23.12.2020

Собиқ ички ишлар ходими орадан 9 йил ўтиб айбсиз, деб топилди

лекин ишга қайта тикланмади...

Бомуротов Бобир Бомурот ўғли 1976 йил 4 октябрда Қашқадарё вилояти Косон тумани Нартибаланд қишлоғида туғилган. Тумандаги умумий ўрта таълим мактабини битириб, 1995-2000 йилларда Қозоғистон Республикасининг Экологик-гуманитар академияси ҳуқуқшунослик факультетида сиртдан ўқиб, олий маълумотли ҳуқуқшунос дипломини олган. ИИВ Қоровул қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, 2002 йилдан Қашқадарё вилоят ИИБ Косон туман Қўриқлаш бўлимига ишга қабул қилинган. 2008 йилда ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича Ички ишлар вазирлиги академияси сиртқи бўлимини тамомлаган.

Бомуротов Бобир Бомурот ўғлининг газетамиз Бош муҳарририга йўллаган мурожаатидан иқтибос:

“Мен Ўзбекистон Президентига, Ватанимга, халқимиз тинчлиги ва фаровонлиги, осойишталиги учун хизмат қилишга доимо тайёрман. Ички ишлар ходими бўламан, жиноятчиликнинг олдини оламан, деб болалигимдан орзу қилиб, милиционер бўлиш учун тинмай ўқидим ва ИИВ Академиясига ўқишга кирдим. Қашқадарё вилоят ИИБнинг махсус инспекцияси ходимлари мени ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишди. Уларнинг менга нисбатан қилинган туҳматни қўллаб-қувватлаши, нотўғри хулоса чиқариши оқибатида севган касбимдан асоссиз айрилдим”...

Эндигина 33 ёшни қоралаган, ўзига қўйилган вазифани ҳалол бажариб, ишлаган жойида аҳоли ҳурмат-эътиборига сазовор бўлган, юқори раҳбарият назарига тушган, хизмат пиллапояларидан муваффақиятли кўтарилиб келаётган Бомуротов Бобир Бомурот ўғли 2009 йил 29 апрелда Қашқадарё вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг буйруғига асосан “Ички ишлар идораларида хизматни ўташ ҳақидаги муваққат Низомнинг 69-моддасига асосан, яъни ички ишлар идоралари ходими номига номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун” ишдан бўшатилди.

Хўш, Бомуротов Бобир Бомурот ўғли қандай номуносиб хатти-ҳаракатлар содир этган?

У 2003 йил ноябрь ойидан 2005 йил апрель ойигача Косон туман ИИБ Пўлати қўрғони бўлимида навбатчи ёрдамчиси вазифасида ишлаган. 2005-2008 йилларда кинолог, туман ИИБ статистика бўлимида кичик инспектор бўлган. Туманнинг Чироқчи қўрғонида ҲООБ профилактика инспектори вазифасида ишлаётган кезларида, 2009 йилнинг апрель ойи бошларида тўсатдан хизмат вазифасидан озод қилинган...

Бомуротов Бобир Бомурот ўғли 2009 йилнинг январь ойида Косон тумани Чироқчи қўрғонида профилактика инспектори вазифасида ишлаб юрган кезларида Сурхон қишлоғида яшовчи, “Ҳумоюн Қосим ўғли” номли фермер хўжалиги раиси Бобораҳим Худоёров “Жумаева Момохол” номли фермер хўжалиги раиси Момохол Жумаева ва унинг турмуш ўртоғи Эргаш Ражабов билан низоли ер майдони устида ўзаро жанжаллашиб қолади. Улар бир-бирини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилишади. Профилактика инспектори жанжалкашларни муросаи-мадорага чақиради, “Бир жойнинг одамларисизлар, арзимаган ишга талашиб, ўз обрўларингизни тўкманглар”, дейди. Воқеани ҳужжатлаштирмасдан, уларни яраштирмоқчи бўлади. Лекин натижа бўлмайди. Шундан кейин Бомуротов Бобир Бомурот ўғли ноилож ишни ҳужжатлаштиришга мажбур бўлади. Томонлар бир-бирини ҳақорат қилганлиги учун у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-моддаси билан уларга нисбатан маъмурий баённома тузади. Иккала томонга ҳам ён босмасдан, иш материалларини Жиноят ишлари бўйича Косон туман судига ўтказади. Суд 2009 йил 12 февралда мазкур маъмурий ишни кўриб чиқиб, иккала томонни ҳам Ўз.Р МЖтКнинг 41-моддаси билан ҳуқуқбузар деб топади ва 33-моддани қўллаган ҳолда Момохол Жумаева, унинг турмуш ўртоғи Эргаш Ражабов ҳамда Бобораҳим Худоёровга энг кам иш ҳақининг бир баравари миқдорида, яъни, 28 040 сўмдан жарима жазосини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилади.

Хўш, нима бўпти, икки томонга ҳам бирдай енгил жазо чораси қўлланилибди-ку, дерсиз. Тўғри, ҳақиқатан ҳам, шундай бўлган. Лекин Момохол Жумаеванинг ўғли Эркин Ражабов профилактига инспектори унинг онасининг тарафини олмагани учун ИИБ тизимида ишлаётган “яқин танишлари” орқали Бобирдан ўч олиш пайига тушади.

2009 йил 3 апрелдан 4 апрелга ўтар кечаси Эркин Ражабов “Ҳумоюн Қосим ўғли” номли фермер хўжалиги раиси Бобораҳим Худоёров “Жумаева Момохол” номли фермер хўжалиги ҳудудидаги ариқлардан бирига кўмилган металл қувурни қазиб олиб, трактори билан тортиб кетаётганини кўради. 2009 йил 8 апрель куни шу ҳудудда профилактика инспектори бўлиб ишлаётган Бомуротов Бобир Бомурот ўғли туман ИИБга чақирилади. Унга Эркин Ражабов томонидан ёзилган шикоятни кўрсатишади.

Унда кўрсатилишича, Эркин Ражабов профилактика инспекторига “Жумаева Момохол” номли фермер хўжалиги еридан темир қувурлар ўғирлангани ҳақида хабар қилган. Бомуротов Бобир Бомурот ўғли шу ҳолат бўйича Бобораҳим Худоёров устидан жиноий иш очиш ва уни қаматиш учун гўё Эркин Ражабовдан 300 минг сўм миқдорида пул талаб қилган. Эркин Ражабов 2009 йил 8 апрелда талаб қилинган пулнинг 150 минг сўмини Бомуротов Бобир Бомурот ўғлининг ВАЗ 2106 русумли автомашинасида, профилактика инспектори Шерали Муҳаммадиев иштирокида унга берган...

Аслида ҳудуддаги “Бўстон” СФУ раиси Суюн Рўзиев томонидан “Бўстон” СФУга тегишли металл қувур номаълум шахслар томонидан 2009 йил 3 апрелдан 4 апрелга ўтар кечаси ўғирлаб кетилганлиги ва қонуний чора кўриш ҳақида Косон туман ИИБ бошлиғи номига ёзган билдириш хати 2009 йил 7 апрель куни профилактика инспектори Бомуротов Бобир Бомурот ўғлига тақдим этилган. У билдириш хатини ўша куни хизмат тартиби бўйича Косон туман ИИБни навбатчилик қисмидан рўйхатдан ўтказиб, тергов бўлимига топширган.

Фуқаро Эркин Ражабов шикоятига асосан ўтказилган хизмат текшируви бўйича Қашқадарё вилоят ИИБ шахсий таркиб бўлими махсус инспекцияси томонидан 2009 йил 17 апрель куни хулоса тайёрланади. Унга кўра, Бомуротов Бобир Бомурот ўғлини ички ишлар сафидан бўшатиш ва хизмат текшируви материалларида кўрсатилган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун Косон туман прокуратурасига мазкур хулосанинг нусхасини юбориш белгиланган. Ана шу хулосага асосан Бомуротов Бобир Бомурот ўғли 2009 йил 29 апрелда ички ишлар органлари сафидан бўшатилди.

Бомуротов Бобир Бомурот ўғлининг таҳририятимиз Бош муҳаррири номига йўллаган мурожаатидан иқтибос:

“Мен инспекция ходимларига: “Бундай хулоса чиқаришга асос қани, далил қани деб сўраганимда, улар: “Эркин Ражабовнинг аризасини МХХ Косон туман бўлими ва МХХ Қашқадарё вилоят бошқармаси раҳбарияти ўз назоратига олган, агар шундай хулоса қилмасак, бизга гап келади”, деб жавоб беришди”...

Лекин...

1. Қашқадарё вилоят ИИБ ШТБ махсус инспекциясининг 2009 йил 17 апрелдаги хулосаси ҳуқуқий баҳо бериш учун Косон туман прокуратурасига юборилмаган. Бу ҳақда Косон туман прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси А.Ҳамроев томонидан 2018 йил 19 июнь куни юборилган 24/2018-рақамли жавоб хатида Бомуротов Бобир Бомурот ўғлига маълум қилинган.

2. Гарчи профилактика инспектори Шерали Муҳаммадиев Қашқадарё вилоят ИИБ ШТБ махсус инспекциясига Бомуротов Бобир Бомурот ўғли унинг иштирокида Эркин Ражабовдан ҳеч қандай пул сўрамагани ва олмагани ҳақида кўрсатма берган бўлса-да, унинг гаплари инобатга олинмади.

3. Бундай ноҳақликдан ҳафсаласи пир бўлган Бомуротов Бобир Бомурот ўғли Қашқадарё вилоят ИИБ бошлиғи, полковник В.Ходжаевга, вилоят прокурори К.Исмоиловга, МХХ вилоят бошлиғига, ўша пайтдаги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири Б.Матлюбовга, Омбудсман ва ҳоказо ва ҳоказоларга адолат истаб ариза билан мурожаат қилади. Унга нисбатан туҳмат қилинаётганини билдиради. Масъул мансабдор шахслар томонидан эса, ИИБ ШТБ махсус инспекцияси томонидан тўғри хулоса қилинган, сизни тўғри ишдан бўшатишган, қабилида бир хилдаги жавоблар олади.

Бомуротов Бобир Бомурот ўғлининг газетамиз Бош муҳаррири номига йўллаган мурожаатидан иқтибос:

“Мен ариза ва шикоятларимга мунтазам равишда салбий жавоб олиб келдим. Махсус инспекция томонидан нотўғри хулоса чиқарилгани, ноҳақ ишдан бўшатилганим хусусида улардан бирортаси ҳам холис хулоса бермади. Мен эса ўз номимни оқлаш ва ишга қайта тикланиш умидидан қайтмадим.

2018 йил 25 июнда шу хусусда яна Косон туман прокурорига мурожаат қилдим. 2018 йил 7 июлда ушбу мурожаатимга Косон туман прокурори Ў.Акрамов томонидан расмий жавоб хати олдим. Унда шундай дейилади: “Аниқланишича, вилоят ИИБ томонидан 17.04.2009 йилда Сизга нисбатан хизмат текшируви ўтказилган бўлиб, хизмат текшируви ўтказилишига фуқаро Э.Ражабовнинг мурожаати асос бўлган.

Туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида фуқаро Э.Ражабов ўз мурожаатида кўрсатиб ўтган 2009 йил 3 апрелдан 4 апрель кунига ўтар кечаси “Жумаева Момохол” номли фермер хўжалиги ҳудудидан ўтган темир қувурлари ўғирлиги жинояти содир этганлиги ҳақидаги важи туман ИИБ ТБ томонидан терговга қадар текширув жараёнида ўз тасдиғини топмаганлиги аниқланди(!!).

Бундан ташқари, фуқаро Э.Ражабов ушбу ўғрилик жинояти бўйича тўпланган ҳужжатларни 300 000 сўм пул эвазига туман ИИБ ТБ терговчисига ўтказиб бераман, деган кўрсатмалари, вилоят ИИБ томонидан ўтказилган хизмат текшируви, шу билан бирга, туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида ҳам ўз тасдиғини топмаганлиги, Сизнинг ҳаракатларингизда бирор бир жиноят аломатлари аниқланмаганлиги сабабли 2018 йил 7 июль куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинди”.

Бомуротов Бобир Бомурот ўғли деярли ўн йил мобайнида идорама-идора, ташкилотма-ташкилот югуриб, адолат излади, лекин ҳақиқат қарор топмади. Охир-оқибат Косон туман прокуратураси томонидан 2018 йил 7 июлда мазкур иш бўйича фуқаро Э.Ражабовнинг шикоятида келтирилган кўрсатмалар, ушбу ўғрилик жинояти юзасидан вилоят ИИБ махсус инспекцияси ўтказган хизмат текширувида ҳам, шу билан бирга, туман прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув жараёнида ҳам ўз тасдиғини топмаганлиги сабабли жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинди. Яъни, Бомуротов Бобир Бомурот ўғли айбсиз, лекин ишга тикланмади. Бунга нима сабаб?

Бомуротов Бобир Бомурот ўғлининг ишга тиклаш учун судга мурожаат қила олмаслигига ўша вақтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 18-моддаси тўсқинлик қилиб келмоқда. Унинг 18-моддасида: “Айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ўзига хос хусусиятларга эга бўлиши мумкин, булар:

ходим билан корхона ўртасидаги меҳнат алоқасининг хусусияти;

ходим меҳнатининг шарт-шароитлари ва хусусияти;

табиий иқлим шароитлари;

ходим меҳнат қилаётган жойнинг алоҳида ҳуқуқий тартиби;

бошқа объектив омиллар билан белгиланади”, деб ёзиб қўйилган.

Ушбу моддада давлат хизматчиларининг меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари қонун билан белгиланиши кўрсатилган бўлиб, милиция ходими ёки ҳозирги вақтда ички ишлар органи ходими ўзини ишга тиклаш бўйича фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳаққи йўқ. Ноҳақ ишдан бўшатилган ички ишлар органи ходими томонидан тақдим этиладиган даъво ариза ана шу моддага асосан аризачига суд ажрими билан кўрилмасдан қайтарилади. Ана шу ҳолат ҳозир ҳам Ички ишлар тизимида сақланиб қолган.

Замон ўзгарди, дунёқарашлар ўзгарди. Амалдаги қонунлар, қоидалар, низомлар ҳам шунга қараб ўзгариши, холис ва шаффоф бўлиши, ҳар бир инсон манфаатини қўллаб-қувватлашга қаратилиши керак. Бомуротов Бобир Бомурот ўғлига нисбатан бўлган бу адолатсизлик Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрганилиб, қонуний қарорга келинади, деб ўйлаймиз.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: