Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
07.02.2017

ҚИШЛОҚЛАРИМИЗДА АРЗОН УЙ-ЖОЙЛАР

қурилаётганидан аҳоли мамнун бўлмоқда

Касбимиз тақозоси билан хизмат сафарларида бўлганимизда турли касб ва ёшдаги одамлар билан учрашиш, суҳбатлашишга тўғри келади. Яқинда «Афросиёб» тезюрар поездида кетар эканман, икки нафар отахоннинг ўзаро суҳбати беихтиёр эътиборимни тортди.

— Йўл ёқасидаги уйларга қаранг, кўз қувнайди-я, — деди мамнун бўлиб улардан бири.

— Нимасини айтасиз, — деди иккинчиси. — Бир пайт­лар томи шиферланган уйни топиш қийин эди... Қай кўчага тош тўкилса, катта янгилик эди...

— Каталакдек уйда бир этак боласи билан тиқилиб яшаган оилалар уй қуриш учун ерга зор бўлар эди...

— Ҳа, айтганча, эшитдингизми, Президентимиз қарори билан арзон нархда қишлоқ уйлари қурилаётганмиш...

— Қанчага арзонлашибди?

— Билмадиму, лекин арзонлашибди...

Тўғриси, ушбу мақоланинг ёзилишига ана шу суҳбат сабаб бўлди.

«Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ бўлим бошлиғи Бекмурод Душанов билан янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилаётган уй-жойлар тўғрисида суҳбатлашдик.

— Мамлакатимизнинг ­Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2009 йил 3 августдаги «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган замонавий уй-жойлар қишлоқларимиз қиё­фасини тубдан ўзгартириб юборди, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтирди. Ушбу қарор асосида 2009-2016 йилларда мамлакатимизда уй-жой, ижтимоий ва коммунал объектлар, коммуникацияларни барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар бажарилди. Натижада қишлоқ жойлардаги 1 минг 308 турар жой массивида 69 минг 557 шинам уй қурилди. Қишлоқлардаги 83,5 мингдан ортиқ оиланинг яшаш шароити яхшиланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарори эса бу йўналишдаги кенг кўламли ислоҳотларнинг янги бос­қичини бошлаб берди. Унга кўра, қишлоқ аҳолисининг замонавий ва арзон уйларга бўлган эҳтиёжлари асосида имтиёзли кредит беришнинг юқори даражадаги шартлари жорий этилмоқда. Қолаверса, қиш­лоқ массивларида «Ўзбек­энерго» АК ёрдамида электр узатиш линиялари, «Ўзтранс­газ» АК томонидан газ тармоқлари, бюджет маблағлари ҳисобидан ичимлик сув тармоқлари ва Республика йўл жамғармаси кўмагида ички йўллар қурилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ­Вазирлар Кенгаши ва ви­лоятлар ҳокимликлари томонидан бюджет ҳамда ҳомийлар маблағлари ҳисобидан қиш­лоқ массивларида мактаблар, қишлоқ врачлик пункт­лари, маҳалла гузарлари, савдо мажмуалари, деҳқон бозорлари, нон ва нон маҳсулотлари цехлари, маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари ва мини-банклар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Бундан таш­қари, «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантириш» лойиҳаси бў­йича халқаро молия банкларининг иштироки йилдан-йилга кўпаймоқда. Мисол учун, бир неча йиллардан буён Осиё тараққиёт банки билан биргаликда кенг кўламдаги ишлар олиб борилаяпти. Ўтган йили Ислом тараққиёт банки ва Саудия ривожланиш жамғармаси маблағлари ҳам жалб этилди.

— Янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қуриладиган арзон уй-жойлар ҳақида маълумот берсангиз.

— Бу ҳақда кенгроқ тушунча беришга ҳаракат қиламан. Арзон уйларга қуйидагилар киради:

— хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки, уч қаватли 2, 3 хонали уйлар; 

— аҳоли зич жойлашган туманларда ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 2 сотих бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2 ва 3 хонали уйлар; 

— ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 4 сотих бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар.

Бундан ташқари, жорий йилда барча қулайликларга эга бўлган 15 минг янги уй-жой бунёд этилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Шунингдек, янги қурилаётган уй-жой массивларида давлат маблағлари ҳисобидан таш­қи муҳандислик ва транспорт тармоқлари қурилиши амалга оширилади. 415 км ичимлик сув тармоқлари, 317 км газ тармоқлари ва 291 км электр узатиш линия­лари, 260 км автомобиль йўллари қурилиб, фойдаланишга топширилади. Ушбу уй-жойлар қуриладиган массивларда 134 ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиши мўлжалланган. Булар жумласига, маҳалла гузарлари, маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, савдо шохобчалари, таълим-спорт масканлари, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа объектлар киради.

— Энди барчани бирдек қизиқтираётган савол: арзон уй-жойлар ниманинг ҳисобига арзон бўлаяпти? Шу ҳақда маълумот берсангиз?

— Республикамизда ишлаб чиқарилмайдиган металл тунука, ёғоч-тахта сингари маҳсулотлар пудратчиларга божхона ва солиқ имтиёзлари қўлланилган ҳолда «Ўзсаноатэкспорт» акционерлик жамияти томонидан етказиб берилиши белгиланган. Замонавий ва маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозларининг асосий қисми пудратчиларга марказлаштирилган тартибда тўғридан-тўғри қурилиш майдонларига имтиёзли нархларда етказиб берилади.

Ушбу пудрат ташкилотлари арзон уйлар қуриш доирасида бажариладиган ишлар ҳажми учун солиқларнинг барча турлари ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан озод этилган. Бир сўз билан айтганда, қурилишда асосан маҳаллий қурилиш материаллари ва жиҳозлари ишлатилиши ҳамда солиқ, божхона имтиёзлари берилиши ҳисобига намунавий уй-жойларнинг арзонлиги таъминланади. Бундан ташқари, энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишнинг янада кенгайтирилиши барпо этилаётган уйлар таннархининг пасайишига ҳамда аҳолининг барча қатламлари учун мақбул нархлар белгиланишига хизмат қилмоқда. Бир сўз билан айт­ганда, қишлоқларимизда янгича кўриниш пайдо бўлиб, ­шаҳарлардан қолишмайдиган имкониятлар яратилиши таъминланади.

— Уй-жойни сотиб олиш учун қанча миқдорда бошланғич бадал маблағи тўланади? Қолаверса, имтиёзли ипотека кредитлари қандай шартлар асосида ажратилади?

Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида Респуб­лика «Қиш­лоқ қурилиш ­банк»ининг бошқарма бошлиғи Дилшод Ҳасановга мурожаат қилдик.

— Бошланғич бадал деганда қарз олувчининг номига банкда очилган омонат қўйилма ҳисоб рақамига ўтказилган пул маблағлари шаклидаги ўз маблағлари тушунилади.

Шунингдек, хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилар бўлган икки, уч қаватли квартиралар (2,3 хонали) уйлар учун ҳамда аҳоли зич жойлашган туманларда ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2 ва 3 хонали уйлар учун бошланғич бадал маблағлари уй-жой қийматининг 15 фоизидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилиши лозим.

Ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,04 гектар бўлган ер участ­каларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар ва ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,06 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 3,4,5-хонали бирлаштирилган уйлар учун бошланғич бадал маблағлари уй-жой қийматининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилади.

Бундан ташқари, қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар (шу жумладан, арзон уй-жойлар учун) асосида уй-жой қурилишида уй-жой олувчи фуқароларга имтиёзли ипотека кредитлари маблағлари 15 йилгача бўлган муддатга энг кам иш ҳақининг 1000 баробаригача бўлган миқдорда берилади. Ушбу кредитнинг 3 йили имтиёзли муддат билан, дастлабки 5 йили эса йиллик 7 фоиз ва қолган йиллари учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасига тенг миқдорда фоиз тўлаш шарти асосида ажратилади.

Қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жой қуриш учун 2017 йилда 2 триллион 121,5 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар сарфланиши режалаштирилган.

— Кам таъминланган, боқувчиси бўлмаган, бир сўз билан айтганда, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга уй-жой олишга имтиёзлар берилганми?

— Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 24 ноябрдаги 393-сон қарорининг иловасига мувофиқ, хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилар бўлган икки, уч қаватли квартиралар (2,3 хонали) уйлар учун ҳамда аҳоли зич жойлашган туманларда ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2 ва 3 хонали уйлар арзон уй-жойлар тоифасига киритилган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, ушбу арзон уй-жойлардан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оила — бошқа оила ёхуд бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) биргаликда яшовчи оила; кўп болали оилалар; тўлиқ бўлмаган оилада болани (болаларни) тарбиялаётган оналар (оталар); таркибида биринчи гуруҳ ногирони бўлган ёхуд сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва қонун ҳужжатларига мувофиқ алоҳида хонада яшашга эҳтиёж сезувчи шахс бўлган оила; кам таъминланган оилалар, шунинг­дек, уй-жой майдони қонун ҳужжатларида назарда тутилган уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ бўлмаган оилалар олиши мумкин.

Арзон уй-жойлардан олиш истагида бўлган фуқаролар фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларидан тегишли тавсиянома олишлари лозим бўлади.

Бундан ташқари, тегишли низомнинг 11 қисмига мувофиқ, фуқароларга тавсия берилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қуйидаги ижтимоий мезонлар ҳисобга олинади:

— ариза берувчида мулк ҳуқуқи билан турар-жойнинг йўқлиги ва тураржойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши;

— бошқа оила ёки бошқа оилалар билан бир уйда (бир квартирада) яшаши;

— кўп болали;

— оиланинг кам таъминланганлиги;

— бир ёки ундан кўп бола ота-оналардан бири (тўлиқ бўлмаган оила) томонидан тарбияланиши ва боқилиши;

— ариза берувчининг оила аъзолари орасида сурункали касалликнинг оғир турларидан азоб чекувчи ва Ўзбекис­тон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўй­хатга мувофиқ алоҳида хонада яшашга муҳтож бўлган шахсларнинг борлиги;

— ариза берувчининг оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногирони мавжудлиги;

— уй-жой майдонининг қо­нун ҳужжатларида назарда тутилган уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги инобатга олиниши белгилаб қўйилгандир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, ушбу соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳолини шаҳардагидан қолишмайдиган шароитларда яшашини таъминлашдир. Бошқача айтганда, бу чора-тадбирлар аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиб бериш, ижтимоий ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилгандир.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: