04.07.2017

ХИЗМАТ КЎЛАМИ КЕНГАЙМОҚДА

АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» замонавий банк хизматлари кўламини кенгайтириш масаласига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди.

Бугунги кунда банк томонидан мижозларга кўрсатилаётган замонавий банк хизматлари кўламини кенгайтириш ва уларнинг сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, «Интернет банкинг», «Мобиль банкинг» ва «СМС-банкинг» хизматлари шулар сирасидандир. Мазкур хизматлар туфайли мижозлар вақтларини тежаш ва маблағларни тезкор тасарруф этиш каби қулайликларга эга бўлмоқда.

Бундан ташқари, банк тизимида масофавий банк хизматларининг янги турларини жорий қилиш, уларнинг сифатини такомиллаштириш ва қулайлаштириш, амалга оширилиши мумкин бўлган операциялар кўламини кенгайтириш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Яқинда йўлга қўйилган «Депозит-банкинг» хизмати жисмоний шахсларга банк муассасаларига келмасдан шахсий мобиль телефонлари орқали муддатли омонат ҳисобрақамларидаги маблағларини бошқариш имконини бермоқда.

— Хизматларнинг кенгайиб бориши банк учун ҳам фойдали бўлиб, иқтисодий самарадорликни ошириш ва меҳнат ресурсларини тежаш имконини бермоқда, — дейди банкнинг ахборот технология­лари департаменти бошлиғи Аслиддин Аҳмаджонов. — Айни вақтга қадар тизимда 42 филиал, 43 минибанк ва 176 шохобча фаолият кўрсатмоқда. Улар орқали 794 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга банк хизматлари кўрсатилиб келинмоқда. Қолаверса, масофавий банк хизматларининг янги турларини жорий қилиш, уларнинг сифатини янада ошириш, операциялар кўламини кенгайтириш борасида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.

Матбуот анжуманида банк томонидан амалга оширилиши кўзда тутилаётган истиқболли лойиҳалар, банк фаолиятининг келгусидаги асосий йўналишлари бўйича маълумотлар берилди, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

 

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.