17.08.2017

ХОРАЗМНИ ДУНЁ БИЛАДИ

Питнак — Хоразмнинг энг чекка ҳудудидаги аҳоли маскани. Истиқлол туфайли у қадим воҳанинг энг таниқли кентларидан бирига айланиб қолмасдан, бугун қитъалар оша дунёга машҳур бўлмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, тўқсон беш яшар Ҳамид бобо шундай гурунг берганди: «Тавба, деб гапирай, кўп ажойиб замонларни кўраяпмиз-а! Бутун умримиз пахта деб ўтиб кетди-я. Хоразмда ақалли велосипед ишлаб чиқарилмаган. Мана энди энг замонавий русумдаги енгил машиналар ишлаб чиқарилаяпти. Уйимиздан машина заводининг маҳобатли биноси кўриниб туради. Ҳар кўзим тушганида шундай замонларга етказгани учун Аллоҳга шукроналар айтаман. Бу эзгу ишлар бошида турган инсонларга куч-қувват тилайман».

Англаганингиздек, гап Питнак шаҳридаги «ЖМ Ўзбекистон» акциядорлик жамиятининг Хоразм филиали ҳақида кетаяпти.

Ушбу корхонанинг тамал тоши 2012 йилда қўйилган эди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 февралдаги «Хоразм вилоятида «Дамас» русумли енгил автомобилларни ишлаб чиқаришни ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ «Хоразм автомобиль ишлаб чиқариш бирлашмаси» МЧЖ негизида янги автомобилларни ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ишлари икки босқичда амалга оширилиб, «ЖМ Ўзбекистон» АЖ вилоят филиали — «Хоразм авто» заводи ташкил қилинди.

Янги корхонанинг белгиланган муддатларда иш бошлаши учун қурилиш-монтаж ишлари жадал олиб борилди ва 2014 йилнинг биринчи мартигача лойиҳанинг илк босқичи якунига етди. Иш кўлами маҳобатли эди — йиғув цехи учун мўлжалланган бино, муҳандислик коммуникациялари, маъмурий бино, контейнерлар майдони, эҳтиёт қисмлар омбори ва марказий юклаш майдони битказилиб, таъмирланиб, қисқа фурсатда «Дамас» машиналари йиғиш йўлга қўйилди.

Воҳа учун тамомила янги бўлган машинасозлик заводини яратиш, ишга тушириш анча  машаққатли кечди, — дейди филиал ижрочи директори Собир Жуманиёзов. — Филиалда илк машина конвейердан 2014 йилнинг 10 февралида тушди. Воҳа тарихи зарварақларига олтин ҳарфлар билан битилган бу сана иқтисодиётда янги босқич бошланганидан дарак эди.

2014 йилнинг 7 март кунидан бошлаб йиғув цехидан тамомила янги русумдаги «Шевролет Орландо» оилабоп енгил машинанинг биринчиси чиқди.

Лойиҳанинг иккинчи бос­қичига кўра, 2014 йилнинг сентябрь ойига келиб, бўёқлаш ва пайвандлаш цехлари ҳам ишга туширилди. Бу эса енгил машиналарни оммавий равишда ишлаб чиқаришнинг бошланиши эди. Эндиликда кузовларни пайвандлаш, бўяш ва йиғиш шу ернинг ўзидаёқ амалга ошириларди. Бу ҳар соатда саккизта енгил машина конвейердан тушишини  билдирарди.

Орадан яна бир йил ўтмасдан, завод цехларидан «Лабо» русумли юк ташишга мўлжалланган енгил автомобиллар ҳам чиқа бошлади.

Улуғбек Маткаримов, «Хоразм авто» заводининг ходимлар билан ишлаш бўлими мудири:

— Янги завод вилоятнинг энг чекка тумани ҳамда шаҳри бўлган Питнак йигит-қизлари учун жуда катта имкониятлар эшигини очиб берди. Биринчи босқичда 643 нафар ишчи-ходим маҳаллий аҳоли орасидан танлов асосида ишга қабул қилинди. Ёш  ишчиларни янги касбга ўргатиш учун Асака ҳамда Тошкент шаҳридаги корхоналарга малака оширишга юбордик. Бўёқлаш цехидан саккиз нафар, пайвандлаш цехидан ўн нафар ишчиларимиз Корея Республикасида ўз малакаларини оширишди. Келгусида ҳам малака ошириш ҳамда тажрибани ўртоқлашиш учун ишчиларимизни хориж давлатларига юборишни кўзда тутганмиз.

Эътиборли томони, Республика Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига кўра туман агросаноат касб-ҳунар коллежи Питнак тран­с­порт касб-ҳунар коллежига айлантирилди. Бу эса заводга малакали етук кадр­лар тайёрлашга замин яратди.

Темурбек Худайберганов, ишлаб чиқариш, пайвандлаш цехи биргадири:

— Янги завод биз ёшларнинг орзулари амалга ошишига замин яратди. Кореяда малака оширишда бўлдим. Тўғрисини айтишим керак,  замонавий таълим олган, касб-ҳунар ўрганаётган ёшларимиз дунёқараши, салоҳияти ўша ривожланган давлатлар ёшлариникидан қолишмайди, ҳатто яхшироқ десам ҳам хато бўлмайди.

Алоҳида таъкидлаш шарт бўлган ҳолат: янги завод иш бошлаши билан бир қаторда заводга бутловчи қисм­ларни етказиб берувчи бешта қўшма корхона ҳам Питнак шаҳрининг ўзида фаолият юрита бошлади. Булар «Ўз-Тонг Хонг», «Ўз-Корам», «Ўз-Донг Вонг» ҳамда «Ўз Семюнг» каби жаҳонга маш­ҳур автомобилсозлик корхоналарининг филиалларидир. Ушбу қўшма корхоналар шарофати туфайли янгидан 600 га яқин иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, маҳаллийлаштириш дастурига асосан саккизта тадбиркорлик субъектлари эҳтиёт қисмлар етказиб бериш бўйича ўз фаолиятларини йўлга қўйди.

Қўшма корхоналар филиаллари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг фаолият юритиши ўз навбатида биргина «Дамас» русумли автомобилга керакли эҳтиёт қисм­ларнинг саксон фоизини шу ернинг ўзида тайёрлаш имкониятини яратди.
Натижада 15 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ тежаб қолинди.

Райҳон Жуманиёзова, капитал курилиш бўлими муҳандиси:

Корхонамизда ишлаётган бир минг беш юз нафардан зиёд ишчи ходимларнинг 412 нафари олий маълумотли мутахассислар. Ўзим Тошкент шаҳаридаги Турин политехника университетини тамомлаганман. Корхонамиз шу ва бошқа техник олий ўқув юртлари билан мутахассислар етказиб бериш борасида ўзаро алоқаларни яхши йўлга қўйган. Заводимизда ишчи-хизматчиларнинг ижтимоий муҳофазаси юксак даражада ташкил этилган. Улар иссиқ овқат, махсус кийим бош билан таъминланганлар. Моддий рағбатлантириш ишлаб чиқариш самарадорлигига хизмат қилади. Ишчи-ходимларга ойлик маоши берилганда яна бир қатор қўшимча кўрсаткичлар эътиборга олинади. Ишлаб чиқариш режаси бажарилганда ойлик маошининг ўн фоизи, сифат кўрсатгичлари яхшиланганда ўн фоизи, шунингдек, хавфсизлик бўйича ҳам шу миқдор ва глобал ишлаб чиқариш тизими талаблари бажарилганда беш, жами 35 фоиз мукофот пули ҳам бериляпти. Бундан ташқари, ишчи-ходимларнинг намунали лойиҳалар асосида қурилган турар-жойлар билан таъминланаётгани янги, ёш оилаларни мамнун этмоқда.

