29.06.2017

МИРИШКОРНИНГ ҒАЛЛА ХИРМОНИ

ҳар қачонгидан мўл бўлди. Ғалладан бўшаган далаларга такрорий экин экилади.

Барча ютуқларимиз — тинчлик, ҳамжиҳатлик, бағрикенгликдан. Президентимиз «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби» мавзусидаги анжуманда таъкидлаганидек: Биз қандай маррага эришмоқчи бўлсак, унга фақат она юртимизга меҳр-муҳаббат, садоқат ва фидойилик билан эришамиз. Биз эркин ва фаровон келажагимизни қурмоқчи бўлсак, фақат мард ва олижаноб хал­қимиз билан бирга барпо этамиз. Ишончим комил, бу ҳақиқатни бугун барчамиз чин юракдан ҳис қилиб турибмиз. Истардимки, шу буюк туйғу амалий ишларимиз, фаолиятимизда асосий мезон бўлсин...

Мамлакатимиз раҳбарининг қалбларимизга янги руҳ ва қудрат бахш этувчи ушбу сўзларини адоғини илғаб бўлмайдиган Қарши дашти кенгликларида, чўлқуварлар ҳузурида кўнглимдан ўтказдим.

Шу куни қутлуғ Рамазон ҳайи­ти эди. Бу ёғи бепоён Помуқ яйловлари, иккинчи ёғи улкан Жейнов далаларига чўзилган Миришкор туманининг қишлоқларида ўзбек, араб, туркман, рус, татар ва бошқа миллат вакиллари бир-бирларини қутлар, меҳр-оқибат кўрсатишарди. Ҳамроҳларим туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими раҳбари Ғайбулла Қорабоев ва «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Араббой Хосиятовнинг мамнунлик сезилиб турган юз-кўзига тикиламан. Шодлик менинг ҳам вужудимни эгаллай бошлайди. Уларни ҳайит билан қутлайман. Бағри эзгуликка тўла халқимизнинг асрлар синовидан ўтган удумлари кўнгилни ёритади. Шу куни кимдир эҳсон оши тортмоқда. Эҳтиёжманд оила ва беморлар ҳолидан хабар оляпти. Гулистон қишлоғида яшаётган Зайнаб Пўлатова анча йил тиббиёт соҳасида ишлади, 8 нафар фарзандни улғайтирди. Беморлик туфайли ногирон бўлиб қолди. Шу куни фермер Зафар Ҳамроев ўзи етиштирган ғалладан унинг хонадонига олиб келган экан.

— Кўнглим тоғдай кўтарилди,— дейди у киприкларига инган кўз ёшларини артар экан. — Аввало, Президентимизга раҳмат, халқнинг ҳолидан доим хабардор. Мана, пенсиямизни узмай бериб туришибди. Шукр, фарзандларимиз меҳнат қи­лишаяпти. Шунчалик оқибат кўрсатгани учун фермер ўғлимнинг давлатига давлат қўшилсин!...

— Ҳайит кунларида қишлоғимиздаги ёши улуғлар, дардманд инсонлар хонадонида бўлиб, уларга қўлимиздан келганча кўмак кўрсатдик, — дейди Зафар Ҳамроев. — Бу йил 28 гектар майдонда ғалла етиштирдик. Ишонасизми, 14 гектар ернинг ҳосили режани қоплади. 75 тонна дон топширдик. Қолгани ўзимизники, харажатларимиз учун ишлатамиз, ишчиларимизга берамиз. Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган. Ғал­ладан бўшаган 13 гектар майдонга мош, яна 5 гектар ерга тарвуз экяпмиз...

Суҳбатимизни тинглаб турган Араббой Хосиятовга боқаман. Мутахассислиги тупроқшунос бўлган бу инсон турли лавозимларда, жумладан, ЎзХДП туман кенгаши раиси бўлиб ҳам фаолият кўрсатган, ҳозир нуронийлар ғамхўри. Оқсоқол ҳам бизнинг суҳбатга қўшилади:

— Ҳа, меҳр-оқибат туйғуси халқимизда жуда кучли. Эҳсон — кўнгилдаги ёруғ ният. Шу қутлуғ кунларда юзлаб эҳтиёжманд оилаларга кўмак берилаяпти. Бу эзгу ишларнинг бошида асосан фермерларимиз туришибди. Бировнинг кўнглини кўтариш, саховат кўрсатиш учун деҳқоннинг иши яхши бўлиши керак.

Қанчадан-қанча серташвиш кунлар, уйқусиз тунларни ўтказган, туман далаларини тинмай кезган, деҳқонларга маслаҳат берган, иш ўнгланмаса ўртанган, тупроқ унумдорлигини сақлаш учун коллектор, зах ариқлар қазиш тадбирлари бошида турган Ғайбулла Қорабоевнинг юзида табассум пайдо бўлади. У бизни, фермер Асқар Зарипов даласига бошлайди. Анча майдондаги ғалла ўрилган, узоқда комбайн ишлаяпти. Фермер бу йил 45 гектар ерда ғалла етиштирибди. Шартнома режадаги 108 тонна ўрнига, 129 тонна дон сотибди. Энди ўзига қолган 15 гектар майдондаги ғаллани ўраётган экан.

Бу даладан ўтиб, намунали хўжаликка етиб келамиз. Унинг раҳбари Ашур Шарипов агроном. Жами 101 гектар майдонда деҳқончилик қилишяпти. Бу жойда юксак ташкилотчилик, орзу-ниятлар рўёби кўзга ташланади. Фермер хўжалигида 400 бош ҳисори қўй боқиляпти. Кредит асосида 350 бош қизил чўл зотли қорамол сотиб олишибди. Яна сутни қайта ишлаш корхонаси бор экан, маҳсулотлар Қарши шаҳридаги дўконларга етказиб бериляпти.

— Кейинги 15 йил орасида бу қадар барака бўлмаган, — дейди Ашур Шарипов. — Жами 60 гектар майдоннинг ярмидаги ғаллани ўриб, 129 тонна ўрнига 151 тонна дон топширдик. Ҳосилдорлик 60 центердан ошяпти. Яна 50 фоизи ўзимизга қоляпти. Беш йилдан буён пахта ҳосилдорлиги 40 центнердан кам бўлган эмас. Шу йил Наврўз байрами кунлари 12 оилага қорамол бердик. Жамоамиз билан кенгашиб, эхтиёжманд оилаларга дон тарқатишни ният қилдик.

— Дарҳақиқат, бу йил баракали келди, — дейди Ғайбулла Қорабоев ён дафтарини варақлар экан. — Ғал­ла­зорларимиз 22 минг 500 гектар ерда. Уруғи яхши эди. Вақтида озиқлантирилди, сув таралди. Натижада шартнома режадаги 48 минг 307 тонна ўрнига ҳозиргача 54 минг тоннадан ортиқ дон сотдик. Бу кўрсаткични 60 минг тоннага етказишга ҳаракат қиляпмиз. Фермерларимизга ҳам мўл дон қоляпти. Ҳа-я, ғалладан бўшаган далаларга илк бор энг кўп — 18 минг гектарга яқин ерга такрорий экин экилади.

Ютуқларнинг бошқа омиллари ҳам кўп. Аввало, ўрим техникалари созланган. Жами 124 комбайн бузилмай ишлаган. Ҳатто 10 та «Кейс» комбайинини қўшни Сурхондарё вилоятига ёрдамга жўнатишибди. Далада барча шароит ҳозирланибди. Нуриддин Темиров, Ўктам Чориев каби моҳир техника жиловдорлари ҳозиргача 1000 тоннадан ошириб хирмонга дон тўкишибди...

Бугун Миришкор туманида саҳродаги ерларни сақлаб қолиш, унумдорлигини оширишга уринилмоқда. Яна улкан режалар тузилган. Ҳадемай, йирик ип йигирув корхонаси, паррандачилик хўжалиги қурилади. Балиқчилик, қуёнчилик ривожланади. Аллақайси тадбиркор туяқушни кўпайтира бошлади. Майли, бари қутлуғ ният. Элу юртни ўйлаб қилинаётган улуғ ишлар ният пок бўлса, эзгу ишларга қаратилса, албатта баракаси бўлади...

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.