02.03.2017

«ҲАЗОРАСП» ЭРКИН ИҚТИСОДИЙ ЗОНАСИ

аввало барқарор иш ўринлари яратилишига хизмат қилади

Президентимизнинг «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги фармони ҳудудларда саноатни ривожлантириш йўлида яна бир тарихий қадам бўлди.

Ҳазорасп Хоразм вилоятининг чекка ҳудуди ҳисобланиб, бу ерда 235,7 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Иқтисодий фаол кишилар 99,2 минг нафарга яқин бўлиб, шундан қарийб 94 минг нафари иқтисодиётнинг турли тармоқларида ишлайди. Туманда 2016-2017 ўқув йилида 3,8 минг нафар йигит-қиз ўз мутахассисликлари бўйича меҳнат бозорига кириб келмоқда.

— Президентимиз фармони тадбиркорлар учун катта имкониятлар эшигини очмоқда, — дейди Ҳазорасп туман ҳокими ўринбосари Мақсуд Раҳимов. — Божхона ва солиқ тўловлари бўйича берилган имтиёзлар инвесторлар, аввало, хорижлик сармоядорлар учун қулай бизнес муҳитини яратади. Ҳар бир хорижлик инвестор учун биринчи навбатда ўзи киритган сармоясини белгиланган муддатларда қоплаш ва соф фойда олиш имконини беради. Ҳозирнинг ўзидаёқ «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси учун ташаббускорлар томонидан умумий қиймати 87,6 миллион АҚШ доллари қийматидаги 35 лойиҳа тақдим қилинди. Шундан 17 таси жорий йилда ишга тушириладиган лойиҳалар ҳисобланади. «Питнак-панел» Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси йилига 1 млн.кв.м. пенополистрол блокларни ва сэндвич панелларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган яна бир қўшма корхона ташкил этмоқда. 70 янги иш ўрни яратиладиган мазкур қўшма корхонанинг умумий қиймати 3,6 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, бунинг 1,8 миллион АҚШ доллари чет эл инвестицияси ҳисобидан бўлади. Масалан, «Маъруфжон Ҳазорасп сервис» масъулияти чекланган жамияти томонидан йилига икки юз минг дона автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ташкил қилинади. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 300 минг АҚШ доллари бўлиб, унинг ярмиси ўз маблағлари ҳисобидандир.

Юқорида тилга олинганлар фақатгина жорий йилда иш бошлайдиган корхоналар бўлиб, салкам саккиз юз нафар кишини муқим иш билан таъминлайди. Умуман, сўнгги йилларда вилоятда бунёдкорлик ишлари кескин кўпайди. Хоразмнинг саноат салоҳиятини ошириш, Урганч шаҳрини қайта қуриш борасидаги қарорлардан сўнг вилоят улкан қурилиш майдонига айланди. Шу билан бирга, энг муҳим қурилиш хом­ашёси бўлган цементнинг бошқа ҳудудлардан ташиб келтирилаётгани шаҳар учун катта қийинчиликларни туғдираётган эди.

«Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси таркибига кирувчи корхоналардан бирида айнан юқори сифатли цемент тайёрлаш йўлга қўйилмоқда. «Гранд Кристал Груп» масъулияти чекланган жамияти таклиф этган биринчи лойиҳага кўра, йилига 300 минг тонна цемент ишлаб чиқариш қувватига эга корхона бунёд этилади. Бу лойиҳани амалга ошириш учун хитойлик ҳамкорлар томонидан 16 миллион 200 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилади. Ушбу корхонада 200 янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Ишлаб чиқарилган цемент вилоятдаги қурилиш ташкилотлари ва аҳолига етказиб берилади.

«Гранд Кристал Груп» МЧЖнинг иккинчи лойиҳаси йилига беш минг метр куб ҳажмдаги темир-бетон маҳсулотларини тайёрлашга мўлжалланган. Лойиҳанинг қиймати 750 минг АҚШ долларига тенг. Бу ҳам қурилиш ташкилотлари учун жуда катта мадад бўлади.

Тадбиркор Улуғбек Қозоқов берилаётган имтиёз ва қулайликлардан руҳланиб, катта режалар тузяпти. У тўлқинланиб, шундай фикрларни билдирди: — Эркин иқтисодий зона сармояси бор ташаббускорлар учун жуда катта имконият яратади. Мен ҳам ўз лойиҳамни амалга оширишга киришаяпман. Йилига саксон минг дона аёллар ва эркаклар кўйлаги ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхона очаяпман. Бу лойиҳанинг умумий қиймати 300 минг АҚШ долларини ташкил этади. Маблағнинг бир қисми ўз ҳисобимдан бўлса, бир қисмини банкдан имтиёзли кредит сифатида оляпман. Корхонада 20 нафар хотин-қиз муқим иш билан таъминланади. Ишни изчил йўлга қўйгач, имкониятларимдан келиб чиқиб, ишлаб чиқариш қувватини оширишни қўшимча иш ўринлари ташкил қилишни кўзлаб турибмиз. Эркин иқтисодий зонада ўттиз йил давомида солиқлар ва бошқа тўловлар бўйича бериладиган имтиёзлар ишимиз ривожига катта мадад бўлади.

Тадбиркор Шуҳрат Маҳмудов ҳам суҳбатимизга қўшилди:

— Хитойнинг «Океан» компания­си билан йилига икки миллион жуфт пайпоқ ишлаб чиқариш қувватига эга қўшма корхона ташкил этяпман. 30 киши ишлайдиган қўшма корхона ташкил қилиш учун 1 миллион 60 минг АҚШ доллари зарур бўлса, шунинг тенг ярмига чет эл инвестицияси жалб этилади. Тенг шериклик асосидаги қўшма корхонада ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг бир қисмини хорижга экспорт қилишни ният қилганмиз. Келгусида иқтисодий имкониятларимиз кенгайиб, ишлаб чиқариш қувватини янада оширишимизга ишонамиз.

Дарвоқе, «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонаси қулай ҳудудда ташкил қилинмоқда. Бунинг учун Питнак шаҳарчасида 250 гектар ер майдони ажратилиши кўзда тутилган.

— Партиямиз ҳаракат дастурида ижтимоий муҳофазага жуда кенг ўрин берилган, — дейди ЎзХДП вилоят кенгаши бўлим мудири, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Нодира Одамбоева. — Аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоялашнинг энг мақбул йўли уларни муносиб иш ўрни билан таъминлашдир. Бу борада касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода вилоятимизда эркин иқтисодий зона ташкил қилинаётгани жуда катта ижтимоий аҳамиятга эга. Бу ерда яқин йилларда ўттиз бешдан ортиқ лойиҳа ҳаётга татбиқ қилиниши белгиланган. Бу эса биринчи навбатда минглаб янги иш ўрни демакдир. Яқинда Питнак шаҳрида ёшлар билан ўтказилган давра суҳбатида эркин иқтисодий зонанинг аҳамияти ҳақида атрофлича маълумотлар беришга ҳаракат қилдик. Бу янгилик ёшларимизда жуда катта қизиқиш уй­ғотгани бизни қувонтирди. Улар ҳозирдан янги корхоналарда ишлаш истагидалар.

Вилоятнинг давлат аҳамиятидаги ҳамда ички йўлларини жорий таъмирлаш долзарб вазифалардан бирига айланган. Аксарият йўлларнинг таъмирталаб аҳволда эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Бу масалада йўл қурилиш ташкилотларининг имкониятлари бир қадар чекланган. Айни шу камчиликни тўлдириш учун эркин иқтисодий зона ҳудудида йўл қурилиши билан шуғулланувчи йирик қурилиш ташкилоти тузилади. 200 киши ишлаши кутилаётган бу йирик ташкилотни бунёд этиш, керакли техникалар билан таъминлаш учун 1,5 миллион АҚШ доллари қийматида маблағ сарфланади.

Биз эркин иқтисодий зонада маҳаллий тадбиркорлар ташаббуслари билан амалга ошириладиган ло­йиҳалар ҳақида сўз юритдик холос. Булар ҳали бошланиши. «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зонасининг истиқболи эса янада порлоқ.

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.