24.03.2017

СОЯ — БЕТАКРОР ЎСИМЛИК

Унинг дони ва оқсилидан тўрт юздан зиёд турли хил маҳсулот тайёрланади

Юртимизда экилаётган дуккакли дон экинлари орасида соя ўсимлигининг қадри баланд бўлиб, буғдой, шоли ва маккажўхоридан кейинги ўринни эгаллайди.

Соянинг дони ва оқсилидан тўрт юздан зиёд турли хил маҳсулот тайёрланади. Унинг дони таркибида 45 фоизгача оқсил ва 25 фоизгача ўсимлик мойи, чорва моллари оқсилида камдан-кам учрайдиган аминокислоталар мавжуд. Соя оқсилидан экологик тоза сифатли мой, таркибида лецитин моддаси сақлайдиган тухум кукуни, қон плазмалари, кўзойнаклар учун сифатли линзалар олинади. Бундан ташқари, жун газламалар ишлаб чиқарилади. Уларни ҳақиқий жунли матолардан ажратиш мушкул.

Чорвачиликда соя маҳсулотлари энг сифатли ва тўйимли озуқа ҳисобланиб, таркибидаги протенига кўра, 100 кг соя дони 134,8 озуқа бирлигини сақлайди. Бу кўрсаткич бошқа биронта донли ёки дуккакли экинда учрамайди. Унинг қуруқ поя­си ҳам беда пичанига қараганда тўйимлироқ.

Заводларда мойи ажратиб олингандан сўнг қолган соя шроти таркибида 14 хил аминокислота мавжуд бўлиб, ушбу моддалар паррандачиликда кенг фойдаланилди.

Соя оқсили ипак қурти учун ҳам ноёб озуқа ҳисобланади. Бир йилда беш марта ипак қурти боқиладиган Японияда соя оқсилидан тайёрланган суюлтирилган пасталардан фойдаланилади. Юртимизда ҳам  бу борада даст­лабки ишлар олиб борилмоқда.

Бу ўсимликнинг тупроқ унумдорлигини ошириш борасидаги аҳамияти каттадир. Ундан алмашлаб экишда фойдаланиш катта самара беради.

Соя илдизлари орқали ҳаводан соф азотни ўзлаштириб, тупроқни бойитади. Ўсимлик ўсиш даврида ўзи учун ҳам, ўзидан кейинги ўсимлик учун ҳам маълум миқдорда азот қолдириб кетади. Яъни у тупроқ таркибини яхшилаб, биологик жараёнларнинг фаоллигини оширади.

Ушбу ўсимлик экилган дала­ларда тупроқнинг микрофлораси ­яхшиланади, тупроқда биологик ва экологик тизим вужудга келади. ­Чувалчанглар, ризобиум бактериялари ва бошқа фойдали организмлар яшаши учун қулай муҳит пайдо бўлади.

Соя (Glicine hispida maxim.) иссиқсевар ўсимлик. Доннинг униб чиқиши учун энг паст ҳарорат +8 0 С, муқобил шароит 18-25 0 С ни ташкил этади.

 Бу ўсимликни икки муддатда экиш мумкин. Биринчи марта баҳорда, яъни тупроқ ҳарорати 12-14 С бўлганда ёки маккажўхори билан бир вақтда, иккинчи маротаба, такрорий экин сифатида донли экинлардан сўнг экилади. Асосий экин сифатида экишда унинг нав­ларини тўғри танлай билиш лозимдир. Эртапишар навларнинг ўсиш даври 70-75 кун бўлса, ўртапишар навлар 100-110 кун ва кечпишар навлар эса 135-140 кунда пишиб етилади. Уларнинг қайси муддатда экилишига қараб навлар танланади. Кеч пишар навлар гектаридан 30-40 центнер ҳосил беради.

Соя уруғчилигида Краснодарь ўлкаси ва АҚШдан келтирилган соя навлари бизнинг шароитимизда юқори ҳосил бермоқда.

Сояни такрорий экиш режалаштирилар экан, албатта навларни тўғри танлаш лозим. Эртапишар навлар 1200-1500 0 С, ўртапишар навлари эса 1800-2100 0 С талаб қилади. Такрорий экилганда 1400-1500 0 С ҳароратни ўсимлик тўплай олади.

Уни такрорий экишда «Тўмарис», «Ойжамол», «Олтинтож», «Генетик», «Парвоз» навларидан фойдаланиш мумкин. Соянинг илдизларида туганаклар ҳосил қилиш учун экишдан олдин уруғларни нитрагин штаммлари билан ишлаб экиш яхши натижа беради, биринчи марта соя экиладиган далаларда соя илдизида туганаклар ҳосил бўлмайди.

Соя навлари экиш меъёри гектарига 60-70 кг бўлиб, қатор оралари 70 см кенгликда экилганда яхши ҳосил бериши тажрибада тасдиқланган. Шунингдек, туп сони бир ­гектарда эртапишар навларда 400-450 минг, ўртапишар навларда 350-400 минг, кечпишар навларда 300-350 минг туп бўлиши мақсадга ­мувофиқ ҳисобланади. Уруғлар 4-7 см чуқурликка экилади. Ўсув даврида қатор ораси 2-3 марта ишланилади, органик ва минерал ўғитлар берилганда, ўсимликнинг озуқага бўлган талаби яхшиланади.

Суғориш ерости сувларининг жойлашишига қараб олиб борилади, яъни 1,5-2,0 м чуқурликда жойлашганда экин 3-4 марта суғорилади. Ерости сувлари узоқ ёки ­пастда жойлашган бўлса, унда суғориш сони оширилади. Соя ўзидан чанг­ланади.

Экишда маккажўхори ва чигит экадиган мосламалардан фойдаланилади. Қатор ораларини ишлаш ва пишиб етилганда донини ўриб олиш механизация орқали амалга оширилади.

Хуллас, соя нави тўғри танланса, агротехника ишлари ўз вақтида сифатли бажарилса, кони фойда бўлади.

Соя ўсимлигининг яна бир афзаллиги шундаки, у такрорий экин сифатида экилса, бир ердан икки марта дон олишга эришилади ва тупроқ органик моддалар билан бо­йийди. Бу вақтда қўшимча ҳар гектар ердан 400-450 кг азот ва 300-350 кг ўсимлик мойи олишга эришамиз.

Соянинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам ўрни беқиёсдир. Республикамизнинг ёғ заводларида соя донидан тўғридан-тўғри ёғ ажратиб олинади. Ёғи ажратиб олингандан сўнг изолятидан кондитер саноатида шоколадли конфетлар тайёрлаш мумкин ёки тўғридан-тўғри улардан турли хил печеньелар, нон ва нон маҳсулотлари тайёрлашда фойдаланилади. Шунингдек, ундан колбаса маҳсулотларини тайёрлашда фойдаланилади. Таркибида оқсил моддаси кўп бўлгани учун соя уни қўшилган нон ва печеньелар 2-3 маротаба тўйимли бўлади.

Демак, сояни етиштириш билан қатор муҳим масалалар ҳал этилади, биринчидан, тупроқни биологик азот билан бойитамиз, иккинчидан, аҳолини сифатли, экологик тоза ўсимлик мойи билан таъминлаймиз, турли хил маҳсулотлар тайёрлаймиз, янги иш ўринлари яратамиз.

Нурали ХАЛМАНОВ,

Самарқанд давлат

университети доценти,

қишлоқ хўжалик фанлари номзоди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: