Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
31.01.2017

ҲАРАКАТ СТРАТЕГИЯСИ ЛОЙИҲАСИ

атрофлича муҳокама қилинди

Аввал хабар берилганидек, 23-27 январь кунлари пойтахтимизда медиа-ҳафталик бўлиб ўтди. Унда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси лойиҳаси кенг муҳокама қилинди.

Ҳафталикнинг учинчи куни Ҳаракатлар стратегия­си лойиҳасида белгиланган учинчи йўналиш — мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш ва либераллаштириш масалалари кўриб чиқилди, қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири ўринбосари Шуҳрат Исмоилов бошчилигидаги мутахассислар гуруҳи иқтисодиётимизни янада ривожлантириш ва халқимиз фаровонлигини ошириш бўйича режалаштирилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот беришди.

Мамлакатимизнинг яқин беш йиллик тараққиёт стратегияси лойиҳасида макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, иқтисодиётда давлатнинг иштирокини камайтириш, ҳудудларни комп­лекс ривожлантириш, туризмни тараққий эттириш масалалари юзасидан қатор таклифлар илгари сурилган.

Тадбирда соҳа мутахассислари иқтисодиёт тармоқларини изчил ривожлантириш билан боғлиқ кўплаб саволларга жавоб беришди. Шунингдек, ҳафталикнинг тўртинчи куни Ҳаракатлар стратегияси лойиҳасида белгиланган мамлакатимизда ижтимоий соҳани янада тараққий эттириш масаласи қизғин муҳокама қилинди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, соҳа экс­пертлари, вазирликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

— Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётга татбиқ этилиши давлатимиз ва жамиятимиз ривожини янги босқичга кўтаради, — дейди иқтисодиёт вазири ўринбосари Дилмурод Турдиев. — Ушбу муҳим ҳужжат лойи­ҳасида ижтимоий соҳани янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларига алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, одамларнинг бандлиги ва реал даромадларини босқичма-бос­қич ошириб бориш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, замонавий, қулай ва арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани модернизация қилиш, илм-фан соҳасини ривожлантириш бўйича принципиал ислоҳотларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Тадбирда мутахассислар эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш, тез-тиббий ёр­дам тизимини изчил ислоҳ қилиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.

Медиа-ҳафталикнинг охирги кунида хавфсизлик, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасидаги устувор йўналишлар атрофлича кўриб чиқилди.

— Ўзбекистон Республикаси Ташқи сиёсий фаолият концепциясига асосланган принцип ҳамда йўналишларга содиқдир, — дейди Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Жавлон Вахабов. — Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари Ўзбекис­тон ҳудудида жойлашишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўймаслик давлатимизнинг қатъий сиёсий позицияси бўлиб қолади. Шу билан бирга, ташқи сиёсат, аввало, миллий манфаатларимизни инобатга олган ҳолда амалга оширилади.

Медиа-ҳафталик доирасидаги тадбирларда минг нафардан зиёд киши, хусусан, вазирлик ва идораларнинг 50 дан ортиқ мансабдор шахслари, давлат органларининг экспертлари, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги дипломатик корпус ва ваколатхоналари масъул ходимлари, 400 нафардан кўпроқ оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: