13.01.2021

Чироқлар “лип-лип”, газ “милт-милт” қилса, кўмир кулга ўхшайди...

Бундай камчиликлар қачон бартараф қилинади, дейишмоқда сурхондарёликлар

Юртимизда бу йилги қиш фасли ўтган йилларга қараганда анча совуқ бўлмоқда. Ана шундай пайтларда аҳолини электр энергияга бўлган талаби ошиши табиий ҳол, албатта.

Хўш, бу борада Сурхондарё вилоятида аҳвол қандай? Таъминотчи корхоналар хизматларидан аҳоли розими? Бу каби саволларга жавоб топиш мақсадида жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўргандик.

— Электр энергиядаги узилиш ва чекловларга кўникиб қолганимизга анча бўлди, — дейди Шўрчи туманининг “Тамаддун” маҳалласида яшовчи ­Абдулла Ғазнаев. — Чунки, иссиқ кунларда ҳам бизда тез-тез чироқ ўчади. Куз ва қиш ойларида эса узилишлар янада кўпаяди. Мутасаддиларга мурожаат қилсангиз, доимо баҳонаси тайёр. Уларнинг нима деб жавоб бериши бизга ёд бўлиб кетган. Улар одатда, яъни баҳор фаслида “кучли шамол бўлгани учун “авария” содир бўлди” деса, ёз фаслида эса “сим қўшилиб қолади”. Кузда ёмғирли кунлар “айбдор” ҳисобланса, қишда “совуқ тушиши муносабати билан” чеклов жорий қилинганини айтишади.

...Собиқ иттифоқ даврида армияда хизмат қилганман. Ўшанда “Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун” жавоб берарди. Бирор аскар билиб-билмай хатога йўл қўйса борми, бундан 300-400 киши жабр чеккан... Электр энергияси соҳасида меҳнат қилаётганлар ҳам шундай йўл тутаётганга ўхшайди: “Аҳолининг қарздорлиги ошиб кетганлиги учун таъминотда узилишлар кузатилаяпти. Ҳурматли фуқаролар, электр энергияси тўловларини ўз вақтида амалга оширинг...”, дейишади нуқул.

Яширишнинг ҳожати йўқ, орамизда қарздорлар бор. Нега улар тармоқдан узилмайди-ю, кўпчилик озор кўради?

Яна бир аччиқ ҳақиқатни айтай: тўловни ўз вақтида, ҳатто ортиғи билан тўлаб қўйганлар рағбатлантирилганини бирор марта эшитганмисиз? Ёки “Ҳурматли фуқаро, электр энергияси таъминотида чеклов бўлгани ҳамда қувват камлиги учун сиздан узр сўраймиз” мазмунидаги хат келганми уйингизга ёки эълонни кўрганмисиз? Хуллас, биз томонда шундай – электр таъминоти кунлар, ойлар ва фаслларга қараб ҳар хил бўлади.

— Таълим-тарбия оиладан бошланади, — дейди Сариосиё туманидаги 1-умумтаълим мактаби директори Эркиной Мухторова. — Мактабгача таълим ташкилотлари, мактаб ва олий таълим даргоҳларида ўғил-қизларимиз баркамол авлод бўлиб вояга етиши учун барча шароитлар яратиб берилишига ҳаракат қилинмоқда.

Ҳозирги кунда мактабимизда 800 нафардан ортиқ ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Беш минг китоб фондига эга кутубхона, муҳташам спорт зали ва 2 та спорт майдончаси ёшлар ихтиёрида. Йигирмага яқин фан тўгараклари ишлаб турибди.

Аммо муаммоларимиз ҳам йўқ эмас. Куз, қиш ва баҳор ойларида электр таъминотида узилишлар бошланди. Ўқитувчиларимиз баъзан 5-10 дақиқа, гоҳида соатлаб чироқсиз машғулот ўтказишга мажбур бўлаяпти. Масалани ҳал қилиб беришларини сўраб Сариосиё туман электр тармоқлари корхонаси ва туман ҳокимлигига бир неча марта мурожаат қилдик. Аммо ҳанузгача тегишли чора кўрилгани йўқ.

— Куз бошланиши билан вилоят марказида ҳам аҳвол мураккаблашди, — дейди Термиз шаҳри, Алишер ­Навоий кўчаси, 26-уйнинг 2-хонадонида яшовчи Хуршида Менгатова. — Турар-жойимиз 2013 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, 16 хўжалик истиқомат қилади. Иситиш тизими яхши ишламайди. Газ босими ниҳоятда паст. “Милт-милт” ёнаётган “зангори олов” ярим чойнак сувни бир соатда аранг қайнатади. Овқат пишириш янада мушкул – икки-уч соат вақтимиз кетади.

Бир ойдан ошдики “свет” ҳам тез-тез ўчадиган бўлиб қолган. Чироқлар худди помидорга ўхшайди — қип-қизил. Кўпқаватли уйларда темир печь ўрнатиб бўлмайди. Қўлбола мосламалардан фойдаланиш мумкин эмас. Газ билан уй исимаса... Хўш, нима қилайлик?