Ишчиларнинг маданий ҳордиқ чиқаришлари, бўш вақтларида спорт билан шуғулланишлари масаласи ҳам корхона раҳбарияти эътиборида турибди. Мустақиллик байрамигача янги спорт мажмуаси фойдаланишга топширилади. Ҳар томонлама қулай бу мажмуани барпо этиш учун бир миллиард сўм сарф­ланган.

Шароит, моддий рағбатлантириш аъло даражада йўлга қўйилган жойда иш самарали бўлади, ютуқлар залворли келади. Буни  заводдаги кўрсаткичлар ҳам тасдиқлайди.

2014 йил 19 687 дона «Дамас» ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлса, амалда 20 790 та машина конвейрдан чиқди.

Бу кўрсаткич йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан  9724 дона автомобиль кўп ишлаб чиқарилган. Агарда буни иқтисодий рақамларга айлантирсак, бу даврда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 208.9 миллиард сўмлик кўп маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 273 фоизни ташкил қилган. Бу рақамни иқтисодчилар тили билан айтганда «буюк сакраш», дейиш мумкин.

Яна бир янгилик: шу йилнинг май ойидан бошлаб филиалда янги «Лабо» автомобили юк ташиш платформасининг узайтирилган янги турини оммавий ишлаб чиқариш бошлаб юборилди. Бу янги юк ташиш автомобиллари тадбиркорлар ва корхоналар учун жуда зарур ҳамда самарали транспорт воситасидир.

Заводда янгидан-янги лойиҳалар ҳаётга тадбиқ қилинмоқда. «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси айнан филиалга яқин ҳудудда бунёд этилмоқда. Мазкур зонада автомобиль саноатини ривожлантириш учун ҳам каттагина ҳудуд ажратилган.

«Ўзавтосаноат» АК томонидан ишлаб чиқилган режага асосан 2017-2020 йилларда маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ жами қиймати 53.08 миллион АҚШ доллари миқдоридаги  11 та йирик лойиҳа амалга оширилади. Бу нима дегани? Шу кунгача «Дамас» енгил автомобилининг кузови Корея Республикасидан келтириларди. Эндиликда эса  шу ерда иш бошлайдиган корхонада кузовлар ясалиши йўлга қўйилади. Штамповка қилиш ва пайвандлаш цехи иш бошлаши билан жуда катта миқдордаги валюта тежалишига эришилади.

... Айтаверсак гап кўп, келтираверсак рақамлардан саҳифа тўлади. Яхшиси, жуда содда қилиб бир таққослашни келтирган маъқул. Бугун мазкур корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати, маҳсулот сотишдан олаётган даромади собиқ шўролар тузуми даврида бутун вилоятда мавжуд барча саноат корхоналари даромадидан бир неча карра кўпроқдир.

Бугун воҳанинг энг чекка ҳудудида иш бошлаб, ўтган қисқа даврда том маънода нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам танилган корхона хақидаги мақоламизга нуқта қўйиш вазифасини хорижлик ҳамкоримизга берамиз.

Рональд Кеннеди, ишлаб чиқариш бўйича менежер:

— «Женерал моторс» компанияси билан ҳамкор корхоналар дунёнинг 32 та давлатида фаолият юритмоқда. Улар орасида Хоразм филиали ҳақида  кўп мақтовларни айтиш мумкин. Бу ерда иш тартиби, ишга масъулият билан ёндашиш юксак даражада. Бу расман тан олинган ҳақиқат. Буни икки мисолда тушунтиришга ҳаракат қиламан. «ЖМ Ўзбекистон» АЖ Хоразм филиали 2016 йилда ишни самарали ташкил этиш бўйича дунёдаги «Женерал моторс» корпорацияси заводлари ичида биринчи ўринни қўлга киритди. 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида корпорациямизнинг дунёдаги заводлари орасида эришган натижалари учун Хоразм филиали барча йўналишлар бўйича «Энг яхши завод» номинациясига эга бўлди...

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.