Тошкент — Бекобод йўли бўйлаб борар экансиз, қатор тизилиб турган симёғочларда лайлаклар бир текис, батартиб ин қурганини кўрасиз. Кўриб завқингиз келади, қойил қоласиз, фахрланасиз. Чунки, лайлаклар тинч ва осойишта элни ошиён тутади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 18 август куни Бекобод шаҳрига ташриф буюрди. Ташриф режасига «Металлург» маданият саройида вилоят ва шаҳар фаоллари билан учрашиш киритилган. Йиғилиш бошланмасидан аввал бекободлик фермерлардан бири қизиқ бир воқеани сўзлаб берди.

Назаримизда, асосий мавзудан бироз чекингандекмиз. Келинг, дастлаб шаҳар аҳолисининг Президентимиз ташрифидан кейинги таассуротлари, қалб кечинмалари билан ўртоқлашиб, фермернинг ҳикоясини кейин давом эттирсак.

Бекобод Олмалиқ шаҳри билан мусобақалашади

Давлатимиз раҳбари юртимизнинг қайси вилоят ё туманига бормасин, одамларни ўйлантираётган муаммолар, уларнинг орзу-умидлари, дарду ташвишлари билан қизиқади, аҳоли бандлиги, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, ёшлар учун яратилган ша­роитлар каби муҳим ҳаётий масалаларни ўртага ташлайди, ҳудуд ривожига тўсиқ бўлаётган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш йўли ҳақида фикр алмашади.

Бекобод шаҳрида ҳам шундай бўлди.

Ўзбекистон металлургия комбинатида бир гуруҳ ёшлар, ишчи-муҳандислар билан суҳбат чоғида Президентимиз корхона фаолияти, ишчиларга яратилган шароитлар билан қизиқди.

Сир эмас, аксарият бекободликлар ҳаёти айнан шу корхона билан боғлиқ. Ишчиларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, уй-жой билан таъминлаш, фарзандлари таълим-тарбиясига қулай шарт-шароит яратиш масалалари доимо долзарб бўлиб келган. Давлатимиз раҳбари шаҳар аҳолисининг ҳаётини енгиллаштириш мақсадида қатор ташаббусларни илгари сурди.

Бекобод шаҳри билан пойтахтимиз ўртасида электричка қатнови йўлга қўйилади, ишчи-хизматчилар учун арзон уй-жойлар, уларнинг атрофида ижтимоий-инфратузилма объектлари барпо этилади. Бир йилдан сўнг, Мустақиллик байрами арафасида шаҳарда янги массив қад ростлайди. Давлатимиз раҳбари яхши ниятлар билан ушбу массивга «Мустақилликнинг 27 йиллиги массиви», деб ном беришни таклиф этди. Аҳолига қулай турмуш шароити яратиш бўйича Бекобод ва Олмалиқ шаҳарлари ўзаро мусобақалашади. Кўрдингизми, биргина йиғилишда шунча таклиф ва ташаббус. Барчаси долзарб. Одамларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга қаратилган.

Президентимиз билдирган бу ташаббуслар нафақат Бекобод, балки бутун мамлакатимиз ҳаётига, халқимизнинг муносиб турмуш кечиришига дахлдор масалалар бўлиб, барчанинг кўнглини тоғдек кўтариб юборди.

— Ўзбекистон металлургия комбинати ва Бекобод цемент заводи ишчилари учун ҳар йили 1 минг 200 хонадон фойдаланишга топширилишини эшитиб, руҳланиб кетдим, — дейди Наимжон Жўраев. — 18 ёшимдан буён Ўзбекистон металлургия комбинатида ишлайман. 3 фарзандим бор. Турмуш ўртоғим шаҳар шифохонасида ишлайди. Рўзғордан орттириб, уй олишга маблағ жамғара олмаётган эдик. ­Президентимизнинг ишчилар учун кўп қаватли уйлар қуриш бўйича кўрсатма бергани оиламиз учун муҳим янгилик бўлди.

— Пойтахтимиздан Бекободга электричка қатнови йўлга қўйилишини эшитган бир гуруҳ маҳалладошлар қуллуқ бўлсинга келди, — дейди «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Алишер Сувонов. — Биласиз, шаҳар аҳолисининг кўпчилиги юмуш билан пойтахтга машина ёки автобусда қатнайди. Қанча яхши бўлмасин, йўлнинг барибир ўзига яраша азоби бор. Электричка бу муаммога барҳам беради, ҳаётимиз фаровонлигини янада оширади.

Одамлар розилиги — асосий мезон

Металлурглар шаҳри аҳолиси кўп йиллардан буён иссиқлик таъминотида муаммоларга дуч келаётган эди. Сабаби, уйларга ўрнатилган иссиқлик таъминоти қувурлари аллақачон ўз муддатини ўтаб, техник яроқсиз ҳолга келган. Қозонхоналар ҳам аллақачон ишламай қолган...

Ана шу муаммонинг ечими «Пахтакор» маҳалла фуқаролар йиғинидаги «Металлург-мадад» хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатига қарашли уйларда яшовчи аҳоли билан учрашувда айтилди.

Президентимиз Навоий вилоятидаги «Аriston thermo — UTG» қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган газ иситиш қозонларини лизинг асосида уйларга ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Яқин келажакда 5 мингта шундай қозонни хонадонларга лизинг асосида ўрнатиб бериш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Иситиш қозонларини ишлаб чиқарувчи корхона 3 йил давомида уларга техник хизмат кўрсатади.

— Қишнинг қорли-қировли кунларида иссиқлик таъминотисиз яшаш нақадар оғир эканини кўп қаватли уйларда яшовчилар яхши билади, — дейди Пахтакор маҳалласидан Илҳом Қўчқоров. — Болаларимиз совуқ кунда кўрпага ўраниб ўтиришга мажбур эди. Президентимиз Бекобод шаҳридаги барча кўп қаватли уйлар 100 фоиз индивидуал газ иситиш қозонлари билан таъминланишини таъкидлади. Нимасини айтай, биз учун бу жуда катта хушхабар бўлди! Иситиш қозонлари лизинг асосида берилиши эса аҳоли учун янада катта қулайлик яратади.

— Корхонамиз бундан уч йил олдин «Навоий» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган, — дейди «Аriston thermo — UTG» қўшма корхонаси директори ўринбосари Нодир Хўжаев. — Барча вилоятларда техник хизмат кўрсатиш марказларимиз бор. Бекобод шаҳридаги кўп қаватли уйларга ўрнатиладиган қозонхоналар учун маблағ тез кунда ажратиладиган бўлди. Шаҳардаги уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, иссиқлик таъминоти масаласини зудлик билан ҳал этиш ишларини бошлаб юборамиз.

Болалар тўлиқ боғчага қамраб олинади

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Тошкент вилоятида 406 мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Президентимиз ташрифи давомида Бекобод шаҳридаги «Шудринг» номли 5-мактабгача таълим муассасасида бўлиб, бу ердаги лойиҳалар билан танишди.

— 18 август ҳаётимда унутилмас кун бўлиб қолади, — дейди ушбу мактабгача таълим муассасаси мудираси Замира Турдибекова. — Шу куни ­Президентимиз муассасамизга келиб, фаолиятимиз билан танишгани, Бек­обод шаҳри мисолида боғча ёшидаги болалар мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олинишини айт­гани кўнглимизни тоғдек кўтарди. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 29 декабрдаги «2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида мактабгача таълим тизимига бўлган талаб бутунлай ўзгарди. Фаолиятимиз янгича мезон асосида йўлга қўйиладиган бўлди. Энди болалар боғчаларга тўлиқ қамраб олинади. Бола шахси ривожланиши, ижодий-эстетик қобилияти, дунёқарашини бойитиш мактабгача таълим муассасасида тўлиқ амалга оширилади. Шу пайтгача боғчага борган бола билан уйда тарбия кўрган бола ўртасидаги фарқ катта муаммо эди. Энди бу тафовутга ҳам барҳам берилади.

— Ҳар бир мактабгача таълим муассасаси 120 ўринли бўлишини эшитиб, жуда руҳланиб кетдик, — дейди Истиқбол кўчаси 42-1-уйда яшовчи Санобар Ҳошимова. — Сабаби, ўрин етишмаслиги боис кўпчилик ота-оналар фарзандини боғчага беролмасди. Давлатимиз раҳбари шу масалага ечим топиб бергани кўнглимиздаги гап бўлди. Фарзандларимиз замонавий боғчаларда, ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда камол топишидан кўнглимиз тўқ.

Эзгулик уруғи

«Шудринг» болалар боғчасининг шундоққина ёнидаги уй тўсатдан мотам либосини кийди. Хонадон соҳиби Мухтор Миркомиловнинг турмуш ўртоғи бевақт вафот этди. Икки гўдаги етим қолди...

Президентимиз марҳуманинг яқинларидан кўнгил сўради, чуқур ҳамдард­лик билдирди. Мутасадди раҳбарларга бошига мусибат тушган ушбу оилага ёрдам кўрсатиш бўйича топшириқ берди.

Марҳуманинг волидаси Насиба ­Содиқова кўзларида ёш билан кечинмаларини баён этди:

— Ҳеч ким фарзанд доғини кўрмасин экан. Инсон бошига оғир мусибат тушганида яқинларининг далдасига муҳтож бўлади. Худонинг ишлари қизиқ. Қаранг, Президентимиз мусибатли кунимда ёнимда бўлди. Рости, бундан бироз афсусдаман. Чунки бутун мамлакат тақдири зиммасида бўлган давлат раҳбарининг шусиз ҳам ташвиши кўп-да... Бугун Президентимизнинг меҳрини ҳис қилдик. Умрлари зиёда бўлсин!

...Энди ҳалиги фермер сўзлаб берган воқеага қайтсак.

— Даладан қайтаётган эдим, — дейди фермер. — Кутилмаганда каттагина бир лайлак 5 метрлар чамаси баландликдаги уясидан тушиб кетди. Югуриб бордим. Беҳол, томоғи тўпдек шишиб кетган. Кўтариб, уйга олиб кетдим. Даволаб, парваришладим, тузалгач, қўйиб юбордим. Лайлак аста парвоз қилиб уясига кўтарилди. Мен унга узоқ термулдим. У ҳам негадир узоқ кетгиси йўқдек. Мени таниб олган шекилли, ҳар куни даладан қайтишимни кузатиб туради...

— Қойил-э! — ҳайратимизни яширолмай деҳқоннинг гапини бўлдик. — Болалигимда бувим инсондан яхшилик кўрган лайлак унга олтин тарвуз уруғини ташлаб кетгани ҳақидаги эртакни ҳикоя қилиб берарди. Сизнинг лайлагингиз ҳам бирор нима атагандир...

Бу ҳазилимиздан суҳбатдошимизнинг юзлари янада ёришиб кетди:

— Юртимиздаги тинчлик-осойишталик, фаровонлик, дастурхонимиз тўкинлиги, фарзандларимизнинг ҳеч кимдан кам бўлмай камол топаётгани, Президентимиз эл-юрт манфаати йўлида амалга ошираётган эзгу ишлар... Энди айтинг-чи, булар қайси олтин тарвузнинг уруғидан кам?

...Оддий деҳқоннинг бу жайдари фалсафасида теран маъно, ҳаёт ҳақиқати мужассам. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган сиёсат юртдошларимиз онгу ва тафаккурини тубдан ўзгартириб юбораётганининг далили шу эмасми?

 

Бекзод ҲИДОЯТОВ,

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА мухбирлари. 



DB query error.
Please try later.