— Турмуш ўртоғим иккаламиз ҳам ўқитувчимиз, — дейди Узун туманининг “Мустақиллик” маҳалласида истиқомат қилувчи Одилжон Эломонов. – Туман марказидан 17-18 километр олисда жойлашган ҳудуд аҳолиси суюлтирилган газ баллонлардан фойдаланади. Авваллари баллонлар ҳар ойда тўлдириларди. Ҳозир эса уч ойда икки марта олиб келишади. Шунга ҳам шукр, ҳартугул чой қайнаяпти... Нон ёпиш ва овқат пиширишда эса шох-шабба ишлатамиз. Кўмир сифатли бўлмагани учун уйлар мол тапписи ёки ўтин билан иситилади.

...Ўтган йили электр таъминотида муаммо бўлмаган. Аммо бу йил узилишлар тез-тез кузатилаяпти. Масалан, 5-, 9-, 10-, 13-, 16-, 18-, 21, 24-, 25-, 30 ноябрь кунлари чекловлар сони кўпайди. Фарзандларимиз шам ёки “фонар” ёруғида дарс тайёрлашга мажбур бўлаяпти. “Свет”чиларнинг хоҳлаган вақтида ёқиб, истаган вақтида ўчирадиган “ҳунар”ига қачон чек қўйилади?

Собит Қайнаров, Олтинсой тумани:

— Бизда табиий газ йўқ, электрдаги узилишлар дилни хира қилади. Шунинг учун 500 минг сўмлик ғўзапоя ва 800 минг сўмга ёғоч ўтин сотиб олдик...

Дилмурод Жўраев, Узун тумани:

— Ҳозирги кунда гугурт, шам, “фонар”, “зажигалка” ва “клёнка” сотаётганларнинг бозори чаққон. Чунки, улар ҳар куни керак-да...

Абдужаббор Назаров, Сариосиё тумани:

— Чекка ҳудудлардаги айрим сим­ёғочлар симларни эмас, аксинча, симлар симёғочларни “ушлаб” турганга ўхшайди. Бўлмаса, алмисоқдан қолган “қўлбола” таянчлар аллақачон “ағанаб” кетган бўларди.

Ботир Ражабов, Шўрчи тумани:

— Қуёш булутнинг орасидан “мўралаб” турганда, ташқаридаги ҳарорат +8 даража илиқни кўрсатди. Хонада эса +6 экан. Уйимиздан ташқари иссиқлигини шунда сездим.

Рўзихол Ортиқова, Денов тумани:

— Бир ойча аввал набирамни уйлантирдик. Ўшанда куёвимиз 400 минг сўмга темир печь олган экан. Яқинда унинг нархи ошибди – 650 минг сўм бўлганмиш...

Ситора Хўжаева, Термиз шаҳри:

— Уй “зимистон”, телевизор “кўр”, радио “гунг”, телефон “кар” бўлиб қолган. Чунки, “свет” йўқ-да...

Ўктам Умаров, Жарқўрғон тумани:

— Биз томонларда чироқлар “лип-лип” қилади, газ “милт-милт” ёнса, кўмир кулга ўхшайди. Қишнинг бир куни ҳам қиш, дейдилар. Бу камчиликлар қачон бартараф қилинади?

— Бундан уч-тўрт йил аввал чироқ 14-16 соатлаб ўчарди, — дейди халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Эътибор Хўжаева. — Чунки, ўтган асрнинг 60-70 йилларида қурилган ускуна ва жиҳозлар талабга жавоб беролмай қолганди. Подстанция, таянч ва электр узаткичлар етишмагани ҳақиқат. Қисқа даврда соҳа тубдан ислоҳ қилинди. Бу борада “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Обод марказ” дастурларининг ҳаётга татбиқ қилингани айни муддао бўлмоқда.

...Аслида, энергетика тизимини ҳаётнинг қон томирларига қиёслаш мумкин. Электр энергиясининг борлиги ҳаётга гўё жон бағишлайди, йўқлиги эса ҳаётни тўхтатиб қўйгандек бўлади. Маълумотларга қараганда, адашмасам, юртимизда ҳар йили 57 миллиард кВт/соатдан зиёдроқ энергия ишлаб чиқарилаётган бўлса, 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 100 миллиард кВт/соатга етказиш кўзда тутилган. Шу билан бир қаторда муқобил электр энергиядан фойдаланиш, янги ГЭСлар қуриш ва хориж инвестициясини жалб қилиш борасида ҳам дадил қадамлар ташланаётгани қувонарли. Бундай хайрли ишлардан кўзланган асосий мақсад халқимизнинг турмуш даражасини яхшилашдир. Ишончим комилки, яқин келажакда кўнгиллар хотиржам, хонадонларимиз чароғон бўлади. Аммо, бугунги одамлар бугун ҳам хотиржам яшашга ҳақли-ку.

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

ТАҲРИРИЯТДАН:

Сурхондарёдаги мисолларни бошқа вилоятлардаги айрим туманлардан ҳам келтириш мумкин. Бу ҳақиқат, уни хаспўшлаб ёки инкор этиб бўлмайди, одамларга ёлғон гапириб бўлмайди.

Кейинги икки-уч йилда электр таъминоти анча тартибга тушганини эътироф эта бошлаган эдик. Афсуски, бу йил қиш мавсуми бошланиши билан бу масалада муаммолар пайдо бўлди. Назаримизда, бунинг сабабларини аҳолига очиқ тушунтириш, камчиликларни бартараф этиш бўйича қандай чоралар кўрилаётгани тўғрисида ахборот бериш керак. Акс ҳолда миш-мишлар кўпаяверади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: