14.02.2017

«АСЛ ОЙНА»: ЗАМОНАВИЙ ТЕХНОЛОГИЯЛИ ЯНГИ ЛИНИЯ ИШГА ТУШДИ

150 нафар йигит-қиз иш билан таъминланди

Тадбиркорлик ҳаракатини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда Президентимизнинг 2016 йил 5 октябрдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожлантиришни таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Натижада янги саноат корхоналарига асос солиниши баробарида, мавжудларининг қуввати оширилиб, ташқи бозорда харидоргир маҳсулотлар тайёрлаш ўз­лаш­тирилмоқда. Хусусан, турли хил сиғимдаги шиша идишлари ишлаб чиқариш ҳам республикамизда тобора ривожланиб бормоқда. Натижада кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда.

Куни кеча ана шундай маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган Сергели туманидаги «Асл Ойна» акциядорлик жамиятида Италиянинг «Стара гласс»» ва «Баттеро» компанияларининг энг сўнгги замонавий технологияси билан жиҳозланган янги линияни ишга тушириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов Президентимиз томонидан бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жуда кенг имкониятлар берилаётгани амалда ўзининг самарасини кўрсатаётганини таъкидлади. Шунингдек, ушбу янги линиянинг фойдаланишга туширилиши кўплаб қўшимча иш ўринлари яратилиши ва оилалар фаровонлигига хизмат қилади, деди. Шу билан бирга, ички бозорда бу каби маҳсулотга бўлган талабни қондирибгина қолмай, экспорт­га йўналтирилаётгани мамлакат иқтисодиётини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

— Ҳозирга қадар Германиянинг «Хайе-интернейшнл» компанияси технологиясида 130 хил дизайндаги шиша маҳсулотлари ишлаб чиқараётган эдик, — дейди «Асл Ойна» акциядорлик жамия­ти директори вазифасини бажарувчи Ҳусниддин Нормуҳамедов. — Эндиликда бу янги линия ишга тушиши муносабати билан халқ­аро ва европа сифат талабларига тўла жавоб берадиган турфа хил дизайн ҳамда сиғимдаги рангли ва рангсиз қадоқлаш шиша идишлари тайёрлаш янада кенгаяди. Бундан ташқари, 150 нафар кишининг бандлиги таъминланади. Мазкур технологияларни бошқариш бирмунча мураккаблиги боис ишга олинган ёшлар уч ой давомида ўқитилди, билимлари оширилди. Эндиликда қў­шим­ча равишда бир кеча-кундузда 120 тонна шиша маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур идишлар мамлакатимизда етиштирилаётган мева ва сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш, консерва, ёғ-мой, вино ва салқин ичимликлар саноати маҳсулотларининг харидоргирлигини таъминлашга хизмат қилади.

Баҳоси 11,5 миллион еврони ташкил этувчи энг замонавий, 1450 даража ҳароратда шишаларни пиширадиган мазкур технология «Капитал банк»дан олинган сармоя эвазига харид қилинди. У ўзига ўхшаш замонавий технологияларга нисбатан электр энергиясини 10 фоиздан кўпроқ тежайди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимизда шиша ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган корхоналар саноқли, бундай маҳсулотларга талаб эса ҳамиша юқори бўлиб келган. Мазкур корхона ҳозирга қадар ички бозорнинг шиша идишларга бўлган талабини 70 фоизга қондириб келаётганди. Эндиликда ушбу кўрсаткич янада юқори бўлиш билан бирга экспортга кўпроқ маҳсулот чиқариш мўлжалланмоқда. Ўтган йили ташқи бозорга 2,5 миллион долларлик маҳсулот етказиб берилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 4 миллион долларга етказиш режалаштирилмоқда. Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, Марказий Осиёда ягона ҳисобланган ушбу корхона маҳсулотлари Қозоғистон, Туркманис­тон ҳамда Тожикис­тон сингари давлатларга экс­порт қилиниши янада кўпаяди.

— Янги линия кўмагида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг халқаро андозаларга мослиги ҳамда юқори сифати таъминланади, — дейди корхонанинг бош технологи Фарҳод Исматов. — Янги линия кўмагида хомаш­ё­ни аралаштириш, куйдириш, қўюш, саралаш, қадоқлаш жараёнлари мукаммал бажарилиши эвазига шаффоф, тиниқ рангли оқ шиша идишлар тайёрлаш имконияти янада ошади. Хусусан, игнасимон рекуператорли шиша пишириш қозони иш унумдорлиги юқорилиги ва камхаржлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, буюртмаларни ўз вақтида бажариш мақсадида, корхонамизда икки сменали иш ташкил қилиниб, 24 соат давомида маҳсулот чиқарилади.

Энг асосийси, шиша маҳсулотлари юртимизда мавжуд қум, доломит, оҳак, кальций содаси каби маҳаллий хомашёлардан фойдаланилган ҳолда тайёрланмоқда. Технологик жараёнларнинг автоматик бошқарилиши эса маҳсулотларни бир маромда, сифатли тайёрланишини кафолатлайди. Қарийб 470 иш ўрни яратилган мазкур корхонада йилига 180 миллион дона турли сиғимдаги шиша идишлар ишлаб чиқарилади. Илгари юртимиздаги кўпгина корхоналар ана шундай шиша идишларни четдан валютага харид қилар эди. Эндиликда ушбу валюталар ўзимизда қолишига эришилмоқда. Янгилик сифатида шуни айтиш мумкинки, ушбу линияни ишга тушиши муносабати билан салқин ичимликлар учун шиша идишларни ишлаб чиқариш ҳам кўзда тутилмоқда.

— Биз уч йилдан буён мамлакатингиз бозорида фао­лият юритаяпмиз, — дейди Италиянинг «Стара гласс» компаниясининг тижорат масалалари бўйича директори Жоржио Занфорлин. — Шуни айтмоқчи эдимки, давлатингизда ушбу ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талаб юқори. Бундан билиш мумкинки, мамлакатингиз иқтисодиёти юқори кўрсаткичларда ривожланишда давом этмоқда. Юртингиздаги «Асл Ойна» акциядорлик жамияти билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз. Ўйлайманки, олиб келган замонавий технологиямиз корхонанинг янада тараққий этиши ва гуллаб яшнашига хизмат қилади.

Корхона томонидан ишчи-ходимларнинг ижтимоий муҳофазаси ҳам яхши йўлга қўйилган. Ишчилар алоҳида кийим-бош ҳамда тушлик ва кечки овқат билан таъминланмоқда. Шунингдек, тиббиёт хонаси керакли асбоб-ускуна ва дори-дармонлар билан таъминланган.

«Асл Ойна» мамлакатимиздаги барқарор иш ўринларига эга, иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамланиб бораётган, жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқараётган истиқболли корхоналардан бирига айланганини алоҳида эътироф этиш зарур.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.