13.01.2021

Бир инсон тақдири ва йўқ қилинган жиноят иши

Гуё давлат архивидан ёнғин чиқиб, унга тегишли жиноят иши ёниб кетганмиш.

Китоблик Раҳим Даминов, қаршилик Акмал Саидов ва унинг яккабоғлик курсдоши Абдунаби Ғиёсов бир тоғнинг кийиклари эди. Улар Тошкент халқ хўжалиги институтида таҳсил олган беғубор талабалик йилларидан буён бир-бирларини танишарди. Ўқишни битиргач, Раҳим Даминов Китоб туман солиқ инспекцияси тизимида оддий ходим сифатида фаолиятини бошлади. Зиммасига юкланган вазифаларни бекамикўст бажариб келгани учун хизмат пиллапояларидан муваффақиятли кўтарилиб, 1996 йилда Қашқадарё вилоят солиқ бошқармасига ишга таклиф қилинди. Акмал Саидов бу пайтда Миллий хавфсизлик хизмати Қашқадарё вилоят бошқармасида иқтисодий соҳалар бўйича куратор бўлиб ишларди. Хизмат тақозоси юзасидан улар бир куни учрашиб қолишади. Ўзидан икки курс қуйида ўқигани учун Раҳим Даминов унга талабалик давридагидек муомала қилиши МХХ тизимининг ҳавосини олган Акмал Саидовга ёқмайди. Унинг айтгани-айтган, дегани-деган, қаерга қўлини узатса, етадиган, ҳамма соясига салом бериб юрган пайтда оддий бир мишиқи солиқчининг муносабати, ҳурматини жойига қўймай, менсимаслиги нафсониятига тегади. Ичида: "Ҳап сеними!" дейди-ю, индамай кетади...

Шундан кейин ўз билими ва тажрибасидан бошқа қўллаб-қувватловчиси бўлмаган, хизмат вазифасини сидқидилдан адо этиб келаётган Раҳим Даминов 1998 йилда номаълум сабабларга кўра Қашқадарё вилоят солиқ бошқармасидан Яккабоғ туман солиқ инспекциясига оддий инспектор вазифасига ўтказилади. У қандай хато ва камчиликларга йўл қўйгани учун хизмат вазифасидан четлаштирилганини аниқлаштириш учун Қашқадарё вилоят солиқ бошқармасига мурожаат қилади, аммо саволлари жавобсиз қолади. Лекин бу иш кимнинг қўли билан амалга оширилганини тахмин қилади, албатта. Аммо қўли калта, дардини бировга ёра олмайди. Нима бўлганда ҳам, "Бошга тушганни кўз кўрар", қабилида иш тутади, ўзига ҳушёр бўлган ҳолда хизматни давом эттиради. 1998 йилнинг охиридан 2000 йилгача Китоб туман солиқ инспекциясида ишлайди. Хизмат вазифасини ҳалол ва виждонан бажариб келаётгани ҳисобга олиниб, 2001 йилда Қашқадарё вилоят прокуратураси томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Яккабоғ тумани бўлими бошлиғи вазифасига тайинланади.

 2006 йилнинг сентябрь ойида департаментнинг туман бўлимига "Пахтабанк"нинг Яккабоғ туман валюта айрабошлаш хазинасида ишловчи Дилнавоз Худойбердиеванинг қонунга зид хатти-ҳаракатлари юзасидан маълумот келиб тушади. Раҳим Даминов хизмат тақозосидан келиб чиққан ҳолда, қонун талабига кўра, тергов ҳаракатлари ўтказиш учун бу маълумотни Яккабоғ туман прокурорига жўнатади. Ўша пайтда Яккабоғ “Агропродукт” шўъба корхонасини 2003 йилгача бошқариб келган Абдунаби Ғиёсовнинг собиқ курсдоши Акмал Саидов 2006 йил 2 ноябрь куни ўша пайтда МХХ Қашқадарё вилоят бошқармаси ички ишлар, прокуратура ва суд идораларини назорат қилиш бўлими бошлиғи вазифасида фаолият кўрсатаётган эди. Абдунаби Ғиёсов Раҳим Даминовга учрашиб, иши терговга оширилган Дилнавоз Худойбердиева опасининг қизи эканини, шу ишни "босди-босди" қилиш кераклигини айтади. Раҳим Даминов бу иш терговга берилганини, терговга босим ўтказиш унинг ваколатига кирмаслигини билдиради. Шундан кейин Абдунаби Ғиёсов тўнини тескари кияди, унинг танобини тортиб қўйиш учун собиқ ҳамкурси Акмал Саидовга арз қилади.

Абдунаби Ғиёсов 2006 йилнинг 27 октябрида Раҳим Даминов устидан вилоят МХХ бошқармасига шикоят билан мурожаат қилиб, “у порахўр ва фирибгар, тумандаги бозор раҳбари Жалол Одиловдан, сомсапаз Исмоил Ҳусанов ва бошқалардан ҳар ой пул олиб туради”, деб кўрсатма беради. Шу асосда 2006 йилнинг 2 ноябрида прокурор санкциясисиз кечки соат 23:00 дан 24:00 гача Раҳим Даминов ҳамда қизининг уйида ноқонуний тинтув ўтказилади. Вилоят МХХнинг прокуратура назорати шўъба бошлиғи Жаҳонгир Носиров қўлига кишан солинган Раҳим Даминовни МХХнинг Китоб тумани бўлимига олиб келади. Уни кечаси билан тикка турғазиб қўйиб, "Айтганларимни қиласан, ҳамма гапни бўйнингга оласан", деб қўлидаги дубинка билан аёвсиз калтаклайди. Лекин Раҳим Даминовнинг иродаси букилмайди, бошида қора қузғундай соя солиб турган бу бало-қазолардан қачонлардир қутулишини, қачонлардир ҳақиқат қарор топишини сабр-тоқат билан кутади, ёруғ кунлар келишига умид қилади. Орадан икки кун ўтиб у Қашқадарё вилоят прокурори ўринбосари Мирза Каримов кўрсатмаси билан қамоққа олинади ва судгача бўлган даврда эҳтиёт чораси сифатида вақтинчалик ушлаб туриш учун Бухородаги қамоқхонага жўнатилади. (Энг қизиғи, бир қатор жиноят содир қилганликда гумонланаётган Раҳим Даминов Бош прокурор буйруғи билан 2006 йил 6 ноябрда эгаллаб турган вазифасидан озод этилган!) Абдунаби Ғиёсов томонидан берилган кўрсатмалар терговчи томонидан тўлиқ текширилади, гувоҳлар билан бўлиб ўтган савол-жавобларда шикоятда келтирилган важлар ўз тасдиғини топмайди. Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди судьяси Содиқ Райимов ишни холис ва одилона ўрганиб, Раҳим Даминовни айбсиз деб топади ва суд залидан оқлаб чиқаради...

Судгача бўлган даврда эҳтиёт чораси сифатида вақтинчалик ушлаб туриш учун Бухородаги қамоқхонага жўнатилганида бу туҳмат ва ноҳақликларнинг бошида ким турганини сезган Раҳим Даминов ўша пайтда МХХ Қашқадарё вилоят бошқармаси ички ишлар, прокуратура ва суд идораларини назорат қилиш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаб турган Акмал Саидов устидан МХХ раҳбари Рустам Иноятовга шикоят билан мурожаат қилади. Шундан кейин вилоят прокуратураси томонидан Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди қарорига протест киритилиб, бу иш қайта кўриб чиқиш учун прокуратуранинг ўта муҳим ишлар бўйича катта терговчиси Хидир Каримовга ўтказилади. Бу сафар Абдунаби Ғиёсовнинг шикоятига Шаҳло Эшова ҳамда Дилшод Худойқуловлар томонидан берилган кўрсатмалар ҳам қўшилади.

Раҳим Даминов илгаридан Хидир Каримов билан таниш эди. У: "Раҳим ака, хизматчилик, МХХ ходимлари сизнинг ишингизни назоратда сақлаб турибди. Уларнинг айтганини қилмасак, эртага бизни ҳам соғ қўйишмайди. Шунинг учун хафа бўлмайсиз", дейди. Кейин уни олдиндан тайёрлаб қўйилган тергов ҳужжатлари билан таништиради. Раҳим Даминов гувоҳларнинг кўрсатмалари билан танишаётиб: "Ие, "Тико" қаердан чиқди?" деб сўрайди. Хидир Каримов унинг бу саволига: "Улар ўйлаб топган навбатдаги ўйинларнинг давоми бу", деб кулади.

Тергов хулосасида Раҳим Даминов Ўзбекистон Республикаси бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Яккабоғ туман бошлиғи вазифасида ишлаб келиб, масъул мансабдор шахс бўлган ҳолда ўзига юклатилган, яъни, солиқлар ва бюджетга бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бош тортилган холатларни аниқлаш, солиққа оид жиноятлар ва қонун бузилишларининг олдини олиш, солиққа тортиладиган базани кенгайтириш, давлатга етказилган зарарни ундириш бўйича чора-тадбирлар кўриш, яширин иқтисодий фаолиятни аниқлаш ва олдини олиш, хўжалик, молия-валюта сохасида белгиланган қонун нормаларини бузиш йўли билан давлат манфаатларига етказилган жиддий зарарларни аниқлаш каби ваколатларидан қасддан фойдаланиб, 2006 йилнинг 12-13 октябрь кунлари Яккабоғ “Агропродукт” шўъба корхонасида ижара шартномасига асосан иш юритаётган “Айсберг Норд” хусусий корхонасида белгиланган фармон талабларига зид равишда текшириш ўтказганлиги кўрсатилган.

“Агропродукт” шўъба корхонаси омбор мудири Дилшод Худойқулов кўрсатмасида келтирилишича, Раҳим Даминов унга гўёки корхонанинг собиқ бошлиғи Абдунаби Ғиёсов билан Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари шуғулланаётганини, улар Илҳом Ҳамроевга қарашли корхонани ҳам текширишини айтган. Дилшод Худойқулов Илҳом Ҳамроевни топиб келгач, Раҳим Даминов ўз хизмат мавқеидан қасддан фойдаланиб, қонунга хилоф эканлигини била туриб, мулкий наф кўриш мақсадида корхона фаолиятини текширмаслиги эвазига унинг бошлиғидан икки тележка узум чиқитини пора сифтида беришни талаб қилган.

Шалола Эшова Шаҳрисабз туманида бир нафар фарзанди билан ота-онасиникида яшайди, ҳеч қаерда ишламайди. У берган кўрсатмада келтирилишича, Раҳим Даминов гўёки Шалола Эшовани топиб, (энг қизиғи, Шалола Эшова 2006 йилнинг октябрь ойи ўрталаригача Яккабоғ туманида яшовчи Абдунаби Ғиёсовни умуман танимаган) Абдунаби Ғиёсовни МХХ ходимлари қидириб юрганлигини айтган. Абдунаби Ғиёсовнинг пули кўп, уни сен орқали қўрқитиб, пулини оламиз, кейин биттадан "Тико" автомашинаси минамиз, деб, шерикликка таклиф қилган...

Раҳим Даминов ана шундай айбловлар билан 2007 йилнинг 20 майида вилоят прокурори ўринбосари Мирза Каримовнинг кўрсатмаси билан иккинчи маротаба эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинади. 2007 йилнинг 10 июнида Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди судьяси Абдуолим Содиқов туман ИИБ биносида суд мажлисини ўтказади ва унга 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланади.

– Тоғ-тоғ билан учрашмаса ҳам одам-одам билан учрашар экан, – дейди Раҳим Даминов. – Қонун адолатсиз қози қўлида топталса, унинг ажри албатта юқоридан, Худо томонидан берилишини ўшанда кўрдим. Бировга туҳмат қилиб, уни бало-қазоларга гирифтор қилган нокас албатта бир кун келиб жазосини олади. Буни ўз ҳаёт йўлим давомида кўрдим. 2007 йилниннг 11 сентябрида мени Бухоро турмасидан Бекободдаги 21-зонага юборишди. Менинг қўлимга кишан солиб, МХХнинг Китоб тумани бўлимига олиб келиб, дубинка билан аёвсиз калтаклаган вилоят МХХнинг прокуратура назорати шўъба бошлиғи Жаҳонгир Носиров 17 йилга қамалиб, Бекободдаги зонага келди. Рўпарамда тиз чўкиб кечирим сўради, уни шу ишга мажбур қилганларни очиқ-ойдин айтиб берди. Икки марта мени қамоққа олишга санкция берган вилоят прокурори ўринбосари Мирза Каримов ҳам жиноий кирдикорлари фош бўлиб, қамалди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2006 йил 30 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг ўн тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида” ги қарорига кўра, жазо учдан бир қисмига қисқартирилиб, 2008 йилнинг охирларида қамоқдан озод қилиндим. 2010 йилда тақдир тақозоси билан Қарши шаҳрида Акмал Саидов билан яна кўришиб қолдим. У мендан астойдил кечирим сўраб, "Ака, мени кечиринг, йўлдан адашдим. Ўзим ҳам жазомни олдим, ишдан бўшатилдим", деб бўйин эгди. Нима ҳам дердим, бўлгани бўлиб, бўёғи ўчган эди. Лекин уни кечирганим йўқ. То оқланмагунимча уни кечирмайман. Мен адолат истайман. 2009 йилдан буён адолат истаб бормаган эшигим, кирмаган инстанциям қолмади. Менинг ишимни Жиноят ишлари бўйича Косон туман судига чиқарган Хидир Каримов бу пайтда Бош прокуратурада прокуратура органларининг ички хавфсизлигини таъминлаш бўлими бошлиғи вазифасида ишлаётган эди. Турли идораларга тўхтовсиз ариза ёзаётганим учун мени қаматиш мақсадида тайёрланган қалбаки ҳужжатлар фош бўлиб қолишидан хавотирга тушган Хидир Каримов яширинча равишда Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди архивидан менга нисбатан юритилган жиноий иш ҳужжатларини йўқоттирган...

2018 йилга қадар бирор-бир ваколатли органлар раҳбарлари, депутатлар, сенаторлар, Инсон ҳуқуқлари ташкилоти, Омбудсман, ҳоказо ва ҳоказоларга қилинган мурожаатлар самара бермади. Президентимиз томонидан суд-ҳуқуқ тизимида изчил олиб борилган ислоҳотлар Раҳим Даминовга умид бағишлади, унга қанот бахш этди. 2018 йилнинг май ойида Олий судга ишни кайта кўриб чиқиш бўйича ариза ёзди.

Лекин ўша йили, яъни, 2018 йилнинг 17 июлида Косон туман давлат архивида ёнғин содир бўлиб, айнан Раҳим Даминовга тааллуқли бўлган жиноят иши материаллари “тўлиқ ёниб кетади” деган хабарни эшитади. Бу ҳақда Косон туман Ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи А.Аллаёров, Косон туман давлат архиви директори О.Хўжамуродов томонидан Раҳим Даминовга расмий жавоб хати орқали маълум қилинган. Архивда ёнғин содир бўлган бўлса, нима учун айнан Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди ҳужжатлари ёниб кетган? Ёнғин нимадан келиб чиққан, қандай ҳужжатлар ёнган, қанчаси асраб қолинган, ким айбдор, булар ҳақида маълумот йўқ. Шунга ўхшаш кўпгина саволлар очиқлигича қолмоқда.

– Орадан бир ойдан зиёдроқ вақт ўтиб, яъни, 2018 йил 25 август санаси билан ёзган аризамга Олий суд судья­­си Х.Қосимов имзоси билан: “Сизга тааллуқли жиноят иши материаллари билан тўлиқ танишиб чикдим”, деган мазмунда уч варакдан иборат суд ажримини олдим, – дейди Раҳим Даминов. – Савол туғилади: менга оид жиноят материаллари 2018 йил 17 июлда ёниб кетган бўлса, Олий суд судьяси Х.Қосимов қандай қилиб иш билан тўлиқ танишиб чиққан?!

Мен бир неча бор Олий судга ариза билан, виртуал кабулхонага телефонда мурожаат килдим. 2019 йил 18 март куни Олий суд раиси К.Комилов қабулида бўлиб, унга айни дамдаги вазиятни тушунтирдим. У менга оид жиноят иши материалларини Кашкадарёдан Олий судга чақиртирилиши ва ёнган ҳужжатлар максимал даражада тикланиши бўйича кўрсатма берди. Лекин шундан буён ёзаётган ҳамма шикоятларимга бир хил мазмунда, яъни, сизга Олий суд судьяси Х.Қосимов 2018 йил 25 августда Олий суд ажрими билан батафсил жавоб берган, шу туфайли аризангиз қаноатлантирилмади, деган бир хил мазмундаги жавоблар олаяпман...

Жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилоят апелляция инстанцияси судининг 2007 йил 12 сентябрдаги ажрими билан Косон туман суди хукмида келтирилган Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми ”г” банди билан бўлган қисми бекор қилиниб, харакатдан тугатилган. Бироқ, биринчи босқич суд хукмининг қай даражада қонунийлигига бахо беришда, яъни, апелляция инстанцияси суди ҳамда назорат тартибидаги Олий суд судьяси ажримларида бир хил тарзда, яъни, “иш бўйича чиқарилган суд қарорлари қонуний ва асосли” деб топилганлиги билдирилган. 2020 йилнинг 2 ноябрида Олий суд судьяси Ш.Тожиев, 2020 йил 20 ноябрда Олий суд судьяси З.Файзиев томонидан имзоланган жавоб хати ҳам бир хил мазмунда: “Шикоятингиздаги важлар яна бир бор қайта текширилиб, суд қарорларини ўзгартириш ва ишни бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас, деб топилганлиги сабабли, шикоятингиз қаноатлантирилмасдан қолдирилганлиги маълум қилинади”... қабилида берилган

Агар мабодо Раҳим Даминовга тааллуқли жиноят иши материаллари ёниб кетган бўлса, унда Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 23-моддаси бўйича айбсизлик презумпцияси қўлланилиши кўрсатилган. Унда: “Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти, уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганида келиб чиқадиган шубҳалар ҳам судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак”, дейилган...

Бундай ҳолатда нима қилиш керак? Назаримизда, унинг ечими Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексида аниқ-тиниқ қилиб кўрсатиб қўйилган. Фақат инсон тақдири учун жавобгар бўлган, ваколатли органлар томонидан ҳар томонлама кўриб чиқариладиган холис ва мантиқли хулосагина бу масалага нуқта қўяди.

Нуруллоҳ ДОСТОН,

"Ўзбекистон овози" мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: