02.12.2020

«БИЛГАНИМ-БИЛГАН...»

қабилида иш кўриш яхшиликка олиб келмайди

Газетамизнинг жорий йил 19 августь 28-сонида “Зал-зала фариштаси” ёхуд ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумот тарқатган блогернинг қилмишлари фош бўлгани хусусида” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинганди. Унда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида “Кончилар” маҳалласида истиқомат қилувчи Дастагул Останақулова томонидан интернет нашрларида асоссиз хабарлар тарқатилаётгани хусусида сўз юритилганди.

У дастлаб 2020 йилнинг 2 март куни Узун туманининг “Тожик­обод” маҳалласида яшовчи Боймурод Жўраевга туҳмат тошларини отади. Тармоқларда “Далер” фермер хўжалигига тегишли 165- ҳамда 168-дала контурларидаги ерлар фуқароларга ноқонуний сотилгани-ю, сувли майдонларда чигит экилиши ўрнида уй-жойлар қурилаётгани “достон” қилинган. Бунга Узун туман ҳокимлиги, прокуратураси, Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мутасаддилари ҳам айбдор эканлиги ва Боймурод Жўраевга қонуний чора кўрилмаётгани “қистириб” ўтилади.

Орадан кўп ўтмай 2020 йилнинг 24 июль куни у тармоққа яна бир ғирт ёлғон хабарни жойлаштирган. “Сурхондарё халқи учун оғир жудолик” сарлавҳали навбатдаги ёлғонда Сурхондарё вилояти ҳокими вафот этгани айтилади...

Ҳар бир ишнинг ибтидоси ва интиҳоси бор, дейдилар. Узун туман Маъмурий судининг 2020 йил 24 июлдаги қарори билан Дастагул Останақуловага Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси 2-қисмига асосан узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари, яъни, 2 миллион 230 минг сўм жарима жазоси тайинланади. Шу билан бир қаторда, далилий ашё сифатида олинган “Redmi NOTE 9”­ русумли уяли алоқа телефони маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этиш қуроли сифатида давлат фойдасига мусодара қилинганди.

Хўш, бундан Дастагул Останақулова тўғри хулоса чиқардими? Афсуски, йўқ. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек у яна эски “ҳунар”ини бошлайди. Жорий йилнинг 9 октябрь куни ижтимоий тармоқларда иғволардан иборат қатор “янгиликларни тарқатган”, яъни ёлғон маълумотларни ўз ўқувчиларига тақдим қилган. Шикоят кўринишидаги дастлабки маълумотда (Имло хато ва жузъий камчиликлардан иборат хабарлар таҳрирсиз эълон қилинмоқда) жумладан, шундай дейилган: “...Туманда ўзи ким бош ҳокимми, прокурорми ёки Ж.Эшмирзаев СИУ ҳудудида фаолият кўрсатиб келаётган собиқ “Далер” фермер хўжалиги раҳбари Жўраев Боймуродми? Б.Жўраев ўзининг ёзувчилигини пеш қилиб раҳбариятни қўлга олинганлиги ва унга ҳеч ким ҳеж нарса қилмаслигини ишониб Б.Омонов СИУ ҳудудидаги 198а-200-203 контурлари ва Эшмирзаев СИУ ҳудудидан 37-78-187-158-108-201-163-157-140-дала контурларини туман ересурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи билан бирга тил бириктириб мумайгина пул ишлаши учун балансда бўлган гектарларни камайтириб келишилган ҳолда сотиб юборилмоқда Б.Жўраев ва туман кадастири Н.Қорақулов ер майдонларини хоҳлагандай олиб, тадбиркорми фермер хўжаликми ерини босим асосида раҳбариятга ёмонлаб тугатишга қуйилмоқда Бу инсон ким Ҳокимми Прокурорми туманда раҳбарни ўзи йўқми қандай тушунса бўлади?...”.

Бу қисқа матнда ғиж-ғиж хатони кўриб, тилга ҳурматсизликдан, саводсизликдан асабинг жунбушга келади. Бу ҳолатни қандай баҳолаш мумкин? Шунингдек, жорий йилнинг 9 октябрида Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга ҳам мурожаат йўлланган. “...Сурхондарё вилояти хокимми Тўра Абдиевич Боболов Узун туманида ер муаммоларини ўрганишга ўзингиз келмасангиз бўлмайди, чегара зоналар аҳолига берилиши мумкинми? ...аммо баьзи ҚЎШТИРНОҚ ИЧИДАГИ ФЕРМЕР (“Далер” фермер хўжалиги назарга олинган бўлса керак) 25-40 сотихдан ерларини одамлар эгалласаю, фермер хабари бўлмаслиги мумкинми?, кадастр хужжатларини қилиб берилишичи?, қарорлар хокимликдан чиқарилишичи? Прокуратура билмаслиги мумкинми?...” “Қаҳрамонимиз”нинг бундан кўнгли тўлмайди шекилли, 2020 йил 14 октябрь куни яна “чиқиш” қилади. Навбатдаги “нома”да ҳам уюшма раиси Боймурод Жўраев ва туман мутасаддилари айбланган. Хуллас, Дастагул Останақулова ўз билганидан қолмай фаолият кўрсатишда давом этган.

— Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон шаъни ва қадр-қиммати улуғланиши алоҳида таъкидланган, — дейди Узун туманидаги Жўра Эшмирзаев номли сув истеъмолчилари уюшмаси раиси Боймурод Жўраев. — Инсонни камситиш ва обрўйига путур етказишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 32-моддаси 2-қисмида ҳам “Маъмурий жазо чорасига тортилган шахснинг бир йил мобайнида яна ўша хилдаги ҳуқуқбузарликни содир этиши, худди шунингдек, ҳуқуқбузарликнинг илгари судланган шахс томонидан содир этилиши” маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолат эканлиги алоҳида таъкидланган. Аммо, Дастагул Останақулова буни буткул унутган экан...

Биласизми, ижтимоий тармоқларда тарқалган ёлғон маълумотлардан кейин қайсидир маънода айбсиз айбдор бўлиб қолгандек сездим ўзимни. Узун туман Маъмурий судининг 2020 йил 24 июлдаги қароридан кейин моддий ва маънавий зарарни ундириб беришларини сўраб, Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро судига мурожаат қилгандим.

Шу йилнинг 20 октябрь куни суд бўлиб ўтди. Тўғрисини айтганда, аввалига қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида кўп ўйладим. Бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилган ҳолда суддан ишни ҳаракатдан тугатишни сўрадим. Бироқ бу аёл бундан хулоса чиқариб, қўлидан келадиган ишни қилса, яхши бўларди...

Ҳар кимнинг ихтиёри ўзида, албатта. Касби-коридан қатъи назар, жамоат ишларида қатнашиши, воқеа-ҳодисаларга муносабат билдириши мумкин. Блогерлар орасида холис фикр юритиб, жамиятга фойдаси тегаётганлари оз эмас. Аммо ёлғон ахборот тарқатиш, кимнингдир шаънига тегишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бошқача айтганда, қўлингдан келган ишни қил. Акс ҳолда, қонун олдида жавоб беришга тўғри келади.

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: