27.07.2017

ИМКОНИЯТЛАР КЕНГАЙТИРИЛАДИ, ҲИМОЯ КАФОЛАТЛАНАДИ

Ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқаролар имтиёзли кредит олиш ҳуқуқига эга

2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ишбилармонлик муҳитини яратиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган 60 дан зиёд чора-тадбирлар кўзда тутилган бўлиб, улар босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантириш бош­қармаси бошлиғи Дилшод АБДУАЗИЗОВ билан мухбиримиз ушбу масалалар хусусида суҳбатлашди.

— Аввало, ишбилармонлик ва тадбиркорликни ҳимоя этишнинг ҳуқуқий асослари, улар учун яратилаётган имтиёзлар ҳақи­да тўхталсангиз.

— Бугунга қадар юртимизда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун максимал даражада қулай шарт-шароитларни вужудга келтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг 3 қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20 дан ортиқ фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 25  қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорларига мувофиқ, микрокредитлаш учун қамраб олинадиган шахслар орасида ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчилари, муддатли ҳарбий хизматдан қайтган жисмоний шахслар, меҳнат органларида рўйхатга олинган банд бўлмаган фуқаролар, оилавий ва хусусий тадбиркорлик билан шуғулланаётган аҳоли, шунингдек, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тавсияномалари бўйича ишга жойлашишга эҳтиёжманд бўлган бошқа шахслар микрокредитлар суммаси энг кам иш ҳақи (ЭКИҲ)нинг 200 баробаригача асосий қарзни тўлаш учун 6 ойлик имтиёзли муддат билан 3 йилгача, яратган янги иш жойи сонига қараб, 6 фоиздан 9 фоизгача кредит олиш ҳуқуқларига эга бўлдилар. Яъни, қўлида етарли маблағи бўлмай туриб, иш бошлаётган ижтимоий муҳофазага муҳтож фуқароларга кредит олиш масалаларида ҳам янгиликлар кўзда тутилган.

Бундан ташқари, янги рўйхатдан ўтган юридик шахс ташкил этмаган тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш механизми соддалаштирилди. Қонун ҳужжатларида назарда тутилган таъминот турлари билан бир қаторда фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш органларининг кафиллиги асосида ҳамда узоқ ва бориш қийин бўлган, шунингдек меҳнат ресурслари ортиқча бўлган ҳудудларда имтиёзли кредит бериш махсус жамғармаси ҳисобидан ЭКИҲнинг 20 баробаридан 100 баробаригача миқдорда микрокредитлар ажратиш йўлга қўйилди. Шунингдек, 2021 йилнинг 1 январигача рўйхатдан ўтган ва алоҳида фаолият турлари билан шуғулланадиган тадбиркорлар микрокредитларни расмийлаштиришда (ЭКИҲнинг 20 ёки 60 баробаригача) 6 ой муддатга қатъий белгиланган солиқ тўловларидан озод этилди.

Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш борасида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш кечаю кундуз Интернет тармоғидаги Давлат интерактив хизматлари ягона порталига интеграциялашган тизим орқали амалга оширилмоқда. Агар рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, шу кунга қадар республикамизда 1644 та якка тартибдаги тадбиркор ҳамда 1506 та юридик шахс мазкур тизим имкониятларидан фойдаланган ҳолда, масофадан туриб рўйхатдан ўтди. Шу йилнинг ўзида фақат «ягона дарча» марказлари орқали кўрсатиладиган қўшимча давлат хизматлари сони 18 тага кўпайиб, 2018-2020 йилларда босқичма-босқич жорий этиш орқали уларнинг сонини 68 тагача кўпайтириш назарда тутилган.

Бу ерда яна шуни қўшимча қилиш мумкинки, рухсатнома ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни «Лицензия» ахборот тизимлари комплекси доирасида олиш имкониятини яратиш йўли билан «ягона дарча» марказлари орқали қоғоз шаклида бериладиган махсус бланкалардаги рухсатнома ва лицензия­ларни мажбурий расмийлаштириш талаби 2018 йил 1 январдан бошлаб бекор қилинадиган бўлди.

— Яқинда Савдо-саноат палатаси тизими тубдан ислоҳ этилди. Бундан кўзланган мақсад ҳақида кенгроқ тушунча берсангиз.

— Тўғрисини айтиш керак, айрим тузилмаларда иш юритиш усули давр талабидан анча ортда қолиб кетаётган эди. Шунинг учун бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштириш зарурати туғилди. Хусусан, Савдо-саноат палатаси тизими тубдан қайта ислоҳ этилиб, унга мувофиқ палата меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тўғрисидаги хулосани бериш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Бундан ташқари, назорат органлари томонидан режалаштирилган текширувлар ҳақида аввалдан Савдо-саноат палатасига хабар берилиши, шунингдек, давлат органлари, жумладан, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳузурида ташкил этиладиган жамоат маслаҳат кенгашлари таркибига Савдо-саноат палатаси вакилларининг киритилиши тартиби жорий этилди. Энг муҳими, эндиликда палата жиноий ишлар бўйича амалиётда жамоат ҳимоячилари сифатида иштирок этиш, қолаверса, давлат органларининг ваколатли шахслари қарорлари, ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоятлар бўйича тадбиркорлик субъектлари номидан суд жараёнининг исталган босқичида иштирок этиш, шунингдек, шикоят аризалари билан бир қаторда апелляция, кассация шикоятлари, аризалар, жумладан назорат тартибида рад этиш тўғрисидаги хатларни тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Эндиликда палата таркибида вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида, туманлар ва шаҳарлардаги бўлимлари билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилади.

Бундан кўзда тутилган асосий мақсад – тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, ахборот таъминоти, давлат хизматларидан фойдаланишда кўмак бериш, бизнес-режалар ишлаб чиқиш, шунингдек, лизинг, суғурта ва баҳолаш хизматларидан фойдаланиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш каби кўплаб масалаларда кўмаклашишдан иборатдир.

— Замон шиддат билан ўзгармоқда. Бугунги тезкор ислоҳотлар тадбиркорликка янада кенг эркинлик ва имконият беришни талаб этмоқда, назаримда. Сўнгги пайтларда кўплаб қарорлар қабул қилинганига қарамай, тадбиркорликни ривожлантириш йўлида тўсиқлар ҳали ҳам мавжуд. Бу ҳақда Президентимиз жорий йилнинг 4 июлида бўлиб этган Вазирлар Маҳкамасининг айрим ком­плекслари йиғилишида ҳам алоҳида қайд этиб ўтди. Бу хусусда ҳам ўз фикрингизни билдирсангиз.

— Ҳали бу борада қиладиган ишларимиз жуда кўп. Масалан, биргина ер ажратиш масаласи бўйича оз эмас, кўп эмас, 8 та алоҳида тартибнинг мавжудлиги, бу ҳам етмагандек, ушбу масала бўйича 19 та идоранинг рухсати ёки келишуви талаб этилишининг ўзиёқ тадбиркорлик субъектлари учун қулай бизнес муҳит ҳақида гапиришга ҳали эрта эканлигидан далолат беради.

Шу боисдан, вазирлигимиз томонидан кичик бизнес, хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолиятидаги барча муаммоларни батафсил таҳлил қилиб, илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, мамлакатимизда бу соҳа ривожига кескин туртки берадиган таклифларни ишлаб чиқишга киришилди. Вазирлик сайтида, қолаверса, оммабоп интернет-нашрлар ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали тадбиркорлар билан бевосита мулоқот ўрнатилиб, уларни қийнаб келаётган муаммоли масалаларнинг туб моҳиятига етиб бориш, эркин бизнес фаолияти йўлида ғов бўлиб турган турли бюрократик тўсиқларни узил-кесил бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Айни пайт­да вазирлигимиз ва ҳудудий бўлинмаларимиз ходимлари ҳар куни тадбиркорлар билан бевосита юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг фикрларини ўрганиб боришмоқда.

Бу жараёнда тадбиркорларимизнинг фаол иштирок этаётганлари, айниқса, қувонарлидир. Ўтган қисқа давр мобайнида юздан зиёд таклифлар келиб тушганини эътироф этиш зарур. Тадбиркорлик қанча ривожланса, шунча кўп иш ўринлари яратилади. Бандлик муаммосига ечим топилади. Буларнинг барчаси халқимиз манфаатига хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Обиддин МАҲМУДОВ

суҳбатлашди.


DB query error.
Please try later.